Маҳмуд Саъдий ошиқ эди


Сақлаш
12:01 / 15.01.2024 336 0

Устоз мангу маконингиз нурларга тўлсин, илоҳим! Сиз кутган романнинг биринчисини ёздим. Тоза миллий – “Ўзбек ўтови”, дея сиз яхши кўрадиган сарлавҳа қўйдим. Афсуски, сиз йўқсиз. Ҳа, устозим-а, қадрингиз билинди. Билинганда ҳам, жуда ёмон билинди...

 

Қўлига қалам ушлаган ижодкору журналист борки, барчаси бирдек устоз Маҳмуд Саъдий домлани танир эди. Ҳеч бўлмаганда бировлардан эшитган чиқар. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Маҳмуд Саъдий домла Аҳмад Отабоев билан бир хонада ўтириб ишларди. Таҳририятга ишга келиб, улар билан қадрдонлашиб кетдим. Айниқса, ҳикояларимни ўқигач, устоз меҳрибончилик кўрсата бошлади.

 

Бир куни ҳикояларингни тўплаб кел-чи, Аҳмад устидан бир кўриб берсин, деб қолди. Хурсанд бўлиб ўнтача ҳикояни олиб бордим. Аҳмад ака обдон таҳрир қилиб чиқди. Кейин иккаласи бирга муҳокамага ўтиришди.

 

– Ёзганларингдан умид бор. Лекин биз бошқа бир нарсани ўйладик. Характерингдаги ўжарлик ҳозирча сенинг зарарингга ишлаяпти, агар шуни фойдангга ишлатаман десанг, қаттиқ меҳнат қилишингга тўғри келади, – деди.

 

Ҳикояларимни китоб қилиб чиқардим. Орадан анча вақтлар кечди. Мен бошқа газетага ишга ўтиб кетгандим. Бир куни устозларнинг олдига борсам, яна ёзяпсанми, дейишди. Ёзмаётганимни айтдим. Арзимайдиган нарса учун қоғоз қоралаш шартмас, деб ҳисоблагандим. Чунки ҳикояларимга ҳеч бир адабиётшунос фикр билдирмади. Албатта, Баҳодир Каримни ҳисобга олмаганда. У киши менга дарс берган, шунга кўнгил учун айтгандир, балки. Демак, қаламни пишитиш керак эди. Маслаҳат сўраб келдим, дея жиддий туриб олдим.

 

Аҳмад аканинг айтишича, менда адабиёт ҳақида тушунча бор-у, йўл йўқ экан. Шу гап сабабидан, хасга учқун сачрагандек, суҳбатимиз жонланиб кетди. Хуллас, бошловчи қаламкаш сифатида модерн услубда ёзиш ижодкор бўлишни белгиламас экан. Мен бирдан сустлашиб қолдим. Ижодкор бўлиш учун йўл-йўриқ кўрсатилмайди, лекин яхши ёзиш учун маслаҳатни тинглаш ва изланиш шартлигини тушунтиришди. Жаҳон адабиётида модерн йўлдаги ижодий асарларни яхши таҳлил қилган мутахассис Аҳмад ака суҳбатимизни хулосалади: 

 

– Бу шаклдан воз кечиб, классик услубда ижод қилишга ўт, миллий адабиётимиз эҳтиёж сезган йўл – шу. Халқимиз реалистик асарларни яхши қабул қилади, – дея гапнинг лўндасини айтди.

 

Устозлар билан суҳбатимиз мана шундай қизғин тус оларди. Маҳмуд акани фақат кечки пайтгина ишхонасидан топиш мумкин эди. Ишдан қайтаётиб у кишини саволларга кўмиб ташлардим. Гоҳо метро бекати устида соатлаб гурунглашиб қолардик. Шундай кунларнинг бирида кутилмаганда менга савол берди:

 

– Шукурни устозим деб мақола ёзиб юрибсанми? Қани, чиндан устозинг бўлса, ҳозир буни аниқлаймиз, – дея кулди. – Шукурдан илган гапларингни бир жумла билан менга англат-чи, нималарни эшитган экансан?

 

Ўйланиб қолдим. Савол ўта қалтис. Очиғи, бир неча йилдан буён нималарнидир тушуниб етармикан, дея мен учун жон куйдириб юрган одамнинг ихлосини қайтариб қўйишдан қўрқиб кетдим.

 

– Биз адабиётдан ҳақиқатни топамиз, деб адашиб кетдик. Юрт мустақил бўлди, иймонимиз ўзимизга қайтди. Эндиги авлод аввал ҳақиқатни топиб, кейин адабиётга кириб келяпти. Сизларга ҳавасим келади, деганди сал ўкинч билан бир гал Шукур ака.

 

Бу гапни эшитган Маҳмуд аканинг кўзлари чақнаб кетди.

 

– Шукур билан адабиёт тўғрисида кўп сирлашганмиз, – дея гап бошлади устоз. – У катта истеъдод эди. Миллий адабиётимизга зўр хизмат қилди. Лекин ҳаммасини тушунганида анча кеч бўлганди. Аслида жаҳон адабиётига чиқадиган қалами бор эди. Буни ўзи биларди.

 

Иқрори шундай эдики, Худойим бу дунё ҳаётининг моҳиятини дин орқали бандаларига баён қилиб берган экан. Умримизнинг катта қисмини мағиз эмас, пўчоқ билан машғул бўлиб ўтказибмиз. Пўчоқни мағиз, деган тасаввурда шаклланиб ижодкор бўлибмиз. Энди қийин, мағизга тиш ўтмаяпти. Ҳаёт йўлимиз ҳақиқат йўлидан узоқларда қолиб кетган экан, дея чин дилдан ачиниб кетарди. Ана шундай ақлли одам эди. Шу иқрорини сенгаки айтган экан, сенда ниманидир кўрган. У оддий одам эмасди.

 

Шундан кейин устоз қалбини очиб суҳбат қурадиган бўлди. “Аҳмаддан кўп нарса ўрганса бўлади. Илмнинг кони. Лекин ундан суғуриб олмасанг, шунчаки берадиган хилидан эмас”, дерди.

 

– Кўнглида кири йўқ одамни излаб қолсанг, у ёнингда ҳар доим кўриб юрадиганинг Бекқул Эгамқул бўлади. Кўнгли тоза одам, тафаккури кенг, қўлидан ёмонлик келмайди. Фақат бир шарти шуки, сенинг таъсирчан, тўғрисўз феълинг бор, ўзига яқин олса ҳам, кўп мулоқот қилаверма. Чунки унинг беғуборлигига ишониб қолсанг, ҳаётда адашасан. Ҳамма одамлар шундай деб ўйлаб қоласан-да. Эҳ, бундай беғуборлик ҳаммада ҳам бўлавермайди. Нафсига дўст бўлганлар ҳийлакор келади, шунчаки кайфият учун айтилган ҳазил-мутойибадан ҳам катта фожеа ясаб олиб, қасдлашишга киришади. Бундан ёмони йўқ. Фақат ҳаётдан сиқилиб кетганингда бу одамни топиб келиб суҳбатлаш, руҳан енгил тортасан, ғуборларинг тарқайди. Бир сирни айтиб қўяй, у сенинг даштлардек жиловланмаган жўшқин туйғуларингга шинаванда, шуни ҳам унутма!

 

Бекқул ака ҳам кўп йиллар шу таҳририятда ишлаган, қадрдонлашиб кетганмиз.

 

Орадан икки-уч йил ўтиб, суҳбатларимиз маҳсули бўлган бешта ҳикоя олиб келдим. Маҳмуд ака индамай сумкасига солиб қўйди. Гурунглар одатдагидек давом этди. Ҳикоялар ҳақида мен ҳам сўз очмадим. Устоз ҳам ишора қилмади. Кейинроқ кўришганимизда бирдан гап бошлаб қолди:

 

– Шу куни метрода кетаётиб ҳикояларингга кўз югуртдим, қизиқиб қолиб, уйга бориб ўқидим. Ҳай-ҳай, уддалайдиган кўринасан. Зўр! Жуда зўр! Ҳали ҳам ўша эски ўзанингга тортиш ҳоллари бор. Муҳими, янги йўлга тушиб олибсан. Очиғи, биз ўйлагандан ҳам яхшироқ. Энди кўпроқ изланишинг керак. Умид қиламанки, устозинг Шукурнинг армонини ҳам топасан. Қизиғи, бирорта ҳикоянгда ўлдим-куйдим учрамайди. Билсанг агар, шу мавзу ёзилавериб сийқаси чиқиб кетганди. Бирорта янги гап йўқ, такрорлар бездириб юборганди-да, ўзиям.

 

– Ҳа, устоз, тан олайки, бу туйғуларнинг ранг-тусини тушунмас эканман, шу сабабдан ёзмадим, – дедим.

 

– Йўқ! – деди кулиб устоз. – Аслида, бу саҳнани ҳис этмасдан туриб ёзувчи бўлиш қийин. Лекин сенда айнан шу саҳнага бошқа томондан қараш бор. Бу яхши-ку! Мисол учун, “Печкан”ни олайлик. Ҳикоядаги уч персонаж – чол, кампир, йигитнинг қиёфаси, ўй-фикрлари мени ростлигига ишонтирди. Оила муҳити, бу муҳитнинг инсонийлиги ҳикояда яхши тасвирланган. Айниқса, оиладаги меҳр-муҳаббат, бир-бирини асраб-авайлаш руҳи ибратли. Ҳикояда ўзбекнинг ўз олами таъсирли, табиий ифодаланган.

 

Устоз сўзбоши ёзадиган бўлди ва ҳикояларни нашриётга топширдим. Орадан йиллар ўтди. Яна шу саволни кўтардим:

 

– Севги-муҳаббатни тараннум қилган асар бўлмаса, одамлар қизиқмаяпти. Мана, учта китоб чиқариб улгурдим. Натижа йўқ. Айнан, қиз ва йигитнинг ўлдим-куйдими керак, назаримда?

 

Бу саволим айтилган ҳолича жавобсиз қолаверди. Шошиб турган экан, бошқа бирор пайтга, деганча кетди. Шундан кейин ҳам кўришиб қолган пайтларимиз, бу ҳақда ҳеч нарса демасди. Бир куни метродан чиқиб, устознинг ишхонаси томон юргандим, рўпарамдан келаётган экан. Кўришганимдан шу мавзуни қўзғадим. Аввалига гапиришни хоҳламади. Иш билан бир жойга бориши керак экан. Ўйлаб туриб, ўша ерга эрталаб ўтадиган бўлиб, гурунгни бошлади. Узоқ суҳбатлашдик. Англаганим шу бўлдики, ошиқ маъшуқасидаги нуқсонни ёки қусурни кўрмаслиги шарт экан. Асар қаҳрамони маъшуқасидан келадиган озорлардан роҳатланса, ҳузур топса, саргузаштлари ишончли бўларкан. Ишқий жараёнларни мукаммал баён қилишга қатъий киришилса, қаҳрамон севги сўзини айтмаслиги кераклиги, аксинча, ҳолатлар манзараси шу сўзни ифодалаши билан ўқувчига ҳис эттириш асарнинг қимматини оширишини билдим. Агар тасвирлар зўр бўлса, айтмасдан англатилади. Башарти, қаҳрамон шу сўзни айтишга мажбур қолса, умрида охирги калом бўлиб қолишигача, бир-бир майдалаб тушунтириб берди.

 

Роса лаззатландим. “Хамса” достонларидан бошлаб, “Ўткан кунлар”гача бир бошдан мисол келтириб чиқди. Шу суҳбатдан илҳомланиб, бир неча марта муҳаббат мавзусига қўл урдим ҳам. Эплолмадим. Ҳозирча кучим етмаслигини билдим. Орадан ойлар ўтарди, бир гал устознинг ишхонасига борсам, столида китоб турган экан. Маҳмуд Саъдий ҳақида шогирдлари ёзган мақолалар жамланибди. Ўқиб кўрсам майлими, деб сўраб олдим.

 

Китобни қўлимга тутқазиб, сен ҳам бир нима айтарсан, деди. Шу куни уйга боришим билан ўқиб чиқдим, тун яримлаган маҳал қоғоз-қаламни олиб ёзишни бошладим. Ҳа деганда, ёзганларим маъқул бўлавермади. Узоқ ўйланиб ўтириб, равишини топгандек бўлдим: “Маҳмуд Саъдий устозимиз, – дея бошладим. – Миллат зиёлиларининг хизматкори (мардикори) гўё. Қўлига тушган яроқли даражадаги мақолами, ижодий асарми, “сув”ини теради. Жило беради. Мағзини очади. Агар яроқсизлигини билса, муаллифнинг номи қанчалик улуғ бўлмасин, шартта қизил чизиқ тортади. Имкони борича зиёлиларнинг зиё нурини равшанлаштиришга тиришади. Ўзи тинимсиз ўқийди, ўрганади, талабаларга дарс беради, газета ва журналларда ишлайди. Пиёда юради. Бир оёғи чўлоқ, ҳассаси ҳам бор. Қўшимчасига, менга ўхшаб ортидан эргашган, бошоғриқ мухлиси камми? Уларга ҳам вақт топади. Лекин ҳеч қачон қатор-қатор асар ёзиб, ўзини намоён қилишга ошиқмайди. Ёзиш қўлидан келади. Ёзганлари кўп эмас. Ким ўзи у – Маҳмуд Саъдий?

 

Менинг назаримда Маҳмуд Саъдий сўзи ва амали билан миллатнинг энг севимли фарзандларидан биридир. Устоз ошиқ. Миллатга ошиқ. Қалбидаги улуғвор туйғусини ошкор қилса, унинг сўнгги каломи шу бўлур!”

 

Эртасига устозни излаб бориб тополмадим. Ниҳоят ҳафта сўнгида учрашдик. Яна ўша метро бекати устида гурунглаша туриб қоғозни бердим, бир ярим бетгина. Тик турган жойида ўқиб чиқди. Менга тикилиб қаради. Кўзлари нурланди. Киприклари намланди. Сен яхши йигитсан, бугунча гаплашмайлик, дея кетди.

 

Кейинчалик кам учрашдик, телефонда гаплашиб турардик. Қишлоғимга кетгандим. Етти йил юриб қайтдим. 2018 йили йигирмата ҳикоям китоб бўлиб чиқди. Устозга олиб бордим. Университетда тақдимоти бўлади, бориб бир хурсанд қилинг, дея таклиф этдим. Ўзини анча олдириб қўйган бўлса ҳам, вақтида етиб келди. Жуда хурсанд бўлдим.

 

Бир куни телефон қилсам, кел кўришайлик, деб қолди. Учрашиб кўришдик. Кўп гурунглашдик.

 

– Эй қаламкаш, ҳикоя ёзишни бас қил, чинакам роман ёз, – деди.

 

Анча йиллардан буён машқини олиш учун хомаки роман ёзавер, дея тавсия бериб келган эмасми, бирдан мақсадга кўчди. Ичим музлади.

 

– Айтганингиздек машқини олиб юрибман, ҳали чоғим келмаяпти, – дея кулдим.

 

Бир дам маъюс тортди. Хаёлга берилди. Кўзимга тик боқди.

 

– Мен-ку қариб қолдим, сен ҳам ёш эмассан, – деди ҳафсаласизгина ва гапни бошқа томонга бурди.

 

Холмуҳаммад КАРИМИЙ

 

Oyina.uz'ни Телеграмда кузатинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси