Замонавий ўзбек шеъриятида анъанавий ёр образи қай даражада ўзгарди? Суҳроб Зиё шеърлари таҳлили


Сақлаш
11:02 / 28.02.2024 219 0

Адабиёт учун жуда муҳим бўлган тушунчалардан бири бу – бадиий образдир. Ижодкор ўзининг ҳаёт ҳақидаги қарашларини, мулоҳазаларини бадиий образ воситасида кўрсатиб беради. Айни вақтда тасвирлар ўз ҳолича эмас, бир-бирига боғлаб, қиёслаб, ўзгартириб ёзилса образ пайдо бўлади. Бунинг учун инсонда образли тафаккур шаклланган бўлиши керак. Айнан шундай тафаккури билан ижодкор оддий оммадан ажралиб туради. Бадиий образ нафақат адабиётда, балки санъатнинг барча турларида муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, назмда ҳам образ шеърни оҳорли қилувчи хусусиятдир. Шу ўринда бир савол туғилади: бугун адабиёт замон билан ҳамнафас ўсаётган бир пайтда бадиий образлар ҳам такомиллашдими? Асрлар оша яшаб келаётган образлар ўзгардими? Шу муаммони биргина ёр образи мисолида кўриб чиқамиз.

 

Ёр, маҳбуб адабиётда энг етакчи образлар десак, муболаға бўлмайди. Назмнинг дастлабки намуналаридан тортиб ҳозирги модерн шеърларгача – барчасининг бош марказида ёрга мурожаат, ёрдан шикоят, унинг айёру зулмкор тасвири кўп учрайди. Бу хусусият замонлар оша ҳам ўзгармади. Мумтоз шеърлар каби модерн адабиётда ҳам ёр ошиқдан узоқда. Ёр образининг кучи, жилоси ҳам айнан ўша йироқликда намоён бўлади. Айрилиқ ва ундан кейинги дийдоргина ишқий мавзудаги шеърларнинг бадииятини кўтариб туради. Замонавий шеърият вакилларидан Суҳроб Зиё шеърларида шу хусусиятни кўришимиз мумкин:

 

Жуда олисдасиз, етиб бўлсайди,

Беллашиб толаман рақибим – вақтдан.

Лекин сизни ташлаб кетиб бўлмайди,

Кечиб бўлмайдида бу аччиқ бахтдан.

 

Ошиқнинг муддаоси ширин висол. Ёр васлига етиш учун шоирнинг жуда кўп уринганини вақт билан беллашиб толганидан билиш мумкин. Ошиқнинг бошқа уринишга ҳоли йўқ. Лекин у ёрининг васлига етиш учун чеккан азобларидан ҳам кечолмайди. Шунинг учун ошиқ ҳажрни ҳам бахти деб биляпти. Шоир айтмоқчи бўлган мантиқ эса тахминан бундай: ишқсиз яшагандан, азобланиб бўлсада ишқ билан яшаган маъқул. Шоирнинг яна бир шеърини таҳлил қилсак:

 

Сен узун хаёлсан. Етмай узилсам,

Торнинг симларидек, адо бўлса куй,

Суйгулим, кўзим ёп кипригинг билан,

Суйгулим, ишқимни юрагингга қуй.

 

Шоир шеърида ёрини хаёлимдасан демаяпти, айнан хаёлнинг ўзисан деяпти. Нега? Чунки хаёл доимий, туганмас, тўхтамас жараён. Инсон хаёлида минг хил ўй-фикрлар бўлиши мумкин. Агар шоир ёрини хаёлимдасан деганида, ёр унинг хаёлида маълум пайт бўлган бўлиши мумкин эди. Лекин ёр шоир учун ўша хаёлнинг ўзи. Одам фақат тириклигида хаёл суриши мумкин. Ёр ошиқ учун шу қадар узун хаёлки, уни охирига етиб боришига ўзининг кўзи етмайди. Кейинги икки сатр ошиқнинг васиятидек ўқилади. Агар сенга етиш тириклигимда насиб этмаса, ўлганимдан сўнг ишқимни асра демоқчи бўлади шоир.

 

 

Ҳар бир шоирнинг ёрга қиладиган ўзининг мурожаати бўлади. Суҳроб Зиё ёрини “суйгулим” деб атайди. Сўзнинг шаклига эътибор берсак, “суймоқ” (севмоқ) феълига от ясовчи “-гу” (-ги) қўшимчаси, “-ли” сифат ясовчиси орқали отлашган сифатга эгалик қўшимчаси қўшилишидан ясалган. Лекин сўз “суймоқ” феълининг буйруқ шакли “суй” ва “гул” сўзига эгалик қўшимчасини қўшиш билан ясалгандек туюлади ўқувчига. Бу билан шоир ёр уники эканлигини (суйгулим) таъкидлаш билан бирга ёрига ошиғи, яъни ўзини суйиши кераклигини (суйгил) эслатиб турибди. Суҳроб Зиёнинг “Ай суйгулим” деб бошланувчи шеърини келтириб фикримизни янада мустаҳкамлаймиз:

 

Ай суйгулим,

Бизнинг ғаму

бардошимиз ҳам биргадир,

Ишқ ўти ёндирган шаму

қуёшимиз ҳам биргадир.

Кўзёшимиз ҳам биргадир

Кўзлар пиёласида лим,

Ай суйгулим…

 

Бу шеърда ҳам шоир ёрига “суйгулим” деб мурожаат қиляпти. “Ай” сўзи эса шоирнинг шевасида “эй” деган маънони англатади. Шеърни ўқиган ўқирман бир қарашда ёр билан ошиқни бирга экан, бахтли экан деб ўйлаши мумкин. Лекин сатрларга зимдан назар ташласак, ошиқ ва ёр эмас, уларнинг кўз ёшлари, ғам-қайғулари бирга. Демакки, бу ерда яна айрилиқ бор. Шу ерда шоирнинг шеърларидаги айрилиқнинг сабаби нима экан, деган савол туғилади. Бу саволнинг жавобини бошқа шеърдан топишимиз мумкин:

 

Олисроқ бўлайлик, яқинлик ёмон

Лақма тиллар учун, кўр кўзлар учун.

Майли, боғимизга сочайлик хазон,

Дунёдаги ҳамма дилсизлар учун

Олисроқ бўлайлик.

Ёки

Мен учун Ҳақ сари элтгувчи йўлдир,

Сенга шаккокликдек туюлган туйғу.

 

Бу мисралар шоирнинг асл дарди очилган сатрлари десак, ёлғон бўлмайди. Инсон яралгандан буён унга ҳамроҳлик қилиб келаётган ишқ, муҳаббат туйғуси ХХИ асрга келиб илоҳийликдан ижтимоий ҳолатга ўтди. Ошиқнинг дийдор истаб талпинишларию, ёрнинг ноз-хийлалари жамият қолипида кечадиган бўлди. Бизнинг давр кишилари ишқни оила, ошиқни куёв, ёрни келин ҳолида кўрсагина буни муҳаббат деб қабул қиладиган бўлди. Ваҳоланки, Суҳроб Зиёнинг лирик қаҳрамони ҳалиям ишқни илоҳий деб биляпти. Шу билан бирга жамият қолипларига кўниб, ёрини “кўр кўзлар”дан асрашга мажбур бўляпти.

 

Шу ўринда аҳамият бериш керак бўлган яна бир жиҳат борки, мумтоз адабиётда ҳамиша ёр билан ёнма-ён юрадиган ағёр, рақиб образи энди маълум бир шахсни эмас, муайян фикрий қолипга тушиб қолган одамлар жамоасини ифодалаб кела бошлади. Буни шоир қуйидаги мисралари билан ифодалайди:

 

Икки дилнинг бир суйгиси ибодатдир,

Ишқ оламни иситгучи ҳароратдир,

Ярим дунё муҳаббатдан иборатдир,

Қолган ярим дунёлари адаштирди.

 

Демакки, ёрни адаштирувчи 3-томон муҳаббатсизлар жамоаси экан. Тўртликнинг биринчи мисрасидаги ибодат сўзига эътибор қилайлик. Бу қандай ибодат? Шу ўринда Мирзо Кенжабекнинг “Агар Аллоҳ учун севсанг, муҳаббат ҳам ибодатдир” деган мисрасини эслаш лозим. Бундан келиб чиқадики, Суҳроб Зиё айтаётган ибодат ҳам тана эмас, қалб ибодати яъни муҳаббатдир.

 

 

Суҳроб Зиё даврдош шоирлари ичида ёр образига илоҳийроқ ёндашган, десак муболаға бўлмайди. Бунинг сабабларидан бири ижодкорнинг тасаввуфий шоир Мирзо Кенжабекка маънавий шогирд ва маслакдош экани, шеърларида Мирзо Кенжабекни кўп бор эслаши далил бўла олади.

 

Қачондир эслайсан васлингга муштоқ,

Арзу ҳол айлаган суҳбатларимни.

Ва Мирзо Кенжабек китобларининг

Қатида асрайсан суратларимни.

 

Эътибор берилса, Суҳроб Зиё шеърларидаги ошиқ ва ёр орасида ноодатий мутаносиблик бор. Айниқса, ёрнинг тушунувчанлиги, зукколиги ошиқ билан баб-баравар эканлиги шеъриятда, умуман, муҳаббатда доим ҳам учрайвермайдиган ҳолат. Бугунги кунда адабиёт ўз ўлчамларини ўзгартираётган бир пайтда шеърият доирасининг ичида қолиш осон эмас. Шундай паллада Суҳроб Зиёнинг ижод қилишдан тўхтамаётгани шоирдан ҳали кўп янги шеърлар, образларга ўзгача ёндашувларни кутишимизга умид беради. Адабиётшунос Баҳодир Карим ёшлар ижодига баҳо берар экан, шундай дейди: “Қувонарлиси шундаки, бугунги ёшлар орасида ўз овозига эга, шеърларида рамзлар, образлар система ҳолига келаётган умидли шоирлар бор. Бугунги навқирон шеърият вакиллари орасида митти поэтик оламини кўрсатишга ҳаракат қилаётганлари ҳам кўзга ташланади. Бу оламда сукунат ва шовқин сувратини, уйғун товушлар жарангидан ясалган тиниқ бир манзарани, ёр ишқида ёнаётган лирик қаҳрамон қиёфасини, тинимсиз “мен”и билан олишаётган инсон ҳис-туйғулари тасвирини кўриш мумкин; руҳият садосини эшитиш мумкин. Бундан беихтиёр дил ёришади, албатта”.

 

Хулоса қилиб айтганда, замонавий ўзбек шеърияти янги босқичга кўтарилар экан, ундаги назарий тушунчалар, шу жумладан, образлар ҳам ўзгаришларга учраяпти. Бунда изланувчан шоирларнинг ва илмни севувчан адабиётшуносларнинг хизмат катта.

 

Кумуш Одина ҚАРШИБОЕВА,

Ўзбекистон Миллий университети талабаси

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси