“Ҳамма ростгўйлар ҳам сиддиқ бўлолмайди”. Пайғамбарлик фазилатларидан бири ҳақида Навоий қарашлари


Сақлаш
17:02 / 14.02.2024 243 0

Маълумки, Навоий шеъриятида тасаввуф ҳақиқатларини акс эттирувчи талай байту ғазаллар мавжуд. У “Ғаройиб ус-сиғар” девонидаги бир ғазалда сидқ ила ишқ йўлида эришилган гадолик ҳатто подшоҳлар тахту тожини, бор давлатини бериб ҳам топа олмайдиган юксак мақом эканлигини уқтиради.

 

Навоий, сидқ ила бўлғил гадо ишқ ичраким,

Тахту тожин берса, бу давлатни топмас подшоҳ.

 

Тасаввуф ростлик ва сидқу садоқат йўлидир. Навоийнинг таъкидлашича, Шуайб алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломнинг қўлига ҳасса тутқазиб, уни тўғри йўлга бошлаб қўйгани каби ҳақиқий муаллим – муршид ҳам муридига ростликдан таълим беради ва йўлга солади.

 

 Ростлиғ иршоди бу йўлда қилур толибға пир,

Рост ул янглиғки, Мусоға асо берди Шуайб.

 

Бошқа бир шеърда эса тасаввуф сулукидаги энг юқори мақом – фақрни қасд этган солик бу йўлга сидқ – комил ишонч, тўғрилик ила кирса, у улуғ инсонлар наздида ҳам, тубан кишилар наздида ҳам эътиборга эга бўлади.

 

Давлати фақр истагил, нечунки бор, ул кўй аро

Сидқ ила киргач, агар аълову гар адно писанд.

 

Навоий зарур деб билган ҳақиқатларни, тушунчаларни керакли ўринларда ранг-баранг шаклда ифода этаверади. Жумладан, у “Лисон ут-тайр” достонининг хулоса қисмида ёзишича, қушлар айнан “ихлос” ва “сидқ” билан Фано водийсига етиб келадилар. Семурғ зотини талаб қилишда бу икки хислатнинг  шарт эканини таъкидлайди:

 

Чун аларға сидқу ихлос бўлди ёр,

Бу иккиликнинг талабда дахли бор.

 

Улуғ шоир “Насойим ул-муҳаббат” асаридаги кўплаб шайх, мутасаввифларга бағишланган фиқраларида сидқнинг турли қирраларини ёритган. Унинг хабар беришича, Абдулвоҳид ибн Зайд раҳматуллоҳи алайҳнинг Расулуллоҳ с.а.в.дан: “Сидқ Аллоҳ субҳонаҳуга амал ила вафо қилишдир” ҳадисини ривоят қилган. Яна шу асарда ёзилишича, Шайх Абулҳасан Харақонийдан “сидқ нима? деб сўраганларида, Сидқ улдурки, кўнгул сўз айтғой, яъни они дегайки, кўнглида бўлғай” деб жавоб берган экан.

 

Сидқ тушунчаси айрим сўфий ва орифа аёллар ҳаётида ҳам алоҳида аҳамиятга молик бўлган. Суфён Саврий машҳур Робия Адавия раҳматуллоҳи таолодан йиғлашининг сабабини сўраганида, у “... ҳар нимага самараедур ва маърифат самараси юз Тенгрига келтурмакдур. Ва ҳам ул дебдурки, оз сидқ ила астағфируллоҳ демоқликдан астағфируллоҳ дейман” деб жавоб берган.

 

Айнан юқоридаги фикрларга муштарак қарашлар Навоийнинг “Назм ул-жавоҳир” асаридаги рубоийларда ҳам маҳорат билан давом эттирилган. Жумладан, ҳазрат Алининг Сидқ ул-маръи нажотуҳу” (Кишининг тўғри сўзлилик фазилати унинг нажоткоридир) ҳикмати шоир томонидан қуйидаги лирик ифодасига эга бўлган:

 

Сидқ ичра қачонки чиқса оти эрнинг,

Фош ўлса садоқатда сифоти эрнинг,

Хушроқки тавил ўлса ҳаёти эрнинг,

Ким, сидқдинўқ дурур нажоти эрнинг.

 

Ёки “Яблуғ ул-маръу бис-сидқи манозил ал-кибори” – “Киши ростгўйлик билан улуғлар даражасига етади” ҳадиси Навоий томонидан ўқувчининг қалбига ҳам ақлига ниҳоятда таъсирли тарзда ҳавола этилган:

 

Норостки қолди хору зор эл ерга,

Ўлтурди лаиму хоксор эл ерга,

Десанг нетай аҳли эътибор эл ерга,

Сидқ айлаки, етгайсен канор эл ерга.

 

Сидқ ила юксак мартабалар қозониш мумкинлигининг энг ёрқин намунасини пайғамбарлар тарихидан билишимиз мумкин. Навоий “Тарихи анбиё ва ҳукамо”да ёзишича, “...Ул вақтдур Ҳақ таоло малоикага Иброҳим алайҳиссаломнинг сидқу таваккулин кўргузуб, ҳар ойинаким ўтни анга гулистон қилди, Намруд гумроҳға асар қилмай, Иброҳим а.с.ни Бобил шаҳридин ихрож қилдурди”. Бизга маълум бўлганидек Иброҳим а.с.нинг комил ишонч ва садоқати туфайли Аллоҳ таоло улкан олов майдонини гулистонга айлантиради ва биҳиштдин Исмоил а.с. ўрнига келтирилган қўчқорни қурбонлик қилганида уни қабул қилади.

 

Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб”да ёзишича, ақлли одам ёлғон гапирмас, аммо барча рост гапни айтавериш ҳам тўғри эмас. Бировнинг кўзи ғилай бўлса, бунга унинг ўзи айбдор эмас, бу Яратувчининг ишидир. Унинг нуқсонини юзига солмоқ, чин бўлган тақдирда ҳам, нима лутфи борки, бу – Ҳақнинг яратиғига эътироз билдирмоқ ва бировни ноҳақ хижолатга қўймоқ ва ўзининг нодонлигини ошкор этмоқ ва бир кўнгилни маломат қилмоқдир. Бундай ваҳшатли чин сўз айтгандан кўра, мулоҳаза билан айтилган (муросасоз) ёлғон яхшироқдир[1].

 

Тилимизда ўта ростгўй ва алоҳида фазилатга эга бўлган кишилар сиддиқ дейилади. Сиддиқнинг турли маъно товланишлари бор:

 

1. Сиддиқларга хос бўлган асосий хусусиятлардан бири ростгўйлик ва садоқатдир. Лекин бу дегани ҳамма ростгўйлар ҳам сиддиқ бўлолмайди.

 

2. Сиддиқ исломдаги аввалги халифа ҳазрат Абубакр сифати (Абубакри Сиддиқ)[2]: Сиддиқ ҳақидаги қарашлардан, бадиий матнлардан аён бўладики, сиддиқлар валоятнинг аъло ва нубувватнинг адно (қуйи) даражасида турадилар. Навоий Абу Бакр Сиддиқ р.а. таърифида битган сатрларида у зотнинг содиқ ва сиддиқ эканига диққатни қаратади:

 

Содиқу сиддиқ ҳамрози онинг,

Ҳар ёмон-яхшида дамсози онинг...

Муқтадои зумраи таҳқиқ ул,

Собиқ ислом аҳлиға сиддиқ ул...

 

Маълумки, ислом оламидаги илк халифа ҳазрат Абубакр р.а. исро ва меърож ҳодисасини энг биринчилардан бўлиб тасдиқлагани учун ҳазрат Пайғамбаримиз унга Сиддиқ, яъни иймони кучли, энг ростгўй деган лақаб берганлар. У зот Муҳаммад (с.а.в.)нинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилишларида йўлда ҳамроҳ ва ғорда ҳамнишин бўлган.

 

Навоий “Наводир уш-шабоб” девонидаги Расулуллоҳга бағишлаган наътларининг бирида сидқ пайғамбарликнинг 46 фазилатидан бири эканлигига урғу беради ва айни пайтда Расули акрамнинг юксак сидқини таърифлайди.

 

Келиб сидқинг оллида сиддиқлар,

Анингдекки, сиддиқу аҳли риё.

 

Яъни, сиддиқлар ва риёкорларнинг ростгўйликлари орасида қанча фарқ бўлса, ҳазрат Пайғамбарнинг ва сиддиқларнинг сидқлари орасида ҳам шунча тафовут бор...

 

3. Олий тоифа валийларга берилган сифат. Навоий “Насойим ул-муҳаббат”да Абу Ҳамза Бағдодий қ.с.нинг сиддиқлар ҳақидаги ушбу теран мазмунли ҳикматини келтиради: “...агар ғафлат бўлмаганда эди, сиддиқлар Аллоҳ зикри нашъасидин ҳалок бўлур эрдилар! Ва ҳам ул дебдурким, фақирларни дўст тутиш оғир, унга сиддиқлардан бошқалар чидай олмайдилар”. Ва Абу Саид Зоҳид дебдурким, Закарийёни кўрдум ва суҳбат туттим, сиддиқлардин эрди. Шунингдек, шоир Абу Саид Харроз ва  Закарийё б. Яҳё Ҳиравий қ.с.ларнинг ҳам Сиддиқлардан эканини айтади. Навоий “Насойим ул-муҳаббат”да  сиддиқларнинг  ўзига хос хусусиятларидан бири ҳақида шайх Сирвонийнинг шундай сўзини келтиради: “сиддиқларнинг хотиридан кетадиган охирги нарса – раёсат севгисидир.

 

Навоий  “Маҳбуб ул-қулуб” рисоласида ишқнинг 3- ва энг юқори даражаси сиддиқлар ишқи ҳақида жумладан шундай дейди : “Учинчи қисм. Сиддиқлар ишқи бўлиб, улар Ҳақнинг жамолини очиқ кўриш истаги билан куйиб ёнадилар. Талаблари шудир. Улар Ҳақни кўз билан мушоҳада қилиш умиди туфайли ўзни унутиш даражасига етган ва бундан ҳам ўтиб, фано мақомини ҳосил этгандирлар.  ... ҳоллари Маъшуқ жамоли мушоҳадаси (кўриш) талабида ва машғулотлар ҳам унинг мулоҳазаси билан ва кўнгиллари висол майи насибасидан беҳуш ва маст. Кетма-кет тажаллий нуридан аъзолари шикастланган. Руҳлари висол бодасидан бошқа нарсани хоҳламайди ва Ҳақ мушоҳадасидан бошқа нарса билан кўнгиллари ором олмайди...”

 

Юқорида айтганимиз каби ростгўйлик қанча олий фазилат бўлса, ёлғончилик шу қадар кечириб бўлмайдиган гуноҳдир.

 

Ҳадислардан бирида ривоят қилинишича, ҳазрат Пайғамбаримиздан сўрашган. Мўмин одам бахил бўлиши мумкинми? Ҳа, деганлар. Хасис бўлиши мумкинми? Ҳа, деганлар. Ёлғончи бўлиши мумкинми, деганларида, Йўқ! деб жавоб берган эканлар. Навоий “Маҳбуб ул-қулуб”нинг 50-51, 59, 60, 123-танбеҳларида ёлғончилик, ёлғон гапиришнинг гуноҳ ва хунук оқибатларига кенг тўхталади. Ҳатто ёлғончини Аллоҳнинг душмани деб маломат қилади.  Жумладан: 50-танбеҳда Ёлғончи – Ҳақ олдида гуноҳкор, халқ олдида эса шарманда”, деса, 123-танбеҳда “Ҳақнинг дўстлари садоқат ва покликнинг конидир. Ҳақ душманлари ёлғончидирлар” деб таъкидлайди.

 

Дарҳақиқат, Қуръоннинг кўплаб оятларида Аллоҳ ваъдаларини ва Пайғамбарлар хабарларини инкор қилган кишилар лаънатланган ва дўзахга маҳкумликлари айтилган. Жумладан, “Анкабут” сураси, 68-оятда шундай дейилган: Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки ҳақиқат (Қуръон) келган чоғда уни ёлғонга йўйган кимсадан кўра ким ҳам золимроқдир. Кофирлар учун жаҳаннамда жой бор эмасми?”

 

Таъкидлаш керакки,  ўтмиш уламоларимиз ёлғоннинг энг оғир кўриниши диний эътиқод ва ҳақиқатларни инкор қилишдан иборат эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтганлар.

 

Навоий ростлик ҳақида сўз юритиш асносида ҳам ёлғон гапирмасликни эслатиб ўтган. “Ҳайрат ул-аброр”да ростликнинг фазилатларини хотирлатган Навоий Расулуллоҳнинг “...ёлғончилар менинг умматим эмас” деган ҳадисларини  эслатиб ўтади ва шундай дейди: “...кимки ёлғон гапиришни одат қилган бўлса, уни эру мусулмон деса бўлмайди. “...қандай бир оғир вазиятда қолган бўлсанг ҳам, чин гапиришнинг иложи бўлмаса, ёлғонни ҳам гапирма”[3] дейди.

 

Шоир айрим ўринларда тазод санъати воситасида иккала сўзни ёнма-ён қўллайди. “Ғаройиб ус-сиғар” девонидаги рубоийларидан бирида шундай дейди:

 

Бир айбға гарчи халқ қилғай мансуб,

Фақр аҳлидин изтироб эмастур маҳсуб.

Сидқ эрса худ этмак керак ўз феълини хўб,

Кизб эрса, маломат дағи бордур матлуб.

 

Яъни, агар халқ бирор айбга мансуб қилган одам фақр мақомига эришган кишилардан бўлса, унинг изтироб чекиши керак эмас. Агар халқнинг гапи рост бўлса, у ўзини ислоҳ қилиши, ёмон феълини тузатиши керак. Агар халқ гапи ёлғон бўлса, фақирлар учун маломат ҳам хуш кўрилган нарса. Чунки  тасаввуфда маломатнинг ҳам ўзига хос яхши тарафлари бор.

 

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадислардан бирида айтиладики: Ўзингизга ростгўйликни лозим тутинг, чунки ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириб, ростгўйликка амал қилади, ҳатто Аллоҳ ҳузурида “сиддиқ” деб ёзиб қўйилади. Ёлғондан сақланинг, чунки ёлғон гуноҳга бошлайди. Гуноҳ дўзахга етаклайди. Киши ёлғон гапириб, унга риоя қилишда бардавом бўлади, ҳатто Аллоҳ ҳузурида “каззоб” деб ёзиб қўйилади”[4].

 

Англашиладики, Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида ростгўйлик ва ёлғончилик ҳақида жуда теран ва мулоҳазали фикрларни баён қилган. Шоирнинг бу борадаги қарашлари бугунги кунда ҳам ёшларимизнинг таълим-тарбияси учун  долзарб ва зарур бўлиб қолаверади.

 

 Сайфиддин  РАФИДДИНОВ,

филология фанлари номзоди



[1] Алишер Навоий. Маҳбуб ул-қулуб (Ҳозирги ўзбек тилига табдил). Мазкур асар, 140-бет.

[2] Қаранг: Аҳмад Лутфий. Ҳазрат Абубакр Сиддиқ(разияллоҳу анҳу). Тошкент. “Шарқ” нашриёти. 2014.

[3] Алишер Навоий. Хамса (насрий баён). Мазкур асар, 78-б.

[4] Абу Абдураҳмон ас-Суламий. Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси. Тошкент. “Matbachı’’ нашриёти. 2023. 118-бет.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси