Китоб ўқувчининг муҳаббати


Сақлаш
11:02 / 13.02.2024 179 0

“Китоб дўконига “Лолазор” келганмиш! Ана бўларкан-ку, қўлимни оёғимга олиб, кечирасиз, шошганимдан адашиб кетдим а, оёғимни қўлимга олиб китоб дўконига чопдим. Афсус, тугаб қолибди. Неча йилдан бери излаганим, бир замонлар талабаликда ўқиганим, китоб жавонимнинг энг тепасида туришини истаганим – “Лолазор” яна насиб қилмади.

 

– Наҳот, тугади, балки битта ярим қолгандир, – дедим умид билан. Сотувчи қиз менинг ҳолатимга ҳайрон бўлди ва деди:

– Яна “заказ” қилганмиз, келади.

– Келсаю, яна шу аҳвол бўлсачи?! Кеч қолсамчи?! – хавотиримни айтишдан тортинмадим.

– Сиз учун битта олиб қўяман, хабар олиб туринг! – деди қиз.

 

Нақ икки ойча хабар олиб турдим. Ҳар ўтганимда сўрайман. Кейинги боришларимда, сўрамасам ҳам “Лолазор” келмади” дейдиган бўлишди. Ишқилиб китоб дўкони ходималари менга “Лолазор” деган лақаб қўйишмасинда. Балки орқаворотдан шундай дейишаётгандир, ҳар қалай буни мен эшитмадим. Аммо ҳар китоб дўконга кирганимда қуруқ қайтмасдим. Бир-икки асарни қўлтиқлаб чиқаман. Китоб жавоним ҳам тўлишиб, чиройли кўринишга келиб қолганди.

 

Кеча дўконга кирсам, не кўз билан кўрайки, “Лолазор”нинг беш-олтитаси турибдида ял-ял ёниб! Кўзларимга ишонмадим. Шартта иккитасини бағримга босдиму пулини тўлашга ошиқдим.

– Вой, сиз ҳам “Лолазор”ни жуфт олдингизми? – деди сотувчи қиз.

– Ҳа, бу ёмонми? – дедим. – Учтадан олиш керакмиди? Ундай бўлса яна битта олганим бўлсин.

– Йўқ. Бу китоб ўтган куни келган эди. Тугаб қолай деди дарров. Ким келмасин “Лолазор”дан иккитадан олиб кетишяпти. Дўконимиз очилганидан бери ҳеч қайси китоб бу даражада сотилмаган эди, – изоҳлади у шоша-пиша.

– Ажойибку! Китоб бунга муносиб! – дедим ишонч билан унга.

 Қанот чиқаргандек, ишхонамга тез қайтиб келдиму, ўқишга шўнғиб кетдим...

 

Шу ўринда шу китоб ҳақида сизга ёлғон, менга чин, бир воқеани айтиб бераман: талабалигимизда бир ҳамхона курсдошимиз “Лолазор”ни бошига ёстиқ қилиб ётарди. Тавба, дастурхон бошидаям шу китоб эди. Бўш қолса, “Лолазор, лолазор” деган қўшиқ айтади. “Ҳой инсон, бунча ёпишиб олдинг, бер қани, биз ҳам мундоқ ўқийлик” десам, ушлаб кўришгада қўймайди, жуда ғалати.

 

Қизиқишим ошиб у ухлаганда, бирор жойга чиққанда беш-ўн варағини ўқийман. Қайдандир келадию, шартта тортиб олиб қўяди. “Зарур бўлса топиб ўқи, лекин бунга қўл теккизма!. Билишимча шу йигитча, “Лолазор” анчагина қисмини ёдлаб ҳам олган эди. Баъзида монолог ҳам ўқиб қоларди. Хуллас, бўлмади, вилоят кутубхонасига бориб, таниш опаларга ялина-ялина ўқилаверганидан титилиб кетган “Лолазор”ни олиб келиб ўқидим. Тугатмагунча “энби” тушсаям дарсга бормасдан ўқийвердим-ўқийвердим. Баъзи саҳифаларини қайта-қайта ўқидим. Кейин ҳалиги курсдошимга айтдимки: “Энди икковимиз тенгмиз” деб. У мудом бизни масхара қилардики, “Сенлар ҳам юрибсизлар, “Лолазор”ни ўқимай!" Биз мулзам қолардик ўша пайтда...

 

Севимли ёзувчимиз Мурод Муҳаммад Дўстга чандон ҳавас қилганман. Ахир, шу китобни деб ёқалашишгача борганларнида кўрдим. Бундан ортиқ ёзувчига не керак, биродарлар! “Шундай асар ёзсангки, китобхон уни ўқиётганида ҳамма нарсани унутса, асар қаҳрамонлари ҳаёти билан яшаса. Китобни ўқиб бўлган куни кечаси билан ухламай, тўлғаниб чиқса… Вақти келиб ўша китобни яна қўлига олганида қайтадан ҳаяжонга тушса… Орзум шу...”, деб ёзган эди устоз адиб Ўткир Ҳошимов. Не ажабки, бу бахт Мурод Муҳаммад Дўстга минг бора насиб этди, десам янглишмаган бўламан.

 

Кези келганда айтиш лозим, мутолаа қилиш бахтига бизни озми-кўпми мушарраф этган беҳад заҳматкаш ва меҳнаткаш дўстимиз Давронбек Тожиалиевга миннатдорчилигимни билдираман. Азбаройи китобга муҳаббати учун жуда қаттиқ ҳурмат қиламан. Бу йигитнинг саъй-ҳаракати билан кўплаб топиш мушкул бўлган нодир китоблар электрон кўринишда “ziyo.uz” сайтидан жой олди. Ҳатто, “Лолазор” ҳам.

 

Лекин мақтаниш бўлсаям айтаман, биз каби китобни суйганларга электрон тарзда ўқиш анча мушкул савдо. Уч-тўрт саҳифани ўқигунча “дод” дейишгача борасан, киши. Лекин электрон шаклининг борига шукур. Буям бир имконият эмасми?! Узр кўп гапириб юбордим, ўзи вақтим камроқ эди, “Лолазор”ни ўқиётган эдим...

 

Дўстбек СУЛАЙМОНОВ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси