Машриқ Юнусов – Элбек ўз фаолиятини ХХ юзйиллик аввалида бошлаган, жадид устозлари каби кўпқиррали ижод соҳиби: шоир ва ёзувчи, фольклоршунос, тилшунос олим, йирик педагог бўлган. Унинг исм-шарифи Машриқ Юнусов, “Элбек” адабий тахаллусидир. Педагогнинг “Имло масаласи”, “Бошланғич мактабларда она тили”, “Ёзув йўллари”, “Гўзал ёзғичлар” каби асарларисиз она тили ва адабиёт ўқитиш методикаси фани тарихини тўла тасаввур этиш қийин. Элбек – ўзбек болалар адабиётининг яратувчиларидан бири. У қисқа умри давомида ўзидан йигирмадан зиёд бадиий, илмий-публицистик, педагогик асарлар қолдирди.
Машриқ Юнусов 1898 йили Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманининг гўзал Хумсон қишлоғида камбағал деҳқон оиласида дунёга келди. Машриқ ёшлигидан деҳқончилик ишларида отаси Юнус ака билан ёнма-ён ишлаб чиниқди, дастлаб эски қишлоқ мактабида саводини чиқарди. Болалиги оғир тирикчилик машаққатлари гирдобида ўтди.
Машриқ болалигиданоқ жисман ва ақлан етук бўлиб ўсди. 1911 йилда Тошкентга келади: кишилар уйида қарол бўлиб кун кечиради, аммо илмга бўлган иштиёқ ҳар қандай шароитда ҳам уни тарк этмади. У бир муддат Эски Жўва билан Хадра оралиғида Саидкаримбой Саидазимбой ўғли уйида очилган 1-рус-тузем мактабида, 1912 йилдан Мунавварқори Абдурашидхонов очган ва Эшонхўжа Хоний муаллимлик қилган усули жадид мактабида ўқишни давом эттирди. Бу мактабни битиргач, Мунавварқорининг Шайхонтоҳурдаги икки йиллик рушдия (ўрта маълумот берувчи) “Намуна” мактабида ўқийди. Мунавварқори бошчилигида 1909 йилдан фаолият кўрсата бошлаган “Жамияти хайрия” бу ёш истеъдодни ўз бағрига олди. Машриқ бу мактабни тугатиб, Тошкентда анча эътиборга тушган жадид мактабларида устозлари раҳнамолигида ўқитувчилик қила бошлади, билимини ошириш учун тинимсиз меҳнат қилди. Бу даврда фаолият кўрсатаётган “Туркистон вилоятининг газети”, жадид матбуоти намуналари “Садойи Туркистон”, “Садойи Фарғона”, “Самарқанд” газеталарини, “Ойина”, “Ал-ислоҳ”, “Ал-изоҳ” журналларини мунтазам кузатиб борди, ўзи ҳам шеърлари билан қатнашиб турди.
Эски Жўвадаги “Беклар беги” мадрасаси билан Чорсудаги “Кўкалдош” мадрасасини бирлаштирувчи Маҳсидўзлик маҳалласидаги Шермуҳамедовларнинг шинам ҳовлиси Саъдулла Турсунхўжаев, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Маннон Уйғур, ака-ука Собиржон ва Шокиржон Раҳимий, Қаюм Рамазон, Элбеклар иштирокида ўтадиган адабий гурунглар билан гавжум бўлар, баъзида Абдурауф Фитрат ва Ҳамзанинг иштироки гурунгга янада файз, янги руҳ бағишлар эди. Кўп ҳолларда Исмоилбек Гаспринскийнинг “Таржимон”, Фотиҳ Каримийнинг “Вақт” газеталари, Жалил Мамадқулизоданинг “Мулла Насриддин”, Ризо Фахриддиннинг “Шўро” журналлари ўқилар ва муҳокама қилинар эди.
1918 йилнинг декабридан Абдурауф Фитрат бошчилигида ташкил этилган “Чиғатой гурунги” номли илмий, адабий-маърифий ташкилот Туркистон ўлкаси зиёлиларини ўз атрофига бирлаштиради.
Гурунгнинг тил ва имло шўъбаси раҳбари дастлаб Чўлпон, кейинроқ Элбек бўлиб, унинг йўналишини Фитратнинг “Тилимиз” номли икки дастурий мақоласи белгилаб берган эди. Элбекнинг “Имло масаласи”, “Бошланғич мактабда она тили”, “Ёзув йўллари” каби ўзбек тилшунослиги ва ўзбек тили ҳамда адабиётини ўқитиш методикасига оид дарслик ҳамда қўлланмалари “Чиғатой гурунги” дастури асосида ёзилган эди. Унинг шу йиллардаги “Тил” шеъри ҳам “Гурунг” дастури асосида яратилган бўлиб, шеърида она тилига меҳр уфуриб туради:
Мунгли қушим, сайраб-сайраб кел, англат –
Кимлар эрур турк тилини сотғувчи?
Булбул каби сайраб турғон бу тилни
Уялмайин бу ўлкадан отғувчи?!
Мунгли қушим, уларни қўй, сен сайра,
Турк тилининг донғин чиқар кўкларга!
Қўй уларни, улар йўлдан озсунлар,
Эл ичинда бўш-бўғозлик сотсунлар.
Ўтган асрнинг йигирманчи йилларида адабиётга кириб келган деярли ҳамма ўзбек шоирлари каби Элбек ҳам Абдурауф Фитратни ўзига устоз деб билди. “Элбек” тахаллусини ҳам унга Фитрат таклиф этган эди.
Элбек фаолиятига хос фазилат шундаки, у етук ижодкор сифатида педагогик фаолиятини олимлик ва бадиий ижод билан баравар олиб борди. 1918–1920 йилларда янги очила бошлаган совет мактаблари учун дарслик ва ўқув қўлланмалари йўқ даражада эди. Октябрь тўнтаришигача жадид педагоглари томонидан яратилган ўқув адабиётларидан фойдаланиш зарарли деб топилган эди. Шу муносабат билан Элбекнинг янги имло қоидаларини ишлаб чиқувчилар учун қўлланма сифатида яратилган биринчи асари “Имло масаласи” номи билан 1920 йилда босмадан чиқди. Унда муаллиф тилшунос-педагоглар эътиборини қуйидаги муҳим масалаларга қаратади: “Энди биз қўрқмайлик. Мумкин бўлганича, туркийча ёзганимиз каби, ёт сўзларни-да, чоғли ўлароқ ўз негизимиз остига олиб борайлик. Биз бу тўғридаги сийламасликни (ҳурматсизликни), бошқаларни қўяй, арабларнинг ўзларидан ўргандик. Улар ўз тилларида бўлмаган ҳарфларни ўз ҳарфлари билан ёзганлари каби (“г” ўрнида “ж”, “ч” ерида “с”, генерал – женерал, чин – син каби). Бу йўл аллақанча ёт сўзлар араб кийими, араб қолибида ёзиладурган бўлиб, ўз ўғитларини (шаклларини) йўқотдилар: “география” ерида “жуғрофия” ёзилгани каби”.
Дарҳақиқат, бу тилшунослик илмининг жуда муҳим қонунияти эди: ҳар қандай миллат “ёт сўзлар” (бошқа тиллардан кирган сўзлар)ни олган вақтда ўз артикуляцияси (талаффуз қоидаси)га мослаштиради. Шўролар даврида тилшуносликнинг мазкур қонунияти, айниқса, рус сўзларини қабул қилишда қўпол равишда бузилган эди: мажбурий равишда ўзбек талаффузига хос бўлмаган “ц”, “ь” каби ҳарф белгилари ҳам киритилган эди. Элбек шу маънода, бошқа тиллардан сўз олишда она тилининг ўзига хос хусусиятларини ҳамда тилшуносликнинг умумий қонуниятларини эътибордан соқит қилмаслик кераклигини алоҳида таъкидлайди: “Шубҳасиз, биз бошқа тиллардан сўз оламиз ва бунга қарши бўлиш тилнинг тарихидан хабарсизлик бўлар эди. Аммо сўз олишнинг чегараси бўлиши керак ва шу билан бирга, ўз тилининг хусусиятини, унинг ўсиши, ривожланиш йўлларини ҳам кўзда қаттиқ тутиш керак”.
Эътибор беринг: бу талаби билан Элбек рус шовинистларининг тил соҳасидаги сиёсати (кирилл имлосига ўтишдан анча олдин) илдизига болта урган эди. Бу давр мутафаккирлари мустамлакачи сиёсатдонларнинг лотин ёзувини ўрганиб улгурмасданоқ халқимизни кирилл имлосига ўтказиш режасидан бехабар эдилар.
Элбекнинг ушбу “Имло масаласи” асари янги имло қоидаларини ишлаб чиқишда ва она тилидан мактаблар учун дарслик ва ўқув қўлланмалари яратишда ўз даврида назарий асос вазифасини бажарди. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозирда ҳам янги ёзув тизимига ўтишимизда, янги имло қоидаларини ишлаб чиқишда бу асарнинг аҳамияти беқиёс. Элбек янги имлонинг мукаммал ҳамда хато ва камчиликлардан холи бўлишини истаб, танқидчиларни, тилшуносларни мунозарада фаол иштирок этишга даъват этди: “Белгилидурким, дунёда бўлғон ҳар бир ишнинг яхшигина негиз олиб, бир йўсин остиға кируви учун кўб танқидчилар томонидан танқид этилуви ёхуд бир неча тузатувчилар томонидан яхши текширилиб, майдонға отилуви керак бўладур. Бусиз майдонға отилған бир ишнинг, албатта, камчилик ерларининг бўлиши мумкиндур. Шунинг учун бошқа кимсаларнинг томонидан кўрилувчи ва танқид этилиб, унинг бузуқ ерларини тузатиб берилуви ўринлидур. Ёлғизгина кўриб, унинг ишловчисига “баракалла” деса ёхуд жимжитгина қолиб кетмоқ келишмайдур. Бу чоқда ишловчининг ишиға кўмак берув эмас, унга зарарни истагангина бўладур”.
Элбекнинг она тили грамматикасига оид биринчи дарслиги “Ёзув йўллари (Биринчи бўлак. Бошланғич мактабларнинг 2-, 3-, 4-бўлим ўқуғувчилари учун сабоқлик)” номи билан 1921 йилда нашрдан чиқди ва у ўн бир сабоқ (дарс)ни ўз ичига олган. Мазкур дарслик ўзбек тили грамматикаси ва ўзбек тилидан дарслик яратишдаги дастлабки қадам эди. Шунингдек, Элбек асарида ўқувчиларнинг ёзма нутқини ўстириш масаласига ҳам алоҳида эътиборни қаратади. Шунинг учун ҳам дарсликнинг “Бир-икки сўз” номли уқтириш хатида ўз мақсад ва вазифаларини баён этган: “Элимизда шу кунгача “ёзув йўллари” йўқлигидан ёзувларимиз бир турли ёзилмасдан, ҳар кимнинг ёзғичи истаган ёққа берилиб, истаган йўл билан кетган ва шу йўл орқасида бир неча турли йўлсиз ёзувлар юзага чиқиб қолғон эди. Бу йўлсиз ёзувларни тўғри йўлға солиб, бир негиздур йўсин остиға олмоқ керакмиди? Буни энг олдин қайғурган ва тушунган “Чиғатой гурунги” мучалари бўлдилар. Булар йўлсиз қолғон ўзбек элининг ёзувин бир йўлға ва бир негиз остиға қўймоқ тилаги билан энг биринчи бўлароқ “Билим йўллари” (номи) остида бир китобча тарқатиб, элга янги ёзув йўлларини кўрсатдилар. Табиий, бунинг билан бизнинг ёзувимиз анчагина йўлға солинди. Эл болалари анчагина бундан фойдаландилар”.
Аслини олганда, тилшуносликнинг бундай муҳим масаласига биринчи бўлиб қўл урган олим-педагог Муҳаммадамин Фахриддинов 1913 йилда “Туркча қоида” асарини яратган бўлиб, бу ўзбек тили грамматикасини, ёзув тизимини ишлаб чиқишда дастлабки қадам эди. Албатта, Элбек бу асар билан таниш бўлган.
Элбек 1923 йили “Бошланғич мактабда она тили” ўқув-услубий қўлланмасини яратди. Айтиш мумкинки, асар она тили ва адабиёт ўқитиш методикаси бўйича биринчи услубий қўлланмадир. Асарда муаллиф методика илмининг амалий масалалари билан бир қаторда, ўқувчиларнинг оғзаки ва ёзма нутқини ўстириш масаласига педагогика ва методика илмининг бирламчи ва ўта масъулиятли вазифаси сифатида қараганлигининг гувоҳи бўламиз: “Улуғ бир вазифа – болаға тузук тарбия бериш учун уни гўзал адабиёт билан таништириш ҳам болани тушуниб, уқуб ўқишға ўргатиш керакдур”, деб ёзади Элбек.
Асар муаллифи Машриқ Юнусов мактабларда она тили ва адабиётини ўқитиш масаласига устозлари каби миллатнинг ҳаёт ва мамоти масаласи сифатида қаради: “Бир элнинг мактабин тиргизатургон нарса у элнинг она тилисидур. Тили бўлак эл тури бўлак мактаб излайдур. Бир элнинг мактаби ўша элнинг негизига қурулғон бўлмоғи тегишдур. Чиндан у шундай бўладур. Бироқ бир элнинг тарихида турли сабаблар билан эл мактаби бир даврларда онасидан айрилиб етим бўлиб қолиши мумкиндур. Шундай давр биз – ўзбеклар мактаби(нинг) бошидан-да кечди, тўғриси, энди кечиб турибдур”.
Айниқса, мустамлака занжирлари янада таранг тортилаётган, миллий тил ва миллий маънавиятга, миллатнинг буюк мутафаккирлари асарларига нигилистик, беписандлик авжига чиққан 1920–1930 йилларда бундай сўзларни айтиш катта жасорат эди. 1922 йилда Элбек Фотиҳ Сайфий билан ҳамкорликда бошланғич мактаблар учун “Ўзбекча ўқиш китоби” дарслигини яратди. Унда Элбекнинг ўзбек мумтоз адабиётининг даҳо ижодкорлари ҳақида ўқувчиларбоп мақолалари қаторида “Навоий” мақоласи ҳам берилган. Унда муаллиф ўтмиш маданий меросга беписандлик устувор бўлиб турган бир пайтда Алишер Навоийнинг халқимиз, жаҳон маънавияти тараққиётига қўшган буюк ҳиссасини ўқувчиларга тўла етиб борадиган услубда изоҳлаб берган.
Афсус билан айтиш керакки, шу кунларда янги ўзбек ёзув тизимининг камчиликлари ҳақидаги мунозаралардан маълум бўляптики, ҳатто етакчи профессор-тилшуносларимиз ҳам Муҳаммадамин Фахриддинов ва Элбекнинг тилга олинган илмий-педагогик асарларидан бехабардирлар.
Болалар руҳиятини нозик ҳис қилган шоир, педагог Элбек ўзбек болалар адабиётининг шаклланиши ва ривожланишига улкан ҳисса қўшди, ўнлаб болаларбоп шеърлар, масаллар тўпламлари, халқ оғзаки ижоди йўлларида достонлар яратди. Йирик адабиётшунос, тилшунос олим, ёзувчи ва педагог Ашурали Зоҳирий жуда тўғри таъкидлаганидек: “Шоир Элбек халқ мулки – оғиз адабиётини халқдан олиш ва халққа қайтадан етказишда эл тилининг тушунарли таъсирларидан кўб фойдаланган, эл болалар адабиётида масалчиликни яратган катта санъаткордур”.
Бундай таъкидни профессор Абдураҳмон Саъдий ҳам алоҳида эътироф этади: “Масалчиликни Элбек бошлади. Таржима йўли билан эмас, балки масалчиликни туғдириш йўлини тутди. Ҳали бу йўлда ундан бошқа киши кўринмаган”.
Элбек ва Муборак ая 1922 йилда бир ўғил фарзанд кўришди, унга катта умид билан Улуғбек деб исм қўйишди. Улуғбекнинг авжи йигитлик йиллари ўтган асрнинг 30–40 йилларига тўғри келди: “халқ душмани”нинг фарзанди сифатида Иккинчи жаҳон уруши йиллари Россиянинг Иваново вилоятида меҳнат фронтида бўлди, таъқиб ва ҳайдовлар остида ўқишни охирига етказди, ўқитувчи бўлиб етишди.
Мен Улуғбек ака Элбеков билан қариндош сифатида яқин муносабатда эдим. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Суннат Аҳмедов билан биргаликда Шермуҳамедовлар оиласига бағишланган кўрсатув тайёрладик. Унга Улуғбек акани таклиф этдим. Телетомошабинларга ота-оналари Элбек ва Муборак ая ҳақида, тоғалари Мирмулла, Мирмуҳсин ва Мирмуслим Шермуҳамедовлар ҳақида кўпчиликка маълум бўлмаган анча эътиборли воқеаларни сўзлаб берди. Улуғбек ака Элбеков 2006 йилда 84 ёшида вафот этди.
Атоқли педагог, шоир, ёзувчи ва фольклоршунос олим Машриқ Юнусов – Элбек ижодининг авж палласига кўтарилаётган бир даврда – 1937 йилнинг 13 августида даҳшатли қатағон машинаси уни ҳам ўз комига тортди. Элбек 1942 йилда собиқ шўро давлатининг энг чекка ва энг совуқ ўлкаси – Магаданнинг Колимо жазо лагерларидан бирида ўпка шамоллаши касалига учраб ҳаёт билан видолашди.
Истиқлол, мустақиллик унинг руҳи покини, ўлмас асарларини она халқига қайтарди, у туғилиб ўсган Бўстонлиқ туманининг маркази Ғазалкентда “Элбек боғи” мажмуаси ташкил этилди, унинг муҳташам ҳайкали қад кўтарди. Шоирнинг “Армуғон” масаллар тўплами эълон қилинди, энг сара асарларини ўз ичига олган “Танланган асарлар”и ижодкорнинг 100 йиллиги муносабати билан 1999 йилда нашр этилди.
Улуғбек ДОЛИМОВ,
педагогика фанлари доктори
“O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” газетаси,
2021 йил 5 ноябрь, 45 (4652)-сон,
“Жадидчилик ҳаракати намояндаси Элбек ҳаёти ва фаолиятига бир назар” мақоласи
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ