Буюк ишонч куни


Сақлаш
17:29 / 04.11.2021 1267 0

“...Сенинг гўзал, нурли кўзингда бу миллатнинг саодатин, бахтин ўқудим”.

Абдурауф ФИТРАТ

Тарихий сиймолар ва ё бугун дунёдаги давлат раҳбарлари фаолиятига назар солсак, уларнинг муайян қисми халқни бўйсундириш ҳисобига мамлакатни мустаҳкамлашга ҳаракат қилишган. Ўзбекистон Президенти эса улардан фарқли ўлароқ, халқнинг қалбини забт этди. Ҳа, меҳр, эъзоз, одамийлик, бағрикенглик, кечиримлилик, энг муҳими, фаровонликка асосланган сиёсат, тезкор, натижадор, амалий ишлар билан миллионлаб қалблар тўридан жой олди. Ўтган беш йилда биз, бутун халқимиз янги бир оламга қадам қўйганимизни англай бошладик.

Агар давлат ва жамиятни бир бутун жисм деб билсак, бугун бу жисмнинг ҳар бир аъзоси, бош томирларидан тортиб кўзга кўринмас капиллярларигача янги ҳаво етиб бораётир. Негаки, бу жисмдаги юрак бошқача ура бошлади, ундаги тафаккур ўзгача ишлай бошлади, ундаги қалб шиддатли ғоя ва ташаббусларга байроқ бўла бошлади. Бутун ислоҳотлар халқ дарду ташвишини аритишга қаратилган “МЕҲР” деган бебаҳо қадрият атрофидаги ҳалқага айланди.

Маънавият борасидаги ишларда сўздан амалга ўтилди. Президентимизнинг “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”, деган сўзлари исботини адабиёт, санъат, илм-фан, маданият, миллий қадриятлар деган боғлар гуллаб-яшнаётганида кўряпмиз.

“Адолат ва ҳақиқат раҳбарингиз ва шиорингиз бўлсин, халқнинг дардларига дармон бўлмоқ вазифангиздир” – Соҳибқирон Амир Темурнинг авлодларга қарата айтган бу сўзлари бугуннинг шиорига айланди. “Халқимиз эртага эмас, бугун яхши яшаши керак”, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилсин”, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, “Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ биздан рози бўлса, яратган ҳам биздан рози бўлади”, деган халқчил даъватлар амалий ҳаракатга айланди. Бутун мамлакатда халқ дардини эшитиш, ислоҳотлар натижасини ҳар бир инсон ўз оиласи, ҳаёти мисолида ҳис қилсин, деган талаб давлат идоралари фаолиятини тамомила янгича ишлашга мажбур этди.

Одамий эрсанг, демагил одами,

Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг бу байти бугун ислоҳотларнинг бош мезонига айланди, десам муболаға бўлмас. Бугун ҳар қадамда бўлаётган ўзгаришларга нисбатан халқона бир ҳайратни эшитамиз: “Э, бўлар экан-ку!”. Ёдимда, Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг дастлабки йилларида Президент Матбуот хизматида ишлардим. Президентимиз Қирғизистонга ташрифи давомида неча йиллар, неча асрлар давомида жондош-қондош бўлиб яшаб келган халқларни дийдордан айирган икки давлат ўртасидаги чегараларни очиш ташаббусини илгари сурди. Тегишли вазирлик ва идоралар, ташрифда қатнашаётган Фарғона водийсининг уч вилояти ҳокимларига бугуноқ чегараларни очиш бўйича топшириқ берилди. Мен сафаримиз ўша кун кечқурун ниҳоя топади, кейин бир соатлар чамаси Тошкентга училади, сўнгра беш соатларда Андижон, Фарғона, Наманган вилояти ҳокимлари водийга етиб боради, қандай қилиб чегараларни бугун очиш мумкин, деб ўйлардим.

Сафар якунланди, Тошкентга келиб телевизордан ҳар уч вилоят ҳокими, қўшни давлат вилоятлари раҳбарлари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегараларни очгани, икки мамлакат халқининг қувончи, кўз ёшларини кўриб ҳайратда қолдим. Қандай қилиб ҳокимлар бу қадар тез етиб келишга улгурди? Кейин билсам, олий даражадаги учрашув якунланиши билан Андижон, Фарғона, Наманган вилояти ҳокимлари қирғизистонлик ҳамкасблари билан Бишкекдан тўғри Ўшга учишибди. Шунда беихтиёр кўзимга ёш келиб, бўғзимдан ўша сўзлар отилиб чиқди: “Э, бўлар экан-ку?!”.

Ҳа, бўлар экан. Қўшни давлатдан келин бўлиб тушган, тақдир тақозоси билан Ўзбекистонда яшаб, ўттиз йиллаб фуқаролик ололмай юрган етмиш мингдан ортиқ инсонга фуқаролик берса бўлар экан. Шунча йил коррупция ботқоғига ботган олий таълимда адолатли қабул тизими яратса бўлар экан. Йиллар давомида одамлар қийналиб қатнаган ўйдим-чуқур, ёзда чанг, қишда лой бўладиган минг-минглаб кўчаларни асфальт қилса бўлар экан. Фермерларга ўзи етиштирган пахтани ўзи сотишига рухсат берса бўлар экан, конвертацияни очса, нақд пулни бемалол йигирма тўрт соат давомида кўчада банкоматдан ечиб оладиган қилса ҳам бўлар экан. Кун давомида атиги бир соат электр бериладиган қишлоқларни чароғон қилса ҳам бўлар экан. Туҳмат билан иши судга ошган фуқароларни адолат билан шаънини ҳимоя қилса ҳам бўлар экан. Халқ ичида Иф қалъасидек нохуш тасаввур уйғотган Жаслиқ қамоқхонасини ёпса ҳам бўлар экан... Қисқа вақт ичида бемисл журъат ва шиддат билан нақадар катта ишлар қилинди. Бу каби мисолларни кўп келтириш мумкин. “Сендан ҳаракат, мендан баракот” дегандай, Аллоҳнинг ўзи юртимизга барака ёғдираётгандай. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотларнинг қора рўйхатидан намунали рўйхатига ўтса ҳам бўлар экан.

Бугунга келиб ҳаётимиз тубдан ўзгарди, Шавкат Мирзиёевнинг шиддатли ислоҳотчилик сиёсати нафақат Ўзбекистонни тараққиётнинг миллий юксалиш босқичига олиб чиқди, балки Марказий Осиёда ўзаро ҳурмат ва ишонч асосидаги янгича муносабатлар шаклланишига олиб келди. Бугун ислоҳотлар, муносабатлар янгича. Қарашлар янгича. Чунки ёндашувлар, ижролар янгича. Халқимиз кечаги одамлар эмас, онгимиз, дунёқарашимиз, фикрларимиз ўзгармоқда. Қадамларимиз салмоқли, интилишларимиз шиддатли, мўлжалимиз баланд, муродимиз юксак. Бугун янги Ўзбекистон қалби орзуларга лиммо-лим тўла. Энг муҳими, бу орзуларнинг жуда тез суръатда рўёбга чиқаётганидир.

Инсон бахтли яшаши учун, аввало, унга бошпана керак. Уйсиз одам ўзини бахтли ҳисоблаши қийин. Шу маънода, ўтган йиллар давомида бир неча янги шаҳарга тенг уйлар қурилгани юртимизда бахтли хонадонлар сафини кўпайтиргани ҳақиқатдир. Ўйлаб кўрайлик, қанча одам уй-жойли бўлди, уларнинг ичида оғир дардга чалинган, турмуш ўртоғи бевақт вафот этиб боқувчисиз қолган, ногирон ҳолатда йилларни йилларга улаб, ночор ҳолатда яшаб келаётганлари бор. Уйли бўлган одамларнинг кўзида ёнган қувонч, титраган лабларидаги шукроналик, миннатдорликни кўрганда яна ҳазрат Навоийнинг ҳикматга айланган сўзлари ёдга келади:

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,

Онча борки, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.

“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” – бу “менинг халқим орасида бирорта камбағал бўлмаслиги керак”, деб азму шижоат билан ишга киришган жонкуяр давлат раҳбарининг белни маҳкам боғлаб майдонга чиқиши бўлди. Бу ўта мушкул ишни ҳам амалга оширса бўлар экан. Унинг бераётган ижобий ҳосилаларини бугун ҳаммамиз кўриб турибмиз. Бу дафтарларни умумлаштириб битта сўз билан айтиш мумкин бўлса, мен уларни “Меҳр дафтари” деган бўлардим.

Кечиримлилик – энг олижаноб фазилат. Президентимиз топшириғига кўра, бағрикенглик, одамийлик билан қанчадан-қанча юртдошларимиз “қора рўйхат”дан чиқарилди – афв этилди, уларнинг нафақат ўзи, балки оиласи, фарзандлари, авлодлари таънаю маломатдан озод қилинди. Турмуш қийинчиликлари туфайли бошида суянчи йўқ, фарзандини боқаман деб ўзи билиб-билмай жиноят йўлига кирган қанчадан-қанча аёллар афв этилиб, оиласи бағрига қайтди. Онасининг иссиқ, меҳрли бағрига соғинч ва қувонч ёшлари билан талпинган болаларни кўриб, қалбимиз тўлиб кетган кунлар кўп бўлди. 

Давлатимиз раҳбари “Бугун бизга Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлар етишмаяпти”, деган сўзларни кўп бора ўкинч билан тилга олади. Бу ҳақ сўз. Ватанпарварлик ва миллатпарварлик билан боғлиқ юксак маънавий эҳтиёж жуда катта оғриқ ва армон эканини дилдан ҳис қиламиз. Ўша пайтда ҳам доимо уларнинг ҳолидан хабар олиб турилганини яхши биламиз.

Президентимиз эътибори туфайли халқимиз янгидан англай бошлаган Абул Муин Насафий гўё минг йил шундай раҳбар келишини кутиб, Сузук ота унинг эътиборига муштоқ ётгандай. Қанчадан-қанча зиёратгоҳлар, қадамжолар обод бўлди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари тўла маънода халққа қайтди, масжид мажмуи бунёд этилди. Муқаддас ислом дини ҳақида кўп йиллар давомида эзгу сўзларни баланд минбарлардан туриб айтдик. Аммо сўз бошқа, амал бошқа эди.

Ёдимда, давлатимиз раҳбарининг Наманган вилоятига сафарларидан бирида оқшом туша бошлаган пайт эди. Маҳаллама-маҳалла аҳоли билан дардлашиб юрилган чоғда муаззин азони эшитилди. Шавкат Мирзиёев суҳбатдан тўхтади. Шундан сўнг бу улуғ чорловга эҳтиром билан бундай деди:

“Худога шукр, олдин азонлар эшитармидик? Қандай ёқимли! Ҳамма нарса ёпиқ эди, кўп нарса мумкин эмасди. Мумкин эмас, нимага мумкин эмас? Бу ҳам ўзлигимизни англаш, қадрият-ку! Ислом динини ўқиган, тўғри таҳлил қилган, тўғри йўл танлаган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Динимизнинг буюклигини, инсонпарварлигини, эзгулигини тараннум қилишимиз керак. Бу ҳам бизнинг тарихимиз, эртанги кунимиз, ўзлигимиз...”.

Ҳа, масжидларимизга, юрт шаҳару қишлоқларига азонлар қайтди.

2017 йил 19 сентябрь. БМТ минбаридан туриб ўзбек тилида сўзланган нутқни бутун дунё ҳамжамияти, қанчадан-қанча давлат раҳбарлари, ислом олами уламолари, жаҳон мусулмонлари, жумладан, Ўзбекистон халқи катта ҳаяжон, ғурур, шукроналик билан тинглади. Негаки, шу куни илк бор ислом динининг асл инсонпарварлик моҳияти билан бирга буюк ватандошимиз, улуғ муҳаддис Имом Бухорий номи ушбу юксак минбарда унинг муносиб авлоди томонидан янгради.

“Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб- авайлашга даъват этади. Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман. Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган. Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик. Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади”.

Бу сўзлар миллионлаб, эҳтимол миллиардлаб дилларда акс-садо берди. Бу муқаддас динимиз, буюк аждодимизга нисбатан жуда катта эҳтиром эди. Бу жуда катта журъат ила муқаддас динимиз ҳимояси йўлидаги қатъий фикрлар эди.

Яна бир жиҳатда аминманки, Шавкат Мирзиёев “Амаллар ниятга боғлиқдир” деган муборак ҳадисни ўзига шиор қилиб олган. Нияти қутлуғ инсонларнинг қадамлари ҳам шунга муносиб шижоатли, хайрли бўлади. Президентимизнинг ташаббуси, асосли журъати билан жаҳон тарихининг биринчи, иккинчи Ренессанслари бешиги бўлган диёримизда илму маърифатнинг чироқлари янада ёрқин порлаши, янги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс остонасига қадам қўйиши буюк уйғонишга даъватдир.

Гарчи, 1989 йилда она тилимизга давлат тили мақоми берилган ва буни мустақиллигимизнинг бош белгиси деб, таъкидлаб келган бўлсак-да, аждодларимиз қалби, руҳи, орзу-интилишлари ганжина асарларнинг ҳарфу сўзларига сингиб кетган тилимизнинг қадди, қадри кейинги икки-уч йилда чинакамига тикланиш даврига кирди. Бағрикенг Ўзбекистон ҳаётининг барча соҳасида ўзбек тили нуфузи энг юксак поғонага кўтарилдики, бунинг ифтихорли далили – БМТ минбаридан дунё аҳли ўзбек тилидаги маърузаларни тинглади. Айтиш мумкинки, бу юксак минбардан илгари сурилган умумбашарий фикр ва таклифлар қанчалар эзгу, жаҳоншумул бўлса, уларнинг ўзбек тилида ирод этилиши яна бир улуғ воқеадир.

Давлатимиз раҳбари халқ розилигини олишни фаолиятининг бош мақсади деб билди, бу қутлуғ ният йўлида қилаётган изчил ишлари билан халқ қалбига кириб борди. Бугун диёримизнинг барча ҳудудларида одамлар ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун яратилаётган шароитлар, имкониятлар самараси хонадонларга ободлик, тўкинлик, шукроналик бахш этмоқда. Бир эътирофни қайд этгим келади: кейинги йилларда жамиятимизда илгари ҳеч қачон кузатилмаган ҳолат – инсонлар руҳиятида мамлакатнинг энг олий даражадаги раҳбари билан яқинлик, бирдамлик туйғуси шаклланди. Буни каттаю кичик йиғинларда кўриб, ҳис қилиб турибмиз.

Оғир синовлар халқнинг барча тоифаси, каттаю кичиги учун ҳаётий имтиҳон, деса бўлади. Пандемия синовларида ер юзи аҳолисининг “йўғони чўзилди, ингичкаси узилди”. Айтиш мумкинки, шундай мураккаб бир пайтда Ўзбекистонда меҳр-мурувватли, жиддий таҳлилларга асосланган оқилона сиёсат туфайли бу оғир дардга чалинганлар, уларнинг яқинлари доим эътиборда, ғамхўрликда бўлдилар. Бешафқат коронавирусга чалиниб, ҳаёт-мамот курашини бошидан ўтказган минг-минглаб юртдошимиз бугун сўзлари, қўллари билан малҳам бўлган тиббиёт ходимларини, шифохоналарда яратилган шароит ва имкониятларни кўзларда ёш билан эътироф этмоқдалар.

Октябрь ойи ўрталарида ҳаво ҳарорати бирдан пасайиб, бир неча кун ёғингарчилик бўлди. Шунда хаёлимдан октябрдаги ҳаво ҳам декабрдагига ўхшаб қолди, сайлов сентябрда бўлганида яна ҳам яхши бўлармиди, деган ўй ўтди. Лекин 24 октябрь кунги ҳавони кўриб, кўнглим очилиб кетди. Қуёшнинг заррин нурлари олтин япроқларда аксланиб, ҳаммаёқ ёришиб кетгандай бўлди. Бундай пайтда катталар “Аллоҳнинг ўзи ҳам қарашди”, дейишади. Ҳақиқатда ҳам бу кун байрам бўлди. Кўчада сайловга кетаётган одамларни, телевизор орқали халқимизнинг фаоллигини кўриб, ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Ўша куни овоз бериб бўлгач, оилавий “Фарҳод” бозорига тушдик. Қассоб йигит: “Ака, сайлов соат нечагача давом этади”, деб сўраб қолди. Мен уларга 20.00 гача бўлишини айтдим. Шунда у йигит: “Хизматчилик-да, мен эрталаб 4 да бозорга чиққанман, соат 17 ларда ишимни тугатиб овоз беришга борсам, улгурар эканман”, деди мамнун ҳолатда.

Сайлов ҳақида кўп ёзиляпти, айтиляпти, телевизор орқали халқаро кузатувчиларнинг фикрлари бериляпти. Ҳатто бундай жараёнларга ҳамиша ўта жиддий қарайдиган халқаро ташкилотларнинг қора кўзойнаклари ҳам бу гал иш бермади. Ҳақиқат ойдай равшан турибди-ку, қандай қилиб ёмонласин. Уларнинг самимий эътирофларини эшитиш, албатта, бир фуқаро сифатида ҳар биримизни қувонтиради. Ҳа, Президент сайлови халқни янада бирлаштирди. Бу жараёнда мен яхлит бир бутунликни кўрдим, қалбан ҳис қилдим. Хаёлимдан “Халқим деб ёниб-куйиб меҳнат қилган етакчи шу халқни бирлаштирувчи байроққа айланар экан”, деган фикр ўтди.

25 октябрь, “Ҳумо” аренаси. Бу жойдаги монитор Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказига уланди. Аренага гулдурос қарсаклар остида Шавкат Мирзиёев кириб келди. Комиссия раиси сайлов натижаларини таҳлил қилди. Навбат сайлов якунлари бўйича номзодлар олган овозларни эълон қилишга етиб келди. Ҳамма ҳаяжонда. Ниҳоят тарихий эълон янгради, томоғимга бир нарса тиқилди, кўзимга тирқираб ёш келди. Қарсаклар, ҳаяжонли сўзлар, ҳилпираётган сонсиз байроқлар – бари бир зумда халқнинг қудратли қувончи акс-садосига айланди.

Шу куни мен “Мустақиллик”, “Президент”, “Халқ”, “Миллат”, “Қадр”, “Меҳр” деган улуғ сўзлар бирлашиб, “Янги Ўзбекистон” деган қадриятга айланганини кўрдим.

Дунёда Президентлар кўп. Улар мени кечирсинлар-ку, кўпчилигининг туфлиси йиллар давомида чанг кўрмайди. Ўзбекистон раҳбари эса, ҳамиша халқнинг ичида. Унинг учун ҳар куни олий вазифага борадиган йўл халқ қалби, юраги, ҳаёти орқали ўтади. Янги барпо бўлаётган уйлар, боғлар, корхоналар, мактаб ва боғчалар... Давлатимиз раҳбари халқнинг дардини ўйлаб, гарчи режада бўлмаса-да, йўлини юриб бўлмайдиган кўчалар, ертўлалар, ташландиқ ҳудудлар сари солади. Кўрдик-ку, нафақат вилоятлар, Тошкент шаҳрининг ўзида қанча омонат уйлар, чиқиндига тўлиб кетган кўчалар, ташландиқ жойлар бор экан. Сезиб тураман, қани имкон бўлса-ю, Шавкат Мирзиёев барча кўчаларга кириб чиқса, барча муаммоларни тезроқ ҳал қилса, одамларнинг ғамдан эзилган юзларига қувонч югурса, ҳамма бахтли ва фаровон бўлса. Жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик, яна бир муҳим нарса – ажримлар бўлмаса. Ажримлар тўғрисида фактлар у кишининг қалбини қанчалар титратишини, оғритишини халқимиз сезиб туради.

Президент Матбуот хизматида ишлаб юрган пайтимдаги яна бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Тошкент вилоятидаги ташриф мобайнида Бекобод шаҳрига келинди. Бир нечта объектдан кейин янги қурилган мактабгача таълим муассасаси томон юрилди. Боғчага киришда шундай қарши томондаги хонадон эшиги тагида тўшаклар ёзилган узун ўриндиқлар турарди. Лекин атроф кимсасиз. Аён бўлдики, ўша хонадон улуғларидан бири вафот этган бўлиб, бутун маҳалла-кўй майитни дафн этгани қабристонга кетган экан. Боғчадаги танишув тугади, бошқа объектларга борилди. Режадаги ишлар ҳаммаси бажарилиб, Тошкент шаҳри томон юришимиз керак эди. Бирдан кортеж ортга қараб юрди, яна боғча кўрилган маҳалла томон бурилди. Давлат раҳбари машинадан тушиб, азали хонадон сари юрди. Ҳамма шошиб қолди. Бизга тасвирга олувчи камералар шарт эмас, деган ишора берилди. Машинадан тушдим, узоқдан бўлса-да, кузатиб турдим. Шавкат Мирзиёев қўли кўксида ҳовлига яқинлашиб, азадорлар, ўриндиқларда ўтирган маҳалла аҳли билан саломлашди. Ўтганлар ҳаққига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди. Хонадон аҳлига таъзия билдириб, тасалли бериш билангина кифояланмади. Эски, пастқам бу уйда яшовчиларнинг энг катта муаммоси – уй-жой масаласи ўша ерда ҳал қилинди. Қўллар дуога очилди... Биламан, бундай воқеалар Президентимиз фаолияти давомида жуда кўп бўлади, лекин раҳбарнинг ўзи уларни кўрсатишларини истамайди. Негаки, кўрсатиш учун эмас, қалби буюрган, виждони амр этган ишни қилади.

Шавкат Мирзиёев кўпинча армон ва ўкинч билан жадидлар тўғрисида сўзлаб, агар машъум қатағонлар бўлмаганда Учинчи Ренессанс жадидлар даврида содир бўларди, дейди. Шунда ўйлайман, қани энди жадидлар даврида мана шундай мард, халқпарвар, миллатпарвар, бутун халқни бирлаштира оладиган йўлбошчи бўлганида бугунги Ўзбекистон тамомила бошқача бўлармиди? Туркистон қайғуси қайғулигича қолиб кетмасмиди?! Бир таскин бор, кўпинча давлатимиз раҳбарининг ёниб сўзлаётган ҳолатларини кузатаман-да, қалбида, сўзида, кўзида ўша жадидлар нафасини туйгандек бўламан. Қалбида ўша буюк миллат дардини ҳис қиламан. Ҳайрат билан Абдурауф Фитратнинг қайноқ сатрларини юракдан ўтказаман:

Оғир йигит, сенинг гўзал нурли кўзингда

Бу миллатнинг саодатин, бахтин ўқудим.

Ўйлашингда, туришингда ҳамда ўзингда

Бу юрт учун қутулишнинг борлиғин кўрдим.

Турма – югур, тинма – тириш, букилма – юксал!

Биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз. Бу халқнинг ғурури, ори, ҳамияти 130 йил давомида турли баҳоналар билан қайта ва қайта синдирилди. Мутелик ботқоғига ботирилди. Руҳлар синди, қалблар лат еди. Энди бу миллатнинг уйғонадиган, қаддини кўтарадиган давр келди. Президентимизнинг ҳар бир сўзи моҳиятида мен: “Эй миллат, уйғон, уйғониш замонинг келди, дунёга ўзингни кўрсат, сўзингни айт, илму шууринг, қудратингни намоён эт!” деган хитобларни уққандай бўламан. Беихтиёр шивирлайман:

Сано айтиб келган гиёҳлар,

Эй топталиб чўккан тоғларим,

Энди қадни тиклангиз дейман,

Гуллаш пайти келди, боғларим!

Давлатимиз раҳбари бир куни юксак минбардан туриб жадидлар оқсоқоли Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Ҳақ олинур, берилмас!” деган сўзларини тилга олди. Янги Ўзбекистонни шундай етакчи раҳбарлигида бунёд этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш, Буюк Турон, қадим Туркистоннинг қалбига айланиш бизнинг ҳаққимиз! Дунёдаги энг ривожланган давлатлар қаторига кириш, юксак эътироф ва эҳтиромларга сазовор бўлиш бизнинг ҳаққимиз!

Президентиликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган учрашув сўнгида айтган сўзларини эслаб бир ҳайратимга ўн ҳайрат қўшилгандек бўлади: “Биз тўхтамаслигимиз керак, тўхтасак ўтириб қоламиз, ўтирсак, ётгимиз келади, ётсак, ухлаб қоламиз!”. Бу чинакам уйғонишга даъват, бу шиддат отига минган чавандознинг сўзи. Бу сўзлар ҳар бир миллатпарвар ижодкорга илҳом бериши табиий. ...

Ёзяпман, ёзяпман, қаламим тўхташни билмас, тўғриси, тўхтагиси келмайди. Ахир беш йилдаги тарихий ўзгаришларни бир мақолага сиғдириб бўладими? Қанча китоб бўлади? Энг муҳими, бу китоблар бугун ҳар бир инсон қалбида бор буларни жамласа 35 миллион жилд бўлади. Бу китобнинг номи эса, “Қадрнома” бўлади. Бу улкан кутубхона эса, “Янги Ўзбекистон” деб аталади.

Минҳожиддин МИРЗО,

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари

“Янги Ўзбекистон” газетаси,

2021 йил 30 октябрь, 217 (473)-сон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//