Биз келтирмоқчи бўлган ушбу маълумотлардан эҳтимол хабардордирсиз. Аммо такрор бонг уришдан муддао битта: эшитганга амал қилиш бошқа, шунчаки бепарво ўтказиб юбориш мутлақо бошқа нарса...
Зеро, сув тақчиллиги, қурғоқчилик хавфи бизнинг яшнаб турган ҳаётимизга шу қадар яқин келиб қолдики, бундан кўз юмиб бўлмайди.
* * *
Сув ҳақида гап кетса болалигим кўз олдимга келади. Қишлоғимиз булоқдан сув ичарди. Эрта баҳорда маҳалла аҳли оқсоқоллар бошчилигида ҳашар бошларди. Булоқ боши мол ва бошқа ҳайвонлар ўтмайдиган қилиб тўсилар, ариқ бош-адоқ қиртишлаб тозаланар эди. Ўша жойда жонлиқ сўйилиб, дошқозон осилар, нуронийлар йилнинг баракали келишини сўраб дуога қўл очар, хуллас, сувнинг ҳурматини қилишарди. Эзгу сўз ва амал бирлашар эди. Ҳа, биз сувни қадрлаш, унга туфламаслик, чиқинди ташламаслик шарт эканини кўриб улғайган авлодмиз. Кейинчалик бундай амаллар сўзга кўчди, сувнинг азизлиги фақат тилда қолди. Табиатга беписанд қараш вужудга келди. Одамлар табиатдан узоқлашгани сари муқаддас туйғуларини бой бера бошлади.
Аччиқ ҳақиқат шуки, сувга муносабат буткул ўзгарди. Бугун ариқлар, денгиз ва океанлар одамлар ташлаган чиқиндиларга тўлиб бораётир. Сувнинг хотираси бор. У яхшилик ва ёмонликни фарқлай олади. Анча йиллар олдин бир тадқиқот ўтказилган: олимлар бир жойдан олинган сувни икки идишга қуйиб, уларга бир сиқимдан гуруч солади. Кейин иккала идиш алоҳида жойда сақланиб, уларнинг бирига яхши гаплар, иккинчисига сўкишу қарғиш “эшиттирилган”. Ёмон гап эшитган сувдаги гуруч айниб, қорайиб кетди. Бунисида эса акси – гуручнинг ранги у солинган сув каби тиниқлашди. Шу каби тадқиқотлар бир неча марта ўтказилди ва сувнинг одам каби маълумотларни қабул қилиш, сақлаш ҳамда ташиш хусусияти бор деган якдил қарорга келинди.
Биламизки, инсон танасининг катта қисми сувдан иборат. Ҳайвонот ва наботот оламиники ҳам. Бинобарин, бизга сув эмас, тоза сув етишмаяпти. Аслимиз, табиатимиз кирлашмоқда. Бугунги тоза сув тақчиллиги ҳам аслида табиатга муносабатимизнинг натижаси. Табиатда ҳеч нарса ўз-ўзидан содир бўлмайди. Ҳаммасига бир сабаб бор. Жумладан, бугунги ичимли сув тақчиллигининг сабаби инсониятнинг кейинги икки асрлик жадал техник тараққиётига боғлиқ.
Дарҳақиқат, дунё мислсиз техник ривожланишга эришди. Инсон туйғулари шунга мутаносиб равишда глобаллашди, қадриятлар, хусусан, табиатга муносабат эса акс томонга ўзгарди. Инсон ўзини табиатнинг бир қисми эмас, хоқони каби тута бошлади. Энди шу жараённинг оғир оқибатлари юзага чиқаяпти. Сув етишмаслиги бутун дунёда глобал муаммога айланди. Иқлим ўзгаришлари ҳамма ерда кузатилмоқда. БМТнинг маълумотларига кўра яқин қирқ йилда ер шаридаги ҳарорат энг пасти 0,5 даража, энг юқориси 2,5 даража кўтарилган.
Хусусан, 2050 йилга бориб Марказий Осиёда сув тақчиллиги кучайиши мумкин деган тахмин илгари сурилмоқда. Бу ҳолат дунё халқлари учун ҳам жиддий огоҳлантириш дея баҳоланмоқда. Негаки, сайёрамиздаги маълум ҳудудда иқлим ўзгариши, сув камайиши бошқа минтақаларга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Сув тақчиллиги эса инсониятнинг муқаррар инқирозидир. “Сув – ҳаёт” деб бекорга айтилмаган. Сув бўлмаса ҳеч нарса униб-ўсмайди. Озиқ-овқат етишмайди. Шу боис қадим аждодлар доим сув бўйларига кўчиб, ўша ерларни макон тутишган.
Илм-фан сув тақчиллигининг бир нечта сабабини кўрсатади. Қуёш фаоллигининг йилдан-йилга ошиб бораётгани бир сабаб. Ернинг туб қатламларида ҳам кучли исиш бошланган. Ер ядросидаги ҳарорат кўтарилса, у океанларга ҳам таъсир кўрсатади. Дунё уммонларидаги сув охирги вақтларда 2 даражагача исиган. Бу эса катта миқдорда буғланишни вужудга келтирди. Айни пайтда сув таркиби ҳам ўзгариб бораётир.
Бугунги кунда шуларнинг ёнига инсон омили ҳам келиб қўшилди. Мактаб давридан биламизки, уммон, денгиз, музликлар эриб, буғланади ва у қор-ёмғир бўлиб яна заминга қайтади. Бу жараён миллион йилларки ўзгармай келаётган эди. Замонамизга келиб инсон кашф этган техник тараққиёт сувнинг айланма ҳаракатига соя ташлади. Минглаб, миллионлаб заводу машиналардан чиқаётган заҳарли газлар ҳавода карбонат ангидриднинг кўпайишига олиб келди. Оқибатда буғ бўлиб ҳавога кўтарилган сувнинг маълум қисми яроқсиз бўлиб қолаётир.
Шунингдек, ҳавога кўтарилган заҳарли газлар осмоннинг юқори қисмларида юпқа парда ҳосил қилиб, ердаги ортиқча иссиқликнинг коинотга тарқалиб кетишига тўсиқ бўлиб қолди. Буни парник эффекти – иссиқхона ҳодисаси деб аташади.
Ҳаво қанча иссиқ бўлса, буғнинг булутга айланиши шунча қийин кечади. Самода сув буғларининг керагидан ортиқча тўпланиши эса улкан булут, катта ёмғир деганидир. Бундай ёмғир асосан савалаб ёғади. Бу ўз навбатида табиий офатлар, жумладан, жала ва тошқинларни келтириб чиқаради. Тупроқ бундай сувни тўла ўзлаштира олмайди.
Баъзилар тез буғланиш сув танқислигига барҳам беради деб ўйлайди. Аммо бундай эмас. Тез буғланиш оқибатида ўсимликлар кескин камайиб кетади. Чунки улар кеча-ю кундуз тиним билмаган одам каби буғланишдан чарчайди. Кўпинча дон, ҳосил қолдиришга улгурмай, қовжирайди. Табиат мувозанати шу зайл издан чиқади.
Кўпчилик сувни асраш учун уни тежаб ишлатиш керак деган торроқ хулосада. Тўғри, сувни тежаш, айниқса ер қаъридан олинадиган ичимли сувни кўз қорачиғидай асраш шарт. Шунда у кескин камайиб кетмайди. Лекин бу бизнинг сувни асрашдаги вазифаларимиздан биттагинаси, холос. Аслида заводлардан чиқаётган зарарли газларни камайтириш, машинадан камроқ фойдаланиш ҳам сувни тежаш дегани. Тошкентда ишхоналар атрофи шахсий автомобиллар билан тўла. Улов қўйишга жой топилмайди. Уларнинг деярли барчасидан фақат бир киши, ўша ишхонага келган шахс фойдаланади. Агар уларнинг ҳеч бўлмаганда ярми жамоат транспортидан фойдаланса, зарарли газ миқдори кескин камаяди. Табиат нафас олиши учун тоза ҳаво кўпаяди. Азим чўққиларда яна қор кўрина бошлайди.
Табиатнинг нафас олиши яшиллик дунёсига боғлиқ. Дарахтларни кўпайтириш ҳам сув тежашнинг самарали усулларидан ҳисобланади. Афсуски, бу борада ҳам оғриқли нуқталаримиз кўп. Шундоқ ҳам Ўзбекистоннинг 80 фоиз ери чўл ва чалачўллардан иборат. Биз эса уни янада чўллаштириб, тинимсиз дарахт кесиш билан шуғулланаяпмиз. Бунга қарши мораторий эълон қилинган эди. Айрим “ишбилармон”лар соғлом дарахтни дори билан ўлдириб, осонгина кесиб ташлаяпти. Ҳолбуки, яшиллик қанча кўпайса ёмғир сувлари шунча баракали бўлади. Чунки дарахт, бута ва ўсимликлар сувни барги ва илдизи орқали ер қаърига юборади. Шу билан бирга улар илдизи атрофида ер ости сувларини тўплаб, узоқ сақлаш хусусиятига эга. Афсуски, бу борада ҳам аҳволимиз мақтанишга арзимайди.
Масалан, ҳозирги вақтда қарийб ўн млн гектар яйлов тубдан яхшиланишга муҳтож. Молларни бир яйловда қайта-қайта ўтлатиш, дарахтларни кесиш чўл зонасида бута ва бошқа ўсимликларнинг камайиб кетишига олиб келди. Оқибатда мамлакатимиз ҳудудида кўчадиган қумлар қарийб бир млн гектар майдонни эгалламоқда. Сўнгги вақтларда қум кўчадиган икки юз минг гектар жой пайдо бўлди. Бу чўллашишнинг кучайишидир.
Бунинг олдини қандай оламиз деган савол туғилади. Биринчи навбатда дарахт кесишга барҳам бериш керак. Буни қонун билан тақиқлаш баробарида жамоатчилик назоратини кучайтириш, табиатни асрашдаги қадим қадриятларимизни тиклаш лозим. Ахир биз эртага қиёмат эканини билсанг ҳам дарахт эк деган миллатнинг авлодларимиз. Шундай экан, нега бугун фақат дарахт кесиш билан шуғулланаяпмиз?! Сабаби – оилада тарбия издан чиқди. Ўзликни унутдик. Қандай бўлмасин, нима қилиб бўлса ҳам пул топ деган қараш онгимизни эгаллади. Иллатлардан қутулиш учун эса яхшиликни кўпроқ тарғиб этиш зарур.
Шу маънода Оролнинг қуриган тубида яратилаётган яшил макон лойиҳасини эътироф этиш керак. Айни пайтда бу ишлар кўламини кенгайтириш зарур. Чунки ҳавога чанг ва қум қанча кам учса, чўллашиш шунча камаяди. Тан олайлик, бу жараённи тўхтатиш осон кечмайди. Шу боис энди тез-тез ёғадиган жалаларга тайёр туришимиз керак. Негаки, юқорида айтганимиз каби буғланиш тезлашганда, ёмғирнинг савалаб ёғиши кучаяди. Агар ана шу тошқинлар оқимини бошқаришни ўрганиб, ундан фойдалана олсак, жуда катта ютуққа эришган бўламиз.
Бунга мисоллар жуда кўп. Қадимда боболаримиз сел йўлларини тўсиб кўл ҳосил қилган. Бундай кўллар қоқ дейилган. Қоқда аввал молларини суғоришган. Сув тугагач, мана шу нам ерда лалми деҳқончилик қилишган. Полиз ва дуккакли экинлар мўл ҳосил берган. Муҳими, бундай жойда сув ер остига кўпроқ сингиб, кейин у тоза сув сифатида ўзимизга қайтади. Боз устига, ер қаъридаги ҳароратнинг пасайишига, демак, буғланишнинг ҳам камайишига хизмат қилади. Бу нарсалар кимгадир жўн туюлар, лекин замонавий усулларда янгича воситаларни излаб топсак фойдали бўлиши аниқ.
Мухтасар айтганда, табиат бир бутун ҳалқадир. Инсон ҳам ўша ҳалқанинг бир бўлаги. Бу биз ўйлаб топган гап эмас. Дунё халқларининг қадриятларида, табиатга муносабати замирида ана шу ҳақиқат бўртиб турибди. Шу боис сув тежашни аввало табиатга яқин бўлган деҳқонлар фикратини ўзгартиришдан бошлаш керак чоғи. Чунки шу соҳада жуда кўп сув йўқотаяпмиз. Хусусан, мамлакатимизда ишлатиладиган сувнинг 90 фоизи қишлоқ хўжалигига сарфланади. Ачинарлиси, унинг ярмидан кўпи лоқайдлигимиз ва уқувсизлигимиз боис исроф бўлади.
Тўғри, кейинги вақтларда сувдан унумли фойдаланиш тўғрисида бир нечта қонун қабул қилинди. Сув тежаш технологиялари, жумладан, томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш, плёнка тўшаб суғориш йўлга қўйилди. Улардан фойдаланиш учун фермерларга субсидия ҳамда енгил кредитлар ажратилмоқда. Хориждан келтириладиган суғориш технологиялари учун бож тўлови бекор қилинди. Улардан фойдаланиш ер солиғидан озод қилиш билан рағбатлантирилди. Лекин таассуфки, бу технологиялардан фермерларимизнинг катта қисми тўғри фойдалана олгани йўқ. Айримлари бу технологияни қандай ўрнатишни ҳам билмаслигини, эҳтимол, ўрганишга рағбати ҳам йўқлигини ҳисобга олсак, замонавий фермерга нафақат куч, балки ақлий салоҳият ва фидойилик ҳам зарур эканига амин бўламиз. Бу деҳқончиликда ҳам минг йиллик мактабнинг инқирозга юз тутганини кўрсатади. Ахир кечагина сувчилар бир таноб сувни шундай маҳорат билан тарашлаб, катта майдонларни суғорар эди-ку. Уларда замонавий технология йўқ эди. Улар ернинг паст-баландини, сувнинг келишини ҳисобга олиб, бир эгатнинг уч-тўрт жойига банд қўйиб суғорарди. Бугун катта ариқда сув бошқариб келинади ва сел босгандай қилиб очиб юборилади.
Олдинлари намликни сақлаш учун ер ҳар икки-уч йилда бир марта 60 сантиметрдан 1 метргача юмшатилар, дам берилар эди. Натижада ёмғир суви ерга чуқур сингар, намлик кўпаярди. Айни пайтда ерга мол гўнгини солиш ҳам самара беради. У ерга ўғит бўлиш баробарида намлик пайдо қилиш хусусиятига эга. Агар ҳар гектарга ўн тонна гўнг ташласак, тупроқ ўзида икки-уч фоиз намликни ишлаб чиқара олади. Бу жуда яхши кўрсаткич ҳисобланади.
Одамнинг боши оғриса бора-бора оёқдан ҳам қолади. Оёқдан қолган одамнинг эса боши оғриқдан чиқмайди. Табиат ҳам шундай. Унинг барча дардига малҳам бўлиш эвазига сувсизликка ҳам, бошқа оғриқларга ҳам барҳам бериш мумкин. Биз унга муносабатимизни ўзгартирсак, табиат ҳам бизга фақат яхшилик йўллайди. Юқорида биз табиатни аслига қайтаришимиз керак дедик. Ҳа, бу ниҳоятда муҳим вазифа. Бунинг учун эса аввало инсон ўзлигини таниши зарур.
Усмон НОРҚУЛОВ,
Тошкент аграр университети профессори
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 4-сон.
“Сувсаётган замин дарди” мақоласи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ