YouTube’нинг бола руҳиятига таъсири қандай?


Сақлаш
23:25 / 27.02.2024 502 0

Инсоннинг болаликдаги хотиралари унинг келажак ҳаётига бевосита таъсир ўтказади. Олимлар катталарнинг ёдида қолган 75 фоиз таассуротлар уларнинг 3-5 ёшларида содир бўлган воқеаларга тегишли бўлишини аниқлаган. Демак, айнан шу ёшдан бошлаб хотира нисбатан самарали ишлашни бошлайди. Бу вақтда ўқиб, ўргатилган билимлар, кўрган, эшитилган маълумотлар ва атроф муҳит бола руҳиятига сезиларли даражада таъсир кўрсатади.

 

2023 йилги статистик маълумотларга кўра, YouTube платформаси дунё миқёсида фойдаланувчилар фаоллиги бўйича энг машҳур ижтимоий тармоқ сифатида иккинчи ўринни эгаллаган. Тушуниш мумкинки, платформа йилдан йилга телевизор томошабинлари, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, кичик ёшдаги болалар, умуман, турли ёш қатламидаги аҳоли ва аудиторияни қамраб олмоқда.

 

Айниқса, кичик ёшдаги, баъзан ёшга тўлмаган болалар ҳам кўп вақтини YouTube’да турли мульфильм ва видеолар томоша қилиб ўтказади. Фарзандига қизиқ ва таълим берувчи видео излайдиган ота-оналар эса кўпинча, YouTube’да катта миқдордаги зарарли контент – ғайриоддий персонажлар қатнашган мульфильм, қўрқинчли ва зўравонлик саҳналари акс этган видеолар мавжудлигини инобатга олмайди. Амалиётда эса буларнинг бари боланинг онг остига жойлашиб, кейинчалик унинг нутқи, руҳияти ва хатти-ҳаракатларида акс этиши мумкин.

 

Хархаша қилаётган боласига доимий кўрадиган мультфильмини қўйиб берган она, куни бўйи ўз ишида хотиржам давом этади ва кўп ҳолларда, фарзанди нима кўраётганини билмай ҳам қолади. Унинг учун айни дамда энг муҳими – боланинг инжиқлик қилмай, онасини иш қилишига имкон яратиб бериши. Бола эса ўзига ёқмаган контентдан бошқасига ўтказишни жуда яхши билади.  Танлов катта, аммо унинг онги ҳали нима тўғри-ю қайси нотўғри эканини саралай олмайди.

 

Масалан, телефон экранидаги видеога бир қараб, болани оддий, ўйин билан боғлиқ ролик кўряпти, деб ўйлайсиз. Ўйин эса энг камида, бошқа иштирокчиларни ўлдириш эвазига рағбатлантиришни назарда тутади. Рағбат балл ёки “пул” шаклида берилиб, унинг эвазига турли қуроллар сотиб олинади, қуролнинг кучлироғи – тезроқ жароҳатлайди, бу бўлса, ўйинчига янада кўп “даромад” беради. Бир сўз билан айтганда, иштирокчиларни тезроқ жароҳатлаб, ўлдириш – ўйиннинг асосий мотивацияси ҳисобланади. Видео эса бунинг қулай ва осон йўлларини тушунтиради.

 

Кичик ёшдаги YouTube блогерлар бор, қандайдир экспериментлар, пранк видеолар кўрсатади. Видео сўнгидаги натижа аслида, ачинарли. Лекин томоша қилаётган бола уни кўриб, кулади, шу тариқа, дийдаси қаттиқлашиб бораверади. Ундан ҳам ёмони, блогерлар ўз чиқишларида болаларга хос бўлмаган, ўткир мавзуларда: ортиқча вазн, депрессия, ва ҳатто, суицидлар ҳақида ҳам эркин гапира олади. Уни кўрган болалар эса ҳаётида дуч келган арзимас муаммоларда ҳам ўз жонига қасд қилишни “ечим вариант” сифатида кўради.

 

Яна бир ҳолат: кўпчилик болалар шўх қўшиқларни яхши кўради. Мусиқаси жуда ёқса, қўллари билан рақсга туша бошлайди. Ушбу ёқимли манзарадан қувонган катталар, ундан-да шўхроқ қўшиқ қўйиб, фарзандини кўпроқ фаолликка ундайди. Жаранглаётган, болани рақсга чорлаётган қўшиқ одатда, хориж эстрадасига тегишли бўлиб, клиплари доим ҳам бизнинг маданият, менталитет ва айниқса, болаларга хос бўлавермайди.

 

Мульфильмлар-чи? Ранг-баранг, ажойиб персонажлар билан кичик томошабинлар эътиборини тортаётган мультфильмларнинг ҳаммаси ҳам, афсуски, ижобий воқеаларни акс эттиравермайди. Бош қаҳрамонларнинг аксарияти қайсар ёки бетгачопарлиги билан бола ёдида қолади. Ундан-да ачинарлиси, баъзи мультфильмларда ваҳшиёна ва ҳаёсиз саҳналарни кўриб, қаҳрамонларнинг болаларга мос бўлмаган мавзудаги суҳбатларига гувоҳ бўлиш мумкин.

 

Барчасининг оқибати кўп вақт ўтмай, боланинг ўзини тутиши, хатти-ҳаракатлари, ва ҳатто, нутқида ҳам акс этади – асосий вақтини салбий маълумотлар ўзлаштирмаси билан ўтказган бола уларни норма деб қабул қилиб, шахсий сифатлари, ҳаётга қараш нуқтаи-назари ва қадриятларини ўша маълумотлар асосида шакллантиради. Кўрган-эшитганларини аввалига, тақлид қилиб, кейинчалик, ўзи билмаган ҳолда такрорлай бошлайди.

 

Қўлига тиғли ашё тушиши билан атрофидагиларга худди қуролдек ўқталиш, ҳайвонларга ваҳшиёна муносабатда бўлиш, оддий суҳбатларда ҳам агрессив жавоб қайтариш ҳолатларининг бари – боланинг онг остига жойлашган негатив контентларнинг бошланғич таъсирлари ҳисобланади.

 

Бундан ташқари, YouTube’даги салбий контентларни доимий томоша қилиш боланинг руҳиятига ҳам таъсир кўрсатиб, унда диққат бузилиши, тоқатсизлик, реалликни инкор қилиш орқали барча саволларига виртуал оламдан жавоб топишга ҳаракат қилиш ҳолати юз беради.

 

Бундай оқибатларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?

 

Ёдингизда бўлса, интернет ҳам энди оммалашаётган вақтда аҳолининг асосан, катта ёшли қатлами унинг салбий оқибатлари кўплиги, интернетга кирган ёшлар гўёки “бузилиб” кетаётгани ҳақида бот-бот такрорлаб турарди. Лекин интернет олами қисқа вақтда илм, тажриба ва янгиликлар учун фойдали макон эканини исботлаб улгурди. Шундан маълум бўладики, ҳар бир платформанинг таъсири – ундан нима мақсадда фойдаланишга боғлиқ.

 

YouTube платформаси ҳам худди шундай.

 

“Oyina.uz” портали YouTube’да негатив контентлардан ҳимояланиш бўйича фойдали тавсиялари билан бўлишади:

 

    — Фарзандингизнинг экран қаршисида ўтказадиган вақтини назорат қилинг: YouTube учун бир кунлик лимит ўрнатинг;

    — Контент танлашда боланинг қизиқишларига ва шахсий сифатларини шакллантиришга ёрдам берадиган видеоларга кўпроқ диққат қилинг;

    — Видеоларни бола билан бирга кўриб, муҳокама қилинг: бу ёқимсиз контентларни чеклаб ўтиш ва кўрилган видеонинг самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

 

Шу тариқа, YouTube фарзандингизнинг саломатлиги ва руҳиятига зарар берувчи эмас, фикрлаш қобилиятини шакллантиришга, фойдали билим ва кўникмаларни ўзлаштиришига ёрдам берадиган ижобий инструментга айланиши мумкин.

 

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10340
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//