Ушбу мулоҳазалар Ўзбекистон Журналистика ва оммавий ахборот воситалари университети ректори Шерзодхон Қудратхўжанинг ижтимоий тармоқлардаги ўзбек тили ҳақидаги чиқишлари ва унга россиялик Евгений Примаковнинг билдирган эътирозидан сўнг қоғозга тушди.
Бугун инсоният дунёда йилига ўндан зиёд тил йўқолиб бораётган, мамлакатлар ўртасидаги чегаралар ва дунё харитасининг ранги ўзгараётган, миллатлар глобаллашувнинг салбий жиҳатларини (худди танага қувват берувчи малҳамдан юз буриб, вужудини толиқтирадиган, тез қаритиб адо қиладиган сунъий ширинликка ўч болакай сингари) ўзлаштираётган мураккаб жараённи бошдан кечирмоқда. Ўзидан, келажагидан умиди бор халқлар бу вазиятда энг аввало ўз она тилини, тил орқали миллий руҳини, юксак руҳияти туфайли эса мустақиллигини асраб қолиш учун курашаётир. Минг турли рекламалар, таклиф этилаётган хизматлар, либослар, ҳатто таом турлари шаклида бошқа халқларни ўзига қарам қилиш авжга чиқди. Урушнинг бир-бирига ўқ отмасдан туриб содир этиладиган муғомбирона тарзи урфга кирди.
Шу аснода бугунги вазиятимиз ҳақида ҳам икки оғиз гап айтиб ўтиш зарур.
Ўз тилини унутган, унутаётган, унутишга мойил, ўзи мансуб тилнинг устидан куладиган кишида ҳеч қандай ор-номус йўқ, бундай кимсанинг ҳеч қандай муқаддас нарсаси бўлмайди. Жамоат жойларида, турли йиғинларда русча, туркча гапириб, ўзбекча саволга ҳам атайлаб русча жавоб қиладиган ўзбекларни ҳам кўриб қоламиз. Бундайлар ёшларимиз орасида ҳам бор. “Мен фалон хориж тилини ўрганяпман, шунга шунчами?” дейдиганлар ҳам топилади. Аммо аслида ундай эмас. Ўз тилидан уялади улар, ўрисча ёки туркчи гапирса ақлли, замонавий бўлиб қоладигандек ҳисоблашади ўзларини. Бу ёшларнинг бу аҳволига ҳам катталар айбдор. Негаки, болани тили ая-дада, деб чиққан кунданоқ рус, инглиз тилидаги боғчаларга, кейинроқ рус мактабларига беряпмиз. Бола қайси тилда гаплашишни ўрганса, ўша тилга мансуб халқнинг руҳида улғайишини ҳисобга олмаяпмиз. Шахсий тажрибадан аёнки, хорижий тилни, комьпютер технологияларини, замонавий илмларни ўрганишга кеч қолмас экан одам, аммо ўзбеклик, миллий маънавий қалбда жамғариладиган илм – Ўзликни ўз вақтида ўзлаштирмаса, кейин жуда кеч бўлади. Хўрозқанд чет элники бўлса, ётиб ялашни хуш кўрадиган табиатли кишилар сони ортиб кетяпти. Ана шу каби одамлар орасида улғаяётган йигитчага “Энг катта орзунг нима?” деб савол берсангиз, у иккиланмай “Гринкард ютиб, Америкага кетиш” деб жавоб беради. Бутун ҳаёти кўз олдида ястаниб турган ўсмирнинг орзуси гринкард. Пул топиш, кўпроқ топиш... шу билан орзу тугаяпти. Катта одам бўлиш, кимларгадир фойдаси тегиш, ватанга хонисанилло хизмат қилиш деган гаплар бу йигитчага кулгули туюлаяпти. Бу секин таъсир қилувчи оғудек аста-секин, халқни ичкаридан емириб боради.
Гапирса – гап кўп!
Шерзодхон Қудратхўжанинг ўзбек тилига ҳурматсизлик қилмаслик лозимлиги тўғрисидаги чиқишини мен бир сўз билан ифодаладим: У ўз ҳақини талаб қилди! Ўзбекистон деган ватанда туриб, давлат тили бўлган ўзбек тилига билдирилган совуқ муносабатни ичкуярлик билан баҳолади у.
Собиқ СССР даврида ёзилган тарихга суяниб, шу китоблардан иқтибос олиб яшаётган, ҳануз неларнидир қумсаётган кишилар оддий халқ мақолини ёдга олиши керак: Ўтган қишнинг совуғи йўқ!
Бу ибора ёдимизга парчаланиш арафасида турган Шўро империясининг мазлум ўлкаларга қилган охирги қатағонларини эслатиши шарт. Русча билмаган киши ишга олинмаган, ҳатто жамоат транспортидан тушириб юборилиш даражасига етган, халқнинг неки миллий қадрияти бўлса, топталган (жаноза, Наврўз, намоз ва ҳоказо...) бир даврни кўрган кишилар ҳали кексайиб ҳам улгургани йўқ.
Мамлакатлар ўртасидаги сиёсий-иқтисодий, маданий алоқалар бардавом ва адолатли бўлиши лозим. Бунинг учун ҳар ким ўзи танлаган йўли ва позициясига эга, шунда собит бўлиш шарт. Ҳали дунёнинг кўплаб давлатлари харитадан жой олмаган пайтларда ўзбек тилида асарлар битилгани, тарих ёзилганини ва мустабид давр жуда катта олтин меросни ёқиб-куйдириб, сохталаштириб йўқ қилганини билиш ҳар бир ўғил-қизга ҳам фарз, ҳам қарздир.
Шу нарсаларни билмай туриб эса ғурур юксалмайди, ўзини ҳурмат қилиш ҳисси қўзғoлмайди. Бу нарсани айниқса, миллат зиёлилари, қолаверса боласини рус мактабига пул бериб бўлса ҳам жойлаб қўяётган кишилар билиши зарур.
Ўз-ўзидан саволлар туғилади: Нега Шерзодхон Қудратхўжа домланинг икки оғиз гапи айрим босқинчилик руҳидаги рус сиёсатчиларига малол келади, нега биргина Шаҳидлар хиёбонида қатл этилган 14 ярим мингдан зиёд (!) ўзбекнинг гавҳардек фарзандларининг тарихи ўрганилса, улар хизмат қилган тил ҳимоя қилинса бировларга оғир келади?
Бу саволларга халқимизнинг зиёлилари, боғчадаги тарбиячидан, муаллимдан тортиб адиб-у шоирларигача ўз жавоби бўлиши зарур. Қачонгача Шайбоний ёмон, Мирзо Бобур яхши, Қодирий яхши, уни қаматганлар ёмон, деб тарихни ноқобиллик билан ковлаб, ўзликнинг, миллатнинг яхлитлигини хавф остида сақлаш керак? Бунинг ўрнига якка мушт бўлиб дунёга – бўлаётган турли таҳдидларга жавоб излаш керак эмасми?
Хулоса шулки, Шерзодхон Қудратхўжанинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишини ўзбекона орият билан қабул қилиш, қўллаб-қувватлаш зарур!
Шодмонқул САЛОМ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ