Ақлсиз ит қандай қилиб қайсар эшакка дўнди? Тор доирада қолиб кетаётган ўзбекча таржималар таҳлили


Сақлаш
17:03 / 01.03.2024 247 0

Ўтган йил давомида интернет сайтларида хорижлик ижодкорларнинг юзга яқин шеърий ва насрий асарлари эълон қилинди. Таржималар асосан инглиз ва рус тилларидан ўгирилган. Қуйида йил давомида чоп этилган айрим таржималарни аслият билан солиштирган ҳолда таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.

 

2023 йил давомида Ziyo.uz сайти янги таржима қилинган йигирмадан ортиқ ҳикояларни эълон қилди. Уларнинг асосий қисми ёш таржимонларнинг ўгирмалари ташкил қилади. Шунингдек, аввалги йилларда босма нашрларда чоп этилган таржималар ҳам сайтга жойлаштирилган.  Таржималардан бири – инглиз  адибаси Кэтрин Мэнсфилднинг “Сариқ чақа” ҳикоясини Муслима Хидирова ўзбекчалаштирган. Асар номи аслиятда “Олти пенс” бўлиб, ҳикоя шўх болакай Диккининг қулоқсизлиги билан бошланади. Онаси ва сингиллари унинг тўполончилигидан безор бўлишади. Шунда қўшни аёл болани тарбиялаш учун уриб туриш лозимлиги, аммо буни оналар эмас, оталар бажариши кераклигини уқтиради. Аёл эри келгач, ундан ўғлини тарбиялаб қўйишини сўрайди. Ишдан ҳориб, асабий бўлиб қайтган ота эса ўғлини камари билан уради. Сўнг ҳовури босилгач, бу қилмишидан афсусланади. Фарзандини овутиб, айбини ювиш учун унга олти пенс беради. Ҳикоя бадиий жиҳатдан яхши ўгирилган. Айрим жумлалар ўзбек тилида қўлланиладиган сўзлашув услубига мослаб ўзгартирилган. Масалан, Сингиллари­нинг таъбирига кўра, ўзини қайсар эшакдек тутса-ю, наҳот унинг шўхликларига чора топиш шунчалар имконсиз гапидаги қайсар эшак аслиятда mad dog, яъни ақлдан озган ит бўлиб, бу ерда ҳайвон номининг ўзгартирилиши ўзини оқлаган. Шунингдек, хизматчи қизнинг poured out the milk and water, яъни сут ва сувни аралаштириб қуярди, деган гапидаги сут ва сув аралашмасини таржимон қизимиз ширчой деб муносиб ўгирган. Аммо айрим кичик хатоликлар ҳам йўқ эмас. “Бу ҳолат ғазабланишдан ҳам кўра кўпроқ андиша­ли эди”, деган гапни аслиятдан ўгирганда, “Бу ҳолат безовталикдан кўра кўпроқ ғазабланишни ифода этарди”, дейиш тўғри бўларди. Бундан ташқари, кир ювиш совуни жумласини оддийгина кир совун дейиш мумкин. Умуман олганда, ҳикоя руҳи таржимада сақланиб қолган, мазмуни таржимон томонидан тўғри англанган.

 

 

Мазкур сайтдаги америкалик ёзувчи Натаниэл Ҳоторннинг “Соябон остида” ҳикоясини инглизчадан Қандилат Юсупова таржима қилган. Айтиш керакки, асар XIX аср услубида, моҳирлик билан ўзбекчага ўгирилган. Унда ёмғирли кунда уйидан ташқарига чиққан бош қаҳрамоннинг йўл-йўлакай учратган манзаралари, инсонлар тасвирланади. Таржимон ўзбек тилининг сўз бойлигидан унумли фойдаланган, ўгирмада қайтариқлар, такрорлар учрамайди, бадиий жиҳатдан пухта, ўқувчини ўзига боғлаб олади. Аслият билан солиштирилганда таржимон ҳар бир гап, сўз устида жиддий изланганини сезиш мумкин. Аммо айрим кичик хатоликлардан ҳам йўқ эмас. Bewildered by the red, blue, and yellow meteors, in an apothecary's window, they have stepped upon a slippery remnant of ice, and are precipitated into a confluence of swollen floods, at the corner of two streets жумласи Кўзларини қувонч-у масрурлик пардаси қоплаган ёшларнинг йўлидан нақ кўлдек келадиган ҳалқоб улкан тўғондек бўлиб чиқиб қолди. Бу шундоққина икки кўча орасидаги чорраҳада – йўл­нинг айни қоқ ўртасида ҳосил бўлган сувли жарлик эди, деб бошқача тарзда таржима қилинган. Ҳикоя якунидаги жумлани ҳам тушиб қолган сўзлар билан тўлдириш мақсадга мувофиқ: And thus we, night-wanderers through a stormy and dismal world, if we bear the lamp of Faith, enkindled at a celestial fire, it will surely lead us home to that Heaven whence its radiance was borrowed. Ана шундай. Бизбўронли ва мудҳиш олам оралаб, беором тунда саркаш тентировчилар, садоқатимиз зиёсининг қуввати етгунига қадар, қаерда Нурлар макони бўлса, ўша томон, албатта, йўл топиб боришдан ҳеч қачон чарчамаймиз. Қўлимизга соябонимизни оламиз-у қоронғи тун оғушига қўрқмай сингиб кетамиз. Бу ерда Жаннат сўзи етишмайди, соябон сўзи эса ортиқчадек, умуман олганда, ушбу жумлани бутунлай қайтадан ўгириб чиқиш керак, фикримча. Бу камчиликларга қарамай, ҳикоя аслиятдан жуда маромида, латифлик билан таржима қилинган.

 

Навбатдаги тадқиқ объектимиз Говшуткелди Данатаровнинг Чўрининг кулгиси ҳикояси бўлиб, уни туркман тилидан Раҳмат Бобожон таржима қилган. Унда чўри қизнинг бой хонадонига олиб келиниши, бу ерда кўрган азоблари, якунда эса хўрлаб ўлдириши ҳикоя қилинади. У Бу трагедия ўтмишнинг сарғайган саҳифасига айланиб бўлган аллақачон, деб бошланади. Бу ўриндаги трагедия сўзини фожеага алмаштириш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Кейинги абзацдаги Уни тўққиз ёшлигида исқирт қўлидан тутиб Отабой туман деган бойнинг хонадонига олиб келишди, гапидаги исқирт сўзи ҳам бошқа синоним сўзга дейлик, иркитга ўзгартирилса маъно жиҳатдан мос тушарди. Ҳикояда мақоллардан унумли фойдаланилган. Таржимон уларни қуйидагича таржима қилган: Яхши адабяхши даб, ота-бобо даврабоп, Ожиз бўлсанг ғаминг кўп, эрксиз бўлсанг ғаниминг, Қари қарға қағиллайверсин. Биринчи мақолдаги яхши даб сўзининг маъноси тушунарсиз чиққан, аслиятдаги маъносини қайта кўриш керак. Ҳикояда чўри қиз Онамни чала эслайман, отамни кўрмаганман ҳам, дейди. Бу ерда онамни ғира-шира эслайман, дейиш бадиийроқ чиққан бўларди. Гуноҳли сўзини ҳам гуноҳкор деб бериш мумкин. Ҳикоядаги Оғир иқбол золимлар жумласи тушунарсиз таржима қилинган. Мазкур камчиликлар билан бир қаторда ҳикоядаги имло хатолари ҳам қайта кўздан кечириб чиқилса, ҳикоянинг қиймати ошар эди, зеро унда ўтган асрда қардош қўшни халқнинг бизга ҳам бегона бўлмаган фожеси тасвирланган.        

 

 

Хуршид Даврон кутубхонаси сайтида ўтган йил давомида ўттиздан ошиқ таржималар берилган бўлиб, уларнинг асосий қисмини шеърий асарлар ташкил қилади. Жумладан, Америка шоири Ленгстон Ҳьюзнинг бир нечта шеърларини Йўлдош Эшбек русчадан ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган. Орзулар посбони, Муқаддима, Мен қандай улғайдим, Хаёлий қўшиқ, Шодлик” шеърлари шулар жумласига киради. “Муқаддима” шеъри “I am a Negro” (Я негр) деб бошланади. Таржимон бу ўринда негр cўзини ўрнига занжи дея ўринли ифодалайди. Аммо “I’ve been a worker” (Я был рабочим) жумласи эса негадир ишчи, хизматкор эмас, Мен доимо ижодкор бўлдим, деб берилади. Кейинги куплетдаги “All the way from Africa to Georgia” (Весь свой путь из Африки в Джорджию) гапидаги Жоржия давлатини таржимон Миссури деб алмаштиради (Қўшиқларимни Африкадан Миссуригача элтдим). Бундан ташқари, “The Belgians cut off my hands in the Congo” (Бельгийцы отрезали руки мне в Конго) жумласидаги белгияликлар сўзи тушириб қолдирилган, чопдилар сўзи савалашга алмаштирилган (Мени савадилар Конго далаларида). Қолган шеърлар эса аслиятдаги маънони сақлаб қолган ҳолда бадиий тарафдан чиройли таржима қилинган.  

 

 

 

Ушбу сайтдаги ёзувчи Габриэль Гарсиа Маркеснинг «Маъюс ҳикоя»сини Темур Тангрибердиев рус тилидан таржима қилган. Кичик ҳикоя бош қаҳрамон бўлмиш йигит якшанба куни жуда зериккани, шу боис бирор қиз билан танишиш учун эълон қолдиргани тасвири билан бошланади. Бир неча кун ўтиб у билан қиз учрашади, тамадди қилишади, сўнг кинотеатрга боришади. Йигит барибир у билан жуда зерикади, сабаби қиздан бирор маънили гап чиқмайди. Ёш таржимон ҳикояни бадиий тарафдан яхши таржима қилган, аслият билан солиштирганда хатоликлар кузатилмади. Шунингдек, сайтда Дунё адабиётидан энг қисқа ҳикоялар Хуршида Абдуллаева таржимаси остида тақдим этилган бўлиб, улар ҳам аслият билан солиштирилганда камчиликларсиз, маромида ўзбекчага ўгирилганини кўриш мумкин.

 

Nodirabegim.uz сайтида эса ўтган йил давомида замонавий жаҳон адабиётидан ўндан ошиқ таржималар берилган. Жумладан, Харуки Муракамининг Спагетти йили ҳикояси Шерзод Комил Халил томонидан рус тилидан таржима қилинган. Таржиманинг бадиий, стилистик, грамматик жиҳатларига ижобий фикр билдириш мумкин, муҳими япон адибининг ўзига хос услуби сақланиб қолган. Бироқ умумий матнда мен сўзи меъёридан ортиқ ишлатилгани мутолаа давомида тишга тегади. Дейлик, Ўшанда 15:20 да мен тўшакда шифтга тикилиб ётганимда, телефоним жиринглаганди. Мен ётган жойдан қишки қуёш нури кўлмакда акс этиб кўриниб турарди. Декабрь ойининг шу ғира-шира ёруғлигида мен нобуд бўлган пашша каби ўрнимда бефарқ чўзилиб ётардим. Бу ерда биринчи ва учинчи гапдаги мен олиб ташланса, мақсадга мувофиқ бўларди. Шунингдек, овқат китоби жумласини таомлар китоби ё пазандалик китобига алмаштириш мумкин.  Ғира-шира қуйилган зайтун мойи жумласининг таржимасини ҳам ўйлаб кўриш керак, одатда камроқ миқдорда қуйилган ёғга нисбатан ғира-шира ифодаси ишлатилмайди. Ҳикоя давомида У бахтсиз кулиб юборди гапи учрайди. Бу ўринда бахтсиз сўзи ўрнига маъюс, ғамгин каби синонимлар мос тушган бўларди, назаримда.

 

 

Сайтда шунингдек, замондош турк шоираси Улку Олжай шеърлари ёш адабиётшунос Рухсора Нур томонидан, япон ёзувчиси Харуки Муракамининг Бир гўзал апрел тонгида 100 фоиз мукаммал қизни кўрганим ҳикояси Қодиров Жамшидбек томонидан, америкалик ёзувчи Стевен Кингнинг мистик ҳикояларидан бири Алп Демир томонидан, япон адиби Акутагава Рюноскэнинг Бамбукзорда ҳикояси Зоир Зокиров томонидан ўзбекчага ўгирилган. Уларнинг аксари таржимонликка энди қадам қўйган ёшлар бўлиб, ҳикояларда таҳрирбоп жойлар учраса-да, бироқ аслиятга содиқлиги, эътибор ва иштиёқ билан таржима қилингани сезилиб туради.

 

Интернет сайтларидан ташқари, 2023 йил давомида бир қанча телеграм каналлар, фейсбук ижтимоий тармоғи орқали юздан ошиқ шеърий ва насрий таржималар эркин тарзда тақдим қилинган. Ўтган йилда ёш таржимонлар сафи кенгайгани қувонарли ҳол, албатта. Бироқ устоз-шогирдлик анъаналари етишмаётгани, мазкур ҳаваскор таржималарни кўриб баҳолайдиган, фикр берадиган, таҳрир қиладиган, босма нашрларга тавсия қиладиган механизмнинг сустлиги туфайли улар кўп ҳолларда тор доирада қолиб кетмоқда.                          

                  

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси