Халқчил сўзлар, халқона оғриқлар битилган “Синов” – Жасур Кенгбоевнинг янги асари таҳлили


Сақлаш
09:02 / 08.02.2024 250 0

 

“Шарқ юлдузи”нинг 2023 йилдаги 12-сони, йил давомида навбат кутиб қолгану, шу мавсумда берилмаса бўлмайдиган яхши асарларни ўзида жамлаган экан чоғи, ютоқиб ўқиб чиқдим. Дастлаб, Собир Ўнарнинг “Ўлмайдиган одам”идан мутаассир бўлдим. Раҳматлик, биз тенгиларга “сизлар бир тўлқин бўлишларинг керак!” деб куюнарди. Устознинг шу гаплари ёдимга тушиб, ўйга толдим. Тенгдошларим бир-бир хаёлимдан ўтди. Қарангки, журналнинг 16-бетидан бошлаб, Жасур Кенгбоевнинг “Синов” қиссаси чоп этилган экан. Асарга эпиграф бўлган “Осмон йиғламай, ер кулмас” мақоли қалбимга хуш ёқиб, қиссани бир ўтиришда ўқиб тугатдим.

 

“Шундай асарлар ёзсангки, китобхон уни ўқиганда ҳамма нарсани унутса. Асар қаҳрамонлари ҳаёти билан яшаса. Қувонса, изтироб чекса...” Ўзбекистон халқ ёзувчиси, устоз Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобига киритилган ушбу орзуманд сўзларни Жасур Кенгбоевнинг “Синов” қиссасига нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Асар ўқувчини ана шундай инжа ҳислар уммонига ғарқ этади. Адабиётимиздаги аксарият асарлар иккинчи шахс (муаллиф) тилидан ҳикоя қилинади. Жасур Кенгбоевнинг ўзига хос услуби борки, ҳар бир асар сюжети бош қаҳрамон тилидан берилади. Шу тарздаги равон ифода ўқувчини ром этади ва асар қаърига “ютиб юборади”. “Синов”да сиз ҳам шу куйга тушасиз. Нигоҳларингиз мисралар узра югуриб кетар экан, хаёлга чўмасиз. “Синов”даги Искандар – мен, сиз, балки, у. Искандар Карим – умид билан ўқишга кирган ва “олтин давр” дея хаспўштланувчи, аслида кўтара синов бўлган талабаликнинг яхши-ёмон кунларини умумлаштирган типик образ. Таъбир жоиз бўлса, ҳатто қилмишларни кўз олдига келтирувчи восита ҳамдир.

 

Асарда сюжет чизиғида “тугун ташлаш” – интиҳодан ибтидога келиш усулидан унумли фойдаланилган. Дастлаб, Искандар Каримнинг ўзига азиз бўлган нарсаларни барбод қилиб, сарғайиб кетган тахлам-тахлам газета-журналлар, бағри қон қораламаларини тўплаб кўҳначиларга топширишга аҳд қилгани синовларга дош беролмай ҳаётда ютқизган инсон сиймосини гавдалантиради. Ҳатто унинг метро бекатида туриб, поезд тагига ташлаш ҳақидаги ўйлари вазиятни баттар таранглаштиради. Илк муҳаббат изтироблари, дарсда Бахтигулнинг тоби қочиб қолиши, Искандарнинг уни уйига олиб бориши, талаба қизлар қўллаган “синов операцияси”, ота-она орзуси, иш ва ўқишдаги саргузаштлар... Ўқувчида бу тугунларни ечиш – сабабини билиш иштиёқи пайдо бўлади ва шу тарзда асарга сингиб кетади. Бу ҳам бир саодатдир. Содда ва самимий, равон ҳикоя услуби – “Синов”нинг катта ютуғи, жозибаси. Асар сюжети мумтоз характерга эга бўлса-да, равон ифода касб этган ровийлик ва кутилмаган тўқнашувлар, гўзал ташбеҳ ва топилмалар, доим ҳам ўрнини топиб қўллаш қийин бўлган мақол ва маталлар, халқ тилида қолган ибораларнинг ўз ўрнида келиши узукка кўз қўйгандек мос тушади. Ҳатто устозларнинг характер хусусиятларидан, дарс жараёнида энг қўп қўллайдиган сўзларидан лақаб чиқариш ҳам асарнинг жозибасини оширишга хизмат қилган. Ҳар икки гапнинг бирида “демак, демак” деб эзиб юборадиган тарих ўқитувчисининг “Демак” лақаби, яна бир порахўр, таъмагар домлага ёпиштирилган “Тутқаноқ” ҳам яхши топилма. Қиссага киритилган ҳар бир воқелик, деталь маъно ташийди.

 

Жасур Кенгбоевнинг асарда мақол ва маталларни ўринда қўллаш маҳорати таҳсинга сазовор. Савр ёмғири дашту далаларга қанчалик фойда ва барака келтиргани каби “Синов”да қўлланилган мақоллар ҳам асар қатига шунчалик сингишиб, воқеликнинг жозибасини оширган. Чорасиз қолган талаба йигит авраб, уйига таклиф қилган ҳурлиқога қўлланган “Қари қизга тонг отмас”, Искандарнинг ўзига нисбатан келтирилган “Қилич тутган қиличдан ўлар”, “Саёқ юрдингми, энди таёғини ҳам ейсан”, “Бой бир ўлса, камбағал ҳар куни ўлади”, “Тирик бўлиб бозорда йўқсан, ўлик бўлиб мозорда”, “Ўлмаган қул сабр қилса, бошига тушганини кўраверади”, “Тўйган одам ўзидан ортади”, “Юк оғирини нор кўтарар, дард оғирини – эр” мақоллари ёки Бахтигулга айтилган “Ҳаёсизга ҳар куни ҳайит” каби нақллар бунга мисолдир.

 

Дарвоқе, қиссанинг 3 гапдан иборат 15-бобида “Ташнанинг тушига сув кирар эмиш” мақоли қўлланганки, муаллиф кейинги икки гапни ёзмаса ҳам мақол сюжет тақозо этган маънони тўла англата олган. Бундан ташқари, қиссада келтирилган “Қайноқ қўллар учрашиб, юракларнинг соғинчларини етказдилар”, “Бу мудҳиш туш унга умрбодлик дўст тутинди” каби нозик умумлашмалар ҳам муаллифнинг маҳоратидан бўй беради.

 

Асар воқеалари шу қадар табиийки, муаллиф ёдингиздан чиқиб, Искандар Каримга эргашиб, у билан бирга ҳар куни ижара уй, ўқиш ва ишхона ўртасида бўзчининг мокисидан зир югурасиз. Узун сочлари бир текис товланадиган, “Бўйчангина қомати тик, оппоқ силлиқ юзидан доим нур таралиб турадиган, кўп-да бўянмаса ҳам табиий гўзаллиги билан ҳар қандай одамнинг эътиборини дарҳол ўзига торта оладиган жозибаси бор” Лайло ҳақида ўйлайсиз. Унинг латофати, зукколигига мафтун бўласиз. Ҳатто у Искандар Каримнинг китоби орасига солиб қўйган дастрўмолчага сепилган атир ҳиди димоғингизга урилади. Асар воқеалари ўқувчини шу қадар тортиб кетадики, муаллиф қизлар таърифида ниҳоятда сахийлик қилиб, меъёрларни бузиб юборганига ҳам аҳамият бермайсиз. Искандарни чув туширган, синов учун қовоқхонага таклиф қилган қизни “кўзлари чарос, лаблари ингичка, икки юзи(!) оппоқ ва думалоқ, ўнг қошининг учида миттигина ярашиқли холи бор” деб таърифланади ва буюк рассомларнинг эрта ўлиб кетганини айтилиб, агар улардан бирортаси шу қизни кўрганида унинг суратини чизар, “Ўшанда, эҳтимолки, довруқ бозорида Мона Лизалар бўлмасди” дейди. Аммо Лайлонинг дугонаси, кейинчалик Искандар Каримга турмушга чиққан Бахтигулни онасининг вафотидан кейинги ҳолатда ўқувчига таништирар экан, “Юзидан қон қочган, ранги рўйи афтода, кўзёшлардан қуриб кетган кўзлари нурсиз, бемажол танасидан мадор кетиб, қуп-қуруқ сумбатга айланган эди”, дейди. Суймаганга суйкалган бу қизни муаллиф ҳам Искандар Карим назари орқали шунчалар меҳрсиз тасвирлаганки, бир гапда икки марта “кўз”ни қўллаб, “юз” билан “ранг-рўй”ни ёнма-ён келтириб, бўй қизга адолатсизлик қилган.

 

Қиссада яна айрим ёпишмаган гажаклар ҳам борки ўқувчини зийрак торттиради. Масалан, Лайло касалхонада ётганида Искандар уни кўргани боради ва қизнинг ота-онаси сезиб қолишидан хавотирга тушади. “Сен қирчанғи(!) ўқийман деб йигитлар билан гаплашиб юрибсанми? деб таъзирини бермасин, дейди. Бу гапдаги “қирчанғи” сўзининг маъносига қарасак, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да қўтир ва ориқ отга нисбатан қўлланилишини кўрамиз... Қиссада Бахтигулнинг онаси вафотидан кейин отасининг “бир бегона аёл билан телефонда миёвлашиб, чаҳ-чаҳлашиб ўтирганини” эшитиб қолгани айтилади. Бу гапдаги “миёвлашиб” ибораси ҳам анчайин баҳсли.

 

Аммо эътироф этиш керакки, қиссада айрим сўзларнинг мумтоз шакллари ёки замонавий сўзлашувда урф бўлмаган ифодалари ҳам қўлланганки, уларни топилма десак, ҳақимиз кетмайди. Масалан, эски-туски буюмларни олувларни “кўҳначилар”, тўй ёки бирор воқелик хабарини берувчиларни “айтимчи” деб аташ муаллифнинг ўзбек тили имкониятларини, халқ донишмандлигини кўрсата олиш салоҳиятидан дарак беради. Биргина Лайлонинг йигитлар қатъияти ҳақида мулоҳаза қилётиб, “субут” иборасини қўллаши ҳам бунга далилдир.

 

Жасур Кенгбоевда юмор ҳам кучли. Искандар Каримнинг пул айрибошлашдаги ҳолати ва фирибгар аёлга лаққа тушиши сатира. Даврга кўзгу... Муаллиф биргина воқелик орқали бугунги жамият иллатларини ҳам оча олган.

 

Атоқли ёзувчи, филология фанлари доктори, профессор Улуғбек Ҳамдам “Истиқлол даври ўзбек насрига айрим чизгилар” мақоласида бу давр намоёндаларини ҳақли равишда тўрт авлодга бўлган ва мустақиллик даврида етишган деб қатор тенгдошларимизни санаб, “...каби ўнлаб ёш носирларни кўз олдимга келтирар эканман, бугун биратўла тўрт адабий авлоднинг дунёқараши, кайфияти ва бадиий тафаккури маҳсули бўлмиш наср билан танишиш имкони борлигини мамнуният билан қайд этгим келади”, дея катта ишонч билдирган. Бу ишонч бугун юзага чиқмоқда. Жасур Кенгбоевнинг “Синов” қиссаси орқали ўз сўзини айтди. Олтин силсилани давом эттираётган авлод сифатида ялов кўтарди. Бу қанчалик узоқ ва баланд ҳилпираб туради, буни вақт кўрсатади.

 

Холиёр САФАРОВ

 

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси