Узоқ йиллик педагогик фаолиятингизда тўплаган тажрибаларингизга таяниб, бугунги кун таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларга муносабатингиз ёхуд баҳойингиз?
Бугунги кун таълимига баҳо беришдан аввал бўлган воқеаларга, вазиятларга бир сидра назар ташлашимизга тўғри келади. Аслида таълим бироз консерватив соҳа. Унга “ҳа” деганда ўзгартиришлар, янгиликлар киритавериш яхши оқибатларга олиб келмайди. Масалан, биз мустақилликдан кейинги йиллар ичида таълимда қанча босқичларни босиб ўтдик. Оддийгина рейтинг тизимини олайлик. ХХ аср 90 йилларнинг бошида чет элга чиқиб келган баъзи мулозимларимиз хориж таълимидаги узуқ-юлуқ тажрибаларни ўзимизга жорий этмоқчи бўлишди. Ниятлар улуғвор эди, лекин таълимдаги реал вазият буни доим ҳам тўғри қабул қилмади. Бунинг устига бир ишни тугатмасдан туриб, бошқасига ўтиб кетиш, ҳайбаракаллачилик ва кампаниябозликка ружу қўйиш, ислоҳотларни охиригача олиб бориш учун сиёсий ироданинг етишмаслиги, баъзи соҳа раҳбарларининг нокомпетентлиги бу ишларни амалга оширишга тўсиқ бўлди. Шунингдек, жараёнга тизимли ёндашилмагани, филни кўришга борган кўрлар каби хориждаги тизимнинг қайси унсури маъқул кўринган бўлса, ўша жойини таълимга жорий қилмоқчи бўлишгани акс натижалар ҳам бера бошлади. Олий таълим турғунлик ҳолатига келиб қолди, яхши ўқийдиган талабалар қатламини йўқотиб қўйдик.
Узоқ вақтлик бу каби сандироқлашлардан кейин ва ниҳоят Президентимиз Шавкат Мирзиёев олий таълимни ислоҳ қилишга қатъий қарор қилди. Беш-олти йилдирки, олий таълим кредит-модуль тизимига ўтмоқда. Шунингдек, президент таълим изчиллигини таъминлаш учун касб-ҳунар коллежлари ва техникумлар ҳам кредит модуль тизимига ўтказилишини таъкидлаб ўтди. Бу каби халқаро таълим стандартларига тизимли равишда ёндашиб бораётганимиз қувонарли ҳол, албатта. Пандемия даврида инсоният бир қанча анъанавий фаолият турларини масофадан амалга ошириш йўлларини қидира бошлади, айниқса, таълим соҳасида бунга ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ эҳтиёж юзага келди. Шу нуқтаи назардан, олий таълим тизимида кредит-модуль тизимини жорий этишни замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Халқаро ҳамкорликлар турли жабҳаларда: хусусан, таълим тизимининг интеграциялашуви, диверсификацияси, байналмиллашуви, оммавийлашув жараёнлари тез ривожланаётгани туфайли ҳам жадаллашяпти. Албатта, бу жараёнлар тезликда амалга ошмаслиги мумкин, лекин бундан бошқа йўл ҳам йўқ.
Кўрсатувларнинг бирида Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар” асари ҳақида фикр билдирар экансиз, “Магарким, буғдой донаси ерга тушиб ўлмаса, бир ўзи қолажак, агар ўлса, унда кўп ҳосил беражак” дегандингиз. Бироз мулоҳаза қилсак, жумладаги “буғдой донаси”ни устозларга қиёслаш мумкин. Кўп ҳосил бериши учун буғдой қандай “ўлиши”, яъни фидо бўлиши керак?
Ҳозир кўрсатувда бу ҳақда айнан нима деганим эсимда йўқ, лекин муқаддас китоб – Инжилдан келтирилган бу жумла мени доим ҳайратга солиб келади. Бу гап фалсафадаги инкорни инкор қонунини ҳам эсга солади, яъни ерга тушган уруғ ўз шаклини инкор этмас экан, ундан минглаб уруғлар униб чиқмайди. Бу мавзудан гап кетганда, ҳазрат Алишер Навоийнинг қуйидаги сатрларини ҳам ёдга олиш мумкин:
Тухум ерга кириб чечак бўлди,
Қурт жондин кечиб, ипак бўлди.
Лола тухмича ғайратинг йўқми?!
Пилла қуртича ҳимматинг йўқми?!
Худди шу сингари муаллимларнинг “кўп ҳосил бериши” учун устозу толибдан ҳам ғайрат, ҳам ҳиммат талаб қилинади. Замон ва вақт ўзгарувчан. Ундаги қонуниятлар ҳам ўзгариб туради. Таълимдами ё бошқа соҳада бўладими, ўзингизни ислоҳ қилиб, ҳар қандай ўзгариш, янгиликлардан фойдали ва ижобий натижалар чиқаришга ҳаракат қилмас экансиз, ривожланишдан тўхтайсиз. Дунёқарашингизни ривожлантириш учун кези келганида ўз-ўзингизни кескин маломат қилишингизга тўғри келади. Бутун коинот ҳаракат туфайли ўзгаришда экан, демак, сиз ҳам янгиланишга мажбурсиз.
Мен футуролог олим эмасман, лекин техник ривожланиш шу тарзда ўсиб бораверса, баъзи бир касблар, жумладан, ўқитувчилик ҳам ортиқчалик қилиб қоладигандай. Чунки интернет платформаси ким нимани хоҳласа ўшани ўқитиб-ўргатиб қўймоқда. Бу менинг шунчаки тасаввурларим, холос.
Баъзан ўтган асрнинг 90 йилларида ўқитган шогирдларим мендан сўрашади: “Ҳозирги талабалар қандай? Бизлардай эмас а?” Йўқ, ҳозирги ёшларнинг ҳам ўзига хос устунликлари бор, камчиликлари ҳам йўқ эмас. Бугун том маънода техника ва технология асри бўлгани боис, илм ва ахборотга бўлган талаб ҳам аввалгиларидан фарқ қилади. Бугунги “X”, “Y”, “Z” авлодларини олдинги давр талабалари билан солиштириб бўлмайди. Улар ҳозирги замон манзарасидан келиб чиқиб, илмга, ахборотга муносабат билдиришади. Бу вазиятда биз устозларнинг вазифаси нима? Бундай ахборот чангалзорида керакли ва тўғри ахборот манбаларини кўрсатиш, ҳар қандай манбага танқидий нуқтаи назардан қарашни шакллантириш, ростни ёлғондан ажратиш учун ҳам устозларнинг кўмаги зарур. Ҳар қандай фаннинг фалсафий негизлари ва қонуниятлари мавжуд, унга талабаларни тўғри йўналтириш муҳим.
Бугун кўр-кўрона илмга эргашаётганлар ёки манфаат ортидан илм қилаётганларни кўриб, номзодлик диссертациянгиз ва докторлик ишингиз орасидаги танаффусда ҳам бир ҳикмат бормикин, деган фикр келади хаёлимизга. Аммо раҳбарлик ва бошқарувдаги масъулият туфайли илмда йўқотилган йилларингизга ҳеч афсус қилганмисиз?
Ҳазрат Навоийнинг ажойиб бир сатри бор:
“Кимки ишқсиз илми ирфон истағай,
Илм бирла молу давлат истағай”.
Нафақат илм, балки ҳаётда кичик бир ишга қўл урмоқчи бўлсангиз ҳам, токи унга муҳаббат қўймай, чин кўнгилдан бажармас экансиз, кўзланган натижага эриша олмайсиз. Худди шундай илмдаги сохталик, кўзбўямачилик, кўчирмачиликнинг оқибати ҳаётингизни маънисизликка айлантиради, руҳиятингизни абгор қилади. “Ичи пуч” илмий ишларга келсак, бу жараён, айниқса, ўқитувчилар ойлик маошининг анча кўтарилгани билан ҳам боғлиқ, деб ўйлайман. Ўзингиз тасаввур қилинг, бундан 10-15 йил аввал олий таълимда ишлайдиган ўқитувчининг ойлиги 150-200 доллардан ошмасди, ҳозир эса доцент, профессорлар 1000-2000 долларгача маош олишяпти. Олий таълим муассасаларининг сони кейинги 5-6 йил давомида 3-4 бараварга кўпайди. Фалсафада “миқдор ўсиши сифат ўзгаришига олиб келади” деган тушунча бор. Яъни сон(миқдор)нинг кетидан қувиш маълум бир даврга бориб тўхтайди ва сифатга эътибор берила бошлайди. Шу боис мен ҳам бу масалага фалсафий қарайман. Лекин илмда принцип, белгиланган тартиб-интизом ҳам бор. Илм қиламан деган ёшларга Навоийнинг юқоридаги сатрларини бир эсга солмоқчиман, холос.
Адашмасам, 1990 йил илмий иш қилишга қарор қилиб, дўстим Назар Эшонқулга маслаҳат солдим, у эса мени устоз Ғайбулла ас-Саломнинг олдига олиб борди. Домла “Темур Пўлатов деган ёзувчи бор. Унинг ижоди рус тилида яхши жаранглайди ва шунинг учун бутун дунёга машҳур. Аммо нима учун асарлари ўзбек тилига моҳир таржимонлар томонидан ўгирилганига қарамай, ўқувчиларимиз яхши қабул қилолмаяпти? Шу ҳақда ўз фикр-мулоҳазаларингни ёзиб келсанг”, деди. Мен ёзувчи ижоди билан аввалдан таниш эдим, каттароқ рефератнома бир мақола ёзиб келдим. Домла бир мунча вақтдан сўнг чақиртириб, кафедрага ишга олишини, фақат “прописка”ни ўзим ҳал қилишим кераклигини айтди. “Прописка” масаласини ҳал қилолмадим (ҳозир бу бир чўпчакдай туюлади), шундан сўнг Самарқанд Педагогика институтига ишга кирдим. Ўша ерда профессор Ҳотам Умуровнинг раҳбарлигида илмий ишни давом эттирдим.
Полифония мавзусини танлашимга иккита сабаб бор эди. Биринчидан, ўша даврда полифония ҳақида ўзбек адабиётида бирон-бир иш қилинмаган экан. Иккинчидан эса устоз Иброҳим Ҳаққулов ва раҳматли ёш олим Мирзааҳмад Олимовнинг полифония ҳамда M.M.Бахтин ҳақидаги мақолаларини ўқиб қолганман. Тадқиқот объекти сифатида Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор” романини, шеъриятда эса Рауф Парфи ижодидаги полифоник ҳодисаларни танлаганман ва тадқиқ қилганман.
1993 йили “Ўзбек тили ва адабиёти” журналида “Ҳозирги замон ўзбек шеъриятида полифоник ҳодисалар” номли мақолам босилиб чиқди. Лекин бу мақолага йўқ жойдан ноилмий айблар қўйилиб, бошимга анча-мунча ташвишлар келтирди. Раҳматли устоз Иброҳим Ҳаққулов билан сўнгги марта кўришганимизда, “Акбар, нега полифония мавзусини давом эттирмадинг?” – деб сўраб қолдилар. Журналистика соҳасига ўтиб кетдим-ку, деганимда, “Журналистика ё бошқа соҳага ўтиб кетасанми, нима фарқи бор, шу мавзуни давом эттиришинг керак эди. Полифония – чексиз-чегарасиз мавзу эди” дедилар. Устознинг шу хитоби ҳалигича қулоғим остида жаранглайди... Докторлик диссертациясини ҳимоя қилмаганимга фақат ўзим сабабчиман. Албатта, ялқовлигим туфайли беҳуда йўқотилган йилларга афсус қиламан. Эҳтимол, вақти келиб, яна полифония мавзусига қайтарман. Аммо ҳозирги докторлик ишимнинг мавзуси полифония эмас.
Бадиий полифонизмга оид қарашларингизда мураккаб образларга муносабатингизни кўриш қийин эмас. Шу маънода Достоевскийнинг “Телба”си ва Кен Кезининг “Какку уяси узра парвоз” романи орасидаги риштани илғай олган бўлсангиз, ажабмас. Милош Форман томонидан 1975 йилда катта экранларга чиққан фильмни таҳлил қилар эканмиз, унда бош ёвуз қаҳрамон ҳамшира Милдред Ретчед эмас, балки биз “телба” деб атайдиган ўзига хос дунёқарашга эга одамлардан воз кечиб, руҳий касаллар шифохонасини бунёд этган жамият экани талқин қилинади. Сизнинг-ча, бугунги маорифда “телба”ларга муносабатимиз қандай? Биз ҳам ўз мезонларимизга кўра иқтидорли деб билган ўқувчиларни бошқаларидан ажратиб қўйиб, фильмдаги жамият йўл қўйган хатоларни такрорламаяпмизмикин? Таълимни қолипдан чиқариш фурсати етмадимикин?
“Телба” ва “Каккуқуш уяси узра парвоз” романларидаги “телба”ларни яратган асли жамият, деган тушунча бадиий асарларга қаратилган турли фикрлардир. Бадиий асарни эса хоҳлаганча талқин қилиш мумкин. Аммо реал воқеликдан олиб қарайдиган бўлсак, ҳар бир соҳани тартибга солиб турувчи маълум бир мезонлар, ўлчовлар бўлади. Аслида журналистик фаолият ҳам тизгинсиз бир соҳа. Уни том маънода жиловлаб бўлмайди. Яъни, бир поляк журналисти айтганидек, “Журналистика касб эмас – характер”. Ижодга мойил одамни қолипга солиш қийин. Лекин олий таълим талабага маълум бир тизимлаштирилган кўникма, малака бериш учун ташкил этилади. Масалан, биз журналистикада мақола ёзиш тартиби, янгиликлар тайёрлаш кўникма ва малакасини ўргатамиз, аммо ҳақиқий бадиий ижод қилиш маҳоратини эмас.
Журналистика билан адабиёт бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиши билан бирга, бир-бирини инкор этувчи соҳа, десак ҳам хато бўлмайди. Масалан, журналистлар орасида шоиртабиат, ҳис-туйғуга берилувчан инсонларни учратамиз. Журналистика эса туйғулар ва ҳиссиётни тан олмайди. Негаки унда холислик тушунчаси олдинги ўринга чиқади. Гарчи мутлақ холисликка эришиш қийин бўлса-да, у олий мақсад бўлиб қолаверади.
Кўпинча талабалардан “Журналист Ҳамлет бўлиши керакми ёки Дон Кихот?” деб сўрар эдим. Бу саволга жавоб бериш учун аввало, Ҳамлет ким, Дон Кихот ким эканлигини билиш керак. Масалан, Ҳамлет кўриниб турган нарса ҳақида ўйлайверади, фикрлайверади, лекин қатъий бир қарорга келолмайди. Севимли шоиримиз Рауф Парфи ёзганидек: “Фақат виждон билан ўртанар Ҳамлет, Дониё – зиндонга қараб турар лол...”. Охирида Ҳамлет бир тўлғонади-ю, алалоқибат бутун бир замонни фожеага айлантиради. Дон Кихот эса гўзалликни, идеалини қутқариш учун ўйлаб ўтирмай жангга киришиб кетаверади. Гарчи у ҳар қадамда панд еса-да, қақшатқич мағлубиятга учраса-да қайтмайди. Журналист қандай бўлиши керак? Ҳамлетга ўхшаб ўйлаб ўтириши ёки Дон Кихотга ўхшаб амалий ҳаракат қилиши жоизми? Образли қилиб айтганда, журналистдан иккаласи ҳам бўлиш талаб этилади. Ўйламасдан ҳаракат қилиб ҳам бўлмайди, лекин фақат фикрласанг-у Дон Кихот сингари адолатни ўрнатишга киришмасанг, у ҳам бўлмайди. Мен журналистлар кўпроқ Дон Кихотга ўхшашини хоҳлаган бўлардим. Дон Кихот бўлиш учун эса сал “телба” бўлишга тўғри келади. Аслида журналист характери дегани шу-да! Шу боис бу “телба”ларга бир томондан жуда ижобий қарайман. Улар бир зум ўзини ўйламайди. Ҳақиқий журналистлар ҳам худди шундай, жамият тараққиёти, адолат қарор топиши, идеаллар ва инсониятнинг келажаги учун ўйлаб ўтирмасдан “жангга” тайёр туришади. Биз эса “Йўқ, кулгили аҳволга тушиб қолманг, Ҳамлетга ўхшаб бироз бўлсаям ҳаёт қонуниятлари ҳақида ҳам фикр юритинг”, деб айтиб турамиз.
Жадид боболаримиз аслида Дон Кихот бўлишган. Улар ҳаракатларининг охири нима билан тугашини билишган, ҳис этишган. Лекин шундай бўлса-да, бир зум ҳам ўйлаб ўтирмасдан миллатнинг келажаги учун ўзларининг жонини фидо қилишган. Масалан, Қодирий ҳам 1926 йил қамалиб суд бўлганидан сўнг, гўё “эгарланган отдек” руҳан ўзини ўлимга тайёрлаган, қайсидир маънода буни олдиндан билган, ҳис этган. Шу нуқтаи назардан журналистлар бироз “телба” Дон Кихотга ўхшашса ёмон бўлмасди, деган ўйга ҳам бораман.
Филология фанлари доктори, доцент Амрулло Каримов сиз ҳақингизда таъриф берганларида “Энг демократ ота бўлса керак деб ўйлайман”, дегандилар. Демократ отанинг фарзандлар тарбиясидаги ўрни ҳақида ҳам икки оғиз сўз юритсангиз?
Менинг қандай ота эканимни фарзандларимдан сўрашингиз керак эди балки. Тарбия масаласида кўпроқ оналар катта роль ўйнайди, деб ҳисоблайман. Аммо бу билан тарбия масъулиятини оталардан соқит қилмоқчи ҳам эмасман. Баъзан йиллар ўтиб, тарбияда йўл қўйган камчиликларимизни англаймиз. Масалан, мен ўғлимнинг тарбиясида йўл қўйган хатойимни ҳозир тан оламан. Ўғлим лицейда ўқиб юрган кезлари, шахматга қизиқиб, фанларни ўзлаштириши пасайиб кетди. Таълимда оқсамасин, деган ниятда унга шахмат ўйнашни тақиқлаб қўйдим. Шу билан бу мавзуга қайтилмади. Лекин йиллар ўтиб, ўғлим Япония Ёкоҳама миллий университетида ўқиб юрганида, Япония очиқ чемпионатига қатнашиб, совринли ўринлардан бирин қўлга киритди (кейинчалик ҳаваскорлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам вице чемпион бўлди). Ҳозир кунда гоҳида ярим ҳазил-ярим чин қилиб, “Ўшанда шахмат ўйнашимга рухсат бериб, қўллаб-қувватлаганингизда ҳозир катта муваффақиятларга эришиб юрган бўлармидим” дейди. Шундан сўнг ўйланиб қолганман. Энди билсам, боланинг қизиқишларини тақиқлаш эмас, ўз ҳолига қўйиб бериш, керак бўлса, қўллаб-қувватлаб туриш жуда муҳим экан.
ЎзЖОКУ докторанти Мунира НАЗАР суҳбатлашди.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ