Ўз халқига садоқат ва фидойилик, она Ватанни ҳимоя қилиш, уни чексиз севиш ҳар қандай инсоннинг ҳақиқий ватанпарварлик фазилати ҳисобланади. Зеро, ватанпарварлик Ватанининг озодлиги ва ободлиги, унинг сарҳадлари дахлсизлиги, мустақиллигининг ҳимояси йўлида фидойилик кўрсатиб яшаш, халқининг ор-номуси, шон-шарафи, бахту саодати учун куч-ғайрати, билим ва тажрибаси, бутун ҳаётини бахш этишдек муқаддас ва олижаноб фаолиятни англатади. Шу маънода, Ватан равнақи учун фаол бўлишга ундайдиган ижтимоий, маънавий-ахлоқий фазилат, десак ҳам тўғри бўлади.
Тарихдан маълумки, Ватан озодлиги учун курашиш масаласи алломалар асарлари ҳамда эзгу ғояларни ифода этувчи таълимотларнинг бош ғояси бўлиб келган. Бинобарин, муқаддас манбаларда ҳам “Ватанни севмоқ иймондандир”, дейилган. Шундай экан, Ватан тарихини билган, улуғ аждодлар меросини чуқур ўрганган ҳар бир инсон қалбида миллий ғурур-ифтихор туйғулари янада жўш уриб, эл-юртга, Ватанга садоқати ортиб бораверади.
Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний Ватанни севиш ва уни ардоқлашни табиат ва жамиятнинг муҳим қонунияти сифатида таърифлайди. “Ватан. Ҳар бир кишининг туғулуб ўскан шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғулган, ўсган ерини жонидан ортиқ суяр. Ҳатто бу ватан ҳисси-туйғуси ҳайвонларда ҳам бор. Инсон қалбида миллат, Ватан, аждодлар руҳи олдидаги бурч ва туйғулар қанчалик чуқур жой олган бўлса, маҳдудлик ўрнига миллий ғоялар вужудга келади. Мана шундай фазилатларга эга инсонларда курашчанлик, ташаббускорлик, ўз-ўзини англаш, миллат, Ватан шаъни ва манфаатини ҳимоя қилишдек муқаддас туйғулар шаклланади. Агар бир ҳайвон ўз ватанидан – уюридан айирилса, ўз еридаги каби роҳат роҳат яшамас, маишати талх бўлуб, ҳap вақт дилининг бир гўшасида ўз ватанининг муҳаббати турар”.
Ватанпарварлик туйғуси, аввало, инсонда юртга нисбатан ички ва ташқи хавфларнинг олдини олишда мустаҳкам иммунитет шаклланишига хизмат қилади. Ватан равнақи, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги учун курашда ташаббускор бўлиш, тинчликни кўз қорачиғидек асраш, унга фидойилик билан хизмат қилишга ундайди.
Инсон қалбида миллат, Ватан, аждодлар руҳи олдидаги бурч ва туйғулар қанчалик чуқур жой олган бўлса, маҳдудлик ўрнига миллий ғоялар вужудга келади. Мана шундай фазилатларга эга инсонларда курашчанлик, ташаббускорлик, ўз ўзини англаш, миллат, Ватан шаъни ва манфаатини ҳимоя қилишдек муқаддас туйғулар шаклланади.
Бугунги замон шиддати инсон учун маънавият нақадар нажоткор куч эканини намоён этмоқда. Зеро, ахлоқсизлик, одобсизлик, маънавий қашшоқлик инсонни маънавий тубанлик гирдобига гирифтор этиб, кенг миқёсда эса жамият тараққиётини издан чиқариб, парокандаликни юзага келтираётганини намоён этмоқда. Маънавият инсоннинг жамиятда яшаши учун зарур ижобий фазилатларини намоён этувчи беқиёс куч. Айнан маънавият туфайли инсонда гўзал одоб-ахлоқ фазилатлари шаклланиб, унинг жамиятдаги мавқеини белгилаб беради. Шу боис, жамият ҳаётида маънавият масаласига ниҳоятда масъулият билан ёндашишни тақозо этади. Зеро, томирида миллий ғурур, Ватан ишқи жўш урган ориятли, маънавий жасоратга эга одамгина буюк ишларга қодир бўлади.
Президентимиз раислигида жорий йил 2 январь куни мудофаа қурилиши ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ҳам ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга яна бир бор эътибор қаратилди.
Глобаллашув жараёнида ҳарбий хизматчилар томонидан миллий қадриятларни сақлашнинг ўзига хос тамойиллари ҳақида фикр юритганда, ҳарбий хизматчи – руҳан тетик, жисмонан соғлом, ахлоқий баркамол, талабчан, маънавий соғлом, қаноатли, ростгўй, садоқатли, покиза, зийрак, андишали, вазминлик каби шахсий фазилатларга эга бўлиш талаб этилади. Шу билан бирга, ўз соҳасининг етук билимдони бўлиши, ҳунар сирларини пухта ўрганиши, ютуқ-камчиликларини идрок эта олиши, нутқ маданиятини эгаллаши асносида барчага ҳар жиҳатдан шахсий намуна ва ибрат бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Ватанпарварлик миллий қадриятлар замиридаги энг муҳим жиҳатлардан бири саналади. Зеро, бугунги кунда ватанпарварлик фазилатларини кучайтиришда халқимизнинг миллий менталитети ва қадриятларимизни ёш авлод онгига чуқур сингдириш ҳамда шу орқали уларда келажакка ишонч туйғуларини қарор топтириш муҳим.
Хулоса қилиб айтганда, Ватан шаъни, ор-номусини жон-жаҳди билан ҳимоя қиладиган, жамият мақсад ва манфаатларини тушуниб етадиган, ҳар томонлама етук комил инсонни тарбиялаш, бунинг учун фарзандларимиз онгида Ватанга муҳаббат, юрт тақдирига дахлдорлик, тинч, эркин ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш туйғусини кучайтириш мудом энг устувор масала бўлиб давом этаверади. Зеро, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғулари, эзгу ғояларни тараннум этиш тинчлик ва барқарорликнинг асоси экан, бу ҳар бир ватандошимизнинг муқаддас бурчи бўлиб қолаверади.
Мансур МУСАЕВ,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти
бўлим бошлиғи, сиёсий фанлар доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ