Ёлғон аралашган савдонинг пули ҳалолми? – қалтис саволларга нозик жавоблар


Сақлаш
17:00 / 27.02.2024 519 0

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази директорининг ўринбосари Ғуломиддин ХОЛБОЕВ жавоб берди.

 

– Агар савдогар оз бўлса-да ёлғон аралаштирса, ундан келган пул ҳалол бўладими?

 

– Сотувчи савдода ёлғон ишлатгани учун ундан келган пули очиқ ҳаром бўлмаса-да, ёлғони сабабли гуноҳкор бўлади ва топган молининг баракаси кетади.

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўплаб ҳадиси шарифларида умматларини омматан, савдогарларни эса хоссатан ёлғон гапиришдан қайтарган. Рифоа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намозгоҳга чиққан экан. Пайғамбар алайҳиссалом савдо қилаётган одамларни кўриб, “Эй тожирлар жамоаси!” деди. Улар бошларини кўтариб қарадилар. Шунда у зот “Албатта, тожирлар қиёмат куни фожир ҳолларида тирилурлар. Фақат Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилганлар бундан мустасно” деди (Имом Термизий ривояти).

 

Демак, тижоратчи одам тақводор, яхшилик қилувчи ва ростгўй бўлмаса, бу касби унга охиратда надомат келтирар экан. Бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилган:

 

“Олувчи ва сотувчи бир-бири билан савдони келишиб олгунча ихтиёрлари ўзларидадир. Агар улар бир-бирларига рост гапириб, молининг айбини яширмаса, бундай савдода уларга барака бўлади. Агар молнинг айбини яширса ва бир-бирларини алдаса, савдоларида барака бўлмайди (Имом Бухорий ривояти).

 

Демак, савдо-сотиқ ишлари ростгўйлик ва холислик асосида амалга оширилса, ҳар икки тараф ҳам фойда топиш билан бирга ризқларида файзу баракага эришади. Акс ҳолда ушбу савдоларида баракадан маҳрум бўлиб, охиратда надоматга қолишади. Валлоҳу аълам.

 

– Шом пайти боламни кўтариб, қўшни аёллар билан кўчада гаплашиб турган эдик, маҳалламиздан бир отахон бизни “Жину шайтонлар тўзийдиган маҳал ёш бола билан кўчада нима бор сизларга?” деб койиди. Отахоннинг гаплари қанчалик тўғрилигини билмоқчи эдим.

 

– Отахон тўғри айтибди. Аввало динимиз аёлларнинг кўчада беҳуда гап сотиб ўтиришига рухсат бермайди. Шунингдек, шом пайти жин ва шайтонлар изғиб юриши ҳам ҳадиси шарифларда баён қилинган.

 

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Идишларингиз устини ёпинг, мешнинг оғзини боғланг, эшикларни қулфланг, кеч кирганда болаларингизни қайтаринглар. Сабаби, (бу пайтда) жинларнинг тарқалиши ва тез ҳаракатланиши бор” деди” (Имом Бухорий, Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти).

 

Бу ҳадисда бир нечта фойдали маслаҳат берилган. Кексаларимизнинг “Шом чоғи кўчада саёқ юрманг” деган гапи ана шу ҳадисга асосланиб айтилган бўлса ажабмас. Шом пайти жинлар ер юзи бўйлаб тарқалади. Бу пайтда жинлар кўчада юрган болаларга зиён етказиб қўйиши мумкин. Чунки улар оятлар, зикру тасбеҳларни айтиб юришни билмайди. Баъзида болаларнинг инжиқ бўлиб қолиши, уйқусида босинқирашига ҳам ана шу пайт кўчада юриши сабаб бўлади. Бу ноқулайликлардан қутулиш учун ҳадиси шарифдаги кўрсатмаларга амал қилганимиз яхши. Валлоҳу аълам

 

– Эснаган пайтимизда нима учун қўл билан оғиз беркитилади? Бунинг бирор асоси борми?

 

– Эснаш пайтида қўл билан оғизни тўсиш суннат. Бу ҳақда ҳадис бор. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтди: “Агар бирортангиз эснасангиз, қўлингизни оғзингизга қўйинг, чунки шайтон киради” (Имом Муслим ривояти).

 

Уламоларимиз мазкур ҳолатда оғизни чап қўлнинг орқа тарафи билан беркитиш одобдан эканини айтишган. Шунингдек, бошқа ҳадисларда эснаб туриб “ҳооҳ” деб овоз чиқариб бўлмаслиги, чунки бунда шайтоннинг кулгисига сабаб бўлиш борлиги ҳам баён қилинган.

 

Яна баъзи ривоятларда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳеч эснамагани ривоят қилинган. Валлоҳу аълам.

 

– Динимиздаги туш кўришга алоқадор ҳукмларни баён қилсангиз.

 

– Тушлар уч хил бўлади:

 

таҳорат билан ётилганда Аллоҳ таоло томонидан берилган ва тонгга яқин кўриладиган ёрқин тушлар;

 

шайтон таъсиридаги аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар;

 

касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.

 

Пайғамбарлардан бошқа одамларнинг рост тушлари амал қилиниши шарт бўлган иш эмас, балки келажакдаги бирор яхшиликдан башорат бўлади, холос. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, зид келса, қатъий амал қилинмайдиган ишдир.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозидан кейин “Бу кеча бирортангиз (яхши) туш кўрдингизми? Мендан кейин фақат рост тушлар қолади” дер эди”. Яъни мендан кейин ваҳий бўлмайди, фақат рост тушлар мўминларга яхшиликлардан башорат бўлиб қолаверади.

 

Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўриш ҳам рост тушлардан ҳисобланади. Ҳаётда шайтон у зотнинг суратига кира олмагани каби тушда ҳам суратига кира олмайди.

 

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ким мени тушида кўрса, ҳақиқатда ўзимни кўрибди. Чунки шайтон менинг суратимга кира олмайди деган (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).

 

Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак.

 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Бирортангиз ёмон туш кўрса, шайтон у билан ўйин қилганини одамларга айтмасин” деди” (Имом Муслим ва Ибн Можа ривояти).

 

Бу ерда ёмон тушдан мурод одамни ғам-қайғуга соладиган тушлардир. “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушининг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”. Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонига енгилгина туфлаб, “Эй Раббим! Кўрган тушимнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман” деб қўяди.

 

Баъзи уламолар имкон бўлса, ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракаат нафл намози ўқигани яна ҳам яхши дейишган.

 

Тушининг таъбирини сўрамоқчи бўлган киши сўровчини яхши кўрадиган бўлиши ёки олим кишига айтиши керак. Зеро, тушни нимага йўйса, ўшандай бўлади. Доим тушни яхшиликка таъбир қилиш керак. Ҳадисда келишича, бир аёл уч марта келиб, Пайғамбаримизга “Эрим тижорат билан кетган, ўзим ҳомиладорман, тушимда уйимнинг устуни синибди, ғилай бир бола туғибман” дейди.

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар сафар “Эринг сафардан қайтади, солиҳ бир фарзанд туғасан” дер эди. Охирги марта Ойша онамиздан тушининг таъбирини сўраганда, унинг эри вафот этиши, фожир бир бола туғишини айтади, шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Эй Ойша! Ундай дема! Мусулмон кишининг тушини таъбир қилсангиз, яхшиликка таъбир қилинг. Чунки туш эгаси қандай таъбир қилса, шундай бўлади” деган (Имом Доримий ҳасан санад ила ривоят қилган).

 

Кўрмаган тушини кўрдим деб тўқима туш айтиш шариатимизда ёлғончилик, яъни гуноҳ саналади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деган: “Энг катта бўҳтон – отаси бўлмаганни отам деб даъво қилиш, кўрмаган тушини кўрдим дейиш ва Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтмаган гапни айтди дейишдир” (Имом Бухорий ривояти).

 

Бу мавзуда йўл қўйиладиган хатолар шуки, баъзилар шариатга зид нарсани тушида кўриб, амал қилиб юради. Баъзида тушимда худо билан гаплашдим деб пайғамбарликни даъво қилади. Баъзилар тонггача туш кўриб, кечгача уни одамларга айтиш, ё таъбирини излаш, ё сўраш билан кунни кеч қилади. Туш таъбири ёзилган китобларни излайди. Ваҳоланки, бундай китобларнинг аксарияти асоссиз, тўқима гаплардан иборат бўлади. Аслида туш ҳақидаги динимиз кўрсатмаларига амал қилиб, ислом асослари, ҳалол-ҳаром, фарзу вожиб, суннатларни ўрганиш, амал қилиш бурчимиз, вазифамиздир.

 

Инсон туш кўргани учун савоб ҳам, гуноҳ ҳам олмайди, лекин юқоридаги бурч ва вази фаларини бажармаса, гуноҳкор бўлади, сўралади. Зеро, улуғларимизнинг бир гапи бор: “Ўнгингда Аллоҳдан қўрқ, тушингдаги нарсадан қўрқма!”. Валлоҳу аълам.

 

– Хўроз фариштани кўрса қичқиради дейишади. Шу гапнинг асоси борми? Ҳайвонларнинг бемаҳал овоз чиқариши бирор нарсага далолат қиладими?

 

– Ҳа, бу борада кўплаб саҳиҳ ҳадислар бор. Яъни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Агар хўрознинг қичқириғини эшитсангиз, Аллоҳ таолодан фазли ва марҳаматини сўранг. Чунки хўроз фариштани кўрган бўлади. Агар эшакнинг ҳанграшини эшитсангиз, Аллоҳ таолодан шайтондан асрашини сўранг. Чунки эшак шайтонни кўрган бўлади деган (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).

 

Яна бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Кечаси итларнинг ҳуришини ва эшакларнинг ҳанграшини эшитсангиз, Аллоҳ таолодан шайтондан асрашини сўранг. Чунки улар сиз кўрмаган нарсани кўради. Кечаси ҳамма ухлаб ётган пайтда камроқ кўчага чиқинглар. Аллоҳ таоло тунда махлуқотларидан хоҳлаганича юборади” деган (Имом Насоий, Имом Ҳоким ривояти). Валлоҳу аълам.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 4-сон.

“Қалтис саволларга нозик жавоблар” суҳбати

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10332
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//