Шароф Бошбеков турли тўдаларга қўшилмасдан, манфаатлар тўқнашувида мураккаб ролларни ижро этмасдан (чунки театр саҳнасида ўйнаган роллари бас эди унга), бировга малол келмай деб қисиниб-қимтиниб (ҳолбуки, бу дунёда мавжудлигинг кимларгадир халақит бериб қолар экан), ўзича яшаб ўзича ижод қилиб ўтди (“Менинг мучалим йўлбарс”).
Шундай катта драматург биз билан замондошлигини биров билди, биров билмади. Охирги йилларда “Фэйсбук” ижтимоий тармоғининг ҳадисини олиб, куйдирадиган-кулдирадиган фикр-мулоҳазалари билан кунда-кунора кўриниш бера бошлагач, минглаб мухлислари яна ижодкорни топиб олди. Бундан қувончини билдирган кўп эди.
“Ш”дан бошланувчи буюклар” ҳангомасига маддоҳликнинг жуда инжа йўлини топибсиз деган ҳазилнамо изоҳ қолдирганимда нозик ишорани илғаб жиғибийрон бўлиб қолгани эсимда. Ўйлаб қарасам, олтин ялоққа бош суқмай, борига қаноат қилиб, қўл учида яшаб ўтаётган ижодкорни бундан ортиқ таҳқирлаб бўларми?!
Шарофсиз дунёда Шароф Бошбековнинг интернет саҳифаларидан қуйидаги ёзмишлари, кечмишларини тўпладик.
***
Мен туғилмасимдан олдин бу дунёнинг расвоси чиқиб бўлган экан. Менинг сираям айбим йўқ.
***
Мен одамларнинг бахшиси, бахшиларнинг яхшиси устоз Фозил Йўлдош билан деярли ҳамқишлоқ эдим. “Деярли” дейишимга сабаб қишлоқларимиз ёнма-ён, жуда яқин эди. Айни қиш. Фозил ота “Кўмир, ўтин-чўпдан қийналиб қолдим, уйимдан чакка томяпти, ҳеч ким хабар олмайди”, деб Ёзувчилар уюшмасига, Олий Советга, Марказқўмга устма-уст шикоятлар ёзаверибди. Ўша пайтдаги Олий Совет раиси Шароф Рашидов янги йилни кутиб олиш учун Самарқандга боради. Қайтишда “Оқсоқолдан бир хабар олиб кетайлик”, деб Фозил отанинг уйига кириб ўтади. Бахшининг хонадонида ҳурматли меҳмон шарафига қўй сўйилиб, катта зиёфат берилади. Қишлоқнинг бообрў одамлари қаторида бизнинг отамиз ҳам айтилади (отамиз ўша пайтлар “Қорамўйин” қишлоқ советида котиб бўлиб ишлаганлар). Аллоҳнинг қудрати билан ўша кечаси қалин қор ёғиб, уй эшиклари очилмай қолган, машинани кўмиб юборган (отамизнинг айтишларича, “от юролмас қор босган”). Меҳмонлар яна бир кеча қолишга мажбур бўлишади. Вақт ярим кечадан оққанда қўшнилардан бири деразани чертиб:
– Бошбек ака, ўғилли бўлдингиз! – деган хабар олиб келади.
– Нима исм қўясиз, Бошбекбой? – дейди Фозил ота.
– Ўзларингиз бир нима дейсизлар-да… – дейди отамиз бошларини эгганча.
– Бўлмаса, ҳурматли меҳмонимиз шарафига “Шароф” деб қўясиз-да! – дейди бахши ота ва савол назари билан Шароф отага қарайди.
Шароф ота мийиғида кулиб ўтираркан, эътироз билдирмабди.
Буни “сукут – ризолик аломати” деб тушунган отамиз эртаси куни янги туғилган меҳмонга “Шароф Бошбеков” деган ҳужжат олиб келади.
Ана ўша “от юролмас қор босган” кечада туғилган чақалоқ камина бўлади. Ўшанда 1951 йилнинг 4 январь санаси эди...
***
Менинг мучалим йўлбарс. Тор сўқмоқда кучукми, мушук билан тўқнаш келиб қолсам, “Шу билан тенг бўлиб юраманми?” деб йўл бераман. Буни баъзилар “Итдан қўрқди” деб тушунишади.
***
Онамиз биздан ширинликни беркитмай қўйган пайтдан бошлаб болалик деб аталмиш беташвиш давр тугайди.
***
Аёлим Тошкентлик. Қишлоққа борсак, сумалакнинг устидан чиқиб қолдик. Баҳорий маросимларга доимгидай раҳматли катта энам бош-қош.
Бир пайт қозон кавлашдан чарчаган “тошкентлик келин” тонг отай деб қолганда уйга кириб келди:
– Энам сўкинвоттила... – деб эълон қилди остонаданоқ.
– Йўғ-э? – деганимча ташқарига чиқдим.
Қарасам, катта энам кута-кута чарчаб мудраб ўтирган чеварасига меҳрибонлик қиляпти:
– Ҳозир очаман, сумалакдан жэ (сумалакдан е), ҳеч бўмаса озғана жалаб (ялаб) кўр, кейин жотасан (ётасан).
Ҳали-ҳали энамнинг “сўкиш”ларини соғинаман...
***
Топишмоқ. Отамизнинг мактаб винеткасида биттагина аёл муаллим бор экан, қолгани эркак. Менинг 8-синфда тушган винеткамда 12 та муаллимдан 5 таси аёл, 7 таси эркак. Қизимнинг винеткасида 3 тагина эркак, қолгани аёл муаллимлар. Неварамнинг винеткасида ҳаммаси аёл, бирорта эркак зоти йўқ. Бу нимадан далолат?
***
Илгари ёшлигимга бориб, агар мен ҳеч кимга ёмонлик қилмасам, душманим ҳам бўлмайди, деб ўйлар эканман. Кейинчалик тушуниб етдимки, бировга ёмонлик қилмасанг ҳам, бу дунёда яшаётганинг, ишлаётганинг ўзи кимларгадир “халақит бериб” қолар экан...
***
Бир қарашда, “Бахт тилайман” деган калима жуда жўн, салмоғи йўқ жумладай туюлади. Сўзлашув тилимизда бунга ҳеч бир маъно юкламай, шунчаки гапиришга ўрганиб қолганмиз. Чуқурроқ ўйлаб қарасак-чи?
Дунёда яхши ё ёмон одам бўлмайди, бахтли ва бахтсиз одам бўлади. Бахтли одам турмуш икир-чикирларидан, ҳар хил минғир-минғир, шивир-шивирлардан олис бўлади. Ўзи ҳақидаги ноўрин гапларга ҳам парво қилмайди. Ўша гап-сўзлар унинг бахти олдида нақадар майда, нақадар арзимас бўлиб туюлади. Бахтли одам бировга ёмонлик қила олмайди. Шунинг учун биз уни “яхши одам” деймиз. Ҳаётингизнинг энг бахтли дамларини эсланг. Никоҳ кунингизни ёки фарзанд кўрган пайтингизда қўшнингизнинг ёки ҳамкасбингизнинг сиз ҳақингиздаги фисқу фужур гаплари қулоғингизга кирадими? Йўқ. Чунки, сиз бахтлисиз!
Бахтсиз одам аламзада бўлади. Дунё кўзига рангсиз, одамлар эса ўзига ўхшаган бахтиқаро бўлиб кўринади. Қўрслик, дилозорлик бахтсиз одамнинг доимий йўлдоши бўлади. Унга ҳамма душман, уни ҳамма кўролмайдигандай туюлаверади. Ундайларни биз “ёмон одам” деймиз. Майли, улар ҳам бахтли бўлишсин...
***
Душманингга бахт тила, токи у ўз бахтига ўралишиб, сенга ёмонлик қилишга на вақт топа олсин, на хоҳиш.
***
Бу дунёда бахтли одам йўқ, ўзини бахтли қилиб кўрсатадиганлар бор.
***
Коинотда бир ажиб ҳодиса рўй бераётир. Олам кенгайяпти. Бу кенгайиш оқибатида кўзга кўринмас зарралардан тортиб сайёра ва юлдузларгача бир-биридан узоқлашади. Наинки коинот жисмлари, бу узоқлашиш Ерда ҳам давом этади: бус-бутун империялар парчаланади, эр-хотинлар ажраб кетишади, яқин жигарлар бир-биридан йироқлашиб, ўртадан меҳр-оқибат кўтарилади. Ҳатто мусиқа ансамбллари тарқалиб, барча ўзига хон, ўзига бек бўлгиси келади. Бу одамзод ихтиёридан ташқарида рўй беради.
Лекин орадан юз йил ўтадими, минг йил ўтадими, табиат қонунига асосан коинот торая бошлайди. (Чексиз кенгайишнинг имкони ҳам йўқ.) Осмон жисмлари бир-бирига яқинлаша боради. Ерда ҳам турли-туман бирлашмалар, уюшмалар таркиб топади, хуллас, одамлар ўртасида яқинлик пайдо бўла бошлайди. Хўжаликлар йириклаша боради. Никоҳ тўйлари кўп, ажралишлар кам бўлади. Одамлар бир-бирига меҳр-оқибатли бўлишади, ҳар қадамда виждон, диёнат деган тушунчалар манаман деб бўй кўрсатиб туради...
Лекин оламнинг торайиши қачон рўй беради, буни билмайман...
***
Бировга пул берсангиз қарзга эмас, эсдаликка деб беринг – тинч ухлайсиз!
***
Сизни кимдир тўсатдан ёқтирмай қолса, билингки, бир пайтлар сиз унга яхшилик қилгансиз...
***
Биз бировларнинг камчилигини кўришга устамиз, лекин ўзимизнинг хатоларимизни пайқамаймиз.
***
Виждон нима? Инсоннинг ичида виждон деган орган йўқ. Юрак бор, талоқ бор. Лекин виждон оғриса, азоб берса, одамнинг ҳаёти зулматга айланади.
***
Ҳозир, назаримда, кўпчилик ўз йўлига тушгани йўқ: этикдўз артист бўп юрибди, ўқитувчиликни қойиллатадиган одам ўртамиёна актёр… Инчунин, ҳамма ўз касбини алмаштиргандек. Ҳаётда ҳамма ўз ўрнини топиши керак.
***
Мен болалигимда учувчи бўлишни орзу қилардим. Ҳаёт – ҳаёт экан. Турфа сўқмоқларни босиб ўтдим. Ўз ўрнимни топгунимча кўп тентирадим. Ашулачилик қилдим, балетда роллар ўйнадим, кинода судралиб юрдим. Кўп тентираб, охири ёзувчиликда тўхтадим.
***
Мен кўпинча ҳажвий асарлар, кинокомедиялар ва юмористик пьесалар ёзаман. Аслида йиғлаб юбормаслик учун куламан.
***
Узоқ вақт давомида ҳамма мавзулар тақиқланди. Фақат қайнона-келин, наркомания, одам савдоси мавзулари мумкин эди. Сюжетлар, мусиқалар оригиналлигини йўқотди. Театрми, адабиётми, газетами, ҳаммаси дидни ўстиришга хизмат қилиши керак.
***
Ёзувчи учун ҳеч ким билмайдиган, мутлақо янги гап айтишдан кўра ҳамма биладиган, лекин ҳеч ким айта олмайдиган гап айтиши муҳимроқдир.
***
Ўқимишли одам ўқимаганлардан яхши яшаса, халқ машина совға қилишмаса ҳам китоб ўқийверади.
***
ҚАРҒИШ. В.И.Ленин номидаги Халқлар дўстлиги саройида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларининг қурултойи бўляпти. Президиумда Московдан келган КПСС МКнинг қишлоқ хўжалиги бўйича котиби, Шароф Рашидов ва ҳукумат аъзолари ўтиришибди. Бир пайт илғор сут соғувчи опага сўз беришди. Опа минбарга чиқиб, “Ассалому алайкум...” дейиши билан тўрт ярим минг кишилик зал жимиб қолди. Шунақа сукунат чўкдики, пашша учса эшитилади. Сўнг бирдан гўё бомба портлагандай норозилик ҳайқириқлари, полни тепишлар, ҳуштаклар овозидан зал ларзага келди. Ҳалиги опа, нимаям бўлиб, ўзбек тилида гапириб қўйди-да! У пайтларда бу мутлақо мумкин эмас эди. Ҳатто ЎЗБЕК тилида ёзадиган, ЎЗБЕК ёзувчиларининг тўртта одам қатнашадиган йиғилишлари ҳам бегона тилда олиб борилар эди. Бояги сут соғувчи опа Рашидов томон қаради. У эса ерга қаради. Шу пайт Шароф отанинг хаёлидан нималар ўтди, буни унинг ўзи-ю, ёлғиз Xудо билади. Опа Шароф отадан умидини узиб, йиғлаганича минбардан тушиб кетди.
Эртаси куни шу кўрсатув такроран намойиш қилинди – аммо унда бу саҳна қирқиб ташланган эди... Мен бир нарсага ҳайрон бўламан: залдаги ҳуштак чалиб, полни тепкилаганлар ўзимизнинг қоракўзлар – деҳқон, чорвадор, миришкорлар. Ўлсин агар, уларнинг бирортаси рус тилида “твая-мая” қилиб бўлсаям уч баҳога ҳам гапира олишса! Бир ғазабим қўзийди, бир раҳмим келади. Бугун “Ўзбек тили ҳақида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини қабул қилмаганлар ўшаларнинг фарзандлари бўлса, не ажаб! Ё минбардан йиғлаб тушиб кетаётган опахонимиз “Болангдан қайтсин” деб қарғаганмикан?..
***
Шоир эмасман.
Лекин ҳаётда шундай паллалар бўларканки, шоир бўлмасликнинг иложи йўқ. Агар кулмасангиз, битта машқимни сизларга ҳам илинаман:
Майли, ёғдир яна неки азобларинг бор,
Ғаним бўлсин, майли, қанча каззобларинг бор.
Таним нимта қилсин, не-не қассобларинг бор,
Йиғламайман, не қилсанг қил, эй олчоқ дунё!
Севсам кимни, оҳ-воҳларсиз кулиб суяман,
Хиёнатга кўзёш тўкмам, кулиб куяман.
Армонларнинг юки эзса, кулиб ўламан,
Йиғламайман, не қилсанг қил, эй олчоқ дунё!
***
Катта лавозимда ишлайдиган бир дўстим ундан-да юқори мансабга минди. Табриклагани бордим.
– Ў-ў, кабинетлар жа-а ваҳима-ю! – дедим чин дилдан қувониб ва орқадаги эшикни очиб сўрадим: – Ўқтин-ўқтин кириб, дам оладиган хона-да, а?
– Йўқ, ўқтин-ўқтин кириб, йиғлаб турадиган хона...
Иймони бут раҳбарлар ҳам бор.
***
Виждон кўричакдай гап: ҳеч иш қилмайди-ю, оғриғи оламни бузади.
***
Сичқоннинг фалсафаси:
Одам боласидай аҳмоқ мавжудот бўлмас экан. Ноннинг оғзим теккан жойини олиб ташлаб, кетим теккан жойини бемалол ейверади.
***
Каллада ғимирлаётган фикрлар туркумидан:
– Бизга қийин, – дебди ёзувчи уҳ тортиб. – Бор-йўғи 32 та ҳарфдан романлар, қиссалар ёзамиз...
– Сизларга маза экан, – дебди композитор. – Бизда атиги 7 тагина нота бор. Ана шу 7 та нотадан оратораялар, кантата, опералар ёзамиз.
– Ўлмаган бизнинг жонимиз, – дебди доирачи. – Бизда аттиги иккита нота бор – бум-бак! Икки-уч соатлик концертларни, тонготар тўйларни индамай ўтказаверамиз!
***
“Фейсбук”даги ёқимсиз одамлардан ва уларнинг ундан-да ёқимсиз постларидан қутулишнинг энг самарали йўлини биламан. Дўстликдан ўчиришнинг ҳам, блоклашнинг ҳам ҳожати йўқ.
Қадимда ота-боболаримиз гуноҳкор одам учун энг олий жазо – унинг отини атамаслик деб билганлар. Ҳеч ким, ҳатто ота-онаси, яқин жигарлари ҳам исмини айтиб чақирмас экан. Ана шундай тақиқлардан сўнг сиқилиб, ич-этини еб, ўзи ўлиб кетар экан. “Отинг ўчсин, уруш!”, “Э, уни гапирма, оти ўчсин!” деган иборалар ўша даврлардан мерос бўлса, не ажаб!
“Фэйсбук”ка янги кирганимда соддалик билан “Мени тушунмади” деб, зўр бериб тушунтиришга уринардим. Кейин билсам, у банда тушунишни атай “истамаётган” экан. Сизнинг фикрингизга қарши пост ёзсалар, сиз жавоб бериб ўтирманг – ўзи акиллаб-акиллаб бир куни чарчайди-да, сизни тинч қўяди. Жавоб берсангиз, у ҳам бир нима дейди, сиз тағин ёзасиз, у ҳам жавоб қайтаради. Қарабсизки, асосий гап бир четда қолиб, майдалаша-майдалаша, сиз ҳам унинг даражасига тушиб қоласиз, сизнинг ҳам ўшандан фарқингиз қолмайди. Энг яхшиси – ўрисчасига айтганда, ноль внимание!
***
Букрини... “Фейсбук” тузатмас экан...
***
“Гуанжо” xитой тиббиёт марказининг рекламасини бир кунда турли каналларда 70 мартадан 120 мартабагача кўравериб-кўравериб, асаблар бутунлай тугаб, қон босимим фалакка чиқиб кетди, қўлим қалтирайдиган бўлиб қолди. Ўзингиз ўйланг, мен кўрмоқчи бўлган кино, спектакл, кўрсатувларни кўролмасам, унинг ўрнига бир ёқимтойгина қизнинг “Эркаклик кучингизни тикланг ва аёлингизни хурсанд қилинг”, деган “насиҳат”ини эшитиб ўтирсам! Теледастурлар – йўлига, аслида ит эгасини танимайди. Дардимга ҳеч қанақа лактавита, ҳеч қанақа ламиналайфлару седана ёғлари фойда қилмади. Ўзимизнинг поликлиникага чиқдим. Врач рецепт ёзиб берди. У ерда мана шу сўзлар ёзилган экан: “Ўзбекистон телевидениесини икки ой кўрмай туринг, отдай бўп кетасиз”. Айтганини қилган эдим, ёшим 70 дан ошган бўлса ҳам, ўзимни 25 ёшли йигитдай сезяпман. Соғлом бўлай десангиз, сиз ҳам мендан ўрнак олинг!
***
Сериалларида “Ахборот” дастурини ўқиётган диктордан ташқари ҳамма йиғлайди: ёшу қари, аёлу эркак. Яхшиям, “Ахборот”ни мана шу сценарийнавислар ёзмаган.
***
Ўзбек сериалларида роль ўйнаб, машҳур бўлиш учун фақат йиғлашни эпласа бўлди, талант-палант шарт эмас.
***
Ўзбек сериалларида тўкилган кўз ёшлари билан бемалол Оролни тўлдириш мумкин.
***
Китобнинг телевидениедан устун жиҳати – китоб ичида реклама йўқлиги.
***
ТУШЛАР:
Бошловчи ва қизиқчилар диққатига!
Ҳали ҳеч иш қилмасдан томошабиндан чапак сўраганлар 1,5 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум этилади.
***
Олти миллиард образи бор спектаклни ким ёзиши мумкин?! Тепамизда Буюк Драматург ўтирибди. Мен Унга ишонаман...
***
Дунё “шишяпти”... Бир ҳовуч бойларнинг кармони “шишяпти”. Бозорда нарх-наво “шишяпти”. Шаҳарлар “сити”лар эвазига “шишяпти”. Қизларнинг лаби, кўкраги, ҳатто думбаси (қўштирноқсиз) шишяпти. Йигитларнинг билаги (буям қўштирноқсиз) шишяпти. Дунё шишяпти... Охир-оқибат “пақ” этиб ёрилиб кетмаса бўлди!..
***
Жавобсиз севги бўлиши мумкин, жавобсиз дўстлик бўлмайди. Унда у дўстлик эмас.
***
Вақт дил ярасини даволамайди, фақат киши ўша оғриққа кўникиб кетади.
***
Бир куни Амир Темур хиёбонида тушликдан кейин дам олиб ўтирсам, Ўзбекистон халқ рассоми, ажойиб инсон Рўзи Чориев (охирати обод бўлсин) ўтиб қолди. Икки томонида икки европалик гўзал қиз (натурщица бўлса керак). Ниҳоятда гўзал, бўйлари ҳам салкам икки метр. Рўзи ака сулувларнинг белидан келади. Менга кўзи тушган заҳоти қизларни ҳам ташлаб югургилаб олдимга келди. Бағрига босиб, ўпишиб кўришди. Рўзи ака билан турли тадбирларда, йиғилишларда кўришиб турардиг-у, лекин муносабатларимиз ўпишиб кўришадиган даржада эмас эди. Шу сабаб мен ўзимни тортиброқ турдим. Буни Рўзи ака сезди.
– Биласизми, Шарофжон, – деди у негадир менга қарамай. – Мен дунёни гўзал қилишни биламан. Қандай қилиб одамлар бир-бирига меҳрли, оқибатли бўлишининг йўлларини биламан.
Менинг юз ифодамдаги саволни ўқий олди, шекилли, саволга ўзи жавоб берди:
– Бу жуда осон: кўришаётган одамингиз билан ҳам, хайрлашаётган одамингиз билан ҳам ўзингизни гўё охирги марта учрашиб тургандай тутишингиз керак. Шу одамни бошқа кўрмайсиз! Қандай кўришасиз? Қандай хайрлашасиз? Ҳозиргина бағрингизга босиб турган киши ҳақида қандай қилиб ёмон ўйга борасиз? Боролмайсиз. Ана! Ҳамма ёқни одамийлик, меҳрибонлик, ғамхўрлик, мурувват босиб кетади...
Бунга кўп йил бўлди. Энди у одам йўқ... Ўша суҳбатни эсласам, ўзимни тортиброқ турганим ёдимга тушиб, хижолатдан қора терга ботиб кетаман.
Мундоқ ўйлаб қаралса, чиндан ҳам, биз шунчаки саломлашамиз, шунчаки хайрлашамиз, ўша одамнинг кўзларини кўрмаймиз, афт-ангорига разм солмаймиз. Расм бўлиб қолган сўзларни шунчаки такрорлаймиз, холос. Яқинларимизни йўқотганимизда афсусланиб юрамиз: “Эҳ, ўшанда чиройлар гаплар билан кўнглини кўтарсам бўлмасмиди?”, “Эҳ, анави ишни бундоқ қилсам бўлмасмиди, армонда кетди бечора!”.
Келинг, бир-биримиз билан шунчаки саломлашмайлик, шунчаки хайрлашмайлик, бағримизга босиб, сидқидилдан салом-алик қилайлик. Зеро, Рўзи ака айтганидек, дунёни одамийлик, меҳрибонлик, ғамхўрлик, мурувват босиб кетсин!
***
Унда ёш эдим... Ёзган пьесаларимда агар шарти кетиб парти қолган, тўкилиб кетай-тўкилиб кетай деб турган, қариб-қартайиб, эртага ўладиган чол образи бўлса, “Иштирок этувчилар” деган жойига “60 ёшда” деб кўрсатар эдим. Бўлди, гўё эртадан бошлаб ҳаёт қуёши сўнадигандай.
Мана, 70 ёшгаям кирдик... 60 дан кейин ҳам ҳаёт бор экан...
Фаррух ЖАББОРОВ
тайёрлади
2022 йил.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Фахриддин Низомов
01:01 / 27.01.2024
Фаррухжон, раҳмат. Аллоҳ Шароф акани раҳмат қилсин.