Биз ўн етти киши эдик...


Сақлаш
23:37 / 12.02.2024 471 0

Биз синфда ўн етти йигит эдик. Ҳозир қай биримиз юртдамиз, қай биримиз четда. Саноқдаям, ҳисобдаям адашиб кетаман баъзан. Қачон қайси биримиз четга кетиб, қачон қайтган бўламиз, билмай ҳам қоламан. Булар менинг эътиборсизлигимданми, катталигимданми, билмайман. Ёки уларнинг тез-тез мусофир нонини ейиш учун юртлаб кетишиданми, билмайман. Билганим, тарқоқлашиб кетдик. 

 

Бир дона тарвузни сотиб олиб ейиш учун пул йиққан пайтларимиз бўлган. Битта нон ва битта тарвуз ўн еттимизни тўйдирган. Қалин эдик, яқин эдик. Битта хўрозни сотиб олиш учун ўртага пул ташлардик. Бу катта байрам бўларди. Тўярдик. Ойлаб эслаб юрардик. Бирга севардик, йиғлардик, сарсон кезардик.

 

Мен кўпинча хат ёзиб берардим. Жўраларимнинг кўнглидагини қоғозга тўкиб берардим. Тўй бўларди. Тўйлар бўлган, уларнинг болалари бугун хат ёзадиган ёшга етди. Қизлари тўй бўлди... Айниқса, бири. Яслидошмиз... Синфдошмиз... Қўшним, амакиваччам, сирдош дўстим. У билимдонроқ эди, мен жанжалкашроқ эдим. У босиқ эди, ихтирочироқ эди, мен қайсар эдим. У математикроқ эди, мен тилчи эдим. У “йиқилди” шунча билан ҳам. Мен ҳам “йиқилдим”. У кетаман четга, деди. Айтдим-ку, қайсар эдим, мен барибир ўтаман, дедим...

 

Йиллар ўтди. У Кореяга кетди. Мен ўжарман, “авлиёлик” даъво қиламан, кетмайман дедим, ўқидим, қолдим...

Яна йиллар ўтиб кетди. Яқинда у адашмасам, тахминан бешинчи бор қишлоққа қайтди. Кетганига ўн йил бўляпти. “Келинг, қишлоқдаман”, деди. “Шу шанба бораман”, дедим. Боролмадим.

 

Уни таътили тугади, эрталаб телефон қилди, “Яна кетяпман. Ҳеч бўлмаса, катта кўчага чиқинг, бир кўришайлик, бағримга босай”, деди. “Яслидош” жўрамни қучоқламаганимга қанча бўлибдия... “Шунча тез тугадими таътил? Албатта йўлга чиқаман дедим”, – худди катта ҳиммат кўрсатгандек.

“Салом-хайрми?. Бағримга босдим, жўрамни бағримга босишни соғинибман.

“Қачон қайтасиз энди? – дедим.

“Шу сафар охиргиси”, – деди.

 

Сочларига қарадим жўрамни. Иккимизнинг ҳам сочларимиз басма-басига оқаряпти...

“Оқ йўл, дўстим! Боргач хабар қилинг”.

“Албатта, сиз яхшироқ иш топиб қўйинг, у ерларда юргим йўқ, бирор иш қилайлик, дўстим!”

 

У яна кетди. У мендан билимдонроқ эди, яхшироқ эди. Ўн етти киши эдик. Мендан яхшироқлари кўп эди. Билмадим, ҳозир ким шу ерда, ким четда. Тарқаб кетдик, юртга сиғмадик.

 

Исомиддин ПЎЛАТОВ.

Фото: Абдуманнон МУҲАММАД

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 13296
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//