“Катта оға” тарифи унга мос келарди” – Собир Ўнар портретига чизгилар


Сақлаш
17:02 / 21.02.2024 226 0

Истеъдодли ва инсофли адиб акамиз Собир Ўнарни мен “Катта оға” деб иззатлардим. “Э, қўйинг-э, катта оғалар даври ўтиб кетган”, деб куларди у. “Сиз ўзимизнинг катта оғасиз”, – бўш келмасдим мен ҳам. Бу таъриф унинг бўй-бастига, вазмин феъл-атворига, адабиётдаги ўрни-мавқеига ҳам мос келадигандай туюларди-да.

 

Собир ака “катта оға”лик мақомига талабалик даврларимиздаёқ эришган эди. Бир неча курс юқорида ўқиганлар унинг бағрикенг, қайсар, номусли йигит эканини айтиб юришарди. Бизлар бошланғич курс талабаси эканимизда, унинг “Кунсулувнинг сирли хатлари” ҳикояси “Ёшлик” журналида босилиб, катта шов-шув уйғотган, талабаларнинг ҳам ҳикояси босилар экан-да деб, анча-мунча ёшлар юрак ютиб журнал даргоҳига эшик қоқиб боришган, хуллас, журналистика факультетида биринчилардан бўлиб ёшлар учун “Ёшлик”ка йўл очиб берган танти ижодкор десам, янглишмаган бўламан.

 

 

Бизлар иккинчи босқичга ўтганимизда уларнинг курси университетни битирди. Собир ака “Ёшлик” журналида ишлай бошлади. Шу-шу, деярли умрининг охиригача журналга содиқ бўлиб қолди. Аввал хатлар, публицистика, наср бўлимида ишлаб, бош муҳаррирликкача бўлган меҳнат йўлини босиб ўтди.

 

1993 йил ёзида ётоқхоналар таъмирлашга ёпилиб, шундай масканларда норасмий “ижара”да турадиган бир қанча ёшлар кўчада қолдик. Ҳар ким ҳар жойдан қўним топди. Истеъдодли шоир, барчага ёрдамлашиб юрадиган беминнат акамиз Ўрол Ўзбек Қорақамишнинг охиридаги қурувчилар ётоқхонасида бир неча кун яшасам бўлишини айтди. У ерни топиб борганимизда, йўлнинг чап томонида анча путурдан кетган тўрт қаватли бир уй кўринди, ётоқхона шу экан. Талабалар шаҳарчасидаги ётоқхоналарнинг ўзгинаси. Ўрол Ўзбек у ернинг табиатини мақтайвериб эси кетди, ҳақиқатан ҳам, кеч кирганида ғириллаб салқин шабада эсиб, атроф чирилдоқлар овозига тўлиб кетди, ётоқхона ортидаги бийдай дала узра ой чиқиб келди.

 

...У жаннатмакон жойнинг чивинларини айтсангиз!

 

– Томда ётсаям бўлаверади, маза қиласиз, – деди Ўрол ака.

 

У ерда Собир ака, Ҳошимжон Мирзааҳмедов ва Ўрол Ўзбек истиқомат қилишар экан. Хуллас, бир неча кун уларнинг дастурхонига шерик бўлдик, кейин яқинроқдан бошқа арзонроқ жой топиб, чиқиб кетдик. Шундан буён суҳбатлашиб қолсак, ўша кунларни кўп эслашардик.

 

Боя айтганимдек, мен Собир Ўнарни “катта оға” деб атардим. Ўзи “катта оға”лар икки киши эди – Собир Ўнар, Фахриддин Низом. Иккалови ҳам ўзларидан уч-тўрт ёш кичик ҳаваскор йигитчаларга оғаларча ғамхўрлик қилишганини кўпчилик эслаб юрса керак. Ҳамма ҳар жойда бир амаллаб кун кечириб юргани билан, оғалар орасида Собир ака анча-мунча “ини”ларга жонкуяр бўлгани рост.

 

Собир ака билан кўп бор ҳамсуҳбат бўлганмиз, тўй-маросимларида қатнашганмиз. Ҳалол, виждонли адиб эканига кўп бора гувоҳ бўлганмиз.

 

 

Хориж адабиётшунослари ўзбек адабиётида ўзига хос кенглик борлигини таъкидлашади. Ҳақиқатан ҳам, аксарият асарлардаги воқеалар кенг-мўл маконларда, кишилар орасида содир бўлади. Собир Ўнар асарларида ҳам шундай, уларда Қўшработ қир-адирлари, дала-даштининг ҳавоси бор.

 

Бу тарихларнинг қанчаси рўй-рост ҳаётдан олинган, қайсилари ёзувчи хаёлотининг маҳсули, билавермасак-да, биладиганлар ҳам анчагина эканига аминман. Қаранг:

 

“Самоварга ўт ёқиб ўтирган Очил тоға бўлса: “Ана, етим бўлдинглар, шундай оталаринг ўлди”, дерди дам-бадам”. (“Сафура холамнинг эртаги” ҳикоясидан).

 

“Бир куни штабдан қора чодра ёпинган аёлни опчиқишди. Қирғиз аскари ва менга буйруқ бўлдики, тоғнинг нариги камарига обориб отиб ташланглар. Аёлнинг тилига тушунмаймиз, бироқ имо-ишораларидан олтита боласи борлиги, бири кўкрак эмадиган чақалоқ эканини англаймиз. Болажон, мусулмон, йиғлаб жавраб боряпти, сен ҳам мусулмон боласидирсан, дейди. Негадир жуда раҳмим келди, онам, опаларим кўз олдимдан ўтди. Самадга нима қиламиз, дедим. Билмасам, деб елка қисди. Кел, дедим, шуни ўлдирмайлик. Лекин бизни қоровулминор тепасидаги навбатчилар дурбинда кузатиб туришади. Ҳийла қилганимизни пайқаб қолишса, ўзимизни отиб ташлашади. Аёлга ўзимизча тушунтирдик: етиб тўхтаганда биз устингдан ошириб ўқ отамиз, сен гуппа ташлаб “ўлиб” қоласан…”

 

“Бош қаттиқми, тош қаттиқми”, деб тирашиб яшаб келаман, жўра, деб осмонга қарайди Рашид. Ҳойнаҳой, тепадан не савдолар тушади деб ўйлар...” (“Рашид жўра” ҳикоясидан).

 

“Жиян, энди буям бир кўргилик-да. Қара, Қозоғистон чўлида ўн милёндан зиёд илон ўн километр бўлиб поезд йўл, мошин йўл, ҳаммасини бир ой тўсиб қўйган, ҳаммаси заҳарли кўлвор илон десанг, уларнинг орқасидан ўн километрлик тошбақа, ўн километрлик юмронқозиқ карвони қўзғолибди десанг. Қозоқ энди қайга боради, а, қайга боради? (“Ўзингники ўзингга” ҳикоясидан).

 

У асарларда, ўзининг таъбирича, гоҳ-гоҳ “жайдари” шева сўзлари аралашиб қоладиган чин ўзбекча руҳият ва тил балқиб туради.

 

Гоҳ Собир аканинг, гоҳ таниқли ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошевнинг ташаббуси билан хилватроқ жойда йиғилиб, жайдари гурунг қилардик. У тугамас суҳбатлар, кенглик-тантилик, жўмардлик мавзуларидаги гурунгларни соғинмай бўладими?

 

Собир Ўнар билан бир қанча республика танловларида ҳакам бўлиб қатнашганмиз. Бундай танловларда у ўзининг ҳалоллигини, тўғрисўзлигини кўрсатган.

 

 

Тақдир экан, айни ижодий камолот палласида ёруғ дунёни тарк этди. Бир даврада унинг асарларидаги манзаралар, шахслар, умум руҳият ҳақида гап кетганида, кимдир “Собир ака ўзи билан уларни олиб кетди”, деб қолди.

 

Ёзилмаган асарлари кўзда тутилса, шундай. Бироқ Собир ака ўша хусусиятларни адабиётга олиб келди ҳам. Бунга адибнинг “Орзуга тўла қишлоқ”, “Овлоқ адирлар бағрида”, “Чашма”, “Инқилоб кечаси”, “Дунё шундоқ турурми?”, “Чамбилбелнинг ойдаласи”, “Бибисора”, “Фаришта”, “Кунсулувнинг сирли хатлари” каби асарлари ўрин олган китоблари гувоҳ. Ўзи туғилиб-ўсган масканларининг ажойиб ҳавосини, кишилар феъл-хўйини ушбу асарларига муҳрлади. Собир Ўнар туфайли бутун юрт Қувкалла деган олис бир қишлоқда умр кечираётган кишиларнинг дали-ғули, танти-тўпори феъл-атворини, шу билан бирга, Ўнар бобонинг авлод-аждодларини ҳам таниб олди.

 

 

Дунё чархпалаги бирдай айланади, кимгадир кўпроқ, кимгадир озроқ умр ато этилади. Парвардигор берган умри шу экан, макони нурга тўлсин, борар жойи жаннат бўлсин, фарзандларига узоқ умр, улуғ ризқлар насиб қилсин, деймиз.

 

Исажон СУЛТОН,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси