Қарз қиёматга қолмади


Сақлаш
12:01 / 17.01.2024 430 0

Париж чеккасидаги Матюрен-Сен-Жак деб аталувчи лой кўчанинг адоғида нураб бораётган беш қаватли уй чердагида узун бўйли, жингалак сочли, кўзлари осиёлик одамга хос бўлган йигитча ижарада яшарди. Герцог Орлеанскийнинг идорасида кичик иш юритувчи бўлиб хизмат қиладиган бу йигит эрталаблари титиғи чиқиб кетган портфелини қўлтиқлаганча ишга югурарди. Сюртигини тирсаги, шимининг тиззалари азбаройи кийилаверганлигидан ялтираб кетганди. У кийимининг шу жойларига герцог Орлеанский идорасида мўл-кўл бўлиб ётган сиёҳдан суртиб қўярди. Йигитча одатда жуда камтарона овқатланарди: пиёз ва ўта арзон вино. Аслида эса пиёзни жини суймас, винони кўпам ёқтирмасди...

 

У яшайдиган уй қаршисида эшиги тепасига катталиги қовоқдек келадиган, мисдан ясалган қарағай ғуддаси осиб қўйилган кўримсизгина тамаддихона ишлаб турарди. Қаҳрамонимиз аҳён-аҳёнда бу масканга бош суқиб турарди. У аввалига қовурилаётган картошканинг хушбўй ҳидидан тўйиб-тўйиб ҳидлаб олар, сўнг ошхона хўжайинига тўнг овозда:

– Озроқ қоврилган картошка ўраб беринг... – дерди.

– Ахир сиз шусиз ҳам мендан қирқ франк қарздорсиз! – дерди ғазаби қўзиб ошхона хўжайини Жирардо ота.

– Бироз сабр қилиб туринг, мен яқинда бойиб кетаман ва қарзларимни икки баравар қилиб тўлайман, – деб ишонтирарди ўспирин йигит уни.

Шу тариқда озроқ қоврилган картошкани чердак остидаги хонасига олиб кетарди. Шу тариқа йигитчанинг Жирардо отадан қарзи кўпайиб борарди. Ажойиб кунларнинг бирида узун бўйли, жингалак соч йигитча бирдан ғойиб бўлиб қолди. Уй чердагидаги хонани эса бошқа бир йигит ижарага олди.

 

Орадан йиллар ўтди. “Қарағай ғуддаси” ошхонаси касодга учради. Асосан студентлар қўним топган мавзеда сахий ва меҳрибон қалбли Жирардо отанинг бойиб кетиши амри-маҳол эди. У ошхонасининг эшик-деразаларини михлаб беркитди. Энди у бойлар яшайдиган Сен-Жермен мавзейида ишини давом эттиришга қарор қилганди. Кунларнинг бирида унинг ошхонаси ёнига тўриқ отлар қўшилган файтон келиб тўхтади. Дастлаб, файтон зинасида эчки терисидан кумуш толалар билан тикилган этик кўринди. Сўнг эгнига олчаранг фрак кийган, жингалак сочларига оқ оралаётган навқирон жанобнинг ўзи тушиб келди. Ё, Алҳазар! Жирардо ота чердакда яшаган ёш йигитни дарров таниди. Сервиқор жаноб ҳам ўз кредиторини таниб, уни маҳкам қучоқлаб бағрига босаркан, қимматбаҳо кийимларига гард тегмаслиги эҳтиётини қилиш ҳам эсидан чиқмади.

– Назаримда, менинг сендан қарзим бор эди? – деди жаноб.

– Нақ икки юз франк, – деб жавоб берди ошхона эгаси. – Айни вақтда пул жуда зарур бўлиб турибдида!

– Ҳозир ёнимда пулим йўқ, – деди жаноб. – Бироқ, сенга сахийлик билан қарзимни қайтараман меҳрибон дўстим. Албатта, қарзларимни тўлайман... адабий ва абадий шуҳрат топишинг билан!

У ҳайрон бўлиб қолган Жирардо отанинг елкасига қоқиб, хонадонлардан бирига лип этиб кириб кетди. Кўчада эса уни зар ёқали кийим кийган саркаш хизматкор кутиб турарди.

 

 

Орадан уч ой ўтди. Жирардо ота уйига келаётганди. Унинг бугун иши юришмаган, бир қадоқ ҳам қоврилган картошка сотолмаганди. У бурчакдан уйи томон буриларкан, ҳайратдан донг қотиб қолди. Асилзодаларнинг ўнлаб файтонлари Матюрен-Сен-Жак кўчасида тўпланиб турарди. Эшик-деразалари михлаб ташланган ошхона атрофига томошаталаб одамлар йиғилганди. Қимматбаҳо кийимлар ва энг аъло цилиндрлар кийиб олган зодагонлар қўлларидаги лакланган ҳассалари билан михланган эшикни қоқиб:

– Бизнинг меҳрибон Жирардомиз, тезроқ эшигингизни очинг, жуда очиқиб кетдик”, – деб хитоб қилардилар.

– Хўш, хизмат, – деб уларга мурожаат қилди Жирардо ота.

Бир олифта унга ҳайрон бўлиб қаради.

– Сенинг хабаринг йўқми, қария? Ахир, бу – “Қарағай ғуддаси”-ку! Бутун Франциядаги энг урфдаги қовоқхона.

– Нима, менинг устимдан куляпсизларми? – деб сўради Жирардо азбаройи ҳайрат ва жаҳл аралаш.

Олифта чўнтагидан ярқироқ муқовали китобни қўлига олди:

– Ўқишни биласанми?

Жирардо ота тасдиқ ишорасини берди.

– Унда эшит, – деди олифта ва китобни ўқий бошлади.

“Эндиликда ҳаёт бутунлай бошқача – яхши томонга ўзгариб кетди! – деб хитоб қилди герцог. Кейин дўстлари билан Матюрен-Сен-Жак кўчасидаги “Қарағай ғуддаси” ошхонаси томон йўл олишди. Уларни бу ерда катта ҳурматга сазовор метр Жирардо ажойиб тарзда меҳмон қилди...”

Ҳайратга тушган Жирардо ота “Бу асарнинг муаллифи ким? – деб сўради.

Ва унга шундай жавоб беришди:

– Александр Дюма!

 

Сергей ДОВЛАТОВ, ёзувчи.

Рус тилидан Жалолиддин САФОЕВ таржимаси.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси