Лингвомаънавиятшунослик нима? Жаҳон илм-фани терминологиясига қўшила оладими?


Сақлаш
18:02 / 19.02.2024 325 0

Янги юз йиллик глобал муаммолар асри. Бу муаммоларни санаб адоғига етиш қийин. Лекин уларнинг баъзиси бошқаларини келтириб чиқаришини инобатга оладиган, уларга тизимли ёндашадиган бўлсак, бирламчи ва иккиламчи, бош ва ёрдамчи муаммоларни фарқлаш мумкин бўлади.

 

Шахс маънавияти глобал масалалар сирасида марказий ўринни эгаллайди. Зеро, жуда кўп муаммолар диалектик нуқтаи назардан оқибат характерига эга, уларнинг аксарияти учун шахс маънавияти масаласи сабаб бўлмоқда.

 

Ўзбекистон миллий мустақилликка эришгандан сўнг маънавият масаласи миллий муаммо, мустақил халқимизнинг тараққиёт шарти сифатида кун тартибига қўйилди. 2 томли “Ўзбек тилининг изоҳли Луғати” собиқ тузум даврида яратилган. Унда маънавият истилоҳининг йўқлигидан кўра ушбу масаланинг истиқлолгача қай ҳолатда эканлигини далиллайдиган кучлироқ асос бўлмаса керак. Бу луғатда маънавий сўзи берилган (1-том, 454-cаҳифа). Демак, бу маънавият  ижтимоий онгда фақат белги сифатида мавжуд бўлганлигидан, алоҳида борлиқ ҳодисаси мақомига эга бўлмаганигидан далолат беради. Балки бу ҳолатга маънавият сўзининг рус ва бошқа европа тилларида муқобили йўқлиги ҳам сабаб бўлгандир.

 

 Мустақиллик йилларида маънавият алоҳида соҳа ўқув предмети сифатида таълим бўғинларида ўқитила бошлади. Кўплаб ўқув адабиётлари, қомус ва луғатлар чоп этилди, таълим йўналишлари йўлга қўйилди. Бу борада мисли қўрилмаган катта ютуқлар қўлга киритилди. Бироқ бош мақсад йиллар ўтган сари унутилиб борди. Маънавий юксак шахс тарбиясидан маънавият асослари бўйича билимли мутахассисларни етиштириш йўлига ўтиб олинди. Маънавият масаласи ихтисослашиб, тор йўналиш – илмда фалсафа, таълимда маданиятшунослик асослари бўйича ўқув предметининг мулкига айланди. Маънавий-маърифий амалиёт эса фақат “тадбирлар” уммонига чўкиб кетди. Кўплаб фанлар маънавият масаласидан йироқлашди. Хусусан, тилшунослик ўзининг энг яқин муаммосига яқинлашмасданоқ бегоналашди. Ҳолбуки, маънавиятга энг яқин ҳодиса тилдир.

 

Тил – маънавиятнинг  ифодаловчиси ва сақловчиси, бойитувчиси ва узатувчиси дея эътироф этилган бўлса-да, тилнинг миллат руҳи ва маънавиятини ифодалашини тадқиқ қилиш бўйича чуқур ишлар амалга оширилмади, бу борада ўзбек тилшунослигининг истиқболли йўналишлари шакллантирилмади, мақсадлар қўйилиб, вазифалар белгиланмади. Бунинг бир нечта сабаби бор, албатта:

 

биринчидан, тилнинг маънавиятни сақлаш ва аждодлардан авлодларга узатиш вазифасини илмий ўрганиш ўзбек тилшунослиги анъаналарида йўқ эди;

 

иккинчидан,  ғарб ва европа тилшунослигида тил ва маънавият муштараклигини муаммо сифатида қўйиш урф бўлмаган;

 

учинчидан, ўзбек тилшунослиги фани республика маънавий-маърифий тузилмаларидан буюртмалар олмади.

 

Бугунги кундаги жадал глобаллашув маънавият муаммосини янада ўткирлаштириб, бошқа тегишли фанлар қаторида тилшунослик зиммасига ҳам катта масъулият юкламоқда. Бу эса тил ва маънавият муаммосини ўрганадиган алоҳида соҳа – лингвомаънавиятшунослик йўналиши шаклланишини кучли тақозо этади.

 

Тил ва маънавият муштараклиги муаммосининг тилшуносликда ечиладиган хусусий ва бошқа фанлар билан ҳамкорликда тизимли ҳал этиладиган умумий томонлари мавжуд.

 

Тилшуносликнинг систем-структур йўналишида ўзбек тилидаги “маънавият” категориясининг моҳияти, тузилиши, таркибий қисмлари, улар орасидаги муносабатлар, категорияга бевосита ёки билвосита мансуб алоҳида бирлик (сўз, ибора каби)ларнинг хусусий маъноси, умуман олганда, алоҳида бирликларнинг тизим ташкил этиш ва тизимда вужудга келувчи барқарор белги-хусусиятлари очилади. Бу йўналиш тилшуносликнинг маънавиятни тадқиқ қиладиган бошқа йўналиш ва соҳалар учун пойдевор қўйиш вазифаси билан етакчилик қилади.

 

Шевашунослик соҳасида “маънавият” лисоний категориясининг халқ шеваларида учрайдиган унсурлари, уларнинг лисоний қиймати ва тарқалиш жўғрофияси, адабий муқобиллари билан муносабатлари тадқиқ қилиниб, зарур ҳолларда адабий нутқдаги бўшлиқларни тўлдиришга доир тавсиялар ва уларнинг асослари ишлаб чиқилади.

 

Луғатшунослик соҳаси “маънавият” лисоний категорияси унсурларини луғатларда бериш муаммоси билан шуғулланади. Академик, оммабоп ва ўқув филологик сўзликларида, алифболи ва системали луғатларда мазкур сўзларни бериш ва изоҳлаш муаммолари, махсус лингвомаънавиятшунослик луғатлари ва қомусларини тузиш масалалари, шунингдек, таржима ва гиперлуғатларда, миллий корпусларда  бирликларнинг моҳиятини очиб бериш каби масалалар назарий ва амалий луғатшуносликнинг долзарб вазифаларидан.

 

Қиёсий ва чоғиштирма тадқиқотларда “маънавият” лисоний категорияси унсурларининг ўзга қурилишли ва қариндош тиллардаги муқобиллари ва ўхшашлари билан муносабатлари ўрганилиб, лисоний моҳияти ва қиймати очилади, таржима ва ўгириш муаммолари тадқиқ қилинади.

 

“Маънавият” лисоний категорияси бирликларининг нутқий қўлланиши бир жиҳатдан, улар замиридаги моҳиятнинг шахс маънавий дунёси призмасидан ўтиб, муносабат, мулоқот ва нутқ  фаолиятида намоён бўлиши, умуман олганда, шахснинг маънавий такомиллашувига таъсири, такомиллашганликни воқелантириш хусусиятлари, иккинчи жиҳатдан, маънавий ташхис, тарбия кабилар нуқтаи назаридан прагмалингвистика, социолингвистика, психолингвистика, нейролингвистика каби амалий йўналишлар томонидан ўрганилиб, шахс маънавиятини тил воситасида такомиллаштиришга доир бевосита ёки билвосита тавсиялар яратилади.

 

Таълим йўналиши эса, бир томондан, “маънавият” лисоний категорияси унсурлари моҳиятини ўқувчиларга сингдириш, иккинчи томондан, ушбу тизимга кирувчи тил ифодаларининг маъновий моҳияти таълими орқали улар шахсий маънавиятини юксалтириш механизмини такомиллаштириш вазифаларини ўз зиммасига олади.

 

Ҳар бир давр фан ёки унинг йўналишлари олдига муайян мақсад ва вазифаларни қўяди. Ижтиомий ёки давлат буюртмасидан келиб чиқиб белгиланган аниқ мақсад ва вазифалар фан ёки унинг йўналиши фаолиятининг натижалари муайянлигини таъминлайди.

 

Лингвомаънавиятшунослик йўналишининг бош мақсади – юксак маънавиятли шахс тарбияси учун хизмат қиладиган илмий-амалий механизм учун муайян лингвистик таъминотни вужудга келтириш. Маънавий-маърифий фаолиятимизда кутилган натижаларга эришилмаётганлигининг сабабларидан бири ҳам ушбу махсус лингвистик базанинг шакллантирилмаганлигидир. Бу лингвистик база “маънавият” умуммиллий лисоний категориясини комплекс тадқиқ қилиш натижасида яратилади.

 

Бир қарашда лингвомаънавиятшунослик анъанавий лингвокультурологиянинг муқобилидек тасаввур уйғотади. Бироқ лингвокультурологиянинг ўрганиш объекти ва манбалари, муаммолари, мақсад-вазифалари билан танишув уларнинг ўхшаш ва фарқли томонларини тасаввур қилиш имконини беради.

 

Номидан маълумки, лингвокультурология тил ва маданият муносабати муаммоси билан шуғулланади. Маданият эса моддий ва маънавий турларга бўлинади. Лингвомаънавиятшунослик моддий маданият муаммосини четда қолдириб, унинг маънавий деб аталмиш турини ҳам тўлиқ қамраб олмай, ундан ўз ҳиссасини ажратиб олади.

 

Лингвокультурология (лингвомаданиятшунослик)нинг лингвомаънавиятшунослик каби бир таркибий қисми бўлган лингвомамлакатшунослик (лингвострановедение) тилларидаги муқобилсиз лексика ва бўшлиқларни тадқиқ қилади. Лингвокультурология мифлашган тил бирликлари, мифологем ва архетипларни, урф-одат ва ритуалларни, мақол, матал, иборалар “жамғарма”сини, эталон, стереотип ва рамзларни, метафора ва лисоний образларни, тилнинг услубий фондини, нутқий хулқ ва нутқ маданиятини қамраб олади.

 

Лингвомаънавиятшунослик айтилганлар сирасидан шахс маънавияти ва маънавий салоҳиятига тегишли ҳодисаларни ўзи учун хусусийлаштиради. Масалан, ибораларнинг барчаси лингвомаданий характерга эга. Шу боисдан лингвокультурология аслида фразеологик бирликларни тадқиқ қилишдан бошланган. Лекин фразеологик бирликларнинг барчаси ҳам лингвомаънавий хусусиятга эга эмас. Ёки “Бузоқнинг югургани сомонхонагача” мақоли лингвокультурологик талқинлар доирасида қаралади. Бироқ “Андишанинг отини қўрқоқ деманг” мақоли шахс миллий маънавиятига бевосита дахлдор.

 

Айтилганларни умумлаштирган ҳолда таъкидлаш лозимки, лингвокультурология ва лингвомаънавиятшуносликнинг ўрганиш манбаси ва предмети фарқланади. Лингвокультурология объекти лингвистика, культурология, этнография ва психолингвистика каби соҳалар учун умумий бўлиб, маданият, маданий ахборот “ташувчиси” бўлган тил ва тил воситасида ушбу маданиятни яратувчи инсон орасидаги ўзаро муносабат дейиш мумкин бўлади. Ушбу муносабатни воқелантирувчи юқорида саналган алоҳида ҳодисалар унинг ўрганиш предмети саналади. Лингвомаънавиятшунослик ҳам ўрганиш предметининг ўзига хослиги билан ажралиб туради ва, таъкидланганидек, бевосита шахс маънавияти билан боғлиқ, унинг таркибий қисмлари ва унсурлари бўлган тил ифодаларини қамраб олади. Бу ифодалар сўзлар, иборалар, сўз бирикмалари, мақоллар, гаплар кўринишларида бўлиши мумкин. Масалан, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида Отабек томонидан айтилган “Ақлли кишиларнинг ўғуллари устидан қилған ишлари албатта номаъқул бўлмас” синтактик қурилмаси замирида бевосита миллий хосланган шахс маънавияти ётади. У шахс фаросати, эътиқоди, муносабати даражасини намоён қилади. Фаросат, эътиқод, ҳурмат (муносабат) шахснинг маънавий баркамоллигини кўрсатувчи сифатлардан.

 

Кўринадики, лингвомаънавиятшунослик ахлоқ (этика), психология, лингвокультурология, этнография, социолингвистика каби қатор фанлар билан умумий ўрганиш объектига эга бўлса-да, унинг ўзига хос предмети яққол ажралиб туради.

 

Бир қарашда лингвомаънавиятшуносликни алоҳида ном билан ажратиб ифодалаш зарурати йўқдек, унинг муаммоларини лингвокультурология бағрида ўрганавериш мумкиндек туюлади. Бироқ бунга монелик қиладиган икки жиҳат мавжуд:

 

биринчидан, лингвокультурология ўз муаммоларини кўпроқ турли қурилишли тиллар кесимида текшириши анъаналашган, лингвомаънавиятшунослик эса тадқиқ предметини бир тил доирасида ҳам, турли тилларни қиёслаш асосида ҳам ўрганиш билан характерланади;

 

иккинчидан, лингвомаънавиятшуносликнинг мустақиллашуви тил ва маънавият муштараклиги муаммосига глобал ҳодиса сифатида лингвокультурологиянинг бошқа масалаларига нисбатан алоҳида ва устувор эътибор қаратиш зарурати натижаси.

 

Ғарб тилларида маънавият сўзининг айнан муқобили бўлмаганлиги сабабли лингвомаънавиятшунослик терминини зўрма-зўраки таржима қилмасдан, рус тилида лингвомаънавиятология, инглиз тилида linguomanaviatology / linguoma’naviyatshunoslik деб бериш мақсадга мувофиқ ва у ушбу йўналишнинг оригиналлиги ва мустақиллигини яна бир бор намойиш этади (АҚШдаги илмий журналлардан бирида шу атамани тушунтириб берганимиздан кейин чоп қилинган эди: Spirituality in the soul of the language: about linguomaʼnaviyatshunoslik and its perspectives // American Journal of  P. 32). Масалан, маънавият сўзининг рус тилига духовность дея таржима қилиниши ҳам зўрма-зўракиликдир, чунки духовность сўзининг мағзида “диний” маъноси ётади (инглиз тилига ҳам, албатта). Муқобили бўлмаса, маънавият сўзининг ўзини беравериш керак. Кураш, чала, ёнбош сўзлари каби бу сўз ҳам жаҳон тиллари бойлигига бизнинг ҳиссамиз бўлиб қўшилади.

 

Лингвомаънавиятшунослик тадқиқотлари умумий ва хусусий методологик тамойилларига асосланади. Тадқиқотларнинг методологик асосларини қуйидагича тартиблаш мумкин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг таълим ва тарбия, китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича фармон ва қарорлари, маъруза ва чиқишлари, фикрлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  давлат таълим стандартларини тасдиқлаш ҳақидаги қарорлари, таълим-тарбия сифатини такомиллаштиришга доир меъёрий ҳужжатлар, фан ва таълим-тарбия уйғунлиги тамойиллари йўналиш тадқиқотларининг назарий ва амалий аҳамиятини кучайтиришга асос бўлади. Тилнинг сақловчилик вазифасини “маънавият” лисоний категорияси бирликлари мисолида ёритиш, уларда тил ва маънавият муштараклигини кўрсатиш, лингвомаънавиятшунослик таҳлили натижаларини таълимда амалий фойдаланиш самарадорлигини ошириш мўлжалига йўналтириш учун таянч вазифасини ўтайди.

 

Фалсафий нуқтаи назардан диалектиканинг миқдор ўзгаришларининг сифат ўзгаришларига ўтиши, инкорни инкор ва қарама-қаршиликлар бирлиги ва кураши қонуни, умумийлик, моҳият, имконият, сабаб ва алоҳидалик, ҳодиса, воқелик, оқибат тушунчалари, билиш назариясининг амалий ва назарий билим турларини фарқлаш ҳақидаги таълимоти, тасаввуф фалсафасининг зот ва тажалли назарияси, комил инсон концепцияси асос вазифасини ўтайди.

 

Умумфан табиатли тизим, унсур ва муносабат диалектикаси таълимоти “маънавият” лисоний категориясига система сифатида ёндашиб, бу системанинг яшаш қонуниятларига доир масалаларни баён этишда қўл келади.

 

Лингвистик табиатли лисон, меъёр, нутқнинг яхлитлиги ва алоҳидалиги ҳақидаги таълимот мазкур категорияга мулоқот, муносабат ва фаолият системаси кўзгусида қараб, бу системанинг шаклланишида лисоний ва нолисоний омиллар ҳамкорлигини ўрганишда назарий асос бўлиб хизмат қилади.

 

Лингвомаънавиятшунослик тадқиқотларида, соф лингвистик тадқиқ усулларидан ташқари, культурологик ва социологик методлар – концепт таҳлили, фреймал, нарратив анализ, тасниф ва тавсиф, лингвистик қайта тиклаш усуллари, маънонинг макрокомпонент ва микрокомпенент модели, психосоциокультурологик экспериментлар, матнларнинг лингвомаънавий таҳлили – герменевтик метод кабилар қўйилган муаммоларнинг самарали ечими учун муҳим воситалар бўлиб хизмат қилади.

 

Лингвомаънавиятшунослик тадқиқотлари таълим ва тарбия учун хизмат қилувчи,  аниқ самарани кўзлаб ишлайдиган яхлит системанинг лингвомаънавий базасини шакллантиради. Кун сайин чуқурлашиб, ўткирлашиб бораётган шахс маънавияти муаммосини ҳал этиш, келажак яратувчилари бўлган юксак маънавиятли ёш авлодни вояга етказишнинг илмий ва амалий асосларини вужудга келтиради. Аслида инсоншунослик фани бўлган лингвистиканинг шахс тарбиясига ўзининг муносиб ва зотий, табиий ҳиссасини қўшишини таъминлайди. Тилшуносликнинг шунчаки “тадқиқотлар тадқиқотлар учун” тамойили асосида иш кўришидан шахс маънавияти ривожига, ёш авлоднинг шахсий такомиллашувига кўмаклашадиган, керак бўлса, бунга дахлдор соҳалар оқимида етакчи ўринга кўтарилишига олиб келади.

 

Лингвомаънавиятшунослик тақлид ва эргашувчанликдан холи, мамлакатимизда шаклланган ва дунё тилшунослиги саҳнасига чиқаётган градуал лингвистика, субстанциал-прагматик тилшунослик каби амалий самарадор миллий фан йўналиши бўлади.

    

Бахтиёр МЕНГЛИЕВ,

Тошкент амалий фанлар университети тадқиқотчи-профессори,

филология фанлари доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси