Бу муҳим тарихий воқеанинг рўй берганига шу йилнинг июнь ойида роппа-роса 80 йил тўлди. 1941 йилнинг 12 мартида СССР Халқ Комиссарлари Совети ва ВКП(б) Марказий Комитети “Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейини ўтказиш тўғрисида” қарор қабул қилган. Орадан икки ой ўтгач, 1941 йил 15 июнда гўё шу қарорга биноан, буюк ўзбек шоири яшаган тарихий даврни ўрганиш мақсадида Москвадан бир гуруҳ олимлар Самарқандга етиб келган.
Атоқли ўзбек олими, Ўзбекистон Фанлар академиясининг бўлажак биринчи президенти Т.Н.Қори Ниёзий раҳбарлигидаги бу илмий экспедиция таркибига қуйидаги олимлар киритилган эди: профессор-антрополог Л.В.Ошанин, тарихчи ва шарқшунос профессор А.А.Семёнов, Ленинграддаги Эрмитаж музейининг таъмирловчиси В.Н.Кононов, антрополог-ҳайкалтарош М.М.Герасимов, археолог В.А.Шишкин ва фольклоршунос Т.Зарипов. Самарқандда яшагани учун ёзувчи Садриддин Айний ҳам экспедиция ишларидан ўқтин-ўқтин хабар олиб, маслаҳат бериб турган. Улардан ташқари, қазиш ишларига ёрдам бериш учун бир неча оддий ишчи, шунингдек, Н.А.Ким раҳбарлигидаги киноҳужжатчилар ҳам экспедиция ишига жалб этилган.
“1941 йили, – деб ёзган эди Қори Ниёзий “Ҳаёт мактаби” (1964) китобида, – буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийнинг туғилганига 500 йил тўлиши муносабати билан шоир яшаган ва ижод қилган замонни ўрганиш мақсадида катта ишлар қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг қарори билан ушбу сатрлар муаллифи раҳбарлигида Темур ва темурийларнинг (асосан Улуғбек ва Темур) Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасини очиш экспедицияси ташкил қилинди. Экспедициянинг асосий вазифаси темурийлар ҳақидаги баъзи бир тарихий маълумотларнинг тўғрилигини текшириш, шунингдек, улар сиймоларини бош суягига қараб тиклашдан иборат эди (таъкид бизники – Н.К.)”.
Темурийлар хилхонасининг очилиши билан шуғулланган айрим тарихчиларнинг фикрларига қараганда, экспедиция олдига қўйилган мақсад ва вазифалар орасида темурийлар хилхонасида кимлар ва қандай дафн этилгани, тарихий манбалар ва эл-юрт ўртасида тарқалган маълумотлар, ривоятлар, мишмишларнинг тарихий ҳақиқатга қай даражада яқинлигини аниқлаш, экспедиция материаллари асосида илмий мақолалардан иборат тўпламларни нашр этиш, энг машҳур темурийларнинг бош чаноқларини ўрганиш ва профессор М.М.Герасимов ишлаб чиққан усул асосида уларнинг портретини яратиш каби масалалар ҳам бўлган.
16 июнь куни экспедиция аъзолари илк бор тўпланиб, хилхонани кимнинг сағанасидан бошлаб очиш масаласини муҳокама қилганлар. Экспедицияни тузиш ҳақидаги қарор тагига гарчанд Ўзбекистон ҳукумати раҳбари имзо чеккан бўлса-да, экспедиция таркибидаги ҳар бир аъзо Москвада ўрганилиб, Москвада тасдиқланган эди. Ўзини экспедициянинг энг нуфузли аъзоси деб билган М.М.Герасимов сағаналарни бир бошдан, яъни Мирсаид Умар қабрини очишдан бошлашни таклиф этади. В.А.Шишкин эса Мирсаид Умар ва Мирсаид Бараканинг қабрларига тегмаслик лозимлигини уқтиради. Унинг экспедиция олдига қўйилган асосий вазифа Темур ва темурийлар қабрларини ўрганиш эканлиги, шунинг ўзиёқ кўп вақтни олиши мумкинлиги ҳақидаги фикри экспедициянинг қолган барча аъзолари томонидан қўллаб-қувватланади.
Мақбаранинг чеккароғидаги сағаналардан бири Амир Темурнинг учинчи ўғли – Мироншоҳнинг сағанаси бўлиб, “ХХ асрнинг гўрковлари” ўз ишларини 16 июнда, эрталаб соат 8 дан 35 дақиқа ўтганида шу сағанани очишдан бошлайдилар.
1366 йили дунёга келган Мироншоҳ 14 ёшидаёқ Хуросон ҳокими этиб тайинланган ва шу йиллардан бошлаб давлат бошлиғи ҳамда лашкарбоши сифатида катта ютуқ ва ғалабаларни қўлга киритиб, Амир Темурнинг фарзанди бўлганлигини шараф билан оқлаган. Аммо тарих сабоқлари шуни кўрсатадики, ҳар қандай саркарда ва ҳар қандай давлат раҳбарининг пешонаси умрининг иккинчи палласида бошқа давлатларнинг метин деворларига тегиб, мағлубият аламини бошдан кечирадилар. Тарихнинг бу сабоғи Мироншоҳни ҳам четлаб ўтмаган. Ҳамадондан Румгача, Дарбанддан Бағдодгача бўлган ерларни эгаллаган Мироншоҳ 1408 йил баҳорида Озарбойжон ҳудудларида туркманларнинг қора қўйли уруғидан чиққан Қора Юсуф ва Султон Аҳмаднинг қўшинлари билан жангда яраланиб, бевафо дунёдан боқий дунёга ўтган. Ғолиб жангчи уни яралабгина қолмай, шоҳнинг бошини танасидан қилич билан жудо этиб, устидаги шоҳона либоси ва қимматбаҳо қурол-яроғларини ўлжа олган. Бу даҳшатли воқеани эшитган Қора Юсуф машҳур саркарданинг ўлимидан афсусланиб, унинг жасадини ҳурмат билан Самарқандга юборган.
Тарихчи Шишкиннинг ихтиёридаги манбаларга қараганда, Мироншоҳнинг жасади Табриздан Шамси Ғурий деган дарвеш ҳамроҳлигида Кешга келтирилиб, шу ерда дафн этилган. Кейин жасад Самарқандга кўчириб ўтказилган. Герасимовга кўра эса, Мироншоҳ жасади Табриздан тўппа-тўғри Самарқандга олиб келинган.
Тарихий ёзма ва оғзаки манбаларга қараганда, бошқа аксар темурийларнинг жасадлари ҳам узоқ йўлларни босиб, Самарқандга келтирилган ва шу жараёнда жасадларда турли хил ўзгаришлар содир бўлган. Тарихчи ва археологлар учун ана шу фарқни кўриш, ўтмишдаги тарихчиларнинг фикрлари билан жасадларнинг ҳозирги ҳолатидаги катта ва кичик фарқларни аниқлаш масаласи, айниқса, муҳим бўлган. Улар шундай фарқларни кўриб, ягона фикрга келишларида ўзларини тарих олдидаги хизматларини бажарган деб ҳисоблаганлар.
Иш шу тарзда бошланиб, 17 июнда Мироншоҳ қабрини очиш давом эттирилган. Подшо жасади тобутдан чиқарилиб, тозаланиб бўлгач, Шоҳрух мирзо қабрини очишга киришилган. 19 июнда эса экспедиция олдида турган энг муҳим ишлардан бири – Амир Темур қабрини очиш ишлари бошланган.
Академик Тошмуҳаммад Қори Ниёзий ҳикояси
1941 йил 18 июнда Улуғбек қабрини очишнинг натижалари ҳақида қисқача баён этишни лозим деб топдим. Улуғбек қабри Гўри Амир Темур мақбарасининг жануб қисмида жойлашган. Қабр устидаги тоштахта кулранг мармардан иборат бўлиб, унинг узунлиги 228 см, кенглиги шимол томондан 88,6 см, жануб томондан 83 см, қалинлиги 26 см. Тоштахтанинг остки-устки қирралари тагидагига қараганда торроқ. Тоштахтанинг ости 4,2 см кўмилган. Унинг остки томонининг 14 см.ли четлари 45°ли бурчак билан қолдирилган. Усти текис тоштахта устига қўйилган бу мармар тошга қуйидагилар ёзилган: “Нур билан тўлган бу мақбара – жабрдийда шаҳид ва ўз насли билан жаннат ул-маъни мунаввар қилган подшоҳи олийнинг муаттар равзасидур, мағрур ва марҳум, олим ва фозил хоқон, дини дунё ҳомийси Улуғбек султоннинг охирги ором манзилидур. Унинг гўрига Оллоҳнинг нурлари ёғилгай!..”
...Улуғбек жасади қуйидаги ҳолатда топилди: боши ғарб томонга силжитилган ва юқорига озроқ кўтарилган. Учта бўйин умуртқалари табиий ҳолга келтириб уланган. Бўйнининг учинчи умуртқаси тиғи ғоят ўткир қурол билан шарт кесилган. Пастки жағ тепага қараган ҳолда, юзи олдида. Қўл бармоқлари суяклари ва билаклари қисман силжиган, ҳам аралашиб кетган. Товон суякларининг ҳаммаси ҳам шундай алмаштириб юборилган. Бошқа суяклар табиий ўзаро муносабатни сақлаб қолганлар. Суякларнинг кўп қисми тўқима газмол қолдиқлари остида. Тўқиманинг бир қисми тобут тагида, боши олдида, тананинг ўнг томонида, оёқ ва товонлар олдида. Тўқиманинг юқоридаги қавати одми (қорамтир кўк) рангли бўлиб, унинг парчалари сақланган. Унинг каттароқ парчалари бош томонда, ўнг биқинида ва товонлари олдида. Бутун скелет устида тўқиманинг майда-майда қолдиқлари бор. Бундан тўқима ёпилган чойшабнинг қолдиқлари бўлса керак, деган тасаввур ҳосил бўлди...
Улуғбек скелетидан равшан кўриниб турибдики, у ўлдирилган...
Археолог Амриддин Бердимуродов ҳикояси
20 июнь куни ҳукумат экспедицияси аъзолари Амир Темур қабрини очиш ишларини давом эттирдилар. Бутун жараён суратга олинаётгани ва ҳужжатлаштирилиб борилаётгани учун иш секин давом этарди. Ўша куни лаҳаднинг ичида Амир Темурнинг арчадан ясалган тобути кўринди. Тобут устида қорамтир кўкиш рангли чойшаб ёпилган бўлиб, унга зарҳал ҳарфлар билан Қуръондан келтирилган оят битилган. Тобутнинг ёғочлари силлиқланган бақувват тахталардан ясалган, алоҳида қопқоғи ҳам бор. Тўрт бурчагидаги калта оёқча уни ерга тегиб туришдан асраган. Тобутни ясаган усталар уни мустаҳкамлаш учун тўрт бурчакли темир магнитлардан фойдаланганлар. Тобутнинг қопқоғи ҳам арчадан ясалган бўлиб, ўртаси қабариқ қилиб ишланган. Орадан шунча йиллар ўтган бўлишига ва қабрларни лойқа сув босганига қарамай, тобут анчайин яхши сақланган. Тобутнинг қопқоғи устида икки бўлакдан иборат чойшаб парчалари учради. Чойшабнинг бош томонидаги қисмида олтин иплар билан нақш солинган. Ипак чойшаб ёмон сақлангани учун нақшлар бутунича аниқланмади. Лекин сақланган қисмига қараганда, нақшлар чойшабнинг ёнбошига томон бир неча қатор бўлган. Чойшабнинг ўртароғида олтин иплар билан битилган араб имлосидаги ёзувлар бор.
21 июнь куни экспедиция иштирокчилари Амир Темур қабрини очишни давом эттирдилар. Тобутнинг қопқоғи устидаги газлама қолдиқлари билан оҳиста кўтариб олингач, чалқанча қилиб ётқизилган жаҳонгир Амир Темур жасади кўринди. Атрофни аллақандай хушбўй ҳид қоплади. Бу ерда турганлар ҳидданми ёки ҳайратданми ўзларини бирдан орқага олдилар. Соҳибқироннинг жасади узун қилиб ётқизилган бўлиб, юзи Макка томонга қаратилган эди. Суякларининг баъзи жойларида кафан қолдиқлари сақланган. Унинг боши, бўйни, оёқ томонларида мўмиёланган мускуллар, тери парчалари турарди. Жасаднинг устки қисми лойқа ва тузлар билан қопланиб ётарди. Бу қабрга кирган сувнинг қолдиқлари эди. Эҳтиёткорлик билан қабрдан олинган Темурнинг бош чаноғи уч соат давомида соя жойда қуритилди. Шундан сўнг бош чаноқни кимёвий усуллар билан мустаҳкамлаш мумкин бўлди. Бундан олдин бош чаноғида сақланиб қолган соч, соқол, мўйлов ва қошларнинг қолдиқлари авайлаб кўчириб олинди. Унинг сочи ва соқоли ранги сарғимтир, занглагансимон тусда эди. В.Кононов унинг сочи ва соқолининг ранги табиатан шундай бўлганми ёки бўялганини аниқлаш мақсадида кимёвий усуллар билан текшириб кўрди. Амир Темур соч-соқолининг ранги табиатан шундайлиги аниқланди.
Темурнинг бўйи бир метру 70 сантиметр бўлган. Антропологлар бир қарашдаёқ жаҳонгир суякларида сақланиб қолган касаллик аломатларини аниқладилар. М.Герасимовнинг фикрича, Амир Темурнинг ўнг қўли тирсагидан букилмайдиган бўлиб битиб қолган экан. Лекин шунга қарамай, унинг бу қўли яхши ҳаракат қилган. Темурнинг ўнг қўли ва ўнг оёғидаги ўзгаришларни яна бир карра текшириш учун уруш пайтида Тошкентга эвакуация қилинган бир неча москвалик профессорлар ҳам жалб этилди. Жаҳонгир суякларини профессор А.Крюков, И.Кассиринский ҳамда ростовлик жарроҳ Н.Богораз диққат билан ўрганиб, ўнг оёғининг тиззаси ҳамда ўнг қўлининг тирсак бўғини суяк сили оқибатида букилмайдиган бўлиб қолган, деган фикрни айтишган. Лекин бу касаллик унда қачон юз берганини аниқлашнинг иложи бўлмади...
...Темурнинг бош чаноғида қошлари қолдиқлари ҳам сақланган. Уларнинг узунлиги 12-14 миллиметргача бориб, тўқ каштан рангида. Амир Темурнинг мўйлови сақланмаган бўлса-да, М.Герасимовнинг бош чаноғидаги ўрнига қараб аниқлашича, унинг мўйлови узун, лабидан пастга осилиб тушиб турган. Жаҳонгирнинг соқоли яхши сақланган бўлиб, қўнғир-сарғиш тусда, сал-пал оқ оралаган. М.Герасимов соҳибқироннинг ташқи қиёфасига оид барча белгиларни диққат билан ўрганиб, у яшаган даврнинг либослари билан яқиндан танишиб, портретини яратди.
Академик Тошмуҳаммад Қори Ниёзий ҳикояси
Экспедициянинг асосий объекти бўлган Амир Темурнинг мақбараси ўрта аср Шарқидаги меъморчиликнинг энг яхши намуналаридан бири бўлиб, санъаткор халқ усталарининг ажойиб ижодидир. Бу ёдгорлик, аввало, формасининг чиройлилиги ва соддалиги, шу билан бирга, ранг-баранг ва гўзал нақшинкорлиги билан ажралиб туради. Бинонинг саккиз қиррали асоси устига ўрнатилган цилиндр шаклидаги деворнинг тепасига кўп қиррали нақшинкор гумбаз солинган. Бинонинг таги эса мармар панель билан ўраб олинган. Панелнинг юқори қисми то тепасигача ҳаворанг, кўк ва оқ ранглар билан сирланган ғиштлардан иборат. Бу нақшинкор бинонинг тепасидаги кўкимтир-зангори рангдаги гумбаз ғоят гўзаллиги билан ажралиб туради. Мақбаранинг ичи ҳам жуда яхши безатилган. Унинг панели устида мармардан қилинган муқарнас карниз тилла ва ложувард билан нақшланган, устида қаторда оятлар ёзилган...
...Тарихий маълумотларга қараганда (Ибн Арабшоҳ), ўз вақтида мақбаранинг ичи қимматбаҳо нарсалар билан безатилган. Масалан, унда кумуш ва тилладан ясалган қандиллар, деворларида қимматбаҳо тошлар ва олтин билан безатилган асбоб-гиламлар осилган, ерига эса гиламлар солинган. 1409 йили Шоҳрух Самарқандни босиб олганидан кейин унинг амри билан мақбарадаги нарсалар шариатга хилоф деб хазинага топширилган.
* * *
Амир Темур мақбарасига яқин жойда чойхона бўлган. Чойхонада шу маҳаллалик мўйсафидлар бир пиёла чой атрофида ўтган-кетган воқеаларни эслаб, турмушда рўй бераётган гаплардан ҳам бир-бирларини хабардор қилиб турардилар. Улар учун Амир Темур мақбараси Самарқанднинг энг муқаддас меъморий обидаси эди. Москвадан ва Тошкентдан келган олимлару ишчиларнинг Темурийлар хилхонасини очиб, улуғ аждодларимиз руҳларини безовта қилиши, улар назарида ўта кетган шаккоклик, мусулмон динининг қонун-қоидаларини топташ, шайтон ноғорасига ўйнашдан бошқа нарса эмас эди. Чоллар ота-боболаридан қолган ҳикматни эслаб, “Темурийлар хилхонасини очиш асло мумкин эмас: уруш бошланади. Халқ ва мамлакат боши фалокатдан чиқмай қолади”, деб қазиш ишларини тўхтатишни талаб қилишган. Агар Самарқанддаги раҳбар идоралар олимлар ёрдамида экспедициянинг мақсади хайрли эканлигини тушунтирмаганида бу воқеанинг катта ғалаёнга айланиб кетиши ҳеч гап эмас эди.
Аммо самарқандлик мўйсафидлар кароматчи эканлар. Орадан бир неча кун ўтмай, 22 июнь, чоршанба куни, инсоният тарихидаги энг даҳшатли уруш – Иккинчи жаҳон уруши бошланиб кетади. Лекин экспедиция гўё ҳеч нарса бўлмагандек, ўз ишини давом эттиради. Антрополог Герасимов бир неча темурийларнинг бош чаноқларини ўрганиб, бюстларини ишлайди. 9 декабрда Герасимов яратган Амир Темур, Шоҳрух ва Улуғбекнинг бюстлари Тошкент шаҳрида муҳокама қилинади. Йиғилишда сўзга чиққанларнинг фикрига кўра, Герасимовнинг шу борада олиб борган ишлари антропология ва ҳайкалтарошлик тарихида янги саҳифа эди.
“Ниҳоят, 1941 йили сентябрь ойида, – деб ёзади профессор Омонулла Файзуллаев “Қори Ниёзий” (2007) деган китобида, – ЎзФАнинг катта залида (Абдулла Тўқай кўчаси, 1) илмий мажлис бўлди. Т.Н.Қори Ниёзий раислик қилди. Кун тартибида бир масала – “Антрополог-скульптор М.М.Герасимовнинг Амир Темур, Шоҳрух ва Улуғбекларнинг суяклари асосида башара қиёфаларини (бюстларини) яратганлиги ҳақида ҳисоботи”.
Зал одамлар билан тўла, кўпчилиги Москва ва бошқа шаҳарлардан эвакуация қилинган олимлар. Мен ҳам иштирок этдим. Президиум столида Амир Темур, Шоҳрух ва Улуғбекнинг Герасимов ясаган бюстлари. Маърузадан кейин савол-жавоблар бўлди. Масалан, астроном-академик Михайлов савол берди:
– Қиёфадаги барча органларни суякка қараб яратдингизми?
Жавоб:
– Қулоқдан бошқаси. Қулоқлари – менинг ижодим”.
* * *
Хуллас, экспедиция ўз ишини 1942 йилнинг кузида тугатади. 1942 йил 21 декабрда тузилган актга қараганда:
“...4. 1942 йилнинг 16-17 декабрь кунларида мақбарадаги қабрларнинг қопқоқлари қайтадан ёпилди.
5. 19-20 декабрь кунлари суякларни жойлаштириш ишлари олиб борилди. Суяклар қазилган пайтида қандай учратилган бўлса, худди шу тартибда жойлаштирилди...
7. Бу ишлар тамом бўлгач, қабрлар устидаги ёзувли тошлар қайтадан ўз жойларига худди аввалгидек ўрнатилиб, ганч ёрдамида мустаҳкамланди...”.
Етти моддадан иборат актни ўқиган киши Темурийлар хилхонасидан олинган ҳар бир нарса – бош чаноқлари, соч, соқол ва мўйлов қолдиқлари, буюмларни ўз жойига қўйилган, деб ўйлайди. Лекин А.Бердимуродовнинг “Темурийлар хилхонаси” (1990) мақоласидан маълум бўлишича, “Жасадлар қабрларга қўйилгани билан у ердан олинган бошқа нарсалар ва жасадларнинг мўмиёланган қисмлари, кафан парчалари сақлаш учун олиб қолинган. Адабиёт музейи архивидан топилган қоғоз қутида эса жаҳонгирнинг сочи, соқоли ва кипригининг қолдиқлари, кафан ҳамда тобутнинг устига ёпилган мато парчалари, Улуғбекнинг қабридан топилган кийимларнинг қолдиқлари, Шоҳрух, Муҳаммад Султон, Мироншоҳнинг мўмиёланган этларидан парчалар”нинг сақланаётгани аниқланган. Л.Ошаниннинг илмий мақолаларидан биридан маълум бўлишича, Мироншоҳнинг бош чаноғи М.Герасимов томонидан Москвага олиб кетилганлиги учун уни текширишнинг иложи бўлмаган.
Бу сўзларга қўшимча тарзда яна шуни айтиш керакки, М.Герасимов шу йўналишдаги ишлари туфайли СССР Давлат мукофотига сазовор бўлган. Шу муносабат билан Москва телевидениеси машҳур антропологнинг хизмат хонасидаги шкафга териб ташланган бош чаноқларини кўрсатиб, Амир Темурнинг шу бош чаноғи асосида унинг бюстини ишлагани ҳақида жўшиб-кўпириб гапирган. Ошкоралик ва қайта қуриш йилларида Москвадан берилган телекўрсатувда эса Амир Темурнинг жасади уруш йилларида ҳарбий самолётга солингани ва бу самолёт ҳаёт-мамот жанги кетаётган Сталинград устида уч марта давра ясагани айтилади. Шу воқеадан кейин Иккинчи жаҳон уруши тарихида кескин бурилиш рўй берган.
“Табиийки, – деб ёзади А.Бердимуродов, – Москвага фақат Мироншоҳнинг эмас, бошқа жасадларнинг ҳам бош чаноқлари олиб кетилган. Аммо бирор ҳужжатда уларнинг Москвадан қайтариб олиб келинганлиги ҳақида ёзилмаган. Бу масалани тўлиқ ойдинлаштиришнинг фақат битта йўли бор. Темурийлар хилхонасида олиб борилган қазиш ишлари ва қайта дафн этиш жараёни кинога олинган”.
Тўғри, суратга олинган. Аммо ҳамма гап шундаки, А.Ким ва М.Қаюмов бошчилигида суратга олинган 100 минг метрдан иборат плёнка аллақачон йўқ қилиб юборилган.
Ўтмишдаги Амир Темур сингари буюк давлат арбоблари ва саркардалар совет давлатининг сўнгги кунларига қадар фақат қонхўр, халқ ва мамлакат манфаатидан узоқ шахслар сифатида талқин қилиб келинган. М.Герасимовнинг ҳам Амир Темур бош чаноғини ўрганишдан мақсади унинг ваҳший, қонхўр давлат арбоби сифатидаги образини яратиш эди. Шу маънода у ўз мақсадига тўла эришган.
О.Файзуллаевнинг ёзишича, М.Герасимов 1971 йили Тошкентга атоқли олим Ҳамид Сулаймоннинг археолог ўғли Рустам Сулаймоновнинг диссертацияси ҳимоясига оппонет бўлиб келган. Шунда Омонулла ака у билан учрашиб, бундай савол берган экан:
– Амир Темур, Шоҳрух ва Улуғбекнинг бюстларини ясаганингизга ўттиз йил бўлибди. Агар ҳозир: “Бошқатдан яса”, дейишса, ўзгартирармидингиз?
– Йўқ! – деб жавоб берган у.
– Ахир, сиз у вақтлари ёш, ҳали тажрибаси йўқ ҳаваскор эдингиз. Ҳозир тажрибали профессорсиз. Менимча, Амир Темурнинг даҳшатли қиёфасини ўзгартирардингиз-ов?
Герасимов: “Ҳа, у замонлар ўтди-кетди...”, деган.
М.Герасимов: “У замонлар ўтди-кетди”, деганда нимани назарда тутган – бу бизга қоронғи.
* * *
Ушбу мақола ёзилганидан кейин Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистон билан яқин алоқада бўлган рус ёзувчиси Виктор Витковичнинг “Ҳаёт чамбараги” (“Круги жизни”, М.,1983) китобини варақлар эканман, “Бибихоним билан учрашувим” деган лавҳа яна эътиборимни тортди. Бу лавҳада тасвирланган воқеа Хуршид Давроннинг ҳам бир асарида ўз талқинини топган. Лекин рус ёзувчисининг Бибихоним билан “учрашув”дан олган таассуротига кўп миллатли ватандошларимиз кўпроқ ишонишлари мумкинлиги учун В.Виткович китобидаги мазкур лавҳани қисқартириб берсам.
Виктор Виткович ҳикояси
1946 йили Тошкентни кезиб юрганимда аллақандай бадиий ҳунармандчилик музейига дуч келиб қолдим. Музей жойлашган уйни инқилобга қадар бўлган даврда Половцев деган бир одам қурган экан. Девор ва шифтдаги расмларни, намойиш қилинган дўппи, либос, сўзана...ларни қизиқиб томоша қилар эканман, мени музей заллари бўйича олиб юрган директор: “Бибихонимни кўришни истайсизми?” деб қолди. “Қайси маънода?” деб сўрадим. “Ўша Бибихоним... Темурнинг катта хотини Сароймулк хоним” – жавоб берди директор.
Мени четроққа олиб бориб, чойшабни кўтарди ва мен усти ойна қопқоқ билан ёпилган тобутда кичкина аёлнинг яхши сақланган жасадини кўрдим; либос парчалари, бахмал аёл либоси парчаси, юзининг у ёқ-бу ёғида тери, қўлидаги тирноқлар ва сочи... оқарган соч толалари қолган эди!
– Қаердан? – сўрадим ҳайратланиб.
1941 йили Темур мақбарасини очишган, шу билан бирга, Гўри Амирдаги ўғиллари, машҳур набираси Улуғбекнинг, айни пайтда мақбарадаги Бибихоним сағанасини очишган. Кейин Темур (унинг ўғиллари ва Улуғбек)ни кўмиб, Бибихонимни вақтинча музейда қолдиришган, кейин эса унутиб юборишган экан.
– Нега шу пайтгача эслатмадингиз? – деб сўрадим.
– Қайта-қайта эслатдим. Ҳеч кимнинг бош қотиргиси келмади.
Тошкентдан кетиб, узоқ йиллар давомида бу ғалати тушни эслаб юрдим. Унга айтдим, бунга айтдим. “Тўқишга устасан-а!” дейишди. Ўзим ҳам шубҳаланиб қолдим. Аммо кутилмаганда Бибихоним тарихининг нима билан тугаганини Ўзбекистон қадимги меъморчилигининг билимдони Л.М.Ремпелдан эшитдим.
“Самарқанд музейининг Мамед Солиҳович Юсупов деган директори бўларди. Ҳеч кимга халақит бермай, тинчгина ўз иши билан яшарди у. Бибихонимни Самарқандга кўчириш ғояси унинг эс-ҳушини эгаллаганидан кейин тинч туролмади. Тошкентга боришга аҳд қилди-ю, шу билан йўқолиб кетди. Идорама-идора юриб, Бибихоним хокини Самарқандга олиб келишга рухсат беришларини сўрапти. Рухсат олганидан сўнг тўкилиб турган жасадни аэропортга олиб бориш, самолётга жойлаш, самолётдан музейга олиб боришнинг ўзи унинг сочини оқартириб юборибди.
Хуллас, орадан бир неча кун ўтганидан кейин Бибихоним қайта дафн этилган ва бу воқеа 1948 йили бўлган экан.
* * *
Юқорида баён қилинган маълумот, хотира ва фикрлардан сўнг "Темурийлар хилхонасини очиш ва Амир Темур даври тарихини ўрганиш бўйича тузилган комиссия ўзига юкланган вазифани бажарди", деб айтишга тил бормайди. 1942 йил 21 декабрда тузилган актдаги… жумлалар қанчалик тантанавор жарангламасин, улуғ зотлар хилхонасининг бузилиши, Герасимовнинг тажрибаларига керакли бош чаноқларини Москвага олиб кетиш, унутилган жасадларни эса дўппи, сўзана, кўзалар намойиш қилинган музейнинг бир чеккасига олиб бориб ташлаш – булар ўзбек халқи тарихини оёқ ости қилиш, шу халқнинг чароғбонлари хотирасини таҳқирлашдан бошқа нарса эмасди.
Уруш шабадаси келиб турган бир пайтда Москванинг темурийлар хилхонасини очишдан мақсади темурийлардан қолган бойликни ташиб кетиш ва шу бойлик эвазига ҳарбий қудратини мустаҳкамлаш бўлган бўлса, ажаб эмас.
Наим КАРИМОВ,
академик
“O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” газетаси,
2021 йил 5 ноябрь, 45 (4652)-сон,
“Темурийлар хилхонасининг очилиши” мақоласи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ