Юлдузлар мангу ёнади – улоқ Тоғай Муродда кетди


Сақлаш
12:02 / 06.02.2024 273 0

Эллик беш ёш инсоннинг энг навқирон пайти. Адиб етук фаслида ҳаёт билан видолашди. Аммо ундан ўлмас битиклар қолди. “Юлдузлар мангу ёнади”, “От кишнаган оқшом”, “Ойдинда юрган одамлар”, “Момо ер қўшиғи” қиссалари, “Отамдан қолган далалар”, “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” романлари билан ўзига, балки ўзи айтганидек, ўзбек халқига мангу ҳайкал қўя олди.

 

 

Хўжасоатда бўлганмисиз?

 

Тақдир тақозоси билан менга Олтинсойда, аниқроғи, “Олтинсой тонги” газетасида икки йил ишлаш насиб этди. Миршодию Жиндибулоқдан, Хўжасоату Вахшиворгача, Қарлиқдан Синагача одимлаб кездим. Бу масканнинг оддий, лекин валийсифат мардуми билан суҳбатлар қурдим. Тоғай Мурод туғилган, туя ўркачидай ястанган қирлар ва Керагатовга туташ Хўжасоат қишлоғида ҳам бўлдим, у киши яшаган уйларга кириб бордим.

 

Мен Сурхондарё вилояти Денов тумани, Хўжасоат қишлоғида дунёга келдим, – дейди адиб “Бадиий мутолаа инсон кўзини очади” сарлавҳали суҳбатида. – Онамиз оғироёқ бўлди. Бир оқшом оғир оёғи билан бир девор қўшнимиз – тоғамникига борди. Тоғамизникида онамизни тўлғоқ тутади. Момочи излаб югур-югур бўлади, чоп-чоп бўлади. Аммо момочи топилмайди. Онамиз енгил кўз ёради. Мен ана шундай дунёга келаман”.

 

Қишлоқнинг заҳматкаш, тиниб-тинчимаслигини қишлоқда улғайган боладан кўра ҳеч ким яхши билмас-ов. Инчунин, у шаҳарлик эркатойларга ўхшаб эрталаб соат 7-8 гача донг қотиб ётмайди. Тонг ғира-ширасида қўйларни қирга ёяди. Она сигир соғса, бузоқни ушлаб туради. Кун бўйи мол-ҳолга ўт-ўлан ташийди, қишга хашак йиғади. Бўлғуси адиб ҳам Хўжасоат қирларида тенг-тўшлари билан қўй-пода боқиб, гоҳо тепалашиб, гоҳо ярашиб ўсди.

 

Айтмоқчи, Хўжасоат элининг яна бир асосий юмуши – боғдорчилик, аниқроғи, узумчилик. Хўжасоатнинг жовузидан тотли узум дунёда бўлмаса керак. Мана шу узумдан босилган майизни емабсиз, дунёга келмабсиз. Шўрчи, Денов, Термиз бозорларида Хўжасоат майизи ҳамиша харидоргир. Тоғай ака ҳам ўша миришкор боғбонларнинг авлоди эмасми, Дархондаги уйининг ўзига ажратилган бир қаричгина жойини ҳам яшнатиб, шотут, ток, настарин ва атиргуллар экиб, мўъжаз боғ яратганди.

 

Адабиётга ихлос, умуман нафис сўзга меҳр, назаримда, аввало, инсон яшаб турган муҳитдан бошланади. Чўнг Керагатов, мангу ям-яшил арчазорлар адиб кўнглига чўғ ташлагани шубҳасиз. Аслида Тоғай Муродни ҳаётнинг ўзи адиб қилди. Икки яшарлигида отадан етим қолди. Ўгай ота колхозда ҳисобчи бўлиб ишларди, у ҳам кейинчалик “Ўғил кўришим керак”, деган важ билан бошқа оила қуриб кетади. Мурғак қалб “Ўгай ўғил ўғил эмасми”, дея ичи-ичидан изтироб чеккан, кўнгли ўксиган бўлса-да, умр бўйи ўгай отадан миннатдор яшади. Мана шу болалик чоғларида мактаб кутубхоначиси Хадича опа унда илк адабий тафаккурни куртаклатди.

 

Мактабимизда катта кутубхона бўларди, – дейди бу ҳақда Тоғай ака. – Хадича опа деган татар аёл кутубхоначи эди. Хадича опа Қозон шаҳридан келиб қолган эди. Ана шу Хадича опа болаларни кутубхонага аъзо қилолмай сарсон эди. Хадича опа болаларни кутубхонага олиб келарди. Болалар китобни олмай қочарди...”

 

Лекин Тоғай Мурод қочмади, китобларга меҳр қўйди. Опа берган эртак китобчани бир ой ўқиди. Кутубхоначи унга алоҳида журнал очди, илк бор баҳо қўйди. Тағин бир эртак китоб берди, кейин достон китоблар... Тўққизинчи синфга бориб мактаб кутухонасида у ўқимаган бирор китоб қолмади. Математика ё физикадан “икки” олишдан қўрқмасди. Хадича опадан “икки” олишдан қўрқарди.

 

Кутубхоначининг маслаҳати билан Тоғай Мурод “адабий лавҳалар” машқ қилиб, туман газетасига йўллайди. Қанча тиришиб-тирмашмасин, одатдагидек, таҳририят ёш ҳаваскорнинг ёзганларини эътиборсиз қолдиради. Унинг номидан адабиёт муаллими Ҳамза Ҳамроев чиқарган мақолача ёш қалбга қанот бағишлайди. Мана шу ҳимо Тоғай Муродни ёзишга ундайди.

 

 

Юлдузлар мангу ёнади

 

Адиб оҳанрабосининг сири нимада эди, деб ўйлайман. Айрим ёзарманларнинг асарини бир марта ўқисангиз кифоя, яна ўқишга ҳожат қолмайди. Нима учун Тоғай Мурод қиссаларини қайта-қайта ўқиб тўймаймиз? Улуғ Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари ҳам шу йўсиндаги китоблардан. Бундай асарларни ўлмас китоблар деймиз.

 

У думбурларда адабиёт эшигига яқин йўламаган бир йигитча – менинг адиб билан юзма-юз кўришишимга анча йиллар бор эди. Аммо ёзувчини “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинган “Юлдузлар мангу ёнади” қиссаси билан 1976 йили таниганман. Асар бир нафасда мени тортиб кетган. Ўша пайтлардаги Сурхон тўйларидан бир лавҳа:

 

“Тўйхонада ўйнаб юрмиш болалар олдига чопиб келди.

Тўйловчи аёллар сочқилар сочди: ёнғоқ, писта, майиз.

Болалар қўлларини чўзиб-чўзиб сапчиди. Сочқиларни илиб-илиб олди. Ерга тушганларини талашиб-тортишиб қўйинларига солди.

Иккита бола юмалаб бораётган ёнғоқни қувиб кетди.

Болалар тўда-тўда бўлиб, ёнғоқ, ошиқ, шумшак, қулоқчўзма ўйнади. Дўл, ғирбойди, чиллак, зувиллатар ўйнади...”

 

Эллик йил муқаддам кўрганим Сурхон тўйларининг таниш манзараларини мингта қаламкаш минг хил йўсинда баён этишига шак-шубҳам йўқ. Тоғай Муроднинг услуби эса бахшиёна, шоирона, халқона, ҳеч кимникига ўхшамас бўлди.

 

Асар қаҳрамони Бўри Насим билан қиёматли дўст тутинади, бир-бирига тўн ёпишиб, сирдош бўлади. Бўри ошиқ, дўсти Насимга кўнглини очади. Аксари қиссаю романлардагидек Бўри – Момоқиз – Насим учлиги. Одатда, асарларда илк севгининг туғёнлари, дўст хиёнати узундан узун баёнларда изоҳланмасмиди? Бўри полвонимиз эса Момоқизни хилватга чақириб, кўнглини очишга уялади. Чунки у ўзбек. Кўксида ўзбек юраги тепиб турган адиб Насимнинг қиёматли дўстга, севгига хиёнатини мутлақо кутилмаган диалогларда очади:

 

“– Бўри, мен гапларингни оқизмай-томизмай айтдим. Бўри ошнамга сенсиз кундуз ҳам қоронғи, дедим.

Уҳ, бормисан, ошна! У нима деди?

Жўра, у, бети қурсин, деб қўл силтади. Сенга кўнгли йўқ экан, жўра. Ишонмаяпсанми? Мана, қиблага қараб айтаман: агар ёлғон айтсам, кўр бўлайин!

Бўрининг дили хуфтон бўлди. Бир маҳалгача хўрсиниб ётди”.

 

Воситачи – дўст хоин, алдов устига алдов. Насим “қизбет” қиёматли дўст Бўрига, Момоқизга ёлғон гапирар экан, алдасам кўр бўлайин деб, Худони ўртага қўйиб онт ичади. Қазойи қадарнинг азмойиши нақадар ҳайратли. Айни балоғат ёшида ичилган бу қасам беиз кетмади...

 

Муаллиф полвон халқининг эл-юрт, миллат ори учун майдонга тушишини, полвонликнинг ўзига хос илми ва сирларини турли вазиятларда тасвир этади. Кўҳна қадриятлар, урф-одатлар эскилик сарқити сифатида камситила бошлаган, халқ, миллат тушунчалари мавҳумлашган замон эди. Муаллиф эса миллий курашни қадрият сифатида эътироф этишга жасорат топди:

 

“Бўри полвон ич-ичидан зил кетди. Ўзи билан ўзи гапиришди.

“Биз полвонлик мактабида ўқимадик. Полвонлик бизга отамерос. Пуштдан-пуштга, қондан-қонга ўтиб келяпти.

Полвонликнинг кўзга кўринмас, тил билан тушунтириб бўлмас шундай сирлари борки, буни фақат томирида полвонлик қони борларгина билади. Биз биламиз! Бу сирлар ҳеч бир китобда йўқ!

Мана, менинг ўзим, Сурхон воҳасида мендан йиқилмаган полвоннинг ўзи йўқ! Ўша мактаб кўрган спорт мастерлариям яғринимдан ошиб кетди!

Халқ нимаси билан халқ?

Ўзининг урф-одатлари билан халқ! Ота-бобосидан қолган миллий анъаналари билан халқ!

Кўп урф-одатларимизни бировлар... бировлар ўзиники қилиб олди! Биз қўлимизни бурнимизга тиқиб қолдик.

Шундай кета берсак, ҳадемай... ўзимизни-да бой бериб қўямиз!

Буёғи камдай, не-не нималаримизни эскилик сарқити деб йўқ қилдик.

Хиёл бўлмаса, халқнинг ўзини-да... эскилик сарқитига чиқариб юборайин дедик! Бугун буни йўқота берсак, эртага уни йўқота берсак, адирдаги... подадан нима фарқимиз қолади?..”

 

Шўро авж пардасига кўтарилган, “бепоён советлар диёри”да миллат ва тиллар ҳадемай йўқолиб кетади, деган пуч ғоя ёшу қари тафаккурини заҳарлаётган вазиятда бу одам нима деяпти? Қадриятлари, ўзлигини йўқотган халқни подага менгзаяптими? Ёпирай!!!

 

Улуғ адибимиз Абдулла Қодирий Отабек ва Кумуш муҳаббати, қисмати баёнида миллат тарихининг фожиаларини очгани сингари, Тоғай Мурод ҳам икки ёш юрак севги достонида ўзбек халқининг урф-одатлари, менталитети, полвонлар ҳаётини адабиётга муҳрлади. Ижобий жиҳатларни муҳрлабгина қолмай, ўша давр жамиятининг чиркин иллатларини ҳам фош этди. Ўқувчи Бўри полвон, Абил полвон, Нормурод полвон, Сана полвон, Максим полвон, Тиловберди ва бошқа ўнлаб полвонлар сиймосида ҳали Алпомишнинг авлодлари кучдан қолмаганини, насллар бардавомлигини ҳис этади.

 

Таассуфки, ўтган асрнинг 70-йиллари китобхони ҳамда адабий жамоатчилиги қиссанинг қамрови, қадр-қимматини етарлича баҳолай олмади. Орадан йигирма йиллар ўтиб, ўзбек кураши жаҳон майдонига кўтарилгач, Тоғай Муроднинг буюк кашфиётига, наинки кашфиёти, балки башоратига шоҳид бўлдик.

 

 

Тоғай Мурод билан танишув

 

Университетни тугаллагач, 1983–1985 йилларда Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида корректор (мусаҳҳиҳ) бўлиб ишладим. “Ойдинда юрган одамлар” китоби чиқиши арафасида Тоғай Мурод билан танишдим.

 

1984 йили Тоғай Мурод ва паркентлик истеъдодли ёзувчи Маъсума Аҳмедова оила қурди, автобусда бутун жамоа Паркентга тўйга борганмиз. Янга билан бир жамоада ишлашимиз Тоғай ака билан мени яқинлаштирди. У киши шоиртабиат инсон эди, бахшиёна шеърларни хуш кўрарди. Ўша йиллари энди бир-икки қофияни жуфтлаётган ғўр бир шоир, яъни менинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилинган “Қўҳна оҳангларда” шеъримдан тўрт сатр айтганида ҳанг-манг бўлиб қолганман.

 

Ой юзингга ойна бўлсам бўларми,

Эгачингга язна бўлсам бўларми,

Авжи баҳорингда гулзор оралаб,

Гулларинг атрига бағрим тўларми?

 

Кейинчалик Маъсума янгамиз ҳам бу тўрт қатор битикни Тоғай ака бот-бот такрорлаганини бир неча даъфа таъкидлаганлар.

 

 

“Ойдинда юрган одамлар”га ҳужум

 

1985 йили чоп этилган “Ойдинда юрган одамлар” китобига муаллифнинг “Оқ кишнаган оқшом” ва “Ойдинда юрган одамлар” қиссалари ҳамда “Ку-ку” ва “Бобоси билан невараси” ҳикоялари киритилган. Корректурасини катта ҳаяжон, энтикиш билан ўқиб чиққаним кечагидек эсимда. Яна эсимда қолгани, корректуралар ўқилиб бўлингач, Ўзкомпартиянинг машъум XVI пленумидан кейин Шароф Рашидов қораланиб, миллий ва диний қадриятларимизга қарши навбатдаги “салб юриши” эълон қилингани муносабати билан қиссаларнинг тубдан қайта таҳрирлангани, аниқроғи, шафқатсизларча “сўйилган”ининг ҳам гувоҳи бўлганман. Айрим жумла ёки абзацлар у ёқда турсин, балки бутун-бутун саҳифалар қизил чизиқ тортилиб, қисқартириб ташланган эди.

 

Қиссанинг илк саҳифаларидаги Оймомога Қоплондан совчилар келгандаги ҳолат 1985 йилдаги нашрида:

 

“– Хушвақт бўл, Эсон тракторчи, хушвақт бўл. Шу уйда катта-катта тўйлар бўлсин.

– Айтганингиз келсин”.

 

Мазкур нашрга Эсон тракторчининг тўйни ўтказиш юзасидан раис билан маслаҳати мана шундай “ёпиштирилган”.

 

“Тўй ёз оқшоми бўладиган бўлди.

Эсон тракторчи раиснинг ҳузурига бориб, мақсадини айтди.

– Янгича тўй қилсам деган эдим, раис бова, йўл-йўриқ берсангиз.

– Қанийди, ука, Совет ҳукуматининг келганигаям ўн йил бўляпти. Янгича тўйларни турмушга тезроқ жорий этишимиз керак. Лекин янгичасини ҳали яхши билмаймиз-да”.

 

Энди асарнинг 1994 йилги нашрида совчилар келиши лавҳасини кўрайлик:

 

“ – Хушвақт бўл, қассоб, хушвақт бўл, – деди совчилар.

– Қани, илоҳи омин, шу уйда катта-катта тўйлар бўлсин, Оллоҳу акбар!

– Оллоҳу акбар! Айтганингиз келсин!”

 

Мазкур нашрда янгича тўйлар ўтказиш ҳақида юқоридаги диалогни кўрмаймиз.

 

1994 йилги нашрда келиндан вакил сўраш ҳамда никоҳ ўқиш лавҳалари ҳам ўрин олганки, улар олдинги нашрда бутунлай “каллаклаб” ташланган эди.

 

“Шу вақт беш-олти одам келинли уй даҳлизига келди.

Икки эшик қия очиб қўйилди.

Хайрулла домла келиндан вакил сўради:

– Сизким Оймомо Абдибой қизи, ўзингизни Қоплонбой Қурбонбой ўғлига бағишламоқ ваколатингизни акангиз Эсонқул ўғлига топширдингизми?”

 

Қисқаси, 85-йилги нашрда бундай “таҳрир”лар қайта-қайта қилинганки, бу бедодлик наинки Тоғай Муродни, балки ҳар қандай қаламкашни ҳам мувозанатдан чиқариб юбориши табиий эди.

 

Бефарзандлик важидан Қоплоннинг Сўфи Оллоёр бобо зиёратига бориб қон чиқариши, ҳазрати Хизр бобо билан учрашув лавҳалари 85-йилдаги нашрдан бутунлай олиб ташланган. Ушбу нашрга сўнгсўз ёзган Пиримқул Қодиров “Ойдинда юрган одамлар”нинг қайта таҳрир қилиниши ҳақида сўз юритиб, “ғоявий софлик учун кураш кетаётган пайтда совет ёзувчисининг бидъат ва хурофот сарқитларига муросасиз бўлишини” таъкидлайди ва қисса нуқсонлари юксак партиявийлик нуқтаи назаридан жиддий танқид қилинганини айтади. Қайта ишланган вариантда Қоплоннинг қайнағаси Эсон биринчи бўлиб қишлоққа трактор миниб келган фирқа бўлади. Ленин вафотининг ўн йиллигида маъруза қилади. Қоплон япон босқинчиларига қарши урушда қатнашиб, буюк ғалабага ўз ҳиссасини қўшади.

 

Яхшиямки, қиссада ток зангини очиш, пилла боқиш, майиз босиш тасвирлари, айниқса, тўй манзаралари сақлаб қолинди. Дориломон кунлар келиб ҳақиқат қарор топди. 1994 йилги нашрда аввал “кесиб ташланган” боблар тўлиғича тикланди. Китоб аннотациясида бу шундай акс этди:

 

Бу қиссалар не кунларни кўрмади!

Зоти номард бўлди, ушбу қиссалар ёқасидан олди. Оғзи бузуқ бўлди, ушбу қиссаларга тупугини сочди. Қўли нопок бўлди, ушбу қиссалардан бутун-бутун бобларни ўчириб ташлади. Оқибат, ушбу қиссалар ўз вақтида пати юлинмиш товуқ мисол чоп этилди.

Алқисса, дориломон кунлар келди. “От кишнаган оқшом”даги Зиёдулла чавандозчасига айтар бўлсак... улоқ Тоғай Муродда кетди!”

 

Хотин-халажларнинг топишмоқ айтиш лавҳаси болалик пайтларимизни, қиш кечаларида танча ёки печка ёнида пахта чигитлаб, эртак ёки топишмоқлар айтган дамларимизни эсга солади.

 

“Эл оғзида юрмиш топишмоқлардан айтиш бошланди.

Айтишувни Холдон момо бошлаб берди.

Мен айтсам, узун-узун из кетди, узун бўйли қиз кетди – қасаваси қарсиллаб, манглайи ерга тарсиллаб. Бу нима?

– Ўрмак.

– Кичкина қозоннинг оши ширин.

– Ёнғоқ.

– Букри момом бук этди, югуриб уйига кириб кетди.

– Сичқон.

 

Аёллар тинимсиз ўт ёқиб турди, тинимсиз ўт ковлаб турди.

Боиси, ўт ҳовури пасайса... сумалак айнийди!

Сумалак ана шундай нозиктаъб таом бўлди!

 

Чин қушим, чинни қушим, чин тепага қўнди қушим, оғзидан бол узатиб, халққа салом берди қушим.

Самовар...

Тузи йўқ ошни кўрдим.

Бари аёл ўйда қолди! Биров у деди, биров бу деди, бирови-да тополмади!

Шунда, ушбу топишмоқни айтмиш Оймомо онамиз ҳузурланиб-ҳузурланиб кулди. Тиззасига уриб-уриб кулди. Кетига чалқайиб-чалқайиб кулди. Кула-кула, қўли билан сумалакни кўрсатди.

Тузи йўқ ош – сумалак бўлди”.

 

 

Адибни йиғлатган воқеа

 

Туз-насиба қўшилиб, 1985–1987 йиллари “Олтинсой тонги” газетасида ишладим. 1987 йил охирларида пойтахтга қайтгач, бироз ўтиб Тоғай Муроднинг “Олтинсой тонги”да ишлаётганидан хабар топдим. Адиб ўз юртига “Отамдан қолган далалар” романи учун материаллар йиғиш, пахтакор деҳқонлар ҳаётини яқиндан ўрганиш учун борган эди.

 

Газета билан ҳали алоқани узмаганим боис 1988 йили Олтинсойга, “Шўрчи” совхозида жойлашган кўримсизгина таҳририятга борганимда Тоғай ака билан кўришдик. Эсимда, адиб ҳар доимгидек тоза-озода, оппоқ кўйлакда, костюмлари ҳам ўзига ярашган эди. Газета бош муҳаррири раҳматли Эшмирза ака, адиб ҳамда мен тушликка туман марказига чиқдик. Тушлик пайтида Тоғай ака роман учун материаллар йиғишда кимлар билан учрашаётгани, ҳатто кечалари далаларда сувчилар билан пахтага сув тараётганини мароқланиб гапирди. Маъсума янганинг фикрлари юқоридаги сўзимни тасдиқлайди:

 

“Ёзувчи кўпинча Сурхондарёнинг Вахшивор деган тоғли сўлим қишлоғидаги ўзлари таъриф берганларидай, тоғчорбоғда ижод қилганлар. Қандай асар ёзаётган бўлсалар, ўша муҳитнинг урф-одатларидан тортиб, ўтмишию бугунигача, тановул қиладиган таомию шевасигача шунчалар пухта ўрганар эдиларки, ҳаттоки ойлаб, йиллаб эл орасида яшар, бирга-бирга ишлар эдилар. Шу меҳнат самарасини адиб асарларида кўришимиз мумкин, шираси, ҳаётийлиги, мазмунан теранлиги фикримизга далил бўла олади”.

 

Адибнинг шашти, гаплари ва кўзлари чақнаб туриши романнинг зўр чиқишидан дарак берарди. Тушликдан сўнг бизлар хайрлашиб, Эшмирза ака билан таҳририятга қайтдик, Тоғай ака Вахшивордаги ижодхонасига жўнаб кетди.

 

Миллий қадриятларимиз, муқаддас динимизга бошланган навбатдаги қатағон туфайли мозорлар текисланди, зиёратгоҳлар бузилди. Намоз ўқиш, жанозага бориш тақиқланди. Ҳатто партия-совет арбоблари ўз ота-оналарини жанозасиз кўмишгача бориб етдилар. Шундай шароитда, 1988 йил 21 июлда ижодини ўрганиш тугул, номини ҳам тилга олиш ман этилган улуғ мутасаввуф шоир ҳақида Тоғай Муроднинг “Сўфи Оллоёр ким бўлган?” мақоласи газетада чиқиб қолсами?

 

Бу сокин осмонда портлаган момқалдироқ эди! Газетанинг ўша сони тала-тала бўлиб, нархи 10 сўмга кўтарилиб кетди. Моцарт бор жойда Сальерилар ҳам топилганидек, бир ғаламис ўша газетадан бир нусхасини почта орқали Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасига йўллаган экан. Бир оёғи аллақачон гўр ёқасига келиб қолган комфирқа тазйиқи билан мақола райком бюросида кўрилиб, бош муҳаррирга қаттиқ ҳайфсан берилди, муаллиф эса... ишдан бўшатилди.

 

Ўша воқеаларнинг гувоҳи бўлган бўлим мудири Жўра ака Қодиров атоқли адибнинг фирқа зулмидан хўрлангани ҳақида шундай дейди:

 

“Кўриб турибман. Тоғай Мурод йиғламоқдан нари-бери. Унинг полвон келбат вужуди титрарди. Ахири бўлмади. У ўрнидан турди. Райком ходимлари уни гапиришга қўймади.

 

Биз сиздан ҳеч нарса эшитмаймиз, ўтиринг. Олтинсойни Ўзбекистонга шарманда қилганингиз етар.

 

Аммо Тоғай Мурод ўтирмасди. Унинг кўзлари, юзи қип-қизил бўлиб кетганди. Унинг овози залда момақалдироқ янглиғ портлади:

 

Айтинглар, мен нима қилибман? Менинг айбим нима? Шу мақоламми? Шунга шунчами? Мен унда нимани нотўғри ёзибман? Нимаси ёмон? Ҳали кўрасизлар, яқин қолди. Одамларнинг бари исломга қайтади. Худога қайтади. Керак бўлса, ҳамма қишлоқларда мачит бўлади. Одамлар эмин-эркин намоз ўқийди. Ҳар бир уйда Қуръон китоби очиқ туради. Сизлар худобехабар одамларсиз”.

 

Ҳа, адиб бор-йўғи ўз ҳамюрти, валий зот Сўфи Оллоёр ижоди ва ҳаёти билан элдошларини таништиргани учун ур-калтак, сур-калтак қилинди. Жўра ака адибнинг Сурхондан кетиш ҳолатини бундай тасвирлайди:

 

Денов вокзалидамиз. Дарди дунёси бу ёруғ оламга сиғмас ёзувчига таскин-тасалли беролмайман.

 

Ўз элимда мени шарманда қилишди-я. Кун келади, бу муттаҳамлар мендан олдин мулло бўлади. Шунда олдиларидан салом бериб ўтаман. Булар думи йўқ, орқаси сийғончиқ тулки.

 

Айтганингиз келсин. Ҳаёт жазосини берсин.

Юзи бўғриққан Тоғай Мурод поездга чиқди. Унинг сўнгги гапи шу бўлди:

 

– Ўз юртига сиғмаган ёзувчи ошнангга хайр де! Туман газетасида ишлай олмай ҳайдалган, сенларни қора отли қилиб кетаётган ошнангга қўл силта!

 

Унинг кўзлари тўла ёш эди. Энди бу ёшларни ғижим дастрўмоли билан ҳам артмасди...”

 

Тоғай ака умри давомида кўп марта мана шундай қаршиликлар, ғовларга тўқнаш келса-да, уларни писанд қилмади, руҳан синмади, тушкунликка тушмади, фақат мақсад сари интилди. Лекин ҳар қанча метин ирода бўлмасин, адиб ҳам инсон. У ҳам барча қатори бир ширин сўз гадоси, бир ёмон сўздан дили вайрон бўлади. Тоғай ака “Отамдан қолган далалар” романи дунёга келиши тарихи ҳақида ёзаркан, “Мен нимага эришган бўлсам – барчаси учун ғанимларимдан миннатдор бўлдим. Ғанимларим бўлмаса – мен Тоғай Мурод бўлолмас эдим”, дейди.

 

“Мен қишлоғимга қайтдим.

Онам сандиқ ковлади. Латталар остидан бир тугунча олди. Тугунчсани айлантириб очди.

Тугунчадан беш-олти сўм пул чиқди.

Онам шу пулни менга узатди.

Шунда мен... бир бошқа бўлиб қолдим. Мен ташқари отилиб чиқиб кетай, дедим.

Бу пул... онамни... ўлимлик пули бўлди.

Мен деворни ушлаб қолдим.

Олмайман... – дедим.

Ол, сен шоир бўлсанг бўлди, ол, – дедим онам.

– Йўқ... – дея бош чайқадим.

– Ол, сен шоир бўлмагунингча мен ўлмайман, – деди онам”.

 

Тоғай Муроднинг 1988 йили райком бюросида қилган башоратлари кўп ўтмай ижобат бўлди. Мустақилликка эришилиб, миллий-диний қадриятларимиз тикланди. Минг-минглаб масжидлар очилди, Имом Бухорий, Имом Термизий, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Сўфи Оллоёр ва бошқа талай алломаларимизни таниш бахтига муяссар бўлдик. Минг шукр, барча муслимлар, аҳли сунна вал жамоа масжиду ибодатга қайтди... ва кечаги худосизлар ҳам бир думалаб художўйга дўнди...

 

“Отамдан қолган далалар” романи энди дунё юзини кўрган пайтлар... Асар эълон қилиниши биланоқ кенг жамоатчилик тилига тушди. Ўзбекистон телевидениеси адабий-драматик кўрсатувлар таҳририятида ишлардим. Ушбу асардан инсценировкалар тайёрлаб, Саид Аҳмад, Умарали Норматов, Ўткир Ҳошимов каби ёзувчилар ва адабиётшунослар ҳамда муаллифни “Бўстон” деган кўрсатувга давра суҳбатига таклиф этдим. Тоғай ака ҳам қатнашишга розилик берди.

 

Таклиф этилганлар ҳаммаси (Тоғай Муроддан бошқа) келишди. Охирги дақиқаларгача адибни кутдик, аммо келмади, гўшакни ҳам кўтармай қўйди. На илож. Кўрсатув бошланиб, устоз ёзувчилар “Отамдан қолган далалар” асарини кўкларга кўтариб мақтади. Тоғай Мурод шаънига чиройли таърифу ташбеҳлар айтилди.

 

Эртасига вақт топиб, адиб билан боғландим, Тоғай ака гўшакни кўтарди:

 

– Ака, нега келмадингиз, устозлар олдида жуда хижолат тортдим, – дея ўпка-гина қилган бўлдим.

 

Тоғай ака хуш кайфиятда, пинагини ҳам бузмасдан жавоб берди.

 

– Кўрсатув менга ёқди, мақтовлар ҳам зўр бўлди, раҳмат. Хўш, мен улар олдида “Мақтовчилар нима деркин”, деб оғзига қараб ўтиришим керакмиди? Ё бўлмаса, “Кўриб қўйинглар, аканг қарағай бу асарни қойиллатиб ёзиб қўйди”, деб керилишим керакмиди?

 

Тоғай ака юз фоиз ҳақ эди, бу далил-даъволарга бир нима дейишга ожиз қолдим. Муҳими, кўрсатувдан адибнинг кўнгли тўлгани эди.

 

Адабий жамоатчилик орасида ҳали-ҳануз Тоғай Муроднинг одамовилиги, кескинлиги ва кескирлиги, кўп одамларни ёқтирмагани, ичимдагини топ экани ҳақида иддаолар юради. Бу гапларда балки қисман жон бордир. Чин, Тоғай ака

ҳамма билан ҳам муроса қилиб кетавермасди. Адибнинг “одамови”лигини эса Маъсума янгамиз ҳаммадан, айниқса, бекорчи давралару чойхоналар, тўй-ҳашамлардан вақтини қизғангани билан изоҳлайдилар.

 

Тоғай аканинг ҳақиқатпарастлигига келсак, ёмон кўрганини ҳам, яхши кўрганини ҳам ўша заҳоти юзига айтар, айниқса, ёлғончилик, мунофиқлик, ялтоқилик, иккиюзламачиликни кўришга кўзи йўқ эди. Тоғай ака нимадан куйинар эди? Баъзи нопок, истеъдодсиз ҳамкасбларининг “Қадам олишингиз ёмон эмас”, “Тенгдошларингиздан кам эмассиз”, “Анави асарингизни бир ўқиса бўлади”, деган сассиқ пичингларидан куйинарди. Унинг олдида бир гапни айтиб, орқасида эса тескарисини гапириб юрувчи иккиюзламачилардан куйинарди.

 

Адиб таҳририятларда ўтириб, раҳбарларга муте бўлиб ишлашдан кўра эмин-эркин ижодни маъқул кўрарди. Лекин Худо шоҳид, Тоғай ака билан қанча суҳбатлашган бўлсам, бирор марта қўполлигини, манмансираганини сезмаганман. Кўнгли ниҳоятда нозик, ғурури Керагатоғдай юксак эди. Тоғай Муроднинг иймон-виждон, адабий принципларга келганда ҳеч қачон чекинмаслигига бутун ҳаёти ва ижоди гувоҳ. Чунки миллат ва адабиёт Тоғай Мурод учун ҳаёт-мамот эди. Ҳаётининг сўнгги дақиқаларигача ушбу маслак ва тутумларига содиқ яшади.

 

Абдумажид АЗИМОВ,

Oyina.uz

 

Oyina.uz'ни Телеграмда кузатинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси