"Қизғалдоқ баргидек учар дилдан ғам..." ёхуд Абдулла Орипов ижодининг фалсафий талқини


Сақлаш
12:36 / 05.08.2021 914 0

1321 йил, 1441 йил, 1941 йил ва 2021 йил. Бу саналар нимани англатади? Уларнинг бир-бирига қандай боғлиқлиги бор?

1321 йилда – жаҳон адабиёти намояндаси, буюк шоир ва олим, сиё­сатчи ҳамда файласуф, Италия адабий тилининг асосчиси Данте Алигьери «Илоҳий комедия» достонини ёзиб тугатган.

1441 йилда – улуғ шоир ва мутафаккир аждодимиз, ўзбек адабий тилининг асосчиси Алишер Навоий ҳазратлари таваллуд топган.

1941 йилда – Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири, Ўзбекистон Рес­публикаси Давлат мадҳиясининг муаллифи Абдулла Орипов туғилган.

2021 йилда – «Илоҳий комедия» достонининг 700 йиллиги, Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги ва Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланмоқда...

Модомики, Абдулла ака, бир томондан, Навоий ҳазратларидан сўнг ўзбек шеъриятидаги энг машҳур ва марғуб шоир сифатида эътироф этилгани, иккинчи томондан, севимли шоиримиз «Илоҳий комедия» достонининг таржимони экани назарда тутилар экан, ушбу саналар ўртасидаги узвий боғлиқлик янада ойдинлашади.

Содда қилиб айтганда, жорий йилда Алишер Навоий бобомизнинг 580 йиллиги билан «Илоҳий комедия» дос­тонининг 700 йиллиги байрамлари чорраҳасида Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланаётгани шунчаки тасодифдан кўра, илоҳий қонуниятга кўпроқ ўхшайди, назаримизда.

Таниқли адабиётшунос олимлар Илҳом Ғаниев ва Нодира Афоқованинг 2021 йилда “Muharrir” нашриёти томонидан чоп этилган «Абдулла Ориф фалсафаси» китобини мутолаа қилиш асносида, бу фикр бежиз эмаслигига яна бир бор амин бўлдик. Бинобарин, Устоз шоиримиз руҳи покларига бағишланган ушбу адабий-илмий асарда муаллифлар ўзларининг қарийб ўттиз йиллик тадқиқотлари натижаларини жамлабдилар.

Бу йил Абдулла Ориповнинг қутлуғ тўйи баҳона бўлиб, турли нашриётлар томонидан шоир асарларидан намуналар, унинг ҳаёти ва ижодига доир бир қанча янги китоблар чоп этилди. Ўз навбатида, И.Ғаниев ва Н.Афоқованинг ушбу китоби шоир ижодини ичдан нурлантириб, элга манзур қилиб турган қирралар, бадиий сўз қудрати, миллий ҳис-туйғулар ва умумбашарий ғоялар, жайдари фалсафалар, серқатлам маънолар, метафорик образлар инсон тақдири, давр, илоҳий таълимотлар билан уйғунликда таҳлил ва талқин этилгани билан алоҳида ажралиб туради.

Аввало, муаллифларнинг ўзлари таҳлил ва талқин этган ҳар битта муҳим воқеа-ҳодисага берган таърифлари қисқалиги, аниқлиги ва ниҳоятда таъсирчан мазмунга эгалиги билан эътиборимизни тортди. Муаллифлар қайд этиш­ларича, «ижод – бу кашфиёт, яратиш завқи, ўз-ўзини англаш, намойиш қила билиш, ўз ҳақиқатига ўзгаларни ишонтириш ва эргаштириш, бутун бир муҳитни ўзгартиришга интилиш қудрати, илоҳий илм ва зеҳн, олам ва одамни ичдан чуқур билиш санъати ҳамда масъулияти. Абдулла Ориповнинг ўз таъбири билан айтганда, эҳтиёж фарзанди».

Китобда бундай мағзи тўқ жумлалар жуда кўп. Шулардан айримларини келтирамиз:

«ижодкор – аслида уйғоқ фикрли доно шахс, келажакни кўра олувчи мунаввар сиймо»;

«ижод – халқни огоҳликка чорлов, комил ахлоқли бўлишга даъват, ҳаётда қайси томонда турса, саодатманд бўлишини кўрсатувчи соғлом фикр, ғоя, эътиқоддир»;

«адабиётнинг вазифаси – инсоншунослик, инсонни ўрганиш»;

«инсон – энг юксак мақом, рутба билан шарафланган зот»;

«шеър – оний кайфият сурати»;

«шеър – руҳнинг сурати»;

«шоир – санъаткор»;

«Абдулла Орипов – туркий сўз санъаткори, ўзбек шеъриятининг йўлчи юлдузи»;

«Абдулла Орипов ижоди – адабий синтезнинг гўзал намунаси»;

«Абдулла Орипов – миллий анъана ва жаҳон адабиёти бадиий тафаккурини ўзида уйғунлаштирган сўз санъаткори».

Бир ўринда ҳатто шоир «шеъриятимизнинг симфоник оркестри» дея ғаройиб, айни чоғда, мантиқан жуда асос­­ли тавсифланган. Китоб муаллифларининг эътироф этишича, «Абдулла Орипов ижодида ҳар бир сўз узукка қў­йилган кўздек нурланиб, мазмун билан уйғунлик ҳосил қилади. Ҳар бир шеър бир симфония, унинг ўз нотаси бор».

Яна бир ўринда Абдулла Орипов ижодига берилган қуйидаги яна бир таъриф диққатимизни жалб этди: «Шоир ижодининг асосида худодод истеъдод, букилмас метин ирода ва жасорат, эътиқод, эрк ва озодликка қатъий интилиш ва кураш, миллатпарварлик ва бағрикенглик туради. Буларнинг барчасини ҳаракатга келтиргувчи куч эса руҳий-маънавий эҳтиёж саналмиш адолат ва ҳақиқатга ташналик, муҳаббатга садоқат, собит эътиқод ҳамда яхшиликни улуғлашдир».

Бундай теран фалсафа билан суғорилган юксак баҳо ва хулосалар шунчаки, ўз-ўзидан туғилиб қолмайди. Бинобарин, «Абдулла Ориф фалсафаси» китоби муаллифлари улуғ шоир ижодини узоқ вақт мобайнида ва чуқур илмий-назарий асосда ўрганиб келаётганларининг яққол далолатидир бу.

Ҳақиқатан ҳам, таниқли олимлар И.Ғаниев ва Н.Афо­қова 1984 йилдан буён мутафаккир шоиримизнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиб келган. Жумладан, Нодира Афоқова 1995 йилда шоир ижоди бўйича диссертация ёқлади ва ўша йили унинг бир йўла иккита китоби — «Абдулла Орипов лирикасида бадиий санъатлар» ва «Шеър, ҳадис, ҳикмат» асарлари нашр этилди. Сўнгра, 2006 йили олиманинг турмуш ўртоғи Илҳом Ғаниев билан ҳамкорликдаги тадқиқотлари маҳсули бўлмиш «Озод руҳ фалсафаси» китоби дунё юзини кўрган.

Шу маънода, муаллифлар Абдулла Орипов ижодининг турфа йўналишлари — шеърият, таржима, адабий танқид, публицистика, жамоатчилик фаолиятига теран назар солган ҳолда, шоирнинг дунёвий ва илоҳий фанлардан ҳам, инсоният тарихидан ҳам, жаҳоннинг кўплаб халқлари адабиётидан ҳам чуқур бохабарлигини кўра билганлари ҳар томонлама асослидир. И.Ғаниев ва Н.Афоқованинг Абдулла Орипов ижодига бағишланган янги китобига хос бир қатор жуда муҳим ва бетакрор хусусиятлар бу фикримизни тасдиқлайди.

Биринчидан – китобда Абдулла Ориф фалсафаси, муаллифлар ибораси билан айтганда, «Орифона фалсафа» ишончли негизларда ёрқин очиб берилган. Зеро, «шоирнинг ҳар бир шеърида поэтик умумлашма — шарқона донишмандлик, ҳикматнавислик, панднома, жайдари фалсафа мавжуд».

Алишер Навоий ҳазратлари Инсонга таъриф берар экан, «Ҳақ сирри зотида пинҳон» деб қайд этгани бежиз эмас. Ўз навбатида, Абдулла Орипов Инсоннинг моҳиятини мухтасар шундай ифодалаган:

Коинот гултожи инсондир азал,

Ундадир энг олий тафаккур, амал.

Ҳатто у тубанлик ичра ҳам танҳо,

Ё фалак, ижодинг бунча мукаммал.

Муаллифлар таъбири билан айтганда, Абдулла Орипов ижодида инсон образининг тадрижини текшириш шоирнинг нафақат бадиий-фалсафий қарашлари, балки қалбида кечган ижодий эврилишлар кардиограммасини аниқлаштириш имконини беради. Энг муҳими, Абдулла Орипов шеърларининг маҳзанида сўз сеҳри ва қудратига чексиз ишонч ўз мужассамини топган.

Шоир наздида самимий, чин ва адолатли сўз дунёни ўзгартиришга, кулфатларга қалқон бўлиш ва маданий оламни бирлаштиришга қодир. Абдулла аканинг шеърий мисраларида безовта қалб изтироби, исён ва ўтли нафаси, тўлиб турган миллат дарди, келажакнинг гоҳ аччиқ соғинчи зуҳур этиб турганини кўрамиз. Бинобарин, мавлоно Жалолиддин Румий лутф этганларидек, «сўзда руҳ бор».

Иккинчидан — китобда Абдулла Орипов ижодида устувор аҳамият касб этган борлиқ ва унинг Яратувчиси, табиат ва инсон муносабатлари, умрнинг мазмуни, оламнинг сири, замон ва макон, Вақт, ақл ва идрокнинг дунё ва одамнинг моҳиятини англаш жараёнидаги ўрни, ҳар бир воқеликнинг сабаб ва оқибати каби муаммолар қизиқарли, мантиқий тугал ва илмий асосланган тарзда таҳлил этилган. Таҳлил хулосаси шуки, шоир шеърларида тафаккур ва ҳукм-мулоҳаза ўртасида ўзаро муносабат, узвий боғланиш бор.

Учинчидан — китоб муаллифлари даҳо ижодкорнинг халққа бўлган муносабати, яъни халқпарварлиги ва миллатсеварлигини ўзига хос соҳир бир маҳорат билан талқин этган. Уларнинг фикрича, «Абдулла Ориповнинг битганлари шунчаки байтлар ёки байтлар мажмуи эмас. У ўз асарларида изчил равишда халқнинг қудратли тимсолини ярата олди. Бу тимсолда Фитрат изтиробларининг зардоби, Чўлпон ишончининг тадрижи, Ойбекнинг жимжит ўкинчлари, Ғафур Ғулом ифтихорининг гулдурослари, Миртемирнинг майин лиризми, Шайхзода тафаккурининг даҳоси муболағасиз мужассамлашгандир».

Абдулла Ориповнинг муҳаббат, ҳижрон, она, баҳор ҳақидаги шеърларидан тортиб, ўз даврида руҳий тутқунлик — эрксизликка қарши миллий бирлик, курашга чорлаган исёнкорлик руҳидаги шеърларигача, яъни халқимиз кўпини ёд биладиган ана шу нодир назм жавоҳирларини И.Ғаниев ва Н.Афоқова «халқнома» деган ибора билан ифодалар экан, ушбу шеърларда жуда муҳим, такрор-так­рор тилга олинган алоҳида бир мавзу ҳам борлигига эътибор қаратган.

Бу – бирлик мавзусидир. Хусусан, Мустақилликнинг бир йиллиги нишонланган кунларда ёзилган «Туркистон болаларига» ёки 1994 йили битилган «Халқ» шеъри, умуман, шоирнинг бутун ижоди моҳиятига, мағзига буюк бирлик соғинчи, муаззам истиқбол орзуси сингдирилгани ҳар қанча таҳсинга муносибдир.

Тўртинчидан — китобда шоирнинг қалби ўз Ватанига чексиз меҳр-муҳаббат ва садоқат, ғурур-ифтихор ва шаън-шавкат туйғуларига тўлалиги ҳақида жуда мантиқий фикр-мулоҳазалар, илмий асосга эга аниқ хулосалар қайд этилган. Буни, айниқса, Абдулла Орипов Ўзбекистон та­биатининг такрорланмас гўзалликлари мусаввири эканига доир етук илмий-бадиий талқинлар мисолида яққол кўриш мумкин.

Бешинчидан — китоб муаллифлари Абдулла Орипов ижодининг мағзи-мағзида табиий бир маҳзунлик, мунг борлигини наинки илғай билган, айни чоғда ана шу ҳолат, биринчидан, дунёни драматик идрок этишдан келиб чиқса, иккинчидан, реал ҳаётнинг шоир шахси, ижодига таъсири, муносабатларнинг сўзга кўчган суврати эканини юксак илмий-бадиий асосда нафис шарҳлаб ҳам берган.

Муаллифларнинг фикрича, «Ижод аслида шахс ва жамият ўртасидаги қандайдир бир мувозанатнинг бузилиши, тўқнашув, зиддият, ҳақсизлик ва қарашлар манфаати ўртасидаги қарама-қаршиликдан туғилади. Шу жараёнда истеъдод, илҳом ва ғоя, миллий анъана ва жаҳоний тафаккур синтезлашади».

Олтинчидан — китобдаги «Кўҳна торнинг янги наволари» фасли бизни Абдулла Ориповнинг аруз вазнидаги ижоди тарихи ва мазмун-моҳияти билан яқиндан таништиради. Шоир аруздаги биринчи шеърини 24 ёшида, яъни 1965 йилда ёзган. «Этгали» радифли ушбу ғазал анъанавий ишқий мавзуда битилган. Шу тариқа «Бу кун», «Кетмоқдаман», «Аён бўлгай» каби орифона ғазаллар силсиласи ишқ мавзусидаги роман боблари сингари бир-бирини тўлдириб борган.

Еттинчидан — муаллифлар Абдулла Орипов шеъриятида шундай фавқулодда, жавоҳирдай порлаб турган мис­ра ва байтларни ҳассос бир синчковлик билан тараннум этганлар. Хусусан, «Қизғалдоқ баргидек учар дилдан ғам...», «Япроқлар учида ой нури зарҳал...», «Ҳали лаб тегмаган кулгулар олдда...» каби турли шеърлардан олинган сара мисраларни, ҳеч муболағасиз, шоҳ сатрлар дейиш мумкин.

Саккизинчидан — китобда Абдулла Ориповнинг «Ҳаж дафтари» ва «Ҳикмат садолари» туркумларига киритилган шеърлари илк бор атрофлича ва чуқур таҳлилга тортилган. Бунда муаллифлар, авваламбор, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Имом Яҳё бин шараф ан-Нававий каби Шарқ мумтоз шеърияти намояндаларининг қирқта ҳадис асосида яратилган «Арбаин ҳадис» йўналишидаги асарларига мурожаат қилганлари бежиз эмас.

Чунки бу йўналишдаги назмий мажмуалар Муҳаммад пайғамбаримизнинг (с.а.в.) «Кимки умматларимга дин хусусидаги қирқ ҳадисни етказса, Тангри таоло уни қиёмат куни фақҳ (ҳуқуқ) билимдонлари, олимлар тўдасига қўшади», деган ҳадиси асосида ёзилгандир. Одатда, ислом дини асослари ва қоидалари («Усул уд-Дин»), Ислом ёхуд Аллоҳ йўлидаги муқаддас кураш («Жиҳод»), тоат-­ибодат ёки одоб-ахлоқ қоидаларини тарғиб қилишга қаратилган бундай асарларнинг барчасида қирқтадан ҳадиснинг шарҳи берилган бўлади.

Олимлар И.Ғаниев ва Н.Афоқова томонидан «Арбаин ҳадис» йўналишидаги анъанавий асарлар билан Абдулла Ориповнинг айни мавзудаги шеърларини қиёсий таҳлил этилгани диққатга моликдир. Натижада муаллифлар қу­йидаги муҳим хулосаларни илгари сурган:

Абдулла Ориповнинг «Ҳикмат садолари» туркуми ХХ асрнинг сўнгги чорагида ўзбек адабиётида бу борадаги анъанани давом эттириш йўлидаги илк уринишдир;

шоир ушбу асарида қирқта эмас, балки элликта ҳадисга шеърий шарҳлар битган;

шоирнинг эътирофига кўра, Каъбатуллоҳ – Оллоҳнинг уйи ёнида туғилган ушбу ўн икки сатрлик шеърлар ҳадисларнинг шунчаки қуруқ шарҳи ёки шеърий баёни эмас, балки жонли ижод жараёнида юзага келган мустақил бадиий асарлар ҳамдир;

«Арбаин» туркумидаги бошқа асарларда аввал ҳадиснинг арабчаси, сўнг форсча ёки туркий таржимаси келтирилиб, шундан кейин назмий ё насрий шарҳ берилса, Абдулла Орипов асарида ҳадиснинг асл шакли келтирилмай, бевосита шеърнинг ўзи берилаверади. Бу ҳам шоирнинг илоҳий илҳом билан мазкур туркумни яратганидан далолат;

Анъанавий «Арбаин» асарларида битта ҳадисга бир шеърий шарҳ бағишланса, Абдулла Орипов назмий туркумидаги шеърларга — бир нечта ҳадис, масалан, «Риоя» шеърига бир йўла саккизта ҳадис мазмуни сингдирилганини кузатиш мумкин;

Абдулла Орипов қаламига мансуб «Ҳикмат садолари» туркумининг ўзига хос хусусиятларидан яна бири шундаки, туркумдаги шеърларнинг айримлари бирор кичик воқеани баён қилса, бошқа бирлари шоирнинг ҳадис мазмунини акс эттирган ҳис-туйғулари ва фикрларидан иборат. Алишер Навоийнинг «Арбаин» асарида эса воқеабанд шеърлар деярли учрамайди;

Алишер Навоийнинг «Арбаин» асаридаги шеърлар асосан тўртлик – рубоий вазнида бўлса, Абдулла Орипов туркумидаги 49 та шеърнинг 48 таси — ўн иккилик ва биттаси тўртлик шаклидаги шеър ҳисобланади.

Бу хулосаларнинг барчаси, ўз навбатида, Абдулла Ориповнинг «Ҳикмат садолари» туркуми, бир томондан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадислари шарҳларига асосланган, узоқ тарихга эга мумтоз анъананинг давоми эканини англатади.

Бадиий асарнинг умрбоқийлиги эса шубҳасиз уни ўқиган ҳар бир ўқувчи ўзгача бир туйғу, янгича бир маъноларни кашф қилиб бориши билан белгиланади. Бинобарин, улуғ рус ёзувчиси Лев Толстой ёзганидек, «Ҳар қандай асар фақат у ҳаётнинг янги томонини очиб берсагина санъат асаридир».

Китобнинг 243-247-бетларида илова сифатида берилган жадвал алоҳида диққатимизни тортди. Унда Абдулла Орипов шеърларида қўлланган истиора, муболаға, талмиҳ, тамсил, тажнис, ташбиҳ, таносиб, тазод, тазмин сингари 53 та бадиий санъат номлари саналган ва уларнинг ҳар бирига шоир шеърларидан мисоллар келтирилган.

Яна бир эътиборли жиҳати шуки, шоирнинг шеърларидаги афоризмлар, яъни ҳикматли сўзлар ҳам бадиий санъат сифатида талқин этилган. Муаллифларнинг фик­рича, Абдулла Орипов афоризмларига хос хусусиятлардан бири – уларда, халқ мақолларидан фарқли ўлароқ, инверсия кучлилигидир.

Бу айни ҳикматлар шеърнинг таркибий қисми экани билан изоҳланади. Шоир: «Бир ҳовуч кул эмиш оташ қисмати», деб ёзади. Грамматика қоидасига кўра: «Оташнинг қисмати бир ҳовуч кул эмиш», тарзида бўлиши керак. Бундай инверсия прогрессив моҳиятга эга бўлиб, афоризмнинг шеърхонга кучли маънавий-ҳиссий таъсир ўтказиши ва тез ёдда қолишини таъминлайди.

Дарвоқе, алоҳида таъкидлаш жоизки, китобнинг сўнгги саҳифаларидан Абдулла Орипов ўз ижоди давомида энг кўп қўллаган сўзлар жадвали жой олган.

Ушбу мўъжаз тадқиқот ҳосиласи билан танишиш асносида Абдулла Орипов «Сўз» сўзини энг кўп – 2 минг 430 марта қўллаганини кўриш мумкин. Шунингдек, «халқ» сўзи – 1 минг 619 марта, «йўл» – 1 минг 607 марта, «жон» – 1 минг 311 марта, «Ватан» – 1 минг 152 марта қўлланилган.

Биз Абдулла Орифнинг шеърларида энг кўп учрашини шу вақтга қадар тахмин қилиб келган «изтироб» сўзи – атиги 119 марта ишлатилган экан. Бундан ташқари, «ҳасад» – 125 марта, «алам» – 427 марта, «ғам» – 531 марта истифода этилган. Бошқача айтганда, Абдулла Ориповнинг шеърлари моҳиятан қанчалик некбин ва ҳаётбахш эканини ҳам ушбу мухтасар жадвал мисолида билиб олиш мумкин.

Шундай қилиб, Абдулла Ориповга замондош бўлган улуғ ижодкор — Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидов таъкидлаганидек, «Шеъриятнинг буюк қуд­рати унинг ишонтириш кучидадир. Биз ҳар бир шеър ортида унинг эгасини кўрамиз, унинг маънавий оламини тасаввур этамиз, ўша шеър ортида турган одам ўзининг самимияти билан, ҳалоллиги билан бизни ўз туйғуларининг чинлигига ишонтирмоғи керак».

Абдулла акадан ана шундай улуғвор, ишончли ва қуд­ратли ижод маҳсуллари халқимизга, бутун инсониятга маънавий мерос бўлиб қолди. Илҳом Ғаниев ва Нодира Афоқованинг «Абдулла Ориф фалсафаси» китоби – ана шу бой ва инжа меросни ўрганиш йўлидаги муҳим залворли қадам, таъбир жоиз бўлса, «маҳзанида сўз сеҳри ва қудратига чексиз ишонч ўз мужассамини топган» шоир ижодининг серқирра, қомусий талқинидир.

Акмал Саидов,
академик.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10418
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//