Ватан мустақиллиги, миллат тақдири учун кураш – абадий кураш


Сақлаш
14:36 / 30.01.2024 497 0

Бу ҳақда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан алоҳида қайд этилганидек, Ўзбекистоннинг ҳар бир фарзанди халқимизнинг бирдамлиги, мамлакат яхлитлиги учун курашиб яшашни ўз ҳаётининг маъноси деб билмоғи керак! Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!

 

 

Ит ҳурар, карвон ўтар

 

Бу фикрлар бежиз айтилгани йўқ. Бугун биз дунёда империяпарастлик ва шовинизм бош кўтараётган, тажовуз ва таҳдид тобора ортаётган, тарихни бузиб талқин қилиш кучаяётган, камситиш, босқинчилик, вайронкорлик ва бир-бирига қарама-қарши қўйиш, адоват қўзғаш, урушларни молиялаштириш, ички ишларга аралашиш очиқ-ойдинлик касб этаётган зиддиятли ва мураккаб бир даврда яшаяпмиз.

 

Мустақил давлатларга таҳдидлар турли кўринишларда намоён бўляпти. Баъзан унга бепарво қараймиз, баъзида кампаниябозлик қилиб, кимўзарга жавоб қайтарамиз. Лекин биз миллат сифатида англаб етишимиз зарур бўлган бир ҳақиқат бор. Мустақиллик учун кураш қачонки, унга нисбатан таҳдидлар юз бергандагина кўзга ташланмаслиги керак. Бу ожиз қараш билан мутлақо муроса қилиб бўлмайди. Зеро, мустақиллик учун жанг мамлакат ва миллат бор экан, ҳеч қачон тўхтамайди.

 

Унутмаслик керакки, бу жанг тўхтаган куни душманлар бош кўтаради. Улар ҳали-ҳамон мустамлакачилик, ҳукмронлик даъвосидан воз кечгани йўқ, пайт пойлаб турибди. Қачонки, биз аҳилликни, бирликни, ҳамжиҳатликни йўқотсак, ичимиздан хоинлар чиқса, Ватан озодлигини кўз қорачиғимиздек асрамасак, бундай вазият душманларимизга қўл келади.

 

Баъзан қайсидир коваклардан, ўзимизнинг ичимиздан чиққан сотқинларнинг жирканч овози чиқиб қолади. Улар тутқунлик, қуллик даврларини зўр бериб қўмсайди. Улар сафсатаси “гугурт бир тийин эди”дан бошланади. Ушбу чиркин қарашларга чидаб туриш оғир. Ўша замонларда “Қадринг қанча эди?” дегинг келади.

 

Турмуш қийинлигидан, ночорлигидан аёллар ўзига ўт қўйган, “пахта иши”, “ўзбеклар иши” гирдобида оталар қамалган, гўдаклар ўлими ортган, бемақсад уруш туфайли йигитлар жасади темир тобутларда қайтган, болалар пахта қулига айлантирилган даврларни наҳотки унутган бўлсак? Наҳотки, шундай машъум кунларни қўмсаётганлар орамизда бўлса. Бу даҳшат-ку...

 

Мустабид тузумни қўмсайдиганларни, буюк ёзувчи Чингиз Айтматов таъбири билан айтганда, манқурт дегим келади. Наҳотки, қандайдир моддий нарсаларга Ватан мустақиллигини қиёслаш мумкин бўлса? Наҳотки, унинг қалбида миллий ғурур бўлмаса? Ор бўлмаса? Номус бўлмаса? Ўша кимлардир қўмсаётган мустабид тузум бизни миллат сифатида ожиз қилиб қўймадими? Тафаккуримизга қўшиб мутафаккирларимизни ўлдирмадими? Осмадими? Отмадими? Сургун қилмадими? Агар мустақиллик бўлмаганида эди, биз аллақачон ўзлигимизни йўқотган, қадриятларимиздан айрилган, тилсиз, эрксиз, бир ночор халққа айланган бўлар эдик.

 

Бугун мамлакат мустақиллиги ҳақида гапираётган айримлар уни оддий ҳодиса сифатида таърифлайди. Йўқ, асло ундай эмас. Мустақиллик мамлакат ва миллатнинг қаддини тиклади. Мустақиллик миллатнинг онгидан қулликка кўниш синдромини сиқиб чиқарди.

 

Мустақилликнинг бебаҳо имкониятларини, буюк эврилишларини, улуғ истиқболларини англаш учун мустабид тузумнинг кирдикорларидан хабардор бўлиш керак. Ўша аянчли тарихни чуқур ўрганиш керак. Боболаримиз қанчалик хўрланганини, топталганини, қатағон қилинганини, миллатнинг ақли, билими, ўтмиши аёвсиз йўқ қилинганини тафтиш этадиган пайт аллақачон келган.

 

Ҳеч қачон мустабидлик қайтиб келмасин. Халқимиз озод яшасин!

 

Озодлик учун курашга жонини тикадиган авлодлар пайдо бўлсин!

 

Ватанпарвар, миллатпарвар ёшлар майдонга чиқсин!

 

Яхши билингки, Ватан учун, мустақиллик учун кураш, бу – абадий кураш. Бу курашдан ҳеч ким ўзини четга олишга ҳаққи йўқ. Бу кураш умуммиллат курашидир. Бу курашда чекиниб бўлмайди.

 

Бугун Ўзбекистон жадал тараққий этаётганлиги баъзиларга ёқмаслиги аниқ. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё бирлиги йўлида улкан ишларни қилаётганлиги кимларнингдир тинчини ўғирлайди. Юртимизнинг дунё ҳамжамиятидаги ўрни тобора юксалаётганлиги душманларимизни безовта қилади.

 

Чунки улар бир пайтлар мустақилликнинг дастлабки йилларида “Бизсиз яшолмайди”, “Ўзлари ялиниб келади”, “Чегарасини ҳимоя қилолмайди”, “Эртага фалон давлат уларни босиб олади” дея фол очишган эди. Лекин бу фол тўғри чиқмади. Биз мустақилликни бошимиз узра баланд кўтариб, машаққатли йўлларни мардонавор босиб ўтдик.

 

Давлатимиз раҳбари ҳақли равишда қайд этганидек, бугун олдимизда турган вазифалар қанчалик улкан ва мураккаб бўлмасин, уларни биргаликда ҳал этишга кучимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етади. Биз энди кечаги одамлар эмасмиз. Халқимиз ҳам кечаги халқ эмас.

 

Бугун Ўзбекистон дунёдаги нуфузли халқаро ташкилотларининг тўлақонли аъзоси. Дунё тинчлигида муҳим ўрин тутадиган мамлакат. Ўз сўзига, ўз қарашларига эга бўлган қудратли давлат. Ўзбекистон учун қарамлик аллақачон тарихга айланган.

 

Хомтама бўлманг, миллатимизни камситишингизга индамай қараб турмаймиз. Бугун бундай кимсаларга жавоб беришга, кимлигимизни кўрсатиб қўйишга кучимиз ҳам, билимимиз ҳам етади!

 

Айниган каллангиздан чиркин хаёлларни қувинг. Ўзбекистондан, ўзбек халқидан, балки нималарнидир олишингиз мумкин. Лекин мустақилликни эмас!

 

Бу сўзларни қулоғингизга қўрғошиндек қуйиб олинг.

 

Рустам ХОЛМУРОДОВ,

Самарқанд давлат университети ректори,

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,

Олий Мажлис Сенати аъзоси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10340
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//