Туркистоним каби ёнар у... Рауф Парфи шеъриятида инсон орзуси, жамият идеали ва озодлик талқини


Сақлаш
16:02 / 07.02.2024 200 0

Шеъриятда, айниқса, Шарқ назмида поэтик мазмун, одатда, рамзлар, образлар тилидан талқин этилади. Туркий шеърият бу борада беқиёс ифода имкониятига эга. ХХ асрнинг иккинчи ярми – ХХI аср аввали ўзбек шеъриятида Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва Рауф Парфи лирик асарлари тимсолида бадиий-эстетик тафаккурнинг нодир намуналари яратилди. Биз Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи шеърияти мисолида шўролар замонида Туркистон бирлиги ва озодлиги ғояси қандай образ ва рамзлар, қай услуб ва мезонлар асосида бадиий талқини этилганини таҳлил этишга ҳаракат қиламиз.

 

Истибдод – зулмат. Ватан ва миллатни зулмат гирдобида кўриш – чин фарзанд учун бундан ҳам оғир фожиа бўлмас! Бу ҳолдан изтироб чекмасликнинг иложи йўқ... Шукрки, таскин бор. Таскин шундаки, бу чархи даввор бетиним айланиб туради. Тун қачондир ўрнини тонгга бўшатмоққа мажбур. Рауф Парфининг “Тонг отмоқда...” шеърида ана шу қонуниятнинг ўзига хос поэтик талқини кузатилади:

 

Тонг отмоқда, тонг ўқлар отар,

Тонг отмоқда – қуёш замбарак.

Яраланган ер шари ётар,

Бошларида яшил чамбарак.

 

Мумтоз адабиётимизда қуёш чиқиши фалак майдонига нурдан бўлган лашкарларини юборган хоқоннинг юришига қиёсланган, шунга монанд бошқа турли ташбеҳлар қўлланган. Бироқ қуёшнинг тўғридан-тўғри замбаракка ўхшатилгани маълум эмас. Қоронғу тунга қарата ўқ отаётган замбарак – беқиёс образли тасвир! Бадиий тасвир замирига бунчалик теран мазмунни жойлаш, тонгнинг – қуёшнинг зиммасига зулматга ўқ отиш вазифасини юклаш учун шоирда ижодий тафаккур қанчалик теран, тахайюл кўлами қанчалар кенг бўлмоғи зарур.

 

Яраланган бошига яшил чамбарак ўраган ер шари – истибдод тунида Ватан ва миллат вужудига етказилган сўнгсиз жароҳатни муаллиф ўқувчи қалбига изтироб соладиган ана шундай образли тасвир воситасида ифода этади. Мумтоз шеъриятга хос ташхис (“тонг ўқлар отар”) сифатлаш (“яраланган ер шари”), ташбеҳ (қуёш замбарак) сингари бадиий санъатларни маҳорат билан қўллаш натижасида поэтик тасвир мукаммаллиги таъминланган.

 

Тонг отмоқда, мусаффо тонгга

Юрагини тутар одамлар.

Шу тонг учун келар жаҳонга

Ва шу тонг деб ўтар одамлар.

Тонг отмоқда...

 

Кутилган тонгнинг қадри бунчалик баланд экани сабаби нимада? Не боисдан одамлар унга юрагини тутади. Чунки бу озодлик тонги, истиқлол тонги. Озодликсиз ўтган ҳар лаҳза зулматга менгзайди. Эркинликсиз инсон умрида маъно бўлмайди. Одамлар шу тонг учун жаҳонга келиши, шу тонг деб яшаб ўтиши сабаби шунда. Эътибор берилса, шоир мустақиллик, озодлик сўзларини бирор ўринда ҳам қўлламайди. Бу маънони ўқувчи тагматндан англайди. Зеро, шоирнинг шоирлиги, ижодкорнинг ижодкорлиги ҳам шунда: айтмасдан айта олади, муайян тушунчани қўлламай туриб, у ҳақда тўлақонли тушунча бера билади.

 

Рауф Парфи шеърлари метафорага, рамзларга бой. Ижодкор бадиий ниятини, юксак орзуларини кўпроқ поэтик тимсоллар орқали ифодалайди. Шоир ижодида бу ҳол етакчи хусусиятга айланган. “Ҳасратлари кўпдир дунёнинг” шеъридаги мана бу мисралар ҳам фикримиз далилидир:

 

Ҳасратлари дунёнинг кўпдир,

Лекин йўли бир: қуёш сари.

Унинг бир дам ороми йўқдир,

У япроққа ўхшаган.... сариқ.

 

Дунё ҳасратга тўлиқ экани шеъриятда Рауф Парфигача ҳам кўп бор айтилган. Бироқ кейинги мисрадаги изоҳ кўҳна фикрга янги бадиий либос кийдирган. Дунёнинг қуёш сари йўналгани туйғунинг некбинлиги, кўнгилга умид бахш этиши билан алоҳида аҳамиятга эга. Чунки қуёш – ёруғлик тимсоли, эзгулик нишонаси. Зеро, орзудан маҳрум инсон тубанлик сари қулашга маҳкум бўлгани сингари идеалдан бебаҳра жамият ҳам таназзул гирдобига тушиши муқаррар. Инсон орзуси, жамият идеали эса адабиётда акс этади. Рауф Парфи шеъриятидаги озодлик талқини ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди. Шоир талқинига кўра, дунё бир дам бўлсин ором билмайди. Япроққа менгзаши, сариқ суратда экани тасвири замирида дунёнинг ўткинчи экани, қачондир заволга юзланиши ҳақлиги хусусидаги теран ҳаёт фалсафаси мужассам.

 

Туман – тамаки тутунидек,

Гўёки дунёнинг қайғуси.

Қуёш сари кетмакда чекиб

Дунё хаёл суриб уйқусиз.

 

Тамаки тутунига менгзайдиган туман – дунёнинг қайғуси рамзи. Маълумки, туман ёруғликни, зиёни тўсади. У – зулмат тимсоли. Бу қайғуни, бу изтиробни чекмаслик имконсиз. Шоир “чекиб” сўзига залворли маъно юклайди. Дунёнинг қайғусини чекиш, унинг тамаки тутунига қиёсланиши бунинг исботидир. Зулмат, қайғу, изтироб – дунёнинг уйқусизлиги сабаби шулар. Фақат бир таскин бор: у қуёш сари кетмоқда. Қуёш эса – нур тимсоли. У озодлик нури, истиқлол нуридир.

 

“Қуёш”, “чироқ” каби ёруғликни ифодаловчи сўзлар шоирни оҳанрабо янглиғ ўзига тортади. Унинг шеърларида ушбу бадиий тимсоллар энг кўп қўлланган ва табиийки, улар мағзига чуқур маъно юкланган. Мана, яна бир мисол:

 

Чироқ. Чироқ ёнар бўзариб!

Жим. Тинглангиз унинг куйини.

У бир қўшиқ айтар, дўстларим,

Саҳаргача айтар куйиниб.

Чироқ. Чироқ ёнар бўзариб.

 

Бадиий ижоднинг хос хусусиятларидан бири жонсиз ашёларга жон бахш этмоқдир. Ижтимоий ёки бадиий-эстетик идеални талқин этар экан, ижодкор исталган нарсани поэтик тимсол даражасига кўтариши мумкин. Рауф Парфи наздида, бўзариб ёнаётган чироқдан куй таралади. Одамларга саҳаргача қўшиқ айтаётган чироқ куйини тинглашни тавсия этади шоир – Нега? Чунки чироқнинг ёниши – севимли орзу. Чироқнинг ёниши – сўнги йўқ ҳасрат. Бу қандай орзу? Нима сабабдан у ҳасратга йўғрилган? Шоир минг изтироб билан мана бундай ёзади:

 

Туркистоним каби ёнар у...

 

Агар шеърнинг 1964 йилда ёзилгани эътиборга олинса, шоир ҳасратининг сабаби ойдинлашади. Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовнинг шўролар тузумининг инсонийликка зид моҳиятини фош этувчи асарлари ўша кезлари жамиятни ларзага солгани маълум. Рауф Парфи туғёни замондошлари туйғулари билан ҳамоҳангдир. Она Туркистон озодлиги – шоир идеали ана шу орзуда мужассам.

 

Чироқ ёнар – энг гўзал қисмат,

Чироқ ёнар – севимли орзу.

 

Чироқнинг ёниши шунинг учун ҳам гўзал қисматки, ёнмоқ – унинг асл аъмоли. Унинг ўчмоғи эса – фожиа. Чироқнинг ёниши – эркпарвар аждодлар руҳининг барҳаётлиги. Чунки мардлик ва шижоат, эрк ва озодлик чироғини улар ёққан. Чироқнинг ёниши  – кўнгилларда озодлик ва истиқлол умиди сўнмаганидан нишона. Чироқнинг ёниши – миллат қалбидаги орзулар тириклиги белгиси.

 

Чироқни тинглангиз, одамлар,

Қаршисида эгиб туринг бош.

Сизни куйлар у тонгга қадар,

То навбатни олгунча қуёш.

Чироқни тинглангиз одамлар...

 

Кўнгилларда зулмат ҳукмрон бўлиши – фожиа! Бадиий тимсол сифатида чироқ кўнгилларга улашилажак шуълани англатади. Яна бир жиҳати, у тун қўйнида то навбат қуёшга етгунга қадар одамлар ҳақида куйлайди. Одамлардан унинг қаршисида бош эгишни сўрар экан, шоир ана шуни назарда тутади. Навбат қуёшга етиши – зулмат ўрнини тонг эгаллашига ишора. Бу тонг мустақиллик тонгидир. Она Ватаннинг бугуни ва истиқболини ёритувчи тонгдир. Унинг озод ва обод бўлиши элчисидир.

 

Яна бошқа бир шеърида шоир ўз бадиий-эстетик идеалини зулматни шиддат билан кесаётган ёмғир образи воситасида ифодалайди. Лирик қаҳрамон юрагига оқиб кирган қоронғулик, фикрларини тилаётган, зулмат билан жанг қилаётган  ёмғир тасвири орқали шоир ёруғликка, нурга бўлган интилиш туйғусини бетакрор бадиий талқин этади. Ёмғирдан тилинган, чўён парчасидек кескир фикрлари зулматни тилкалашини умид қилади.

 

ХХ аср аввали туркий адабиётнинг атоқли сиймоси Жалил Мамадқулизода ижодкорнинг Ватан ва миллат олдидаги бурчини, бадиий-эстетик идеалини мана бундай таърифлаган эди: “Бир  суратдаки,  ҳар  бир  қаламнинг  ўз  муқаддас вазифаси  бор:  биринчи  навбатда  миллатнинг  хушбахтлиги  йўлида  хизмат этмак”.  Рауф Парфининг эстетик идеали ҳам айнан миллат озодлиги – она халқининг хушбахтлиги, дейиш мумкин. Шоирнинг “Юрак” шеъридан олинган мана бу сатрлар ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди:

 

Майлига ҳайқирай иймоним ҳаққи,

Кўкларга термулиб солайин уввос.

Мен фақат Туркистон аталган ёрқин,

Бир бутун Ватанни истайман, холос.

 

Рауф Парфи қаламини миллат озодлиги, Туркистон бирлиги сингари муқаддас ғояларга хизмат эттирди. Шеърларида ҳар бир сўз, ҳар бир образ, ҳар бир рамз ва тимсол ана шу мақсадга сафарбар қилинди. Шоир миллатнинг ғафлат уйқусида эканидан қаттиқ изтироб чекди. Туркистоннинг, туркий элнинг уйғониши – Рауф Парфи бадиий-эстетик идеалининг асосини ташкил этади. “Уйғонар Туркистон...” деб бошланувчи шеъри ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди:

 

Уйғонар Туркистон, уйғонар дунё,

Порлоқ умидларга тўлиб кун ботар.

Бахт сингари олис юлдузлар, гўё

Азал гўзалликнинг шамъини ёқар.

 

Чўлпон шеъриятида истиқлол орзусини ифодалаган юлдуз образи орадан юз йил ўтиб, Рауф Парфи шеъриятида яна айни шу идеал талқинига хизмат қилди. “Бахт сингари олис юлдузлар” – она Туркистон истибдод зулматида қолган замонларга ишора бўлса, улар  “Азал гўзалликнинг шамъини ёқа бошлагани” ёруғ кунлар умидидан нишона. Чунки шоир наздида, Туркистоннинг уйғониши – дунёнинг уйғонишидир. Шеърнинг кейинги сатрларидаги умидбахш сўз лашкарлари ҳам миллат хушбахт бўладиган кунлар яқин эканидан хабар беради:

 

Кўнглим осмон янглиғ. Ёришди осмон,

Келур от ўйнатиб Халоскор Сарбоз.

Ёрқин саҳарларда сен, Руҳим, омон

Юксак-юксакларга қилавер парвоз.

 

Озодлик шундай туйғуки, унга бўлган умид ҳам кўнгилни осмон янглиғ юксакка кўтаради, унга ёғду улашади. Халоскор Сарбознинг от ўйнатиб келиши – уйғонаётган миллат, уйғонаётган Ватан орзусига бениҳоя уйғун. Аслида, ҳақиқий эркинлик, чинакам истиқлол Руҳ озодлигидан бошланади. Руҳ озод бўлмас экан, вужуднинг, мавжудликнинг озодлиги ҳақидаги гаплар орзулигича қолиб кетавериши аниқ. “Ёрқин саҳарларда сен, Руҳим, омон Юксак-юксакларга қилавер парвоз” сатрлари, назаримизда, ана шу моҳиятни тажассум этади.

 

Ёвлар Чилининг қўшиқчи шоири Виктор Харанинг суюкли она Ватани тимсоли – етти торли муқаддас созини синдиргани, ўзини ваҳшийларча ўлдиргани ҳақидаги назмий асарида ҳам, замондоши Абдулла Орифга бағишланган “Шоир” шеърида ҳам, чет эл шеъриятидан таржималарида ҳам, умуман, бутун ижодида Рауф Парфи озод руҳни васф этди. Она Туркистоннинг ҳур ва обод бўлиши ҳақидаги орзуларини баланд пафосда куйлади. Кўнгилларга эркинлик ва истиқлол туйғусини олиб кирди.

 

Нурбой ЖАББОРОВ,

филология фанлари доктори, профессор

 

Oyina.uz'ни Телеграмда кузатинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси