Жаҳолат қурбони бўлган муаллима ниманинг образи, қашқирлар-чи? – Бир шеър таҳлили


Сақлаш
18:03 / 06.03.2024 227 0

Матназар Абдулҳакимнинг “Дарсдан сўнг” деган шеъри қаҳрамонларига – дафтар қучоқлаган муаллима ва сумка кўтарган ўқувчига атаб юртимизда “Муаллимга мангу эҳтиром” номи остида ҳайкал ўрнатилган. Қайд этиш лозимки, бадиий асар қаҳрмонларига бундай эҳтиром наинки Ўзбекистонда, балки бутун дунёда ҳам камдан кам кўрсатиладиган нодир ҳодиса. Маълумот учун айтиш керакки, авар шоири Расул Ҳамзатовнинг “Оқ турналар” шеъри шундай, – ҳатто ортиқроқ, – эъзозланган. “Дарсдан сўнг” номли шеърда қишлоқ муаллимасининг шом тушганда мактабдан чиқиб, олис уйи томон қирлар оша ёлғиз яёв кетаётганда, йўлда оч қашқирга дуч келиб қолиб, қўлидаги дафтарларни бирин-сирин ёқиб ҳимояланиши, лекин шунда ҳам етти ўқувчининг топширилмаган дафтари туфайли қўлидаги бирдан бир қуроли – оловдан маҳрумлик оқибатида бўрига ем бўлиши ғоят таъсирли акс эттирилган. Бу ерда ўз вақтида вазифани бажариб, дафтарни топширмаслик, яъни ўқимаслик ҳалокатга етакловчи иллат эканлигидек аччиқ ҳаётий ҳақиқат мажоз даражасида куйланган. Шеърдан ўқиймиз:

 

Кимнидир койиди чеккани учун.

Тортиб олиб қўйди гугуртини ҳам.

Машқ дафтарларини йиғди-да, сўнгра

Бир-бир санаб кўрди. Етти дафтар кам.

 

Ана шу камлик-кемтиклик – фожианинг бош сабаби. Зеро, бу кемтикликнинг бошқа оти мактабдаги, таълиму тарбиядаги бўшлиқдир. Бўшлиқнинг эса, маълумки, ютиб маҳв этгувчи табиати бор. Бу ўринда қурбон – қишлоқ мактабининг муаллимаси:

 

Ҳар гал шундай аҳвол. Уялмайсизми?

Келасиз ўқишмас, қилиш учун сайр.

Бу сафар ҳам икки қўймай тураман,

Эртага қолганлар топширсинлар. Хайр.

Қиш куни – бир тутам. Қорайганди қош.

Иккиланди. Ўтмак керак, ахир, қирдан.

Эри ҳам келмади олиб кетишга

Кўнгли совидими... – ваҳм этди бирдан.

Ҳамкасб дугонаси қистовга тутиб,

Тунаб кетинг, – деди. – Кеч бўлиб қолди

Кўнмади. Қўлтиқлаб машқ дафтарларни

Уйга ёлғиз ўзи яёв йўл олди.

Овул тугаб, энди қирга чиққанда

Оқшом қуюқ эди, атроф сим-сиёҳ.

 

Атрофнинг сим-сиёҳ эканлигини, айни дамда, жаҳолатга ишора. Хўш, у қаердан келмоқда? Дарс қилиб, дафтарларни вақтида топширмаслик сим-сиёҳликни, яъни жаҳолатни туғиб бермоқда. Жаҳолат ичида эса хавф~хатар бор:

 

Йўлдан қайтмоқчи ҳам бўлди бир ўйи,

Ўғлим хасталаниб қолдимикан ё...

Юрагини бадтар ваҳима босди,

Қамради тундан ҳам бадтар бир қўрқув.

Ўнқирми, чўнқирми, ўрми, қир демай

Яна кетаверди, кетаверди у.

 

Шеърнинг аввалида уни муаллима ўлароқ танидик. Кейин бошида эри борлигини билиб олдик. Демак, у хотин, ёр. Дугонасидан сўз очилди, айни дамда у ўртоқ ҳам. Мана энди боладан хабар берилмоқда. Кўринадики, у она ҳамдир. Бўлиб ҳам ўзбек онаси, шарқлик она. Бас, шу гапда ҳаммаси айтилди: бундай онанинг йўли зим-зиё бўлиб, хатарга тўлса ҳам болам дейди, уйига шошади. Бироқ...

 

Мудҳиш бир шарпани илғади ногоҳ,

Разм солса қашқир. Қиларди таъқиб,

Эслади йиртқичнинг қўрқишин ўтдан,

Изига бир дафтар ташлади ёқиб.

 

Муаллима тадбирни тўғри олди: ҳайвоннинг оловдан қўрқишини эслади (чунки у жоҳил эмас!) ва қўлидаги дафтарни ёқиб, бўрининг олдига ташлади:

 

Қашқир тўхтаб қолди. Сўнг – яна, яна,

Муаллима омон топган бу олов

Йиртқичга берарди иложсиз сабр.

Йўловчи – ёқарди, қашқир – тўхтарди,

Тин оларди икков ҳар дафтарда бир.

Йўл узоқ, тун қаро, қашқир эса оч,

Оч йиртқич биларми надир садоқат.

Уйга яқин қолган вақтда тугади

Муаллимда дафтар, қашқирда – тоқат.

 

Эътибор беринг, инсон ҳаётининг омон қолиши учун қўлдаги ресурс тугаб битди. Бунинг сабабини юқорида эслаб ўтдик – дангасаликка берилиб дарс қилмаслик, дафтар топширмаслик. Натижада жаҳолат қурбони муаллима бўлди.

 

 

Савол туғилади: муаллима ким?.. Жамиятнинг ўқимишли қатлами мансуби, зиёли. Хўш, у нега қурбон бўлди?.. Жоҳил туфайли, унинг жаҳолати туфайли. Дафтар топширмаслик шеърда жаҳолатнинг рамзи бўлиб келяпти дедик. Бас, шундай экан, хулоса қиламиз: ўқимаганлар ўқиганларнинг ҳаёт йўлларига чоҳ қазийди. Бу худди қонуниятдек жаранглайди. Худди шу хулоса билан кунимизга назар ташлаймиз – шеър ҳақиқати ҳаёт ҳақиқати бўлиб хаёлларимизни тоғдек босади.

 

Уввос фиғон тутди қишлоқни тонгда,

Замин аза очди, замон йиғлади.

Дафтар топширмаган етти ўқувчи

Ҳаммадан ҳам ёмон йиғлади.

 

Хайриятки, бу ерда, яъни шеърда дафтар топширмаган дангаса етти ўқувчи ўз айбини тушуниб етди, пушаймонлиги – ҳаммадан кўп йиғлаганида зоҳир. Шундан сўнг шоир ўз қисматини шеърга олиб киради. У кўнгилдагидек шеърлар битолмагани учун ўзини дафтар топширмаган болаларнинг бирига қиёс этади:

 

Нўноқ назмим учун афв эт, халқим,

На олим, на фозил, на сўз пириман.

Ўз вақтида дафтар топшира олмай

Қолган болаларнинг бириман.

Мен яхши биламан, тумор қилмайди

Ёзган шеърларимни ошиқлар.

Мен яхши биламан, қўшиқларим жўн,

Биламан, булар бир оддий машқлар.

 

Ниҳоят, муаллиф шоирнинг вазифасини аниқ-тиниқ қилиб белгилаб беради. Ҳамда бу вазифа, керак бўлса, бурч халқнинг тақдири билан чамбарчас боғлиқ. Унинг назарида шоирлик халқнинг йўлини ёритгувчи ўтдир, оловдир. Бас, уни йўлда дуч келгувчи қашқирлардан, яъни хавф-хатардан фақатгина машъалага айлангувчи ана шу ёзувлар омон сақлай олади:

 

Лекин... кетмакдасан келажак сари

Тап тортмай қисматнинг дашт, қирларидан.

Ўзимча асрагим келади сени

Ёвузлик, хиёнат қашқирларидан.

Мен машқ бажараман, ёзаман ҳар кун

Дараклар, сўроқлар, хитобларимни.

... Сен йўл бўйи ёқиб ташлаб кетавер

Қашқирлар қўрққувчи китобларимни...

 

Демак, йўлдаги хавф-хатар деб аталган қашқирлар халқни еб битирмаслиги учун шоир тинимсиз тер тўкиб меҳнат қилмоғи – яхши шеърлар ёзмоғи шарт. Бу дегани шуки, нафақат шоир, балки барча касб эгалари ўз ишини худди шундай бекаму кўст адо этмоғи керак, токи она Ватан бор ва тинч бўлсин! Бас, шундай экан, қоронғида қирда бир ўзи уйи томон шошиб кетаётган муаллима, айни дамда, она Ватан образидир. Уни қашқирларга ем қилсак, билингки, дарс қилиб дафтар топширмаган ўқувчилардан бири биз бўламиз. Шеър, аслида, шу ҳақда урилиб гумбурлаган бонгдир. Шеърда-ку курашни қашқирга бой бердик, ҳаётда бой бермайлик. Бой бердикми, мағлубият аламу изтиробини шеърга солгувчи шоир ҳам топилмайди... Демак, шоир Матназар Абдулҳаким бир шеър мисолида ана шундай аянч қисматдан халқни – ҳар биримизни олдиндан огоҳ этмоқда, қашқирларга ем бўлмаслик учун ўқиб, дарс қил, демоқда...

 

Улуғбек ҲАМДАМ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси