Ҳалима АҲМЕДОВА, шоира:
Хотирам заифлашяпти. Болаликнинг жуда кўп хотиралари ёдимдан чиқяпти. Аммо энг қизиғи, онам билан боғлиқлари янада ёруғлашяпти. Нега бундай, – тушунмайман. Тўнғич фарзанд бўлганимгами, эрка, шўх эдим. Бунинг акси ўлароқ, онам жуда содда, камсуқум аёл эди. Баъзан болалигимга бориб қилган шўхликларим онамни ранжитарди, жаҳлини чиқарарди. Ўшанда у билган ягона қарғишини ишлатарди:
– Ҳаҳ, оёғингга яра чиқмагур...
Бўлди, ана шунинг ўзи менга кифоя эди. Дарров хафа бўлиб, тўнимни тескари кийиб олардим. Кейинроқ, ақлимни танигач, онамнинг бу қарғиши дуо эканлигини билдим.
Талабаликда миямизни сохта мафкуралар билан тўлдиришгани боис (бу катта фожиа эди) руҳоний билимлардан йироқ эдик. Бобур ғазалларини севиб ўқир, шоир ҳаётига қизиқардим. Бир куни Ҳумоюн Мирзо хасталикка чалинганда Бобур ўғлининг атрофини айланиб, касални ўзига Худодан сўраб олгани ва натижада шаҳзода соғайиб кетиб, отаси оғирлашгани ҳақидаги тарихий воқеани ўқиб қолдим. “Бу ахир афсона-ку, бундай бўлиши мумкин эмас”, дедим, дугоналарим даврасида.
Ўтган асрнинг 87-йиллари шифокорлар менга саратоннинг биринчи босқичи ташхисини қўйиб, Москва шаҳридаги онкология касалхонасига юборишди. У ердаги жарроҳлик амалиёти ўтказилганига қарамай, мен кундан кун оғирлашардим. Орадан бир қанча вақт ўтгач ҳам ўзгариш бўлмагач, шифокорлар ҳам соғайишимдан умидини узиб, дадамга телеграмма жўнатишган. Ҳушим гоҳ келиб, гоҳ кетиб турган кунларнинг бирида дадам мен ётган палатага кириб келди. Ўша вақт гапиролмас эдим. Дадам (жуда ўзгариб кетган бўлсам керак) мени танимади. Уларнинг ортидан ғам тортган, мунғайган онам ҳам кириб келди. Ота-онам аҳволимни кўриб, ўкириб-ўкириб йиғлашарди. Шифокор уларга вақт тугаганини билдиргач, дадам меҳмонхонага кетди. Онам қизим билан қоламан, деб оёқ тираб туриб олди. Москванинг кузи жуда совуқ келади. Ташқарида гупиллаб қор ёғарди. Менга қарайдиган ҳамшира онамга кўрпа-тўшак келтириб берди. Палатада ёлғиз ўзим ётардим. Назаримда, оғирлашган беморлар учун шундай тартиб бор эди.
Вақт алламаҳал бўлгач, негадир уйғониб кетдим. Онам мен ётган каравот атрофида тинимсиз айланар, шивирлаб нималардир дерди. Ҳолсизлик ғолиб келиб, яна уйқуга кетдим. Эрталаб уйғонганимда, онам тўшак устига бошини эгиб, оғир ўйга ботганча ўтирарди. Билдим, у тун бўйи ухламаган. Илкис бошини кўтариб, мен томонга қаради, ўрнидан даст туриб, тепамга келди. Худди мендан суюнчи олмоқчидек жилмайиб:
– Қизим, қўрқма, сен тузаласан. Ҳали ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетасан, – деди. Мен ҳам жилмайдим.
Онам айтганидай, олти ой деганда оёққа турдим. Аммо, онагинам бир йил ўтмай саратонга чалинди. Бу касаллик билан узоқ курашди. Мен ношуд фарзанд унинг дардига дармон бўлолмадим. Онажоним дунёдан ўтаётиб ҳам мен учун қайғурди:
– Ўзингни эҳтиёт қил, қизим!
Зулфиқор МУСОҚОВ, режиссёр:
Ойимнинг исми Олияхон эди. Дадамнинг жуда эрта вафотидан сўнг уч фарзандни ўзлари тарбиялаб, олий маълумотли қилганлар. Ойим бутун умр Қорасарой кўчасидаги маҳаллада, уйимиз олдидаги болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишладилар. Йиллар ўтиб, набираларини ҳам тарбия қилишда кўмаклашар, эркалаб-суярдилар.
Ойим жуда тўғри сўз, мард аёл эди, кези келса мени ҳам аямасди. Одамларнинг мансабига, лавозимига қараб ўтирмас, ноҳақ бўлишса, ҳақиқатни тикка юзига айтарди. Агар биз, фарзандларда нимаки яхши фазилат бўлса, факат ота-онам туфайли бор, деёламан.
Ойим барча фильмларимнинг премьераларида биринчи қаторда ўтирарди, очиғини айтганда, энг талабчан киношуносим онам бўлган. Эслайман, улар ҳамкасбларим билан суҳбатлашишни ёқтирардилар. Деярли биронта ҳамкасбим йўқки, онамнинг дуосини олмаган. Жойингиз жаннатда бўлсин, онажон, болаларингиз сизни ва раҳматли отамизни ҳеч қачон уялтирмаган ва уялтирмайди. Бизга қандай яшашни ўргатганингиз учун раҳмат!
Норқобил ЖАЛИЛ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “XXI asr” газетаси бош муҳаррири:
– Барча оналар каби, менинг онам ҳам фариштадек мунис, муштипар, куюнчак, меҳрибон аёл бўлган. Элас-элас эсимда: 1973 йиллар эди, шекилли. Китобда Абдуазиз деган расмчи қишлоқларни оралаб одамларни суратга тушириб юрарди. Пахса уйимиз соясида ўйнаб юргандик. Бир маҳал ҳалиги расмчи амаки келиб қолди. Онам ичкарида куймаланиб юрганди. Чақириб чиқдим. Суратчи жуда содда, хокисор онамга нималарнидир гапириб, расмга тушишга кўндирди. Онам мени ёнига чақириб, “Каттаси мактабдан келмади ҳали, кенжам билан туша қолай”, деди. Қайда, шу даражада уятчан, бир қишлоқи бола бўлганим учунми, “йўқ, эна, тушмайман”, деб қочиб кетдим. Онам бечора хижолат тортганча мендан икки ёшча кичик Ҳайитмурод деган қўшнимизнинг ўғлини ёнига олиб расмга тушди... Ўшанда суратга тушсам эди... Онам раҳматлидан фақат ана шу суратгина нодир хотира бўлиб қолди. Ҳозир ҳам шу расмни кўрсам йиғлайман!...
Замира СУЮНОВА, Ўзбекистон халқ артист:
– Қашқадарё вилоятининг тоғли “Шатри” қишлоғида 11 фарзандли, катта оилада туғилганман. Менинг онам ҳам 11 фарзандни дунёга келтириб, катта ҳаётга йўллаб, набираларни ҳам опичлашадиган, бутун рўзғор юкини елкалайдиган ўзбек аёлларининг бири бўлган. Отам ўқитувчи бўлиб ишлар, онам эса уйда фарзанд тарбияси, рўзғор ташвишларига умрини бағишлаганди. Қишлоқдаги уй бекасининг ташвиши кўп, қўй-сигир, томорқа дегандек, буни ҳамма билади. Аммо оналаримиз кун давомида қилиниши керак бўлган ишларни соат кўрсаткичидек аниқ тартиблашган. Оддий мисол, қишлоғимизда 10 ёшимгача электр чироқлари бўлмаган. Бирор марта бўлсин кечқурун фонус шишасининг қорайиб турганини кўрмаганман. Бир куни қўшнироқ хонадондан уйимизга меҳмон келган. Уйингизда шунча ёш болангиз бор экан, тинчлик-осойишталигингиздан бунча кўп ёш болангиз бор деб ўйламас эканман, деган.
Кейинчалик вақти соати билан ўзим оилали, бола-чақали бўлганимда бундай тартибни ушлолмаганман. Тўғри, бизнинг турмуш тарзимиз, ишимиз, бошқа важларимиз бўлгандир, лекин барибир ҳар сафар эслаганимда онамнинг тартибига қойил қоламан. 11 фарзанднинг усти-боши тозалиги, ош-овқати, рўзғорнинг саранжом-саришталиги... Энди ўйлайман, оналаримиз чинакам қаҳрамон бўлган экан. “Қаҳрамон она” унвони бекорга берилмаган экан.
Тошкентга ўқишга кетганимизда, онам қизларим у ерда нима еб-ичади, деб ош-овқатимиздан хавотир олиб, хафа бўлган эканлар. Дастурхон бошида болаларим нима еяпти, деб йиғлаб ҳам оларканлар. Биз учун кеч кузгача войишларда узум сақлаб қўярдилар. Бир ҳолни ҳар гал эслаганимда кўзим ёшланиб кетади. Уйда ўтирганимда эшик жирингларди, очсам, онам қўлида оғир пакетлар билан жилмайиб турардилар. Ўзлари ёпган патир, қаймоқни шунча йўл босиб кўтариб келардилар. У пайтлар телефонлар йўқ эди, уйда бўлмасак, қайтганимизча эшик тагида чарчаб кутиб турган бўлардилар. Онамнинг оқ рўмолда, қўлларида оғир сумкалар билан эшик олдида турганлари ҳамон кўз ўнгимда туради, илоҳим охиратлари обод бўлсин.
Абдуқодир ТОШҚУЛОВ, Термиз давлат университети ректори, профессор:
Одамлар олдида тилингга, улуғлар олдида қалбингга эҳтиёт бўл, дейишади. Худди шундай, улуғ устозларнинг ёнида хаёлимиздан ўтказадиган нарсаларга-да эҳтиёт бўлиб турамиз. Онам ҳузурида эса шундан юз чандон ортиқ ҳушёрроқ бўлишимга тўғри келади. Чунки онам фан доктори, професссор бўлмасалар ҳам, ички сезги билан қалбимдан ўтган ҳисларни батамом билиб туради. Шунинг учун онамни юпатмоқчи бўлсам, ҳеч уддасидан чиқмаганман, кўнглини кўтариш учун ширин ёлғонлар айтиб ишонтиролмаганман.
Она фарзандини тўққиз ой юрагининг остида, бағрида кўтариб юрганигами ёки менинг онам шундай зуккоми, ҳар қандай вазиятда аҳволимни билиб турадилар. Бошимдан жуда оғир кунлар ўтётганда, кулиб, ўйнаб борсам ҳам, болам, тинчликми, дейдилар. Мана бу саловатни айтиб юринг, деб тавсия берадилар. Макка ва Мадинанинг имомлари бутун ҳаждаги жамоа билан ҳақингизга қилган дуодан ота-онанинг дуоси устун туради, деган гапнинг маъносини мана шу ҳолатларда кўраман.
Она фақат мадҳ этиладиган зот эмас, у – муқаддас. Қўшиқларимизда она, она деб тўтиқушдек ҳиссиз такрорлаймиз бу сўзни. Йўқ, мана бундай нозик жиҳатлари бор онанинг. Унинг қалби сизнинг аҳволингизни англаш, изтиробларингизни билиш учун масофа танламайди. Ёки сиздаги кибрни, манманликни сезиш учун кўп вақт сарфламайди, дарров билади. Она – энг нозик хилқатлардан бири дейилганда, шулар назарда тутилган деб ўйлайман.
Мунаввара АБДУЛЛАЕВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, актриса:
Актриса бўлишимга оиламдагилар барибир қарши бўларди, шунинг учун Тошкентга қочиб келишни режа қилгандим. Лекин яширин режамни онам сезиб қолиб, барча нарсамни – кийим-кечакларим, йиғиб юрган пулларимни ҳам олиб қўйганлар. Ўзимни эса “тарбияланишим” учун бувимникига юборишди. Аммо мақсадимдан қайтмагандим ўшандаям, ишга киряпман деб ёлғон гапириб, ҳужжатларимни олиб, Тошкентга йўл олганман. Пойтахтга келгач, уйга телефон қилиб, Тошкентга келганим ва нима чора кўришларидан қатъи назар ўқимоқчилигимни айтганман. Онам бир сўзли, қаттиққўл аёл эдилар, шунинг учун ғурурлари кучлилик қилганми, ўқишимнинг бошида бирор марта ҳам мендан хабар олмаган, йўқламаган. Ўзбошимчалигим учун жазоламоқчи бўлганлар балки... Шу орада талабалар пахта теримига жўнайдиган бўлди. Мен ўша вақтгача битта кўйлакда юрардим. Ноилож уйга телефон қилиб, бизни пахта теримига жўнатишаётганини, иссиқ кийимлар керак бўлишини айтдим. Бир неча кундан сўнг онам қишки кийимлар, бир дунё озиқ-овқат олиб келди. Аммо хафаликлари ҳали тўлиқ тарқалмаган экан, “Мана, керакли нарсаларни олиб келдим, лекин сенга бир тийин ҳам пул бермайман”, дегандилар ўшанда.
Онам бир сўзли аёл эди, ўқишни битиргунимча ростдан ҳам бир тийин ҳам пул бермадилар. Фақат озиқ-овқат жўнатиб турар, қолган харажатларимни стипендиям билан амаллардим. Ўқишни тамомлаб, Сирдарё театрига ишга жойлашганимда, онам кўришга келганди. Театримиз унча обод бўлмаган, чўлроқ ҳудудда жойлашган эди. Шунча ўқиб топган жойинг шу ер бўлдими, шу ерда ишлаш учун бизни шунча норози қилиб ўқидингми, деганлар. Бу гапларидан кейин ўша театрда бутун умр қолиб кетишдан қўрқиб, устозларим билан кейинги режаларимни маслаҳатлашиш учун институтимга бордим. Маслаҳатлашганимиздан кўп ўтмай, устозларим мени хорижга ўқишга юборишди. Россиядан педагог бўлиб қайтдим ва институтда дарс бера бошладим.
Ҳозирлар ўйлаб қарасам, онам мотиваторим бўлганлар. Менга ўқитувчилик қилиш ёқа бошлаган, актриса бўлишни унутаётгандим. Аммо, тақдир ҳазилини қарангки, ўзим истаганимдек, актрисалик йўлини тутишимга бир вақтлар норозилик билдирган онам сабабчи бўлди. Бир куни онам, сен ҳам актриса бўлиб ҳеч телевизорга чиқмайсан-эй, шунча вақт ўқидинг-ку, дедилар. Шунда “Онам кутарканлар-да”, деган ўй ўтди ичимдан. Ўша вақт “Оқ бино оқшомлари” фильмидан таклиф тушиб юрган эди. Шу картинада биринчи марта роль ижро этдим. Фильмнинг телеэкранда узатилиш вақтини онамга айтгандим. Кинони ҳамма қишлоқдошларим томоша қилишган. Қарабсизки, бирпасда бутун қишлоқда машҳур бўлиб кетдим, ҳамма гапирган, мақтаган. Онам бундан хурсанд бўлгандилар, шу орқали қайсидир маънода онамнинг розилигини олгандим ўшанда.
Мустафо БАФОЕВ, Ўзбекистон санъат арбоби, композитор:
Онам оддий қишлоқ аёли эди. Ниҳоятда меҳрли, ниҳоятда хокисор. Далада ишларди, рўзғор юмушлари, оғир шароит, 3 фарзанди болалик чоғида вафот этган, қолган 7 нафарини парваришлашнинг ўзи бўлмайди. Доим ҳалим, мунислик хислатларини йўқотмаганига, бизга зарда қилмаганларига гувоҳман. Мен бош фарзанд эдим. Шунинг учундир, онамни яхшироқ биламан. Укаларимга айтган аллаларини эшитиб сеҳрланиб қолардим. Жуда ёқимли овозлари бор эди. Эҳтимол, мусиқага муҳаббатим ҳам ана шундан бошлангандир.
Баъзан онамни ҳозирги аёллар билан таққослаб ҳайрон қоламан. Боласини сотди, боласини калтаклади, ўлдириб қўйди, деган хабарлар чиқса-ку, кўз олдим қоронғулашиб кетади. Қиз невараларимга онамнинг ҳаётларини мисол келтириб, уларнинг матонатли бўлишларини, аёллик фазилатларини йўқотмасликларини айтаман. Ўзимга қадрли бўлган асарларимдан бири “Ҳажнома” ораториясининг иккинчи қисмини “Она” деб номлаганман. Онамни эсласам, тақдир синовларини бардош билан енга олган, оқкўнгил аёл сиймоси кўз ўнгимда намоён бўлади. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!
Наргиза ОДИНАЕВА,
Oyina.uz
Маънавият
Адабиёт
Санъат
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ