Адабиёт
Ўқитувчи берган уй вазифасини бажарган ўғил ё қизини “чарчаб кетди”, “мунча кўп вазифа беришади”, деб боладан кўпроқ нолийдиган, фарзандининг соғлигини ўйлаб эмас, унинг хоҳиш-истакларига қараб таомлантириб, кийинрадиган, қўйиб берсанг куни бўйи ўйнаб, югуриб чарчамайдиган ўсмир фарзанди ўтириб кетиши учун автобусда катталар билан жой талашадиган, балоғатга етган нуридийдасининг пайпоғигача ювиб беришни оддий ҳолат деб билган ота-оналар (ва ҳоказо) оз эмасмиз.
Аслида, тўрт мучаси соғ, ақлу ҳуши жойида туғилган боланинг жисмоний, ақлий имкониятлари биз ўйлагандан анча кўпроқ. Тупроқни ёриб чиққан гиёҳда лаҳза сайин ўсиб гуркираш эҳтиёжи бўлганидек, инсон боласи жисми, фитратида ҳам улғайиш эҳтиёжи ва бунга имкониятлар жам.
Ёдимдан чиқмайди: туғруқхонада 40 ёшида ўғил кўрган аёл ҳамхонам узоқ кутилган фарзанди туғилгач, қаттиқ ҳаяжонланганми, сути келмай қолди. Шифокорлар гўдакка бармоқдеккина шишачада сунъий овқат бериб туришни айтишди.
Ўша куни ярим кечада ҳамхонамнинг чақалоғи биғиллаб йиғлай бошлади, мурғаккинанинг лаблари кўкариб кетганди. Маълум бўлдики, кеча онаси чақалоққа шифокорлар айтганидек икки эмас, уч маҳал сут берган экан. “Нимага унақа қилдингиз?” деган саволга лаблари титраб: “Боламнинг қорни яхши тўйсин дедим-да”, – деб жавоб берди.
Асални ҳам меъёрида еган яхши. Ҳаётда ҳамма нарса, жумладан, меҳрибончилик ҳам ўз ўрнида, меъёрида, тўғри мақсадга йўналтирилган бўлсагина, кутилган мевасини беради.
***
Доктор Муҳаммад Хоний ҳикояси:
Бир куни машинада ўтиргандим. Бир бола келиб “Олд ойнангизни тозалаб берайми?” деди. Ажойиб қилиб ювди. Унга 20 доллар бергандим, бола:
– Америкадан келдингизми? – деб сўради.
– Ҳа.
– Тозалаш ҳақини олмай, эвазига Америка университетилари ҳақида сўрасам майлими? – деди.
– Ёшинг неччида? – деб сўрадим.
– Ўн олтида.
Араб мамлакатлари мактабларида ўқитиладиган фанларнинг мураккаблиги ўқувчилар ёшига қараб турлича бўлади. Бу боланинг ёши кичик бўлса ҳам, барча фанлардан баҳолари беш бўлгани учун бир неча йил олдин катта болалар ўқийдиган мактабга ўтказишган экан.
Отаси икки ёшида вафот этган, онаси бир хонадонда хизматчи экан. Бола билан синглиси кўчада ишлашаркан.
– Эшитишимча, Америка университетларида аълочи талабаларга стипендия берилар экан, – деди.
– Бу ерда сенга ёрдам берадиган одам борми, – деб сўрадим.
– Ўзимдан бошқа ҳеч ким.
Овқатланишга бирга боришни таклиф қилдим. “Орқа ойнани артиб бериш шарти билан”, деб рози бўлди у. Ошхонада таомни ўзи емади, онаси ва синглисига олиб бориш учун халта келтиришларини сўради.
Инглиз тилида равон гаплашишини сездим. Бола ҳамма ишни маҳорат билан чиройли бажарарди. Ҳужжатларини менга юборишини, мен уларни Америкага жўнатишга уринишимни келишдик. Олти ой ўтиб, у Америка университетига ўқишга қабул қилинди. Ўшанда менга қўнғироқ қилди: “Аллоҳга қасамки, биз уйда қувончдан йиғлаяпмиз”.
Икки йилдан кейин “The New York Times” газетасида замонавий технологиялар соҳасидаги энг ёш олим сифатида унинг номи чиқди. Оилам билан бундан жуда хурсанд бўлдик. Аёлим билдирмай боланинг онаси ва синглиси учун виза юборибди. Бола уларни Америкада кўриб, на гапира оларди, на йиғлай оларди.
Бир куни у ташқарида машинамни ювяпти. Кутилмаган ҳолдан уни қучоқлаб олдим ва “Нима қиляпсан?” дедим. Шунда у: “Ўзимнинг қандай аҳволда бўлганим ва сиз мен учун нималар қилганингизни унутмаслигим керак”, деди.
Фаластинлик бу йигитнинг исми Фарид Абдул Олий бўлиб, бугун у АҚШдаги Гарвард университетининг энг афзал ва машҳур профессор ўқитувчиларидан бири.
Ўз халқимиз орасида ҳам бунақа ибратли тақдир соҳиблари оз эмас. Техника фанлари доктори Абдурашид Отахонов (Аллоҳ раҳмат қилсин!) ўтган асрнинг урушдан кейинги йилларида мактабни аъло баҳоларга битиргач, радиотехникага жуда қизиққани учун отаси Наманган темир йўл вокзалидан бир қути помидор билан (сотиб тирикчилик қилиши учун) Тошкентга кузатган экан.
Тошкент алоқа техникумига кириб ўқиётган Абдурашид ҳам Санкт-Петербург радиотехника институтига ўқишга тавсия этилади. У шундай эсларди: “Почалари йиртилиб кетган биттагина шимим бор эди, шуни кийиб Санк-Петербургга борганимизда, бизни кутиб олган рус киши ҳаммага қараб чиқиб, мен томонга ишора қилиб ноҳуш кайфиятда раҳбаримизга нимадир деганини кўриб, сезиб турганман”.
Бир йил ҳам ўтмай, келганида рус тилида тузук-қуруқ гапиришни билмаган шу йигит курсдошлари ичида, икки-уч йилда эса институтда энг иқтидорли, илмий изланишлари билан танилиб қолган талабага айланади. Институтни битириб, техника, космонавтика соҳасида номдор, обрўли рус олимларининг беаёв сўроқ-саволлари элагидан ўтиб техника фанлари номзоди, доктори илмий даражаларини олади.
Ёши катталар яхши эслайдилар: телевизор чиққан дастлабки ўн йилликларда экранлардаги тасвирлар хира, нуқта-нуқта доғлар билан кўринарди. Абдурашид Отахонов кашф этган техник мосламалар ёрдамида ана шундай ноқисликлар йўқолиб, экрандаги тасвирлар тиниқ кўрина бошлади.
Собиқ совет тузуми даврида бир неча космонавтларнинг фазода учишини кузатиб ўтирган олимлар орасида ўзбек фарзанди Абдурашид Отахонов ҳам бор эди. Отахоновнинг кашфиёти туфайли ердан фазога узатилган видеотасвирлар сифати ортган, тасвирлар тиниқ кўринадиган бўлган.
Техника фанлари бўйича халқаро илмий академияларнинг мухбир аъзоси бўлган Абдурашид Отахоновнинг ихчамгина жуссасидан ҳамиша ғайрат, кўзларидан самимияту жиддият ёғилиб турарди. Бу камтар инсоннинг тўрт ўғил ва бир қизи бир неча тилни яхши ўргандилар, дунёнинг эътиборли университетларида пухта билим олишди. Ҳозир кенжа Шароф Отахонов Америкадаги университетда дарс беради.
“Бола ҳеч қачон бекор турмаслиги керак. Унинг қалбида тинмай ўқиш, меҳнат қилишга эҳтиёж барқарор бўлмагунча, ота-она назорат қилиши, болани бекор қўймаслиги, машғулотларидан бохабар бўлиб туриши керак” – Абдурашид Отахоновнинг шиори шундай эди. Унинг фарзандларига нисбатан талабчанлиги, қаттиққўллиги, қатъиятини кўпчилик дастлаб шафқатсизлик деб баҳолаган бўлса, натижаларни кўргач, ундан ибрат ола бошлаганлар.
Юқоридаги ҳаётий мисоллардан дилбандининг келажаги ўзи ҳамда халқу Ватан учун хайрли, бахтли-саодатли бўлишини чин дилдан истаган ота-оналар хулоса чиқарадилар, деган умиддаман.
Зеро, ҳаддан ортиқ эркалатишлар, қуруқ мақтовлар, керак-нокерак рағбату совғалар, авайлашлар ёш қалбни эътиборталаблик, ўзини бошқалардан баландроқ тутиш, доимо фақат мақтов эшитишга талабгорлик туйғусига қул қилади.
Муҳтарама УЛУҒОВА,
Oyina.uz
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ