“Мен бу тилни ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжасига ўхшатаман” – Мутахассис алпинистлар чиқишни орзу қилган тоғда яшайдиган балқарлар ҳақида


Сақлаш
17:02 / 09.02.2024 474 0

Кавказдаги Элбрус тоғининг баланд чўққилари орасида Жилисув деган бир маскан бор. Бу ерда Султонсув, Қорақоясув, Қизилкўлсув, Амирсув деб ном олган бир нечта минералга бой иссиқ булоқ бор. Суви шифобахш. Ҳавоси тоза. Табиати гўзал. Яйловлари кенг. Қўй-қўзилар ўтлаб юрганида кўрсангиз кўзингиз завқ олади.

 

Шу набототу ҳайвоноти ажойиб бўлган гўзал табиатнинг қўйнида турмуши чорва билан боғланган, қалби пок бир эл яшайди. Булар – балқарлар.

 

Балқарлар ҳақидаги ҳикояни нега тоғ тасвири билан бошлади деманг. Бунинг сабаби бор. Чунки бу эл ўзини тавлилар (тоғликлар) деб атаб келган[1]. Балқар номи эса уларга қадимги туркий эл балғар (булғор)лардан мерос қолган.

 

Балқарлар камсонли туркий эллардан бири. Уларнинг нуфуси 150 000 га яқин, холос. Элнинг асосий қисми Қабардин-Балқар Республикасида яшайди. Шунингдек, Қорачой-Черкас Республикаси, Ставрополда, умуман, собиқ шўролар мамлакатининг барча ҳудудларида балқарлар бор. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам 900 дан зиёд балқар яшаши қайд этилган[2].

 

Балқарлар балқар тилида сўзлашади. Балқар тили туркий тилнинг қипчоқ лаҳжасига мансуб. Шу сабаб уларни ҳамма балқар атаса-да, ўзлари ўзларини малқар дейди.

 

Балқарларнинг келбати кўпроқ кавказ халқлариникига ўхшайди. Аммо синчиклаб қарасангиз, қипчоқ қиёфалилари ҳам кўп. Айниқса, Жилисув атрофидаги балқарлар кўпроқ ўзбекларга ўхшаб кетади. Улар қиёфасининг ўзгариши асосан шу ерда яшовчи халқлар билан қуда-андачилиги сабаб юзага келган ассимиляция билан боғлиқ. Инчунин, бугунги балқарларнинг этник шаклланишида булғор, хазар, қипчоқ, туркий тилда сўзлашувчи алан халқларининг таъсири катта бўлган.

 

Балқарлар ислом динининг суннийлик оқими, ҳанафия мазҳабига эътиқод қилади. Шунингдек, балқарларнинг диний тафаккурида тангричилик динининг унсурлари ҳам кўзга ташланади. Мисол учун етти, қирқ, йил маросимлари, ис чиқариш, аждодларнинг руҳи учун жонлиқ сўйишлар учраб туради. Жилисув атрофида яшайдиган чўпонларда муқаддаслаштирилган дарахтлар, тошларга сиғиниш, маълум бир яйлов ёки даранинг эгаси (руҳ)га атаб жонлиқ сўйиш ҳолатлари ҳам кузатилган. Балқарлар тарихида тошсанам – балбалтошлар ясаш ва уларга ҳурмат кўрсатиш ҳам бўлган ва бу тошлар ҳозиргача сақланиб қолган. Бошқа тоғ халқлари каби балқарлар ҳам тошга ишлов бериш анъанасини яхши билган.

 

Балқарларнинг исломни қабул қилиши VIII асрдан бошланган бўлса-да, бу жараён ХVII асрга қадар давом этган. Маълумки, VIII асргача Шимолий Кавказ ҳудуди Хазар хоқонлиги таркибига кирган. Хазарлар эса яҳудийлик динида эди. Шунинг учун балқарларда ҳам айрим гебраизмлар[3] сақланган. Масалан, шанба куни шабат деб аталади. Улар шабатни арабча сабт шаклида қўлламаслиги, шунингдек, шанба кунини алоҳида кун сифатида ифодаловчи афоризмлар сақлангани ҳам буни тасдиқлайди: шабат кунда жангур тохтамаса қияматда-да тохтамаз (шанба куни ёмғир тўхтамаса қиёматда ҳам тўхтамас).

 

Балқарларнинг нақшу нигорларида ҳам Кавказ, ҳам туркий безакларни кўриш мумкин. Аммо улар орасида туркий, аниқроғи қипчоқ элларига хос нақшлар кўпроқ. Мисол учун, балқарлар кигизни худди ўзбек қипчоқлари каби кийиз деб аташади. Кигиз уларнинг турмуш тарзида муҳим ўрин тутади. Улар ерга тўшаладиган (жайма), сандиқлар устига тахлаб қўядиган (жийма) тўшакларини, шунингдек тузхалта, чойхалта ва бошқа кўплаб маиший буюмларини айнан кигиздан тайёрлашган. Кийиз буюмларида жулдуз, кўз, қўчқормуйиз (қўчқоршох), қўшмуйиз, жиланизи (илон изи) каби безаклар кўпроқ учрайди.

 

Балқарларнинг турмуш тарзида турфа таомлар алоҳида ўрин тутади. Сутли ва гўштли, ундан таёрланадиган таомлар, жумладан бовурсақ, манти, пишлоқ, қаймоқ, айран, жўгурт (йогурт), бўза, жалбаур (думбали жигар кабоб), дўлма, қовурилган ва димланган гўшт уларнинг энг севимли таомларидан. Балқарлар қаймоқ сўзини сутбаши деб бир бошқача ишлатишади. Бу сўз ўзбек тилида учрамаса-да, мазмунан қаймоққа нисбатан аниқроқ экани, соф туркий сўзлиги учун ҳам қизиқарли туюлади ва эътиборни тортади.

 

 

Балқар тили

 

Юқорида келтирганимиздек, балқар тили туркий тилнинг қипчоқ лаҳжасига мансуб. Мен бу тилни кўплаб жиҳатларига кўра ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжасига ўхшатаман. Нега?

 

Балқар тилида сўз ясалиши ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжасига жуда ўхшаш. “Мен қаердан биламан? Билмайман!” маъносидаги сўзларнинг балқарча шаклларига эътибор беринг: қайдам, ким биледи, ким билсин. Бу сўз доимий истилоҳдаги ўзбек сўзларига ўхшайди.

 

Илмий манбаларда уларнинг тили қорачой-балқар тили деб берилса-да, асли уларнинг тили балқар тили. Қорачойларнинг тили билан ўхшашлиги ёки ягона алфавитга эга эканлиги уларни битта тилга бирлаштириш учун асос бўлмайди. Инчунин, тил миллатни идентификациялашнинг асосий шартларидан биридир.

 

Қорачой ва балқар тиллари учун 1920-йилларга қадар араб алифбоси қўлланган. Араб алифбосидаги илк ёзувлар XVII-XVIII асрнинг бошларига тегишли. Унгача бўлган ёзма ёдгорлик Қуманлар қомуси бўлиб, балқар тили ҳам лексик, ҳам фонетик хусусиятларига кўра қуман тилига яқиндир.

 

1924 йилда икки халқ – қорачой ва балқарлар учун ягона бўлган лотин алфавити ишлаб чиқилди. 1937 йилга келиб кирилл графикасига асосланган янги алифбо қабул қилинган.

 

Балқар тилининг алоҳида хусусияти умумтуркий б товуши ўрнига м товушининг кўлланишида кўзга ташланади: балқар – малқар, бийиз (бигиз) – мийиз, бийик – мийик, бақирмоқ – мақирмак, бурун – мурун, бақа – мақа ва ҳоказо. Бу хусусият қорачой шеваларида учрамайди.

 

Айни жиҳатларни таҳлил қилиш учун умумий қорачой-балқар шеваларига эътибор қаратамиз.

 

Қорачой-балқар тиллари ч ва ж товушларининг талаффузига кўра бир нечта шевага бўлинади.

 

Бунда с ва ш ўрнига қипчоқ шеваларига хос тарзда ч ишлатилиши алоҳида ажралиб туради. Сач (ўғуз, қарлуқ) сўзи қипчоқ-нўғай гуруҳида шаш, балқар тилида эса ўзбек тили қипчоқ лаҳжасидаги каби чач шаклида талаффуз қилинади. Аммо айрим балқар шеваларида (Черек водийси) чачнинг цац шаклида талаффуз қилиниши ҳам маълум.

 

Й ўрнига ж ишлатилиши қорачой-балқар шеваларининг барчасида бор. Балқар тилининг қизиқ жиҳати шуки, тил сўзлигида айнан й товуши билан бошланадиган биронта сўз йўқ. Аммо бу ҳамма й товушлари ўрнига ж ишлатилишини билдирмайди. Айрим ҳарфлар ўрнига чўзиқ йа (я) ёки йу (ю) ҳарф бирикмаси қўлланади: юс (юза), яниқ.

 

Айрим ҳолатларда у ўрнига ҳам ж қўлланилиши кузатилади: уйқу – жуқу, уйқучи – жуқучи.

 

Балқар тилининг ўзбек тили қипчоқ лаҳжасидан яна бир фарқи – у ҳарфининг ўрнига ю қўлланишида кўринади: юй (уй), юзюк (узук), юлгю (улгу, намуна, андоза маъносида), юлюш (улуш), юч (уч), юргенмек (ўрганмоқ, қипч. урганмоқ).

 

Балқар тилида ўзбек тилидаги ў товуши ўрнига ё ишлатилади: ёгей – ўгай, ёз – ўз, ёзек – ўзак, ёкюнюс – ўкиниш, ёлет – ўлат, ёлюм – ўлим, ёпке – ўпка ва ҳоказо.

 

Ё айрим ҳолларда ҳ ўрнида ҳам қўлланади: ёкюз – ҳўкиз, ёки в (w) ўрнида ҳам ишлатилади: ёзер – вазир.

 

Балқар тилида бошқа туркий тилда учрамайдиган ўзак сўзлар ҳам учрайди. Улардан бири иги. Иги яхши маъносида қўлланади: иги адам – яхши одам, игилендирар – яхшилаш, игилендиру – такомиллаштириш, игилик – яхшилик ва ҳоказо. Бу ўзак туркий тиллардаги ийи (яхши) сўзининг бузилган шакли бўлиши ҳам мумкин.

 

Балқар тилидаги ий ўзагидан ясалувчи сўзлар ўзбек тили қипчоқ лаҳжаси билан бир хил талаффуз қилинади: ийна – игна, ийдиру – кўндирмоқ, иймоқ – эгмоқ, ийилу – энкаймоқ, ийилту – энгаштирмоқ, ийиру (урчуқ била ийиру) – йигирув (урчуқ билан йигирув), ийарту – эргаштирмоқ, ийин – елка, ийак – ияк (энгак), ийлау – ошлаш (терини).

 

Қорачой-балқар алфавити яратилишининг ачинарли томони шундаки, бу алфавит яратилгандан кейин қорачойлар ва балқарлар ягона адабий тил атрофида бирлашган бўлса-да, уларнинг тили бошқа туркийлар учун анча бегоналашиб қолди. Бу айнан юқорида келтирганимиз ў товушининг ё, у товушининг ю шаклида ёзилишида яққол кўринади. Бу сўзлар янги алфавит яратилгунга қадар қиримлар ёки қўмиқлар тили билан бир хил талаффуз қилинган. Катта эҳтимол билан бу ҳолат шеваларда 1990-йилларгача сақланган. Чунки мен 1990 йилда балқар (жилисувлик) дўстларим билан гаплашиб ўтирганимда у товушининг “йу”га ўзгарганини сезмаганман. Аксинча, балқарларнинг тили қиримларникидан кўра ўзбек тили қипчоқ лаҳжасига яқинроқ туюлган.

 

Балқарларнинг ўзларини тавли ёки тавчи деб аташи-ю, бошқалар томонидан балқар аталишининг ҳам сабаби бор. Бир замонлар туркий тилнинг тўрт ўзанидан бири бўлган булғор гуруҳи айнан балқар тилига ўхшаш бўлган. Ҳозирги кунда бу тил гуруҳига мансуб тиллардан фақат чуваш тили сақланиб қолган бўлса-да, унинг луғат таркиби катта ўзгаришларга учраган. Бугунги чуваш тили лексикасида ротацизм[4] ва зетацизмлар[5] кўп учрайди. Мисол учун туркий тиллардаги кез/гез сўзи чуваш тилида кер, қиз хер шаклида ишлатилади. Бундан кўринадики, чуваш тилининг шаклланиши ўртабулғор даврида Олтин ўрданинг булғор улуси атрофида шаклланган. Балқар тилида ҳам қадимги булғор тили билан ўхшашликлар кўзга ташланади. Қадимги булғор тилидан сақланган қуйидаги тўртликда уларнинг ўхшашлиги аниқ кўринади:

 

 

Балқар тилида сўз умумтуркий қолипда ўзак бузилмасдан ясалади. Аффиксларнинг қўшилиши эса қипчоқ тилларига хос. Аммо сўз ясалишида баъзан ноанъанавий ҳолатлар ҳам учрайди. Масалан, Насриддин Хўжа балқарларда ҳам энг машҳур образ. Шунинг учун бўлса керак, аслида сўфий шайхларининг нисбаси ёки “эга” маъносида ишлатиладиган “хўжа” сўзи қизиқчи, ҳазилкаш, масхарабоз маъноларида қўлланади. Шунга кўра хўжа ўзакли бошқа сўзларнинг ҳам маъноси бузилган: хўжалайдиру – ҳазиллашиш, хўжаланма – ҳазиллашма. Айни сўзнинг маъносини бузиб ишлатиш усмонли туркчасида ҳам учрайди. Аммо унда хўжа – ўқитувчи маъносида ишлатилади. Чунки дарс бериш ва динга ўргатиш хўжаларнинг сифатларидан бири бўлган. Шу сабаб буни тушунса бўлади.

 

Умуман олганда, балқар тили ўзбек тили қипчоқ шеваларига жуда ўхшаш. Фақат ёзма манбалар орқали тилни ўрганиш бирмунча қийин кечади. Негаки, кирил алифбосида товушлар талаффуздаги аниқлигини йўқотган. Балқарларнинг ўзлари билан сўзлашганда, қўшиқларини тинглаганда ёки шеърлари, мақолларини эшитганда таржимон мутлақо керак бўлмайди.

 

Балқар тили гўзал бир тил. Адабиёти ундан-да гўзал. Бунга шу элнинг буюк шоири Қайсин Қулиевнинг шеърларини ўқисангиз, амин бўласиз:

 

Суууқ қылыч тийгенди башынга,

Иеринг сенсиз қалғанды.

Атынг қарындашы ёлген эгеч

Кибик, бетинге қарайды.

 

Кетмейд, ташламайд, сюйген тенгингча

Санга қайытад, табады.

Кюн кюйдюрген суууған бетинге

Жылы шытысы тамады.

 

Таржимаси:

 

Совуқ қилич текканда бошингга,

Эгаринг сенсиз қолганда.

Отинг укаси ўлган опа (эгачи) каби

Бетинга қарайди.

 

Кетмайди, ташламайди, севган дўстингдек

Сенга қайтади, топади.

Кун куйдирган совуқ бетинга

Илиқ кўз ёшлари томади.

 

 

Нарт сўз

 

Балқарлар мақолларни бошқа туркийлардан ўзгача “нарт сўз” деб аташади. Нарт балқарчада баҳодир, қадимги маъноларида ишлатилади:

 

“Нарт сёз тилге жан салыр” (Мақоллар тилга жон киритади);

“Нарт сўз тилнинг тамири” (Мақоллар тилнинг томири).

 

Балқарларнинг миллий хусусиятлари ва ўзлиги уларнинг мақолларида яхшироқ кўринади:

 

“Сюрюучю кеб болса, қой харам ёлюр” (“Чўпон кўп бўлса, қўй ҳаром ўлар”; бу ерда “чўпон” сурув сўзидан сурувчи шаклида келаяпти. Биз “бир сурув қўй” деймиз-ку).

“Ийнек сауа билмегенге арбаз қынгыр кёрюнюр” (“Сигирни соғишни билмаганга ҳовли қийшиқ кўринар”).

“Иши болмақан итлени сууға элтир” (“Иши йўқ итини суғорар”).

“Иги малчыны тёрт кёзю болур” (“Яхши подачининг тўрт кўзи бўлади”).

Осал малчы кюн тийгинчи уянмаз, уянса-да қобуб малын жаялмаз” (“Ёмон (ўсал) подачи кун чиққанча уйғонмас, уйғонса-да туриб молини ёйолмас”).

“Айюден қачсанг, кёнделен қач” (“Айиқдан қочсанг, кўндаланг қоч”).

“Джатхан бёрю тоқ болмаз” (“Ётган бўри тўқ бўлмас”).

“Иги жылқычыны минген аты бек чабар” (“Яхши йилқичининг минган оти тез чопар”).

“Жыланны бассанг, башындан бас” (“Илонни боссанг бошидан бос”).

 

Бу мақолларни ўқисангиз, турмуш тарзи чорва билан боғланган бир элнинг бутун кечмишини, ташвишларини илғагандай бўласиз. Шунинг билан бирга улар сизга ҳам танишдай туюлади. “Э, бу мақол бизда ҳам бор-ку” дейсиз беихтиёр. Чунки бу мақоллар ҳам, балқарлар ҳам бизга бегона эмас. Биз бир отанинг боласимиз.

 

Шундай бўлса-да балқарларнинг мақолларида бизга таниш бўлмаганлари ҳам учрайди:

 

“Қарға қъангқылдаб қаз болмаз, амма сынгсылдаб қыз болмаз” (“Қарға қанқиллаб ғоз бўлмас, қари синини безаб қиз бўлмас”.

“Бёдене суугъа кирмейди, чабакъ суудан чыкъмайды” (“Бедана сувга кирмайди, чавоқ (балиқ) сувдан чиқмайди”.

“Тюлкю юрсе, итни къарны аурур” (“Тулки ҳурса итнинг қорни оғрир”).

“Ат аяған бет табмаз” (“Отини аяган машҳур бўлмас”).

“Эшек гылыуун бек сюер” (“Эшак хўтигини кўп суяр”).

 

Ўзбек тилида “Ҳар кимнинг боласи ўзига ой кўринар” деган мақол бор. Шу мақолнинг ҳам балқар тилидаги маънодошлари учрайди: “Айюню баласы айюге ай кёрюнюр” (“Айиқнинг боласи айиққа ой кўринар”).

        

 

Хулоса ўрнида

 

Кавказда, Қабардин-Балқар Республикасида Улутов деган тоғ бор. Тоғнинг этакларидаги ясситоғларни ерли халқ адир дейди. Тоғдан тушадиган кенг сайҳонликни Адирсай, дарани Адирсу деб аташади. Адирсуда Жайлиқ деган алпинистлар лагери бор. Улутовнинг энг тепасига биринчи бор 1903 йилда инглиз алпинисти Том Жорж Лонгстафф чиқа олган. Лонгстафф Улутовни жуда машаққат билан забт этади. У ҳали ҳеч кимнинг қадами етмаган ерларни забт этаяпман деган ўй билан Адирсув дараси бўйлаб кўтарилиб борар экан, тоғнинг тепаларида бемалол қўй боқиб юрган балқарларни кўради. Уни чорлаётган тоғларнинг ҳайбати бу тоғларга аллақачон чиқиб улгурган ва шу юрни ватан тутган одамларга бўлган ҳайрати олдида ҳеч нарса эмас эди.

 

Кейинчалик ҳам бу юртга алпинистлар кўп келишган. Собиқ шўро даврида Жайлиқда алпинистларнинг энг йирик лагери ҳам барпо этилган. Алпинистлар Улутовни ҳар томондан чиқиб забт этишган. Аммо балқарларни кўриб, доим ҳайратга тушишган.

 

Балқарлар шундай, ҳаммани ҳайратга соладиган эл. Балқарлар – бизнинг чинакам қардошларимиз, бовурларимиз. Буни уларнинг юзига қараб ҳам, сўзини тинглаб ҳам ҳис қиласиз. Бир марта бўлса ҳам бағрингизга босгингиз, “оғамсан, инимсан” деб айтгингиз келади.

 

Негадир менинг ўша ерларга боргим келади. Нега? Билмайман!

 

Балки яна Қайсин Қулиев жавоб берар:

        

Ташла мени атымы айтхандай,

Ауаз келеди манга узақдан.

– О, қайдаса? Кел! – деп қычырғандай

Ён эштиледи мангу тауладан…

 

Таржимаси:

 

Тошлар менинг отимни айтгандай

Овоз келади менга узоқдан.

– О, қайдасан? Кел! – деб чақиргандай

Ун эшитилади мангу тоғлардан...

 

Анвар БЎРОНОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 4-сон.

“Қондошим қариндошим” мақоласи



[1] Волкова Н. Г., «Этнонимы и племенные названия Северного Кавказа», 1973. «Наука» (Главная редакция восточной литературы, г. Москва), стр. 87.

[2] Country: Uzbekistan. Joshua Project. Дата обращения: 22.01.2016. Архивировано 5 апреля 2019 года.

[3] Гебраизм – қадимги яҳудий тилидан ўзлашган сўзлар.

[4] Ротацизм (юнонча ρ, “ро”) – туркий тилларда бирон товушининг титровчи р шаклида талаффуз қилиниши.

[5] Зетацизм (юнонча ζῆτα – “зета”) – туркий тилларда бирон товушининг з [z] шаклида талаффуз қилиниши.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси