Граната улоқтиролмаган шоир – Абдували Қутбиддиннинг руҳий олами таҳлили


Сақлаш
10:02 / 20.02.2024 391 0

Гап аввалида Абдувалининг аждодлари ҳақида айтмасам хато қилган бўламан. У асли Ургут эшонлари шажарасидан бўлиб, катта боболари эшон Валихон(Абдували бобокалонига отдош эканидан фахрланарди) Нақшбандия тариқатининг йирик вакили, Бухородаги Мир Араб мадрасаси мударриси ва “қутбу замон” рутбасига эга бўлган. У кишининг фарзандлари Муҳиддинхон эшон ҳам ота йўлини тутиб, Нақшбандия тариқатида юксак мақомни эгаллаган. Навбатдаги авлод Қутбиддинхон эшон ҳам ниҳоятда илмли, маърифатли инсон бўлган. Афсуски, ҳамма илмдор эшону муллалар қабатида у киши ҳам шўронинг қатағон ва ва таҳқирларига рўбарў бўлади. Абдували бу шажарада бешинчи бўғин ҳисобланади.

 

Қутбиддин эшон замонасининг атоқли шоирлари, уламолари, хусусан, Ғафур Ғулом билан даврадош бўлгани, мураккаб бадиий ва тарихий масалаларни ечганини эшитганман. Ижара уйлардан қувилиб, қўнишга қўналға топмаган пайтларимизда бир-икки марта шоирнинг бобоси, Қутбиддинхон эшоннинг Олча кўчасидаги кулбасидан беминнат бошпана топганмиз. Мана шу қутлуғ даргоҳда мен аввало дунёнинг буюк шоирлари китобларини кўрганман. Ёшлик руҳияти ва кайфиятига кўра, шарқ эмас, кўпроқ мағриб муаллифларига иштиёқим баланд эди. Мени Федерико Гарциа Лорка, Пол Элюар, Артюр Рембо, Велимир Хлебников, Борис Пастернак, Андрей Вознесенский китоблари, Московда чиққан катта шеърий антологиялар ўзига тортган.  Аммо уларга бўйлашга бўй қайда? Иддао шулки, биз ўзимизнинг жайдари, тор қобиғимизда ўралашиб юрганимизда, Абдували бу китобларни ўқиб, мағзини чаққан эди. Унинг яна бир катта устунлиги, рус ва форс тилларини мукаммал биларди. Ҳофиз, Саъдий, Румийлар билан ўша пайтдаёқ яқин ошно эди, бобосининг Қуръоний илм ҳамда мумтоз адабиётимиз донишманди эканини назарда тутсак, у ҳазрат Алишер Навоийни мукаммал идрок этарди, деган фикрдаман. Абдували ўз билим ва дунёқараши даражасини ошкор этишга истиҳола қилганми ёки ҳадиксираганми, ҳарқалай, ҳамма нарсани очиқлайвермаган. Аммо фикримча, ўз шеърий биносини шундай мустаҳкам пойдевор устида қургани, тахайюл шоири бўлиб танилиши бевосита юқоридаги омилларга боғлиқ бўлса ажабмас.

 

 

***

Шоирлар ҳақида гап кетганда кўпчиликнинг кўнглидан хаёлчан, паришонхотир, уй-рўзғор ишларига уқувсиз одамлар ўтади. Абдували талабалик пайтида қанчалик хаёлчан, романтик бўлмасин, рўзғорнинг бошини ушлагандан кейин ҳақиқий оилапарвар эркак, болаларига меҳрибон ота бўлди. Қай даргоҳда ишламасин, астойдил меҳнат қилди. Ҳаётининг сўнгги кунларигача устоз Ўткир Раҳмат бош бўлган “Халқ сўзи” газетасида ишлади. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига сазовор бўлди.

 

Аммо, биринчи курсда, Сирдарё пахта далаларида кечган дамлар бутунлай бошқача эди. Сентябрдан пахтага, Сирдарё вилояти Оқ олтин туманига жўнаганмиз. Вилоятлардан келган аксар йигит-қизлар иштиёқ билан пахтазорга шўнғиган. Терим қанчалик машаққатли бўлмасин, кечқурун ҳамма мушоирага шошиларди. Эҳ, у пайтлардаги мушоиралар... Барак олдидаги эски баллонлар тахланиб, катта гулхан ёқиларди. Олов ёруғида талабалар бирин-кетин шеър ўқишарди. Ҳамма шоир, биронта журналист йўқ. Чамаси, бир ой мобайнида курсдошлар ўз шеърларини, устозлардан ёд олган бисотларини ҳам ўқиб тугатишди. Кейин халталар-у хуржунлар бўшади. Аммо Абдували далада юриб, мен чойхоначиликдан бўш вақтимда қоралаган шеърларимизни кечки пайт басма-басига ўқирдик.

 

Абдували билан Чирчиқдаги ҳарбий полигонда, уч ойлик ҳарбий хизматда юз берган воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўшанда граната улоқтириш машғулотида эдик. Кўпчилик гранатасини отиб бўлган, навбат Абдувалиники эди. У граната пилтасини суғуриб, тепага кўтарганча оний бир лаҳза тўхтаб қолди. Бутун взвод бир неча қадам масофада турибмиз, холос. Полковник Боярский от, деб бақиряптиямки, шоир пинагини бузмасди. Билмадим, ҳаяжонми, қўрқувми, жуда қалтис вазиятда эдик. Ҳарқалай, ҳарбийларда юрак борда, полковник бизларга “ложис” дея команда берганча, чаққонлик билан Абдувалининг қўлидаги гранатани имкон қадар узоққа итқитиб юборди. Ҳаммамиз ерга узала тушиб, ётиб олганмиз. Худо бир фалокатдан асраб қолган. Ўшанда Абдувалининг нега бундай қилганини тушунолмаганмиз. Энди ўйласам, шоир граната ортида қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар, вайронагарчиликлар турганини, у одамларга қирон келтирувчи офат эканини хаёл қилган-у, шоирлик туйғулари устун келиб, бир лаҳза тўхтаб қолгандир балки. Унинг табиати шундай тоза эди.

 

 

 

***

Айтганимдек, Абдували шунчаки тақир ерда пайдо бўлиб қолмаганди. У албатта, мумтоз адабиётдан ташқари, жадидлар, жумладан, Чўлпон, Усмон Носир шеърларини яхши кўрарди. Чўлпон тақиқланган ўша йилларда биз яширинча унинг шеърларини ўқирдик. Ўзбек мумтоз шеърияти хусусида Чўлпоннинг бир фикри бор: “Ўзимнинг йўлсизлигимдан бироз сўзлаб ўтайин: Навоий, Лутфий, Бойқаро, Машраб, Умархон, Фазлий, Фурқат, Муқимийларни ўқийман: бир хил, бир хил, бир хил... Кўнгил бошқа нарса қидирадир”.

 

Айнан шу маънода ўтган асрнинг 70-80 йиллари ўзбек адабиёти, хусусан, шеъриятида туб бурилиш юз берди. Шеърият бир хилликдан тозалана бошлади. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиевалар авлоди назм бўстонига янги нафас олиб кирди. Жумладан, Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим”, “Келажакка мактуб”, “Тирик сайёралар” шеърлари, “Нидо”, “Руҳлар исёни” достонлари, Абдулла Ориповнинг “Юзма-юз”, Ўзбекистон Ватаним маним”, “Биринчи муҳаббатим”, “Онажон”, “Мен нечун севаман Ўзбекистонни? шеърлари даврининг улкан воқелигига айланганини бугунги авлод яхши билади.

 

Уларни тўла-тўкис идрок қилишга, таҳлил этишга улгурилмай, яна бир авлод адабиётда бўй кўрсатди. Миллий онгдаги туб бурилиш, ўзликни қидириш, бу йўлдаги изланиш ва адашишлар кейинги авлод зиммасига тушди. Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Раҳмон, Хуршид Даврон, Азим Суюнлар навқирон авлоднинг етакчи вакиллари эди. Бу шоирлар ижодида ўткир бир гап айтиш, панду насиҳат устувор бўлмай, балки инсон руҳиятининг теран қатламларини инкишоф этиш, инсондек мураккаб, чигал хилқатни тушуниш ва тушунтириш эҳтиёжи бор эди. Асосийси, улар ижодида истибдод тузумига нисбатан кескин норозилик сезиларди. Улар миллий қобиқни ёриб чиқиб, дунёни дунё шоирларига ҳамоҳанг тарзда ҳис эта бошладилар. Бир авлодга мансуб бўлсаларда, уларда ифода усули, шакл бир-бирларидан тубдан фарқланарди. Абдували мансуб авлод ҳақида бундай дея олмаймиз. Умуман, юқорида қайд этилган даврдан кейин ўзбек шеъриятида авлодлар масаласи нисбий бўлиб қолди. Бозор иқтисодиётининг илк синовларидаёқ гуруллаб адабиётга кирган шоирларни замон бўҳронлари ғарқ қилди. Гарчи Абдували пароканда бўлган мана шу авлод вакили бўлсада, у шаклланиб бўлганди.

 

Шоирнинг илк китоби “Найсон”га ёзган сўзбошида Рауф Парфи бу шеърият ҳақида шундай дейди: “Дафъатан шоир кечинмаларини илғаш қийиндек, тасаввурингизда бу ингичка ҳолатлар бир-бири билан билан узвий эмасдек туюлиши мумкин. Фавқулодда ўхшатишлар, кечинмалар истиоралар...  Ўқиб ажабланасиз, бу шеърлар бошқаларнинг шеърларига сира ўхшамайди. Ҳатто бир қарашда мисралар “қовушмагандек”. Аммо ҳукм этишга шошилманг! Яна бир бор синчков ўқинг, шунда бу нотабиийроқ кўринган сатрлар бир-бири билан пинҳона боғланиб ўзига хос руҳий иқлимни яратаётганига ишонч ҳосил қиласиз. Бу иқлимда сиз тирикликнинг теран қаърларига илдиз отган хотиротнинг куюнчак садоларини тинглайсиз”.

 

 

Абдували туғма шоир эди. У дунёни ўзига хос нигоҳ билан кўрарди ва унинг шаклини сўзда моҳирона тасвир этарди. Шоир хаёлоти мутлақ кутилмаган мўъжизалар илинжида. У бир шеърида: ниначи қанотин ҳижоб қилганда, қил-кўприк йўл топиб берганда, ғам чекканда бинафша овунтирганда, тўл-ғо-на, тўл-ғо-на жон беришни истайди. Шеър давом этади:

 

Қалдирғоч иккимиз олиб кетсайди,

Дунёданда йироқ ерга элтсайди,

Сўнг севиб ўлмоқдин сабоқ ўтсайди,

Тўл-ғо-на, тўл-ғо-на

Жон

Берар эдик.

 

Семурғ икки севишганни бола қилиб, муҳаббат наҳрида чўмилтирса ва уларни бир лаҳза бирлаштирса, тўл-ғо-на, тўл-ғо-на жон бериш билан шеър ечим топади. Шоирнинг истак ва майллари барча одамларникидан мутлақо фарқли:

 

Истардим

Фалакнинг қабоғи бўлса,

Ва қабоқ ичида бўлса чимилдиқ.

Атрофим сабуҳий мушкларга тўлса,

Ҳам сен мени кутсанг

Дилинтиқ.

 

Бу менга мантиқдаги серқатламлилик бўлиб туюлади. Муаллиф инсон хаёлининг бир бурчига ҳам келмаган ташбеҳларни истифода этиб, шеърнинг ҳиссий таъсирини кучайтиради. Фалак қабоғи ва қабоқ ичидаги чимилдиқ ва у ерда лирик қаҳрамонни кутаётган ким?

 

Истардим

Юлдузлар чироғим бўлса

Зулмат кечаларни кечсам адоғин

Бир ажиб сеҳрли чорбоғим бўлса

Ва сен ёлғиз бўлсанг

Азобим!

 

Бу азоб нима? Ўзгача кечинмалар. Бу азоб ўзгача! Уни асл мояси – муҳаббат!

 

Истардим

Кўнглимни улоқтирсаму

Сени ўтирғизсам

Термилсам, термилсаммм.

 

Хулосавий сатрлар ҳам ўзгача. Истаклар нечоғли кўп бўлмасин, имкониятлар бой берилгани, орқага қайтишнинг иложи йўқлиги аён бўлади:

 

Истардим

Ва лекин оёғим ботган

Ҳаёт бўғиб олган гиррибонимдан

Бу ёғи ёшим ҳам ўттизга кетган

Бу ёғи умид йўқ қаттиқ жонимдан

Истардим.

 

Шоир шеърларида сўзлар қурилиши, маънолар оқимидан тортиб, метафора ва ташбеҳлар зичлигига қадар – ҳаммаси ўзгача тарзда жилваланади. У бир қарасангиз фирибгар, бир қарасангиз бозингар, бир қарасангиз жодугар тимсолида. Абдували шеърларини ўқиганимда сирли, жозибали “Минг бир кеча” эртакларида юргандай бўламан. Йўқ, йўқ, Абдувалининг эртаклари улардан-да нафис, уларданда сирли!

 

Юқорида айтганимдек, Абдували ўшанда одамкуш гранатани улоқтиролмаганди. Лекин шоирнинг афсунгар сатрлари инсонлар қалбида ҳаётбахш граната бўлиб портлади. У шеърият мамлакатида ўзининг алоҳида, ҳеч кимга ўхшамаган туйғулар пойдеворида ғаройиб иморатини кўтара олди, шоир шеърларида замин-у осмон, ғайб ва воқелик, тасаввуф ва модернизм шунчалар қоришиб кетгандики, буни ҳали ҳеч ким алоҳида ажратиб, кўрсатиб бера олмади.

 

Абдумажид АЗИМОВ,

Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси