Алғов-далғов, ҳовлиқма бир замонда яшаяпмиз. Гапнинг индаллоси, истаймизми йўқми, ён-веримизда руҳни емирадиган ҳодисалар кўпайди. Улар тўғрисида кўп ёздик, кўп гапирдик. Ҳадеб ёзавериш ҳам нашъа қилмай қолди. Майли, бундайлар ҳамма ерда, ҳамма замонда ҳам бўлган. Гуноҳи ўзининг бўйнига. Лекин бирон асарми, ток-шоу ёки концерт бўладими у экранга чиқдими, унутмайлик у – халқники. Баҳо қўядиган ҳам, маънавий озуқа оладиган ҳам халқ. Буёғини халққа етказиб айтмоққа ожизлик қиламиз: “Дарахт қуласа, ҳар ким ўзига керакли бўлагини – қассоб кундасини, деҳқон кетмонсопга мўлжаллаб – танасини, саватдўз – хивичини кесар экан…”
Шу маънода, яқинда ижтимоий тармоқлар юзини кўрган “Миллион” жамоасининг концерти кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Баъзилар “Концерт ахлоқсизликларга тарғиб қилишдан бўлак ҳеч нарса эмас”, дея бонг урди. Мардонасига тан оладиган бўлсак, “Мароқ билан томоша қилдим. Барака топишсин”, дейдиганлар ҳам топилди, шаҳрингизни бераверинг… Ушбу мулоҳазаларга тўхталмоқ муддаомиздан йироқ. Лекин атрофимизда тез-тез кўриниш бераётган ушбу иллатлар хусусида шингилгина сўзламоқчимиз
Мутахассислар фикрича, кўп ҳолларда омма онгини бошқаришда турли усуллар: сиёсий-мафкуравий мазмундаги ахборот хуружи, реклама, ташвиқот, ток-шоулар, эстрада ва спорт юлдузларининг хулқ-атвори ҳамда улар ҳақидаги миш-мишларни зўр бериб тарқатиш, тарғиб қилиш, зўравонлик, уруш, фаҳш ва бошқа ахлоқсизликларни кўрсатувчи фильмлар, электрон ўйинлар, ноанъанавий танловлар ва оммавий маданиятнинг турли маҳсулотлари қўл келади. Улар инсонда худбинлик, нафс майллари, истеъмолчилик ва бошқа биологик инстинктларни қўзғайди, носоғлом рақобат ва кучга сажда қилишни авжга олдиради. Бу амалиётда синалган усул.
Наздимда, “Миллион” жамоаси турли муаммоларни олиб чиқиши билан танилган. Ҳақиқатан ҳам, шундай. Тўғри, ўша вақтларда ҳам менталитетимизга тўғри келмас саҳналар бўлган. Бироқ, бу галги концертида қўпол бўлса ҳам айтаман, “бузуқи” саҳналар самимий юмордан оғирроқ юк босаётир. “Миллион” жамоасининг концертини саккизинчи синфда ўқийдиган укам олиб келди. Беш ёки олти дақиқа кўрдим, холос. Мавзу моҳиятини очиб бериш учун кўзим тушган саҳналардан келтирмоқчиман. Мисол учун, "Фолбин" саҳна кўринишидаги гапларни эшитиб, жуда энсам қотди. "Уйландинг. Қиз эмас экан" деган ўта уят гапни саҳнада айтиш керакми? Шунингдек, Луиза исмли актрисага нисбатан ишлатилган ҳазиллар ҳам ахлоқ даражасидан жуда-жуда ташқарида. Супермаркетда сотилаётган нарсаларнинг овозланишига оид саҳна кўриниши ҳам шулар жумласидаги ахлоқсизлик. Хуллас, бу каби одам тилга олишга ҳам уяладиган “интим” саҳналарга “бой” бу концерт мен учун жуда катта фожиа эмасдир, аммо мендан кейин ўсиб келаётган авлод – синглим, укам, жияним ва бошқалар учун бундай саҳналар эфир юзини кўришини асло хоҳламайман.
Войничнинг “Сўна” деган романини ўқиганимда худди бизнинг жамиятда кузатилаётган аҳволнинг гувоҳи бўлгандим. Аслида, бош қаҳрамон Артур жабрдийда бўлса-да, уни бутун жамият қоралайди. Артур католик дини руҳонийси, диний семинариянинг ректори Монтанеллининг ўғли. Аммо Артурнинг бундан хабари йўқ. У сирлардан воқиф бўлгач, ўзга ерларга бош олиб кетади-ю, азоб-уқубатлар таъсирида бутунлай бошқа одамга айланиб ортга қайтади. Келинг, энди шу еридан бошлаб, Артурни бизнинг жамиятга ташлаймиз. У “бебошлик”лари учун ҳар куни таъқиб этилиб, охири ўлим жазосига ҳукм қилинади. Уни шундай бўлиб кетишига сабаб бўлган ота-чи (тарбиялаган авлод-чи)? Шунчаки томошабин бўлиб туради. Виждон қийналади, бироқ айтолмайди… Ёшлар бирон-бир қилиғи билан омма эътиборига тушса, “Ёшлар айниб кетди”, дея қутуламиз. Аммо уларни ким, қандай айнитяпти, уларнинг маънавияти нималар билан шакллантириляпти, бу билан ҳеч биримизнинг ишимиз йўқ. Худди Монтанеллидек кузатувчи бўлиб тураверамиз. Мана ҳаммасини ўз қўлимиз билан қиляпмиз, дейдиган эса топилмайди. Оиласида яхши тарбия кўрган, нима яхшию нима ёмонлигини ажрата оладиган ёшлар бундай киноларни кўрмаслиги мумкин. Бунга вақти ҳам бўлмайди. Аммо кун давомида ишда ёки бирон юмуш билан банд бўлган ота-оналарнинг фарзандлари-чи? Уларга бу кинони кўрма, ёшингга тўғри келмайди деб ким айтади?
Хўш, буёғига қайси йўлдан борамиз? Буюк Шекспир қаҳрамони айтмоқчи, “Ё ҳаёт, ё мамот: масала шундоқ!”. Бу саволга жавоб излаб узоққа бориш шарт эмас. Президентимиз Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузасида жонкуярлик билан жавобни айтганди: “Маънавият тижоратга айланмаслиги керак!”
– Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга йўл қўймаймиз, – дейди Давлатимиз раҳбари. – Кимда-ким бу соҳаларга фақат пул ишлаш, фақат иқтисодий фойда кўриш мақсадида кираётган бўлса, улар, марҳамат, тадбиркорлик, бизнес соҳасига борсин… Лекин ижодий ишларга аралашиб, ўзини ҳам санъат деган муқаддас тушунчани ҳам беобрў қилмасин. Буни ҳеч ким ҳеч қачон унутишга ҳаққи йўқ. Президентимиз маънавият, маданият, китобхонликни оммалаштириш каби масалаларга эътиборни кучайтираётган вақтда биз билганимиздан қолмасак...
Шу ўринда, бир саволни ўртага ташламоқчиман: Бировнинг ангишвонасини ўмарган одам қонун олдида жавоб беради, қизил чироқда ҳаракатланса, жарима ундирилади ва ҳакозо. Таассуфки, вақт ўғриларининг мушугини биров пишт демайди. Нима учун ахлоқсизликни очиқчасига тарғиб қилаётганларга қонунан чора кўрилмайди? Бугун “енгил”, “суюқ” мавзулардаги ток-шоу ва киноларни кўрган ёшларни эртага Навоий, Бобур, Абдулла Қодирийлар мутолаасига қайтариш қийинлигини қачон англаймиз?
Бу сира пайсалга соладиган иш эмас. Акс ҳолда...
Муроджон РАҲМАТОВ
“Nuroniy” газетаси, 2021 йил 3 ноябрь, 43-сон
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Sevinch
12:01 / 01.01.1970
Juda to'g'ri. Luizani o'zi ham shunga rozi bo'lganiga hayronman. "Million", "Million" bo'lmay qolibdi. Deyarli barcha hazillari "eshitib, hatto ko'rib bo'lmaydigan" darajada. Qani, bo'la oladimi, ular ham:Hojiboy Tojiboyev,Avaz Oxunlardek...Ular xalqni kuldirish uchun bunday axloqsizliklardan foydalanishmagan-ku! Lekin, biz ularni tan olganmiz. Barchaning insofi o'ziga...