Британияда Анжела, Германияда Луиза, Қирғизистонда Кантай, Ўзбекистонда эса Умидани чақиринг — Дунё бўйлаб қандай ёрдам сигналлари кенг тарқалган?


Сақлаш
16:02 / 07.02.2024 267 0

 

Ёдингизда бўлса керак, коронавирус пандемияси даврида оммавий изоляция эълон қилинди. Унда ёш-у қари, талаба-ю ишчилар уйда қолди. Таълим ва иш фаолияти эса онлайн шаклга ўтказилди. Статистик маълумотларга кўра, айнан шу даврда оиладаги зўравонлик ҳолатлари авж олган. Уларнинг асосийси аёллар билан юз берган бўлса, яна бир қанчаси болалар иштирокида содир бўлган.

 

Зўравонлик қандай турда бўлмасин, жабрланувчига оғир зарба бўлади. Афсуски, улар доим ҳам ёрдам сўролмайди. Бунга асосий сабаб – қўрқув ёки чорасизлик.

 

Зўравонлик ҳақида белги бериш ўзбек жамияти учун бегонадек. Жабрдийдалар ёрдам сўраш тугул, атрофдагиларни хабардор қилишдан ҳам чўчийди. Пандемия даврида эса бу тортинчоқлик зўравонларнинг янада “эркин” ҳаракатланишига сабаб бўлди – муаммолар тўрт девор орасида қолиб кетди.

 

Бунга чора сифатида 2020 йилнинг апрелида канадалик фаол аёллар фонди томонидан ёрдам (сўраш) сигнали тақдим этилди. Ушбу сигнал кўрсатишга қулай, хавфсиз ва осон деб тан олиниб, халқаро миқёсда қўлланила бошлади.

 

Ёрдам сигнали қандай берилади?

 

Жабрланувчи доим ҳам сўзлар билан ёрдам сўролмайди, акс ҳолда, зўравон янада важоҳат билан ҳаракатланиши, қаршисидаги одамга кўпроқ зарар етказиб қўйиши мумкин.

 

Халқаро ёрдам сигнали қўл билан кўрсатилади. Бунинг учун жабрланувчи аввал бош бармоғини, кейин қолган 4 бармоғини кафтига букиши керак. Ушбу ҳаракатлар қўл кафтини ташқи тарафга ўгирган холда, атрофдагиларнинг эътиборини тортгунга қадар, шу билан бирга, зўравонга сездирмасдан амалга оширилиши лозим.

 

Турли мамлакатлардаги блогерлар ушбу ишорадан тўғри фойдаланиш бўйича кўрсатма видеолар тайёрлаган. Фаоллар ёрдам сигналидан фойдаланишда қуйидаги муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтади:

 

·     Агар сиз уйдан чиқолмайдиган вазиятда бўлсангиз, сигнални видео-камералар орқали иккинчи томонга етказишингиз мумкин;

·   Очиқчасига ёрдам сўраш ёки бақириш кўп холларда зўравонни баттар қуюшқондан чиқариши мумкин. Яхшиси, атрофдагиларнинг эътиборини уларни туртиб жалб қилиб, кейин қўллар билан орқадан хавф ҳақида хабар берган маъқул;

·     Ушбу ишорага кўзингиз тушса, ўша заҳоти ИИВнинг қисқа рақамларига қўнғироқ қилинг. Агар ўзингиз зўравонлик қурбони бўлсангиз, ушбу ҳаракатларни агрессордан яширинча, атрофдагиларга кўрсатиш орқали вазиятингизни тушунтиринг.

 

Халқаро ёрдам сигнали дунё амалиётида қандай ишлади?

 

Ёрдам сигнали дунё амалиётида самарали ишлаб, у орқали кўплаб жабрланувчилар агрессордан қутилиб қолган. Ишоранинг тўғри ишлаши учун биринчи навбатда, уни барча билиши ва ёдда сақлаши муҳим саналади. Бу борада дунё мамлакатлари турлича йўллардан борди – баъзилар фильм, ролик, ижтимоий тармоқлар учун қисқа видеолар тайёрласа, бошқалар оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёрдамида тарғибот ишларини олиб борди.

 

Қуйида ёрдам сигнали қай усулда танитилгани, уни қўллаш қандай натижалар берганини бир нечта мамлакатлар мисолида кўриб чиқамиз.

 

Россияда

 

Россиялик опа-сингиллардан бири кўрсатувни суратга олиш вақтида халқаро ёрдам сигналини беради. Ўзи эса камерага онасини қанчалик яхши кўриши-ю, оиласидаги муҳит нақадар ажойиблиги ҳақида гапиради. Кўрсатувнинг монтаж жараёнида муҳаррир қизнинг гапларига боғлиқ бўлмаган, ғалати қўл ҳаракатларини пайқаб қолади. Бу ҳаракатлар кейинги дублларда ҳам такрорланади, яъни бу тасодифан бажарилмаётганди. Шундан кейин канал ходимлари тергов кенгаши ва прокуратурага оилада зўравонлик ҳолатларини аниқлаш бўйича текширув ўтказишларини сўраб, хабар беради.

 

Қизларнинг бувиси ОАВга маълум қилишича, ёрдам ишорасини қўллаган қиз бу ҳаракатларни илк марта Тик-Ток ижтимоий тармоғидаги видеода кўради. Бувиси эса қизларига бу ҳаракат нимани англатиши ва қандай вазиятларда қўлланилиши ҳақида тушунтиради. Унинг сўзларига кўра, набираси бу ишорани онгли равишда қўллаган. Қизларнинг онаси эса руҳий носоғлом экани маълум бўлган.

 

Воқеа юзасидан Инсон ҳуқуқлари кенгаши Москвадаги бола ҳуқуқлари бўйича омбудсманга мурожаат қилади. Сўровга кўра, болалар билан қандай зўравонлик содир этилганини аниқлаштириш ишлари олиб борилади. Шу тариқа, бу белги ҳақида бутун Россия яхши билиб олади.

 

Қозоғистонда

 

Қўшнимиз бўлган қозоқ полициясига йилига юз мингдан ортиқ маиший зўравонлик бўйича аризалар келиб тушади. Бироқ жабрланувчиларнинг 60 фоизи бироз вақт ўтиб, ўз аризасини қайтиб олади. Мамлакат қонунчилигига кўра, бундай вазиятларда ариза бўйича олиб борилаётган иш тўхтатилади.

 

Аммо бу муаммога ижобий ечим эмас. Аризанинг қайтиб олиниши катта эҳтимол, зўравоннинг босими билан амалга оширилади. Шундан келиб чиқиб, мамлакат медиаси халқаро ёрдам сигнали ҳақида оммавий маълум қила бошлади. ОАВларда ёрдам ишорасининг қанчалик таниқлилигини аниқлашга қаратилган ижтимоий сўровномалар ўтказилади.

 

ОАВларидан ташқари, қозоғистонлик полициялар тарғиботга ўз ҳиссасини қўша бошлади – улар ушбу ёрдам сигналини оммавий эслаб қолиш тавсияси билан чиқди. “Агар сизга қарши зўравонлик амалга оширилса ва сиз полицияга мустақил мурожаат қила олмасангиз, ёрдам сўраш сигналини беринг!” – дейилади хабарда. Шу тариқа, ёрдам ишораси мамлакат бўйлаб кенг тарқалади, қўлланилади ва кутилган натижаларни бера бошлайди.

 

Яна бошқа усуллар ҳам бор

 

Британияда Анжелани, Германияда Луизани, Қирғизистонда Кантайни, Ўзбекистонда эса Умидани чақиринг

 

Дунё миқёсида юқоридаги сигналдан бошқа яна бир қатор ишора, кодли сўз ва ёрдам сўраш усуллари бор. Масалан, Австралия, Буюк Британия, ва Янги Зеландия каби инглиз тилида сўзлашувчи мамлакатлардаAsk for Angela” (Анжелани чақиринг) хизмати мавжуд. Унга кўра, барларнинг аёлларга тегишли қисмларида “Агар шеригингиз сизга зўравонлик қилаётган бўлса ёки ўзингизни хавфсиз ҳис қилмаётган бўлсангиз, “Анжелани чақиринг”. Бу жумла ёрдам сўраётганингизни билдиради” деб ёзилган маълумотлар осиб қўйилади. Анжелани чақирган қизни бар ходими машинагача кузатиб қўяди ёки такси чақириб беради.

 

Шунингдек, бу кодли сигналдан Германияда “Luisa ist hier?” (Луиза шу ердами?), Россияда “Позовите Галю” (Галяни чақиринг), Қирғизистонда “Кантайни чақиринг” шаклида фойдаланиб, ёрдам сўралади.

 

Шунга ўхшаш “Angel shot” кодли сигнал ишораси ҳам мавжуд. Унинг ишлаш механизми қуйидагича:

 

Агар мижозлардан бири шунчаки “Angel shot” (Ангел зарбаси) коктейлини  буюртма қилса, у бармендан хавфсизлик йўлаги бўйлаб кузатиб қўйишини сўраётган бўлади. Агар “музли Angel shot” сўралса, ходимлар унга такси чақириб бериши керак. “Лаймли Angel shot” буюрилиши эса полиция чақиришларини сўраётганидан дарак беради.

 

БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури ва “Сукут сақлама” зўравонликка қарши курашиш лойиҳасининг муаллифлари иштирокида Тошкентда “Умидани чақиринг” ижтимоий лойиҳаси йўлга қўйилган. Унинг ишлаш тартиби ҳам юқоридаги каби: Ҳамкорлик қилувчи ташкилот филиалларига лойиҳанинг логотипи қолдирилади. Ўша ҳудуддаги таъқибга учраган аёл-қизлар логотип туширилган жойларда “Умидани чақиринг” калит сўзини айтиб, вақтинчалик ҳимояга эга бўлиши мумкин.

 

Oyina.uz Ўзбекистонда халқаро ёрдам сигнали билан боғлиқ кейс борми, деган савол билан “Сукут сақлама” лойиҳаси фаолига юзланди. Уларнинг сўзларига кўра, кўпчилик одамлар бу ишора ҳақида билмайди. Ачинарлиси, улар зўравонлик қурбонига айланиб ҳам қандай йўл тутиш, қаерга мурожаат қилиш бўйича маълумотга эга эмас. “Халқаро ишорани-ку танишмас, лекин ўзимизнинг маҳаллий “Умидани чақир” лойиҳамиз ҳам афсуски, унчалик оммалашмади”, — дейди лойиҳа фаоли Нигора Адизова.

 

Мантиқан олиб қаралганида, сўз билан сўраладиган ёрдам усуллари жабрланувчилар учун ноқулайлик, баъзан, қўшимча хавф ҳам туғдириши мумкин. Қўл ишоралари эса анча хавфсиз ва осон сигнал усули саналади.

 

Ўзбекистонда халқаро ёрдам сигнали билан боғлиқ вазият қандай?

 

Мавзу юзасидан маълумотлар тўплаш жараёнида, унинг мамлакатимиздаги оммавийлик даражасини аниқлаш учун интернетга ўзбек тилида “Халқаро ёрдам сигнали” сўровини қидирувга бердик. Натижа эса қониқарли ҳам эмас: “тез ёрдам”, “SOS ёрдам” ёки “чақириқ сигнали” калит сўзлари иштирокидаги мақолалар пайдо бўлди-ю айнан бу ишора ҳақида маълумотлар йўқ ёки етарли эмас.

 

 

 

Аҳолининг бу ишора билан қанчалик таниш эканини билиш учун тармоқларда сўровнома ўтказдик. Унга кўра, жавоб берганларнинг кўпчилиги бу белги ҳақида билмайди. Биладиганлар эса Инстаграм, Тик-Ток ёки бошқа ижтимоий тармоқлардаги қисқа видеоларда кўриб, эслаб қолган. “Ушбу ишора Ўзбекистонда қанчалик ишлайди?” деган саволга аксарият фойдаланувчилар “Баъзан машина сигнали иш бермайди-ку, ёрдам сигнали ишлармиди”, “Овоз чиқариб ёрдам сўрасангиз ҳам ёрдам беришмайди, ишорани кўрганда беришади деб ўйлайсизми?” дея ҳафсаласизлик кайфиятида жавоб қайтарган.

 

 

 

Чекланган доирада ўтказилган сўровнома асл вазиятни баҳолаш учун, албатта, етарли эмас. Қолаверса, унда асосан ижтимоий тармоқларнинг фаол фойдаланувчилари ўз фикрини билдирган. Аммо бизда интернетдан фойдаланмайдиган аҳоли қанча?! Улар бу белги бўйича маълумотга қандай эга бўлсин?! Муаммолар, уларнинг ортидан пайдо бўладиган саволлар ҳам етарлича.

 

“Oyina.uz” нашри ёрдам сигналлари бўйича асосий муаммолар ва тахминий ечимларини келтиради:

 

Муаммолар:

 

·        Ишоранинг етарлича танилмаганлиги: аҳолида ушбу сигнал ҳақида тушунча бўлмагани учун, жабрланувчи ишора қилган тақдирда ҳам, эътибордан четда қолиши мумкин;

·        Натижага ишонмаслик: одамларда ишончсизлик, қўрқув ва тортинчоқлик кайфияти юқори. Кўпчилик “зўравонлик ҳақида айтсам, мени “ёмон”га чиқаришади, ишонмасликлари ёки айбни менга ағдаришлари мумкин”, деган ўйлар билан муаммони очиқлашга ҳадди сиғмайди;

·        Ҳуқуқ-тартибот органларида бу ишоранинг тан олиниши: жабрланувчи бу сигнални қўллагани билан, ҳуқуқ-тартибот органлари учун бу ишора қанчалик таниш ёки тан олинади?

·        “Оч қорним, тинч қулоғим” қабилида иш тутиш. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бирининг айтишича, кўчада юз берган бир жанжалли вазиятда муаммога барҳам бериш мақсадида, Ички ишлар органи ходимларига хабар берган. Натижада, хабар берган фуқаронинг ўзини орган ходимлари 1 ойга яқин безовта қилаверган. Шундан бери у ўзига тегишли бўлмаган муаммолардан нари юради.

 

 

Таклифлар:

 

·        Оилада ёрдам сигнали ишорасини ўргатиб, унинг қандай вазиятларда қўлланилиши бўйича маълумот бериш;

·        Зўравонликка учраган одам қандай йўл тутиш кераклиги ва хавфсиз ёрдам сўраш усуллари бўйича барча таълим муассасаларида тушунтириш бериш;

·        Халқаро ёрдам сигнали ҳақида ижтимоий роликлар тайёрлаб, ОАВ, кўчалардаги лед-экранлар ва жамоат транспортларида доимий айланиб туришини таъминлаш.

 

Муқаддас МУСАЕВА,

Oyina.uz

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси