“Дунё саҳнасида “иярув-тақлид”нинг рўлини ҳеч бир миллат биз турклар каби адо эта олмағандирлар!” – Тил ислоҳотида бир асрда нималар ўзгармади?


Сақлаш
09:03 / 15.03.2024 253 0

ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида Марказий Осиёда зиёлилар ўртасида миллий ўзликни англаш ҳисси кучайди. Жадидлар тараққиётга эришишнинг бош йўли маърифат эканини англаган ҳолда, биринчи навбатда, янги типдаги мактаблар очиш, замонавий олий таълимни йўлга қўйиш, дунё янгиликларини халқ ўртасида тезроқ тарғиб қилишга киришдилар. Матбуотни ривожлантириш, тараққиётимизга тўсиқ бўлаётган иллатларни фош қилиш учун театр санъатини барпо этиш, иқтидорли ёшларни Европанинг энг илғор олий ўқув юртларига ўқишга юбориш орқали миллий онгни шакллантириш, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини сингдиришга уриндилар.

 

Ушбу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси сифатида янги усулдаги мактаблар очилди. Уларда дарслар она тилида олиб борилиб, дастурларга дунёвий фанлар ҳам киритилди. Хўш, ана шундай жараёнда мактаблар учун ёзиладиган дарслик ва қўлланмалар қайси тилда бўлиши керак? Туркий тил ва адабиётни бирлаштириш тарафдорлари бўлган жадидларнинг бир гуруҳи дарслик ва қўлланмалар усмонли турк тилида бўлишини маъқулладилар. Бу ҳақда Фитрат қуйидагиларни ёзади: “...Мана шундай кулинч бир ҳолда қолган бурунги зиёлиларимиз: “тилимиз илмий, адабий бир тил эмас экан” деган кулинч бир қарашга келдилар. Мана шунинг билан мактабларимиз, ёзувларимиз усмонлича таъсири остида қолдилар. Тошкентда очилган курсларда она тили сабоқлари учун берилган соатларнинг кўпроғи усмонличага берилди. Самарқандда очилган биринчи муаллимлар курсига эса она тили деган сабоқ киритилмади. 1918 йилдаги Маориф шўросининг бир мажлисида шундай бир қарор берилган эди: “Мактабларимизнинг ибтидоий уч йилида она тили ўзбекча ўқитулсин, ондан сўнг адабий умумий турк тили ўқитулсин!” Бунларнинг адабий умумий турк тили деганлари арабча қотишган усмонлича эди”. Бу ҳолат табиий равишда жадидчиликнинг бошқа вакиллари ўртасида эътироз туғдирди.

 

ХХ аср бошларида жадидлар томонидан матбуотнинг йўлга қўйилиши ўзбек адабий тилининг шаклланиши ва ривожланиши учун ҳам қулай имконият яратди. Аввало, жадидлар халқимизнинг ажойиб маънавий мероси бўлган тил масаласига алоҳида эътибор бердилар. Улар дастлаб Иаспиралининг ғояси бўйича бутун туркий оламни бирлаштириш, туркий маданиятни юксалтириш, умумтуркий адабий тил ва адабиётни яратиш ҳаракатида бўлдилар. Ана шу ғоя таъсирида бир қатор газета ва журналларда усмонли туркча ва татарча унсурлар аралаш бўлган бир тилда кўплаб мақолалар босилди. Умумтуркий тилни яратишга газета саҳифаларида тарғибот кучайди.

 

Матбуот тили жонли сўзлашувга асосланган янги ўзбек адабий тилининг шаклланишига кўпроқ хизмат қилиши мумкинлигини матбуотни олдинроқ йўлга қўйган туркий қавмлар тажрибаларидан англадилар. Ашурали Зоҳирий бу ҳақда қуйидагиларни ёзади: “Тотор қориндошларимизнинг ҳозирдағи тил ва адабиётларини бундан ўн, ўн беш йил илгари чиқғон адабиётларига татбиқ қилинса, қиёс қабул қилмаслик даражада тафовутлар бордурким, бул даражада оларнинг тилларини кенгғоймоғи миллий ва она тилидоғи газеталари билан бўлди... газета ва журнолларнинг дунё аҳволидан ва бошқа тўғриларидан халқға хабар бериб турмоғидан ва бошқа улуғ ва кўзга кўрунмойдурғон бир фойдаси бўлурки, бу она тилининг кенгғоймоғи ва мукаммаллашмоғидур”.

 

Жадидларнинг тил масаласига алоҳида эътибор беришлари бежиз эмасди. Чунки улар тилга миллатнинг энг асосий қадриятларидан бири сифатида қаради.  Халқ тилининг йўқолиши миллатининг инқирози, дунё саҳнасидан унитилишига олиб келишини яхши англадилар. Қолаверса, матбуот тили жонли сўзлашувга асосланган янги ўзбек адабий тилининг шаклланишига кўпроқ хизмат қилиши мумкинлиги матбуотни олдинроқ йўлга қўйган туркий қавмлар тажрибаларидан аён. Ашурали Зоҳирий эътироф қилганидек, “Тотор қориндошларимизнинг ҳозирдағи тил ва адабиётларини бундан ўн, ўн беш йил илгари чиқғон адабиётларига татбиқ қилинса, қиёс қабул қилмаслик даражада тафовутлар бордурким, бул даражада оларнинг тилларини кенгғоймоғи миллий ва она тилидоғи газеталари билан бўлди... газета ва журнолларнинг дунё аҳволидан ва бошқа тўғриларидан халқға хабар бериб турмоғидан ва бошқа улуғ ва кўзга кўрунмойдурғон бир фойдаси бўлурки, бу она тилининг кенгғоймоғи ва мукаммаллашмоғидур”.

 

1905 йилда Бутунроссия мусулмонларининг III съезди И.Ғаспиралининг ташаббуси билан туркий халқлар мактабларининг юқори синфларида “ягона туркий тил” ўқитилишини мажбурий қилиб қўяди. Шу ўринда савол туғилади: “Умумтуркий тил” қайси тил бўлиши керак?

 

Татар, озарбойжон, ўзбек тилидаги газеталар, журналлар саҳифаларида бу масала юзасидан мақолалар босилади. Хусусан, татар тилида чиқадиган “Вақт” газетасидаги мақолаларда татар тили туркий халқлар учун ягона адабий тил бўлиши лозимлиги таъкидланади. Петербургда (татар тилида) нашр этиладиган “Улфат” газетаси 1906 йил 5 июль сонидаги Али Қурқуднинг “Истанбулдан хат” мақоласида эса усмонли турк тили “умумтурк тили” бўлиши қайд этилган. Бундай қарашлар Озарбойжон ва Ўрта Осиёда нашр этилаётган бошқа матбуот саҳифаларида ҳам айтилган. Бу ерда, Вамбери айтмоқчи, умумтуркий тил назариясини кўтариб чиқиш билан халқларнинг этник чегараларини ҳисобга олмай, туркий халқлар бирлигини тузиш кўзда тутилган. Шундай бўлса-да, кўпчилик оммага тушунарли бўлмаган “умумтил” тез орада ўз ўрнини миллий тилларга бўшатиб беришга мажбур бўлди. Шу тариқа она тили ҳимояси адабий ва маданий курашнинг ажралмас қисмига айланди (А.К.Боровков, Узбекский литературный язык в период 19051917).

 

Маълумки, чоризм даврида миллий тил масаласини ҳал қилишнинг иложи йўқ эди, чунки бу миллий масаланинг таркибий қисми ҳисобланарди. Қолаверса, чор ҳукуматининг Туркистонда рус-тузем мактабларини очиб, маҳаллий халқларни руслаштириш сиёсатига зид эди. Ҳатто матбуотда маҳаллий тилларнинг “камбағаллиги ва қўполлиги” уқтирилиб, Туркистон халқининг тараққиёти учун рус тилини ўрганиш лозимлиги тарғиб қилинарди. Буларга қарамасдан, “Садойи Туркистон” газетаси ўзини турк тилидаги адабий, иқтисодий, илмий ва маҳаллий газета сифатида эълон қилди (“туркча”, “турк тили” у пайтда ҳозирги турклар тилини эмас, туркий тил маъносини англатган). Айни пайтда, айрим газеталарда “ўзбек”, “ўзбек тили” деган атамалар ҳам учрайди. Шундай қилиб, адабий тил соҳасида бир хил қарашнинг йўқлиги бу давр адабий тилида турли тилларга хос хусусиятларнинг ўзлашиб қолишига сабаб бўлди.

 

Россия империясида ўзбек тили ҳамда Туркистоннинг бошқа маҳаллий тилларига таъсир кўрсатиш масаласи бўйича кескин сиёсат юритилмаган бўлса-да, шўролар ҳокимиятга келиши билан вазият тубдан ўзгарди. Ўзбек тилига русча ҳамда рус тили воситачилигидаги Европа тилларига оид сўз ва атамалар сингдирилиб борди. Ўтган асрнинг 20–30-йилларида ушбу сўзларни рус тили қонун-қоидалари бўйича ёзиш ва талаффуз қилиш тарғиб қилинди. Табиий йўллар билан ривожланиб келган бой ва қадимий тилга бундай босим ўтказилиши мудҳиш оқибатларга олиб келди.

 

Рус тили талаффуз қоидаларининг зўрма-зўраки жорий этилиши ўзбек тилининг фонетик равонлигига путур етказди, тилнинг ички имкониятларидан фойдаланилмай туриб, ўзлашма сўзларнинг кўп миқдорда ўйламай-нетмай қабул қилинишига сабаб бўлди. Энг аянчлиси шуки, жамоатчиликда ҳамда зиёлиларда ҳар қандай атамалар, замонавий байналмилал сўз ва ибораларни рус тилидан тўғридан тўғри кўчириш кўникмаси шаклланди. Айниқса, ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида қўлланиладиган сўзлар ва атамалар, умуман, терминологияда жиддий зиддиятлар юзага келди. Ўзбек тилига илм-фан, юриспруденция, ҳарбий соҳа, сиёсат, маданият, банк-молия соҳаларида иккиламчи ўрин ажратилди, рус тилида ҳужжатлар юритиш, русча атамаларни қўллаш, музокараларни, тадбирларни рус тилида олиб бориш меъёрга айланди. Бу ҳолатни, яъни кўр-кўрона қабул қилишнинг ёмон оқибатларини ўз вақтида англаган Фитрат шундай ёзади: “Дунё саҳнасида “иярув-тақлид”нинг рўлини ҳеч бир миллат биз турклар каби адо эта олмағандирлар! Биз қайси бир миллатнинг қайси бир нарсасига тақлид этмоқчи бўлсак, ўзимизнинг миллий руҳимизга қарамасдан тақлид этамиз. Араблар қайси бир улусдан қайси бир сўзни олғанда ўз шеваларига кўра бузуб олғанлар. Бир арабни ўлдирсангиз (ҳам) “Петроғрад-Петрасбурғ” демайдир. “Битрожрад-Битрасбурж” дейдир. “Франсик” демайдир “афранж” дейдир. Шундай қилиб, ўз тилининг истиқлолини сақлаған бўладир”.

 

Беҳбудийнинг “Тил масаласи” мақоласида қуйидагиларни ўқиймиз: “Туркларнинг баъзи тоифаси форсий ва арабийни у қадар кўп олдиларки, тиллари туркий, форсий ва арабийдан қўшулиб, “усмонли тили” аталди. Ушбу уч тилни адабиёт ва тил қоидаларидан бохабар бўлмагунча усмонли шевасинда ёзмоқ мумкин эмасдур”.

 

Беҳбудийнинг фикрича, маданият, адабиёт қанчалик ривож топса, адабий тил ҳам шунчалик такомиллашади. Аксинча, маданият, санъат инқирозга юз тутган мамлакатда, тарқоқлик ҳукм сурган жойда шевалар ривожига шароит яратилади. Шевалар араб, форс элементларининг оз-кўплиги жиҳатидан ҳам фарқланишини баён қилади. Чунончи, Бухоро, Самарқанд шеваларига араб, форс тилларининг таъсири кучлироқ бўлса, Қўқон ва унинг атрофидаги шаҳар зиёлиларининг тилида бу тилларнинг таъсири бор экани, Тошкент ва Сирдарё музофотидан араб ва форс тилларининг ҳукми озайиб бориши айтилади. Туркистоннинг Мовароуннаҳр ва Ҳазор қисмига туркман тилининг таъсири кучли эканини кўрсатади. Адабий тил билан халқ шевалари ўртасидаги муносабатни яқинлаштиришда матбуотнинг ролига катта баҳо беради. Жумладан, “Садойи Туркистон” газетасида “меҳмон” сўзини чиқариб ташлаб, унинг ўрнига “қўноқ” сўзини қўллаш тавсия этилади. Беҳбудий зўрма-зўраки келтирилган туркий муқобиллар ҳақида фикр юритаркан, тилни арабизм ва форсизмлардан бирданига эмас, аста-секинлик билан тозалаш лозимлигини уқтиради.

 

Ўзбек тилининг арабий, форсий унсурлар билан тўлиб-тошиб кетгани, шунинг учун бу тилни ўз ички имкониятлари асосида ривожлантириш, халқ тилига яқинлаштириш зарурлиги кўрсатилади. “Яхши қўшнингдан олгунча ёмон уйингни қидир демишлар, – деб ёзади бу ҳақда Абдулла Авлоний. – Боболаримизга етушғон ва ярағон муқаддас тил ва адабиёт бизга ҳам камлик қилмас. Ўз уйимизни қидирсак ва ахтарсак, йўқолганларини ҳам топармиз”. Муаллиф кишиларнинг алоқа воситаси бўлган тилга қанчалик эътибор лозим бўлса, бу тилдан фойдаланаётган шахслар тилига (нутқига) ҳам шунчалик эътибор кераклигини таъкидлайди: “Чунки сўз инсоннинг даража ва камолини, илм-фазлини ўлчаб кўрсатадурғон тарозусидир. Ақл соҳиблари кишининг дилидаги фикр ва ниятини, илм ва қувватини, қадр ва қийматини сўзлаган сўзидан билурлар”.

 

Ўзбек тилининг имкониятларини рўёбга чиқариш, ўзбек адабий тилининг меъёрларини белгилаш ўтган асрнинг 20-йилларида энг долзарб вазифа эди. Қолаверса, бу даврдаги адабий тил жонли ўзбек сўзлашув тилидан анча узилган, шунинг учун ҳам кенг халқ оммаси учун тушунарсиз бўлган. Бу тилни тушуниш учун маълум тайёргарлик, яъни мактабларда сабоқ олган бўлиш талаб этиларди. Дарҳақиқат, ХХ асрнинг 20-йилларида ўзбек адабий тилини жонли сўзлашув тилига яқинлаштириш ҳаракати бошланди. Ашурали Зоҳирий бу ҳақда қуйидагиларни уқтириб ўтади: “...Тилимизни учга бўлиш мумкин: 1) жонли тил; 2) адабий тил; 3) илмий тил. Адабий тил билан илмий тил ўртасида унча фарқ бўлмаса ҳам, жонли тил билан адабий тил орасида (ўсиш ва тараққий жиҳатидан) анча фарқ бор. Жонли тилнинг ҳам ўзига махсус кўб қимматли асарлари бордурким, уларнинг барчасига халқ адабиёти дейилур. Бу (халқ адабиёти) адабий ва илмий тилнинг асосидур. Асл табиий тил сўзланатурғон тил, халқ тилидур”.

 

1918 йилнинг сўнггида ташкил этилган “Чиғатой гурунги” ўзбек адабий тили ва адабиётини ривожлантириш, ўзбек адабий тилини меъёридан ортиб кетган араб ва форс сўзларидан тозалашни ўз олдиларига бош мақсад қилиб қўйдилар. Айни пайтда, бир қатор вазифалар белгилаб олинди: “Тилимизнинг тугал, юксак, санъаткор бир адабиёти бор. Тилимизнинг адабийлиги арабийликда эмас, ўзидадир. Шуни тиргизмак керак:  тилимизни ёт сўзлардан қўлдан келганча тозаламоқ керак; адабиётимизни юксатмоқ учун бурунги санъаткор шоирларимизнинг ўлмаган ва ўлмас нарсалариндан фойдаланмоқ ҳам тараққий қилган улуслар томонидан орага солинган умумий асосларга эргашмак керакдир; тилимизнинг қоидаларини татарча ёхуд усмонийча қоида китобларидан эмас, тилимизнинг ўзидан олмоқ керак; шунинг учун халқ оғзида юрган сўзларни, халқ адабиёти бўлган эртаклар, мақоллар, лапарларни йиғиб текширмак лозим; адабиёт ёзғучилик бўлгани учун ёзув қоидаларини, имлони ҳам тузатмак керак”. Фитрат гурунгнинг раҳбари сифатида тўгарак аъзолари мазкур юмушларни амалга оширишида етакчилик қилди. 1921 йилда тақиқланган “Чиғатой гурунги” ишлари унинг аъзолари фаолиятида кейинчалик ҳам давом этди.

 

Фитратнинг таъкидлашича, ҳар бир тилнинг бойлиги у тилдаги сўзларнинг кўплиги (касрати калимот), ясалиш кенглиги (ундириш кенглиги), боғланиш имконияти (вусъати иштиқоқ), қоидаларининг мукаммаллиги (мукаммалияти қавоид) билан ўлчанади. Туркча (ўзбек тили) буларнинг ҳар учаласи бўйича ҳам араб ва форс тилларидан қолишмаслиги, айрим ўринларда улардан устун келишини таъкидлайди. Ўзбекча муқобили бўлмаган араб ва форс сўзларини ўзбекчалаштириш асосида, яъни ўзбек тили фонетик ва грамматик хусусиятига мослаштириш асосида қабул қилишни тавсия этади. “Ҳозирги сўзларимиздаги арабча, форсчалардан бир нечаси учун туркча топилмайдир десангиз тўғридир. Биз ҳам уларни чиқармоқчи эмасмиз. Уларни олурмиз, лекин ўзимизники қилурмиз. Туркчалаштирамиз. “Қоида”нинг туркчаси йўқдир. “Сарф”нинг-да туркчасини тополмадик. Иккисин дағи олурмиз. Лекин сиз каби “қовоиди сарфия” демасдан, “сарф қоидалари” дермиз”. Натижада айрим ўзлашмалар ўрнида ўзбекча муқобиллари қўллана бошлади: сезонник кўчманчи, листовка қоғоз, крепост қўрғон. Шунингдек, атамалар калка усули билан сўзма-сўз таржима қилинди: чернорабочий қора ишчи, самосуд – ўзбошмича, лошадиная сила от кучи, фалшивая монета ёлғон оқча. Баъзида рус тилидан кириб келган сўзлар билан бир қаторда арабча, форсча лексемалар ҳам истифода этилган: партия фирқа, депутат – вакил, президент Раиси Жумҳури, педагогика усули таълим, интернационал – байналмилал, ишчи амала.

 

Айтиш жоизки, ўзбек тили кўп шевалилигидан янги ўзбек адабий тили қандай бўлиши, қайси шеваларга кўпроқ таянмоғи лозим, деган муаммо бу даврда муҳим масалалардан эди. Фитрат мазкур масала бўйича фикр юритиб, шаҳар шеваларига араб, форс тиллари таъсири кучли экани, шунинг учун бу шеваларга эмас, балки қишлоқ шеваларига таяниш лозимлигини баён қилади: “...Бизнинг шаҳарларимиз кўплаб йиллардан бери араб, форсий адабиётнинг ҳукми остида яшайдир. Шунинг учун бизда шаҳар тили бузулғондир. Тилимизнинг соф шаклини даладаги эл-аймоқларда кўра оламиз”. Шунинг учун “эл-аймоқлар орасида уларнинг жон озиғи бўлиб турғон” достонлар, эртаклар, маталлар, лапарлар, ашула-қўшиқларни халқ қандай талаффуз қилса, шундайлигича ёзиб олиш, уларни синчиклаб ўрганиш ва шу асосда маълум илмий хулосага келиш лозимлигини кўрсатади.

 

Ўзбек адабий тили лексик жиҳатдан бирор шевага эмас, балки ўзбек диалектларининг барчасига асосланади ва улардан зарур сўзларни қабул қилади. Бинобарин, шевага оид сўзлар сўзлашув, филолог олимлар, ёзувчи, шоирларнинг асарлари ва оммавий ахборот воситалари орқали адабий тилга кириб келади. Аммо бадиий адабиётлар, матбуотда қўлланган диалектизмларнинг аксарияти адабий тилда мустаҳкам ўрнашиб қолмайди. Давр ўтиши билан уларнинг аксарияти адабий тилда турғунлашса, баъзилари эскирган, тарихий сўзлар қаторига ўтади ёки шеваларнинг ўзидагина муомалада бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам оғзаки ва ёзма нутқимизда адабий тилни бойитадиган шева сўзларига кўпроқ мурожаат қилишимиз, уларнинг қўлланиш доирасини кенгайтиришимиз керак. Масалан, XX аср бошларида купе сўзи ўрнида бўлма, аванс сўзи ўрнида бўнак, мардикор ўрнида кунлукчи атамаси қўлланган.

 

Шу ўринда таъкидлаш керакки, маълум даврда шевада фаол ифодаланган лексемаларнинг айримлари кейинчалик пассивлашиши, сўнгра давр талаби билан яна қайта тикланиб, шевада ҳам, адабий тилда ҳам фаол қўлланадиган сўзлар сирасига кириши мумкин. XX аср бошларида ўзлашган пудрат, фирма, мулкдор, кредит сўзлари 50–60-йилларга келиб эскирган сўзга айланган. Вақт ўтиши билан мустақиллик йилларида улар фаол сўз сифатида қўллана бошлади.

 

Дарҳақиқат, темурийлар ва хонликлар даврида форс тили билан рақобатда ютиб чиққан ўзбек тили XIX асрнинг иккинчи ярмидан рус тилига тўқнаш келди. Мустамлака тузумининг тазйиқларига қарамасдан, она тилини миллатнинг руҳи, миллий мерос, маънавий қадриятларнинг воситачиси сифатида кўрган, ўз ҳаётини халқимизнинг маънавий камолотига, она тилимизнинг равнақ топишига бағишлаган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий каби улуғ маърифатпарварларнинг номларини эл-юртимиз доимо ҳурмат билан эслайди. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, маърифатпарвар аждодларимизнинг мероси бугун биз қураётган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши табиийдир.

 

Бахтиёр АБДУШУКУРОВ,

филология фанлари доктори, профессор

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси