Сохта олимлар яратаётган қалбакиликнинг “қутуриш” қонуни


Сақлаш
23:13 / 22.01.2024 583 0

“Завқий осилурға ҳимматидин

Дор боғлади бир баланд теракка”.

“Аҳли раста ҳажви” қасидасидан

 

Интернетда бир йилда бир илмий раҳбар қўл остида тайёрланган ўнлаб диссертациялар ҳимоя қилинаётгани, бошқа давлатларда ҳимоя қилинган диссертация ўзбек тилига таржима қилиниб ёқлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Қандай қилиб? Ахир диссертация деган матоҳ илмий журналларда эълон қилинган мақолалар асосида ёзилиши керак-ку?! Бундай мақолалар орасида халқаро рейтингга эга журналларда чоп этилганлари ҳам бўлиши талаб қилинади-ку? Ҳаққаст рост. Аммо сўнгги ўн йил ичида ана шундай рейтингга эга, номи илмий, аслида ғайриилмий журналлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндай потирлаб илм дунёсини босиб кетди. Улар орасида халқаро миқёсда эътироф этилган SCOPUS, WoS каби маълумотлар базаларида қайд этиладиганлари ҳам кўп (статистик маълумотлар учун (қ.: https://nppir.ru/05np121.html).

 

Бундай олиб қараганда, бу жуда ҳам яхши – мақола чоп этадиган муаллифлар, яъни олимлар кўпаймоқдаки, журналлар ҳам, сони ҳам шунга қараб ортади. Олимлар кўпайса, илмий-техника тараққиёти кучаяди, таълим, санъат, маънавият яхшиланади ва ҳоказо. Амалда биз бунинг аксини кўряпмиз. Жуда ёрқин мисол: сўнгги 4 йил ичида мамлакатда педагогика фанлари бўйича диссертация ёқлаганлар сони кескин ортган, аммо худди шу даврда таълим сифатини баҳоловчи халқаро PISA тест синовларида Ўзбекистон 81 та мамлакатдан 80 ўринни эгаллаб, аввалги синовлардагига нисбатан пастроқ натижа кўрсатган.

 

Сон ўсиши сифатга салбий таъсир қилаётгани фаннинг бошқа соҳаларида ҳам маълум бир даражада кузатилади.

 

Сабаби равшан: диссертациялар ичида талабга жавоб берадиганлари қаторида талабга мутлақо жавоб бермайдиганлари, жумладан, ошкора қалбакиларининг улуши кўпаймоқда.

 

Диссертациялар билан боғлиқ муаммо кенг қамровли мавзу. Бу ерда муаммо билан боғлиқ юқорида зикр этилган омил – диссертация учун илмий журналларда мақола чоп этиш борасидаги, фан тарихида аввал кўрилмаган ҳодиса тўғрисида батафсилроқ тўхталамиз. (Таъкидлаймиз – айнан диссертация ҳимоя қилиш учун, илм-фанни янгиликлар билан бойитиш учун эмас. Диссертация ёқлаш мақсадидагина чоп этиладиган мақолалар йиллар ўтиши билан унутилишга маҳкум.)

 

Сўнгги 20 йил ичида “илмий” деб сифатланадиган журналлар сони кескин ошди. Бу жараён ҳамон давом этмоқда – ҳар йили ҳар бир фан соҳаси бўйича янги журналлар таъсис этилмоқда. Муаммо шундаки, янги очилаётган журналларнинг талайи “йиртқич” табиатли. Бу атама ҳам худди шу даврда туғилди. “Йиртқич” журналларда мақола чоп этиш пуллик бўлиб, пули тўланган мақоланинг сифати қандай бўлишидан қатъи назар қайтарилмайди, босаверилади. Албатта, холис илмий журналлар орасида ҳам пул тўланиши лозимлари йўқ эмас, фақат тўланадиган сумма асосан муаллифга мақоласидан нусха юбориш учун почта ҳақини қоплаш миқдорида бўлади (50 АҚШ доллари атрофида). Улардан фарқли, “йиртқич” журналлар бизнес мақсадида очилади. Бу ҳодиса фан тарихидаги ғаройиб янгиликдир. Чунки то ХХ асрнинг 80-йилларигача у кузатилмаган – журнал бирор илмий марказ органи бўлиб, шу марказ маблағи эвазига нашр этилган. Бундай журналлар халқаро илмий жамоатчилик ўртасида обрў учун курашган, мавқеини эъзозлаган, юзаки, паст савияли мақолаларнинг босилишига йўл қўймаган. Бунинг учун таҳририятга келиб тушган мақолалар холис илмий тақризлардан ўтказилган. Мисол учун, 1965 йилдан Минскда чоп этила бошлаган “Дифференсиал тенгламалар” журнали ҳатто мақола муаллифига валютада гонорар тўлар эди. Чунки бу журнал таҳририяти чоп этиладиган мақолаларга шу қадар юксак талаб қўяр эдики, у машҳур Шпрингер нашриёт компанияси томонидан сонма-сон инглиз тилида ҳам чоп этилар ва дунё миқёсида минглаб обуначиларга тарқатилар эди. (Ҳозир бу журнал М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети маблағи ҳисобига чоп этилади ва инглиз тилига таржима қилинади. Бош муҳаррири – университет ректори академик В.А.Садовничий.)

 

“Йиртқич” журналлар эса мақола учун пул тўланса бўлди, у номигагина тақриздан ўтказилиб, ҳатто умуман ўтказилмасдан чоп этилаверади. Интернетда “бизнинг журналга мақола топширинг, икки ҳафта ичида босиб чиқарамиз” қабилидаги эълонлар кўп.

 

Қизиғи шундаки, “йиртқич” журналлар таъсисчилари томонидан халқаро рейтингини кўтариш технологияси ҳам ишлаб чиқилган, шу усул билан импакт-фактори 5 ва ундан юқори кўрсаткичга эришиб олганлари ҳам оз эмас. (Қиёслаш учун: “Дифференсиал тенгламалар” журналининг инглиз тилидаги версияси 0,12 импакт-факторига эга. Ажойиб албатта, юксак савияли журналнинг кўрсаткичи 0,12 бўлгани ҳолда, қалбаки мақолаларни босадиган журнал кўрсаткичи ундан 50 маротаба катта бўлса!)

 

“Газета.уз” сайти ўзининг “Лохотрон в современной науке” сарлавҳали хабарида диққатга сазовор намуна келтирган. У муҳокама қилинаётган мавзуга яққол далил бўлган.

 

“Яна бир шубҳали журнал – Theoretical and Applied Science. Рус ва инглиз тилида чоп этилаётан бу журнал билан танишиш саволлар келтириб чиқаради. Журнал муқовасида номининг русча варианти “ Теоретическая и прикладная наука” деб ёзилган! Унинг сайтида Франсияда рўйхатдан ўтгани, таъсисчиси эса International Academy of Theoretical & Applied Sciences (Publishers International Linking Association, USA) эканлиги қайд этилган. Журнал саҳифаларида чоп этиладиган жой “Филаделфия, США” дейилиб, боғланиш (контакт) учун Виктория исми берилган (фамилияси ёзилмаган) ва Алмати шаҳрининг коди билан телефон рақами келтирилган. Журналнинг бош муҳаррири А.Шевсов эса Тараз шаҳридан (Қозоғистон) бўлиб, мақола учун пул унинг шахсий ҳисоб рақамига юборилиши айтилган.

 

Илмий журналларнинг рейтингини баҳоловчи Advanced Science Index сайтида кўрсатилишича, унинг (яъни, Theoretical and Applied Science журналининг – А.А.) рўйхатга олинган рақами (ISSN) нотўғри. “ elibrary.ru” сайти маълумотига кўра, импакт-факторни аниқлаш билан шуғулланадиган, халқаро миқёсда эътироф этилган JSR (АҚШ) маълумотлар базасида сўз юритилаётган журнал рўйхатга олинмаган. Аммо журнал ўзининг сайтида импакт-факторини IF OAJI (АҚШ) бўйича 0,360, GIF (Австралия) бўйича 0,564, ISI (Бирлашган Араб Амирликлари) бўйича 1,582, RINS (Россия) бўйича 3,939, IF ESJI (Қозоғистон) бўйича 9,035 деб кўрсатган. Ҳолбуки, RINS бу журналга рейтинг берган эмас.

 

Журнал таҳририятининг 37 аъзосидан 16 нафари Ўзбекистондан. 2021 йил 12-сонида 157 та мақола босилган. Шундан биттаси Грузиядан, учтаси Индонезиядан, 15 таси Россиядан ва 138 таси (!) Ўзбекистондан. Ва ҳоказо.

 

“Газета.уз” сайтининг бу хабарида бугун илм-фанда чуқур томир отган қалбакилик ҳақида бошқа кўплаб маълумотлар ҳам келтирилган, унга қарши туришга қаратилган таклифлар берилган. Хабар эълон қилинганига икки йил бўлаётганига қарамай, бу борада бирор чора кўрилдими-йўқми – маълум эмас. Чамаси, қалбакилик “сув юқмас” иллат. Аксинча, бу давр ичида “яра яна ҳам чуқурроқ фасодлаб” кетгани – ўнлаб “йиртқич” журналлар очилаётгани яхши маълум. Ҳатто пул тўланса бўлди, мақолани ўзи ясаб берадиган журналлар, номи бор-у, ўзи йўқ, қиладиган иши “мақола чоп этилди” деган сертификат бериш бўлган “журналлар” ҳам пайдо бўлмоқда.

 

Интернетда аниқ далиллар келтирилган бошқа хабарлар ҳам кўп. Wikipedia сайтининг маълумотига кўра, 2010 йилдан 2014 йилгача “йиртқич” нашрлар мақолалар чоп этиш фаолиятини 53 мингтадан 420 мингтага етказган, бундай журналлар сони 8000 тага борган. Бугунга келиб бу кўрсаткичлар ўн карра кўпайган дейиш мумкин. Ўзбекистон фуқаролари бўлмиш илмий даража талабгорлари ана шундай “йиртқич” журналларда мақола бостириш учун миллионлаб доллар валюта сарфлаётгани ачинарли.

 

Шу йўсинда Олий аттестация комиссияси талабларига мувофиқ мақолалар чоп этилди ҳам дейлик. Ана шу мақолалар бўйича диссертациялар ҳозирланаётган экан, ҳали уни ёқлаш ҳам керак-ку. Бунинг учун махсус семинарда маъруза қилиш, семинар иккита тақризчи тайинлаши, улар ижобий хулоса бериши, маърузани тинглаган мутахассислар савол-жавоб қилиб, очиқ овоз бериш йўли билан ҳимояга тавсия этиши керак. Айни пайтда семинар етакчи ташкилот ҳамда фалсафа доктори илмий даражаси учун диссертацияга иккита, фан доктори илмий даражаси учун диссертацияга учта расмий оппонент тайинлаши лозим. Етакчи ташкилот ҳам, оппонентлар ҳам диссертацияни синчиклаб ўқиб чиқиши, шу асосда холис хулоса чиқаришга қодир бўлиши талаб этилади. Уларнинг тақризларида биринчи навбатда диссертациянинг илмий натижалари янгими ё янги эмасми, натижаларнинг салмоғи илмий даража бериш учун етарлими ё етарли эмасми каби саволларга жавоб берилиши шарт. Шундан сўнг тегишли соҳанинг етук мутахассислари жам бўлган илмий кенгашда ҳимоя ўтказилади. Унда илмий даражага талабгор диссертация юзасидан кенгаш аъзоларининг саволларига ҳамда тақризларда қайд этилган хато ва камчиликларга жавоб бериши керак. Ўтказилган дискуссия натижаси бўйича кенгаш аъзолари, бу сафар ёпиқ овоз бериш йўли билан, диссертант тегишли илмий даражага муносиб ё муносиб эмаслиги ҳақида якуний хулоса чиқаришади. Илмий жамоатчиликка яхши маълум бу жараённи бу ерда тасвирлашдан мақсад – ушбу парадоксал ҳолатга эътибор қаратиш: шунча чиғириққа қарамасдан, қалбаки диссертациялар эсон-омон муваффақият билан ҳимоя қилиниб келинаётган экан, ҳимоя қилиш жараёни соғлом эмас.

 

Бунинг сабаблари кўп. Уларни бирма-бир санайдиган бўлсак, гап чўзилиб кетади. Фақат битта сабабга тўхталмасдан илож йўқ. Уни “қалбакиликнинг қутуриш қонуни”, деб атаса муносиб бўлади. Бу “қонун” моҳияти шундан иборат: қалбаки фалсафа докторлари қанча кўпайса, қалбаки фан докторлари пропорсионал равишда кўпаяди, қалбаки фан докторлари қанча кўпайса, улар ўзлари каби қалбаки фалсафа докторларини кўпайтиради, ҳатто ўзлари диссертация ҳимоя қиладиган кенгашлар тузиб олишга киришадилар. Қарабсизки, қалбаки диссертациялар ва сохта илмий даражалилар сони геометрик прогрессия билан ўса бошлайди. Бир сўз билан айтганда, фанда қалбакилик қутуради.

 

Токи кескин чоралар кўрилмас экан, бу ҳодиса йил сайин кучайиб, жамият учун нохуш оқибатлар келтириб чиқариши мумкин. Улардан энг асосийси – қалбаки фан ҳақиқий фанни босиб кетишидир. Ҳозирнинг ўзидаёқ қалбаки олимлар етиштирадиган “илмий мактаблар” вужудга келган.

 

Бу ҳодиса маълум нуқтасига етганда, уни тузатиш, ўнглаш мураккаблашади, чунки қалбаки олимлар мамлакат иқтисодий-ижтимоий ҳаётининг ҳамма соҳасига кириб боради, турли поғонадаги мансабларни эгаллай бошлайди. Қолаверса, “қутуриш” юқумлилиги билан хавфлидир – ҳозиргача ҳалол иш тутаётган олимларни ҳам ўз гирдобига тортиб кетишига шубҳа йўқ. Бу ёқда эса “академикликка даъвогар камида иккита фан доктори (DSc) тайёрлаган бўлсин, қанча кўп фалсафа доктори ва фан доктори тайёрлаган бўлса, шунча яхши”, деган талаб. Фанлар академияси аъзолигига келгуси сайловгача иккита “фан доктори” тайёрлаган даъвогарлар неча марта ортаркин?

 

Яна бир жиҳат. Ким илм-фандаки қалбакилик қилди – ундай одамдан ҳар қандай қабиҳликни кутиш мумкин. Айниқса, бирор “жадид” илм-фанни қалбакиликдан ҳимоя қилиш масаласини кўтарса, уни “қумурсқалар ёппа талаб” (Абдулла Орипов ибораси) ташлашлари ҳеч гап эмас.

 

Нимадир қилиш керак. Бу биринчи навбатда илм-фан аҳлининг вазифаси, фан фидойиларининг бурчи. Зотан, илм-фанни қалбакилаштиришга томошабин бўлиб туриш аслан унда иштирок этишдир, қалбаки диссертацияларни қўллаб-қувватлаб овоз бериш эса шунчаки виждонсизлик эмас, ҳақиқатга ҳам, халққа ҳам хиёнатдир.

 

Абдулла АъЗАМОВ,

 академик, Ўзбекистон фан арбоби

 

“Jadid” газетаси, 2024 йил 4-сон.

Қутуриш” қонуни” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10340
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//