Худо, озодлик ва ахлоқ ҳақида ёзилган, қаҳрамонлари каркидонга дўнувчи асарлар – адабиётшунос Шаҳноза Назарова мутолаа қилади


Сақлаш
17:01 / 10.01.2024 503 0

Сочилган буғдой доналари

Фёдор Достоевский. Ака-ука Карамазовлар. Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2021.

 

фёдор достоевский “Ака-ука Карамазовлар” романини азоб, оғриниш, чексиз дилгирлик ва қўққисдан келиши мумкин бўлган қисмат зарбаларидан таҳликада ёзган. Роман худо, озодлик ва ахлоқ, айни бугунги кунимиз, навқирон умримиз ҳақида.

 

Асарга Юҳанно Инжилидаги “Рост, рост айтаман сизга: магарким, буғдой донаси ерга тушиб ўлмаса, бир ўзи қолажак; агар ўлса, унда кўп ҳосил беражак” сўзлари эпиграф қилиб олинган. Бу, насронийча эътиқодга кўра, Исо алайҳиссаломнинг ўлиб-тирилиши ва инсоният бахти учун ўзини қурбон қилгани ҳақидаги ақидага бориб тақалади.

 

Мен сизга асарда сочилиб ётган буғдой доналарини кўрсатсам дейман.

 

Ота Зосима ҳузурида суд қилинган, азиз зотнинг ўзига бош эгганидан тонгриққан Дмитрий Карамазовни эсланг. Азоб-уқубатни бўйнига олаётган Дмитрий ўзини ерга кўмаётган буғдой дони каби эди. У кўп ҳосил бериш учун ўзига ўзи ҳукм ўқийди. Ўзига азобни ҳозирлаш унга кимдан мерос бўлиб ўтган?..

 

Дмитрий – мардона эр, аммо толесиз аёлдан туғилган пастарин фарзанд. Хотинини таҳқирлаб чарчамаган отанинг ғазабига нишон ўғил. У “ўзи учун тайёрлаётган нарсани” онаси бир замонлар ўзи учун ҳозирлаган, жамият рад этган тубан кимсани унга турмушга чиқиш орқали шарафламоқчи бўлган. Дмитрий ана шу “меросий ҳақ-ла” ҳиссиётларни жиловлай олмаслик, аммо тубан кетолмаслик ўртасида муаллақ...

 

Иван ва Алёша ҳам ўша тубан эрнинг ва муте, хўрланган, муттасил зулм оқибатида эсдан оғиб, асаб касаллигига йўлиққан аёлнинг фарзанди. Улар онасидек худога, динга ташна, недир ички тараддудга чўмган йигитлар. Иван ва Алёша бошқа-бошқа қутбда-ю, лекин бир-бирини тақозо этади. Иван Алёша орқали ўзини поклаши, Алёша Иван орқали чинакам ҳаракат майдонларига кириб бориши керак. Асарда Иван ҳаммадан ҳам кўпроқ динга ташна ва ҳаммадан ҳам кўпроқ худога яқин. Ахир, нақ иблис билан сўзлашган у эмасми?

 

Алёша Карамазов – бола ёшида вафот этгач, асар заминига экилган ва униб чиққан Алексей Достоевский. Алёша бировга малол келтирмайдиган, уятчанлиги ҳатто сурбет ва кирланган одамларга ҳам оғир ботмайдиган, ўзи кириб борган даврада маънавий ўзгариш ясай оладиган йигитча. У ота юртга волидасининг қабрини излаб боради. Чунки хотирасининг бир нуқтасида онаизор азиз фарзандини Биби Марям паноҳига узатаётган тасвир муҳрланиб қолган. Шу сабаб роҳиблар дунёси тоза гўшадек уни ўзига тортади. Қария Зосимага эса “ташнаком юрагининг қайноқ биринчи муҳаббати ила боғланган”. Аммо бу ҳам бир синов. Негаки, одамни сиғиниш даражасида севиш хатарли. Агар у қари бўлса ва ўлимни муносиб тарзда қарши ололмаса-чи? Ёмон гумонларни ҳайдаб солиш учун буғдойдек нақ ер остига киришинг, чириб битмай униб чиқишинг керак...

 

Ичингдаги иблисни, тубанликни ўлдириш ва покланиш азобида ўзингни ислоҳ этиш қанчалар оғир! Достоевский фарзанддан айрилиш азобини ва барча алам-изтиробларини буғдой донасидек ерга кўмди ва янги инсон бўлиб кўз очмоқни, эзгуликлар яратмоқни истади.

 

Роман марказида фалокат, жиноят – ота Карамазовнинг ўлдирилиши туради. Долғали замоннинг ваҳимага берилган, аммо сохта тантанаворлик ва гўлликдан воз кечолмаган илмилиқ кишилари ҳақида роман ёзиш учун уларни ҳар нарсага эгилавермайдиган бир одамга боғлаб қўйиш керак эди, йўқса ҳаммаси тариқдек сочилиб кетади. Бу, идеал десангиз идеал, Достоевский айтганидек, арбоб десангиз арбоб – кенжа Карамазов. Одамларнинг тавба-тазаррусини тинглайдиган ва узрхоҳликларни бир-бирларига етказиб турадиган тимсол. Таъбир жоиз бўлса, фожиа-кулги, ахлоқсизлик-бузуқлик ва васвасага тўла чиркин ўрада униб чиққан бир гул!

 

Дмитрий – ахлоқан ўлган, лекин унга муҳаббат билан, янги азоб ва сарсонгарчиликлар билан қайта туғилмоқ учун умид йўллари очилган. У шу жиҳатдан “Иблислар”даги Ставрогиндан фарқ қилади. Роман монастирь ҳужрасида Дмитрий устидан суд билан бошланиб, суд билан тугаши бежиз эмас. У бошдан-охир ҳам ўзи, ҳам жамият томонидан сўроқ-тергов қилинади.

 

 

Ўртанча ўғил (Иван) оғир саволлар, етилмаган улкан мушоҳадаларни ўзида ифода этади. У фикр эгаси, файласуф. Шу жиҳати билан ғоя ижрочиси Раскольниковдан мураккаброқ ва фожеий қиёфага эга. Зеро, унинг учун дунё издан чиққан, лаънатланган, иблисона тартибсизлик домида қолган.

 

Муқаррарлик уч ўғилни бир нуқтага олиб келади. Бу нуқтада бадхоҳ ва ҳиссиётчан ота туради. Аммо унутмангки, асар бош қаҳрамони Алексей эмас. Достоевскийнинг барча романларида бўлгани каби “Ака-ука Карамазовлар”да бош қаҳрамон – ғоя. Кўп чўзиб нима қилдим, бу – ўлган, йўлдан озган одамнинг қайта тикланиш ғояси. Одамнинг ер остига кирган ва қайта унган буғдой доналарига айланиши ғояси.

 

Бутун асар давомида муаллиф уста дорбоздек мангуликка тортилган дор устида у ёқдан-бу ёққа ошиб ўйнайди: дин – динсизлик, ихлос – даҳрийлик, ҳақ – ҳақсизлик, жиддият – масхарабозлик, ота – ўғил, шараф  – топталиш... Тадқиқотчи Константин Тюнькиннинг қуйидаги фикри ғоят эътиборли: “Романнинг ички сюжет ҳаракатидаги чўққи – “биринчи кун” – Дмитрийнинг тазарруси бўлса, ҳал қилувчи дақиқа – “иккинчи кун” – Иваннинг тавбасидир”.

Асарнинг авж нуқтаси, шубҳасиз, “Буюк инквизитор”. Достоевский Данте, Гёте каби илоҳни ерга олиб тушади. Фақат бу мутлақо бошқача тушиш, ҳатто тушиш ҳам эмас. Бу сотқин шогирд томонидан эгалланган дунёга гувоҳлик бераётган устознинг яна бир юриши. Шогирд – Буюк инквизитор сўнгги дамда ишончини бой берган саҳронишинлардан. Мураккаб образ бу. Шунчаки қабиҳ даҳрий, “кичкина шайтонвачча” ҳам эмас, у доно, шафқатли, улуғвор ва фожеий қиёфага эга. Асосий масала – эрк ва ҳокимият, замонавий социализм васвасалари. Тадқиқотчилар фикрича, унда қибласини йўқотиш, социализм қуриш жазавалари ифодаланган. Бу шарпа Зосима отанинг хотираларида, Иваннинг хаёлотида лопиллаб-силкиниб туради.

 

Инквизиторни бир нарса қўрқувга солади. Бу асло Устознинг, Халоскорнинг тушиб келиши, яъни пайдо бўлиши эмас. Ҳамма ваҳшат шундаки, оломонга айланган одамлар энди худосини ҳам юрагига сиғдиролмайдиган даражада кичрайтирилган, майдалаштирилган. Уларга эрк энди ортиқча ва оғир туюлади. Заминий нон – самовий эрк, самовий ризқдан кучлироқдир, ахир, одам боласини тўйдирмоқ керак... Иван суҳбатни болалардан бошлаган эди, унинг Инквизитори бутун инсониятни болаларга айлантиришни ва балоғатга етиб бормайдиган умр фаслида сақлашни истайди...

 

Тадқиқотчиларнинг ёзишича, асарда XIX асрнинг 60–70-йиллари рус ҳаёти қомуси – реформадан кейинги оғир, доғули, алаҳлаётган Россиянинг туриш-турмуши қаламга олинган. Барча ижтимоий қатламлар – айниган зодагонлару юксак “маданият” соҳибларидан тортиб йўқсил мужикларгача; турли жамоалару янги суд тизимигача; насронийча утопиядан исён қилаётган худосизликка қадар ёйилган ғоявий зиддиятлар, авлодлар ўртасидаги душманлик ифодаланади. Достоевский мана шу талатўп ичида инсонни излайди: йўлдан озган, аммо нажот йўлига қайтган инсонни. Ҳар ким худо елкасига юклаган вазифани адо этиши керак. Йўқса, бахт ато этилмас...

 

 

Тубанда ўлмак, юксакда туғилмак

Фёдор Достоевский, Анна Достоевская. Переписка. Москва, “Наука”, 1979.

 

Тўплам Фёдор Достоевский ва Анна Достоевская 1866 йил 9 декабрь – 1880 йил 13 август оралиғида бир-бирига ёзган хатлардан иборат. Мен бу китобни “Ака-ука Карамазовлар” романини нашрга тайёрлаш асносида ўқиб чиқдим.

 

Россиялик адабиётшунослар Достоевский асар устидаги расмана ишни 1878 йилда бошлаган, дейди. Шу жиҳатдан адиб ва унинг рафиқаси ўртасида 1866–1877 йиллардаги ёзишмалар эътиборимни тортди...

 

Достоевский ўз қаҳрамони Мишкиннинг беғубор ва бахтиёр эгизагидек тасаввур уйғотади, хатларга “сенинг бахтиёр Ф.Достоевскийинг” дея имзо қўяди. Ўз ҳоли-аҳволини зўр бериб тушунтиришга уринади: “Мени ўшшайган, асабий, ахлоқсиз кўрарсан, лекин бу фақат зоҳирий хулоса, ичдан бошқачаман, ишон, ишон бунга”. Ўша кезларда адиб қиморга муккасидан кетган эди. Муттасил қайтиш, қуюқ ваъдалар ва “мени сев” деган чексиз илтижолар ичида ўзини азобларди. У гуноҳдан ҳам, гуноҳкорлик азобидан ҳам ўзини тиёлмасди: “Мен жиноятга қўл урдим, барини ютқаздим, Аня, сен жўнатган охирги крейцергача – барини кеча олдиму ўша заҳоти бой бердим... Биргина ваҳшат мени эзади: нима дейсан, нима ўйлайсан энди мен ҳақимда?! Энди иш ва меҳнат, иш ва меҳнат, мен ҳали кўрсатиб қўяман, мен адо этаман... Мен ҳақимда пастарин хаёлга борма. Ахир, мен инсонман! Ахир, менда олам-олам одамийлик мужассам”.

 

 

Бу вақтларда Достоевский Моцарт, Россини куйларини, Бетховеннинг “Фиделио” операсини, Мендельсон Бартольдининг “Никоҳ марши”ни тинглашни севарди. Уларда юксак полифония қайнаб тошарди. Вагнерни эса ҳеч хушламасди. Уни тинглаб совқотарди. “Аня, Аня, ёдингда тут, мен аблаҳ эмасман, бор-йўғи бедаво қиморбозман”. Кейинроқ Дмитрий Карамазов “Сенинг қошингда аблаҳ бўлсам-да, ўғри эмасман!” дея ҳайқиради.

 

Ниҳоят, патологияга айланган қиморда ютишдек қабиҳ хаёлот Достоевскийни тарк этади. Аммо тутқаноқнинг қўққис бошланишидан қўрқув асло йўқолмайди. “Аня, тутқаноғимни аввалгидек деб ўйлаётгандирсан, лекин мен биламан, эндигиси мени ўлдиради. Оғир зарба бўлади. Мен уни эшитяпман, мен уни сезяпман”. Қаттиқ қичқириқ, сўнг инсон қиёфасидан чиқиб, хириллаётган мавжудотга айланиш. Кўзда, юзда нурнинг сўниши, бу хорликдан жирканиш. Ҳодисага гувоҳларнинг энди сенга тўлақонли инсон сифатида қарамаслигини аён кўриш ва руҳингни таҳқирлаётган нигоҳлардан мудом қочиш. Минг тавалло ила яқинини ўзини севмоққа кўндираётган инсон. Суюкли инсонларнинг тасодифий уқубати ёки ўлимидан таҳлика, уйқусизлик, дилгирлик...

 

Унга қувонч берувчи ягона куч – оиласи, фарзандларининг муҳаббати эди. Аммо ҳаддан ортиқ севилишни истаган инсоннинг битмас-туганмас ёзғиришларию шикоятлари-чи? Дилгир, асабий, хаста ва юксак муҳаббатига жавобан айни шундай муҳаббатни талаб қилиш-чи? Аннанинг Достоевскийни шу ҳолида шарафлаши, севиши, авайлаши унга энг катта куч – эртанги кунга умид ва қувонч туҳфа этарди: “Мен сен билан тириламан, Аня. Мени бир марта ҳам тушингда кўрмадингми?” Дунё қўпол ва дағал, шовқин-суронга тўла. Дағаллик, қўполликдан оғринган юрак шу инжалик ичида ҳаловат топади: “Ҳеч кутилмаганда олийҳиммат, юксак, пок, номусли, азиз бир инсон мени севди. Билмайсан, Федя, сенинг севгинг ва унинг юксаклигидан қанчалар ғурур туяман! Сенга доим айтганман: “Менинг қуёшимсан тоғ чўққисидаги, мен бўлса тубанда ётибману фақат юкунаман”.

 

Адибнинг бошқа ҳамкасбларига нисбатан жуда кам қаламҳақи олиши ва доимий етишмовчилик, Анна Григорьевна таъбири билан айтганда, “Достоевский учун чинакам бахтсизлик” эди. Ҳар бир асарни пул топиш илинжида ёзиш, шунга кўра вақтни белгилаш, руҳан, жисмонан зўриқиб ишлаш машаққатини тасаввур қилинг! Ахир, бу мутлақо толстойча ёки тургеневчасига ижод қилиш эмас эди. “Кеч тушганда ғамгинлигу зиқлик юрагимни тўлдиради, тонгда ҳарқалай енгилроқ, шунинг учун ҳам субҳ маҳали ишга тутинаман”. Бу қорахаёл одамнинг ёруғликка адоқсиз интилиши эмасми? Унинг қаҳрамонлари ҳам борлиқ зулматга чўкаётганда нақ телбага айланади: Алёша шарафнинг “топталиши”дан тунда титроққа тушади, Иван кечда ичидаги иблис билан олишади, Дмитрий тун аввалида кўксига уриб шармандалигига иқрор келтиради.

 

Асар қоғозга туширилаётган вақтда, хатлардаги таассуротларга кўра, оила бундай ҳолатда эди: Анна Достоевская туғилажак фарзандлари эгиз бўлар дея тахмин қиларди, ўғил туғилади. Аммо Алексей уч яшарлигида, 1878 йил тутқаноқ зўридан жон беради. Кутилмаган ўлим (эҳтимол, кутилгандир, зеро, Достоевский ҳамиша тасодифан бостириб келувчи фалокат ваҳимаси билан яшаган) ёзувчи руҳини абгор этади. Рафиқасининг маслаҳати билан ёзувчи дардни бир оз енгиллатмоқ учун Калугадаги машҳур монастирь – Оптина хилватхонасини зиёрат қилади. “Уқубатли сафар”дан сўнг охирги романи бўлмиш “Ака-ука Карамазовлар”ни ёзишга ўтиради. Уни рафиқаси Анна Григорьевнага бағишлайди.

 

Романнинг “Художўй аёллар” бобида озғин, силласи қуриган, афт-ангори худди куйгандай сўхта бўлиб кетган бир аёл Зосима отага “Ўғилчамга ачинаман, отагинам, уч йилгина умр кўрди...” дея зорланади. “...у тиз чўкиб турар ва қариядан кўзини узмасди. Кўзларида қутуришга ўхшаш бир ифода зуҳурланарди”. Достоевскийнинг ўзи мана шундай ҳолатда етиб борган эди хилватхонага, қалбига юпанч ва мадор изларди. Ғоялар куртаги оиладаги машъум йўқотишдан сўнг расмана асар сифатида етила борди. Бола Алексейнинг вафоти бу муҳташам асар туғилиши учун экилган уруғ эди. Роман бошдан-охир тубанда ўлиш ва юксакда туғилишга бағишланган. Бу Шарқнинг “ўлимдан аввал ўлиш, ўзингда ўлиш ва Ҳақда тирилиш” ғояларига мос. Кўҳна Шарқнинг қаландарлик, маломатия тариқатларига қанчалар яқин келган Достоевский! Инсон ҳар қаерда инсон экан-да!..

 

Анна Достоевская ўз хотираларида романдан Зосима отанинг “Дуода ёд қилгайман, эй онаизор, ёд айлагайман сенинг ғам-андуҳингни, дуо қилгайман, завжингнинг ҳам сиҳат-саломатлигини сўрагайман” сўзларини келтирар экан, бундай ёзади: “Бу сўзларни менга 1878 йил Оптина хилватгоҳидан қайтар чоғида Фёдор Михайлович жўнатган. У ерда у Амвросий ота суҳбатида бўлган, ўғлимизнинг вафотидан қон йиғлаб, ўртаниб-ёнаётганимиз ҳақида сўзлаб берган. Амвросий ота Фёдор Михайловичга “Алёшанинг ва менинг азобларим ҳаққи илтижо қилиш, биз ҳамда болаларимиз соғлиғи учун дуода бўлиш”га ваъда қилган. Фёдор Михайлович руҳоний отанинг суҳбатидан ва ҳаққимизга дуода бўлиш ҳақидаги аҳдидан қаттиқ ҳаяжонга тушган эди”. Роман тадқиқотчилари мана шу манбаларга таяниб, Зосима отани Амвросий отанинг прототипи, монастир билан алоқадор саҳналар Оптина хилватгоҳи таассуротлари дея баҳолайдилар. Достоевский ёзади: “Бу чол елкамда жуда узоқ ўтирди...” Ушбу тасвирлар биздаги тариқатлар, тафовутлар, адашишлар ва тобланишларга қанчалар яқин.

 

Оилавий йўқотишдан сўнг Анна Достоевскаянинг хатлари ҳажман қисқарган. Адибда эса уйқусизлик, совқотиш, зерикиш, соғинч, босим остида ишлаш, очиқ-ойдин ва меҳр билан хатлар ёзишга ундаш кучая борган: “Газеталардан фақат бутун Россиядаги қотиллик, талон-торожлар ҳақида ўқийсан. Шубҳа-гумон эгаллайди, сизларга бирор кор-ҳол бўлдимикан деб ғамгин тортиб қоламан”; “Болаларга мен ҳақимда бирор кўнгилга хуш ёқувчи нарса айтиб бер”; “Бўйнимда “Карамазовлар” турибди, қойилмақом қилиб якунлашим керак, гарчи оғир ва таҳликали, бор қувватимни олиб қўйса-да! Аммо бу муқаррар бир иш: у билан мустаҳкам оёққа туришим керак, ундан бошқа бирор умидим йўқ... қаламҳақига бўлса ер сотиб оламан”; “бу бешинчи китоб – “Pro et сontra”, назаримда, романнинг авж нуқтаси, энг пухта ишланган мукаммал қисми бўлиши керак. Бунда мутлақ куфрга кетган давримизнинг, Россиянинг, ёшлар ҳаётидан узиб қўйилган муҳитнинг издан чиқишидаги бош сабаб тасвири бор, бошбошдоқлик ва шаккоклик билан бир қаторда – уларнинг раддияси ҳам, бу жон бераётган қария Зосиманинг сўнгги сўзларида акс этади”.

 

Хатларда акс этган Пушкин таваллудига бағишланган нутқ хотиралари ҳам алоҳида қимматга эга. Достоевский уйга қайтишни ва романни охирига етказишни истарди, аммо таваллуд кунлари уни қўйиб юборишмайди. “Танаффус вақти залда сон-саноқсиз одамлар – ёшлар, кексалар ва аёллар мени ўраб олиб айтишдики: “Сиз бизнинг халоскоримизсиз, “Карамазовлар”ни ўқир эканмиз, сиз бизни яхшироқ қилиб қўйдингиз...” Кейин бутун оломон зинада менга ёпирилди ва устки кийим-бошларини унутиб, ортимдан кўчага отилишди, мени извошга ўтқазиб қўйишди. Сўнг бирдан қўлимни ўпгани интилишди – бир эмас, ўнлаб одамлар, фақат ёшлар эмас, ёши улуғлар ҳам. Тургеневники ёлланган олқишловчилар бўлса, булар чинакам иштиёқманд-ихлосмандлар эди... Чиқиб келганимда зал қарсаклардан ларзага келди, узоқ, жуда узоқ вақт ўқигани имкон бермадилар. Таъзим қилдим, ўқишга имкон беришларига ишора бердим – фойдасиз: завқ-шавқ, ҳаяжон (ҳаммаси “Карамазовлар” шарофати билан!). Ниҳоят, ўқий бошладим... Мен баланд овозда, ёниб ўқидим. Якунда умумжаҳон бирлиги ҳақида тантанали иқрор келтирганимда, залда жазава бошланди. Якунлаганимда – мен буни тўлиқ ифодалаб беролмайман, ҳаяжондан додлаб юборишди: оломон орасида йиғи бошланди, ҳўнграб йиғлашди, нотаниш одамлар бир-бирларини қучишди ва бир-бирларига яхшироқ бўлиш, бундан буён бир-бирларидан нафратланмаслик, аксинча, севиш аҳдини беришди... “Соҳибкаромат, халоскор!” дея қичқирарди оломон... “Сиз даҳосиз, сиз даҳодан ҳам ортиқроқ” деди Тургенев билан Анненков менга... Аня, бу келажак учун кафолат, ҳаммаси учун кафолат, ҳатто мен ўлсам ҳам”.

 

Сизга мактублардаги ўзим учун муҳим деб белгилаган ўринларни ва айрим хулосаларимни келтирдим. Уларда Достоевский гоҳ хаста, дилгир, камситилгандек, гоҳ жўшқин, тажанг ва ўта ҳассос қиёфада боқади...

 

 

Коинотдан ташқарида

Эжен Ионеско. Носорог. Пьесы. Санкт-Петербург, “Азбука-классика”, 2008.

 

“Эркин яшамоқ, тарихдан-да ташқарида бўлмоқ, дунё тартиботига дохил бўлмаслик, оркестрдаги бир чолғу, симфониядаги бир нота бўлиб қолмаслик. Саҳнада қолиб кетмаслик. Залдан туриб ҳаммасини кўрмоқ ва эшитмоқ. Гўё Коинотдан ташқарида тургандек. Агар саҳнадагина қолиб кетсанг ёки оркестрда чекингга тушган куйнигина чалсанг, бор-йўғи шовқинни эшитасан, илғаганинг диссонансларгина бўлади”.

 

1968 йилда ўз тутуми ва маслагини шу тарзда ифода этган Эжен Ионеско (1909–1994) – руминиялик драматург, носир, абсурд театри асосчиларидан. Ўттиздан ортиқ пьеса, талай ҳикоя, романлар муаллифи. У ҳам Артюр Адамов, Беккет, Камю, Кафка, Сартр каби абсурд дунёни реализмдан ҳам реалроқ ҳодиса сифатида қабул қилган. Унингча, “Реализм, соцреализм бўладими ёки бошқасими, воқеликнинг фақат бир томонини ифода этади. Реализм бизнинг асл ҳақиқатларимиз ва васвасаларимиз: севгимиз, ўлим ва ҳайратимиз билан ҳисоблашишни истамайди, чеклайди, ўзича юмшатади, бузади”. Шу боис унинг қаҳрамонлари, Кафкада суваракка айлангани каби, каркидонга дўнади; Сартрдаги каби ўзларини жаҳаннамда тасаввур қилади, Беккетдаги каби мангу кутиш чегарасида тўхтаб қолади. Ақлий бўлсин, руҳий бўлсин, жисмоний бўлсин – ўлим бу дунёнинг бош қаҳрамони ўлароқ талқин этилади. Унинг атрофидаги қайсидир персонаж эса замонавий дунёни ютаётган омма васвасаси ичида инсонийлик тугаб битгунига қадар бунга қаршилик қилади.

 

Китобдан жой олган пьесалардан бири – “Каркидон” 1958 йил ёзилган, 1959 йил саҳналаштирилган. Тадқиқотчилар уни нафақат фашизмга қарши ёзилган, балки ҳозирги омма онги тадқиқ этилган асар деб баҳолайди. Пьесадаги суҳбатлар, ҳаракатлар, қаҳрамонлар худди сув юзасида гирдоб ясаётган-у, лекин унинг тубига чўкмайдиган хас-хашакдек тасаввур уйғотади. Одамлар каркидонга айланаётган бир вақтда, улар каркидон янчиб кетган мушукни тантанали дафн этадилар. Одамлар каркидонга айланаётган бир вақтда, каркидоннинг қайси тури бир шохли, қайси тури икки шохли бўлиши ҳақида баҳс қиладилар. Бу ерда инсондан бошқа ҳамма нарсанинг қиймати бор. Бу ерда одамлар сийқа ва ҳиссиз тарзда муносабатга киришади. Бу ерда инсонийликни сақлаб қолган ягона қаҳрамон (Беранже) ерга урилади, унга – ягона ИНСОНга инсондек яшашни “ўргатадилар”. Ягона инсонийлик эски, чиркин кийимларда, кечаги сархушликдан дилтанг ҳолда юради, чарчоқ ва зерикишнинг қалин кўрпаси остида бўғилиб нафас олади, атрофдагиларда ирганч туйғу уйғотади. Унга “Аъло одам бу – шунчаки ўз бурчини адо этаётган... ўз қарзини... яъни хизмат вазифасини адо этаётган одам” дея тушунтирмоқчи бўладилар. У эса эътироз билдирмайди, эснайди, холос: “Ҳаёт бу – туш”. Уни “маданийлаштирмоқ”қа уринадилар, музейларга бориш, адабий журналлар ўқишга чақирадилар. Оқибатда ўз ҳаққини ҳимоя қила олмайдиган бу одамдан воз кечадилар. Мантиқсизликка айланган мантиққа бориб бош урадилар. Чириган миялар ҳаракатдан тўсади ва вақт йўлагини банд қилиб қўяди.

 

 

Одамлар каркидонга айланар экан, аввал бу жирканч ботқоқ махлуқини хушламаганлар уни бора-бора ёқтириб қолади, бурни тумшуққа айланишини орзу қилади, хуриллаган овозга ошиқ бўлади. Шу тариқа ўзи ҳам каркидон қиёфасига киради. Беранже уларни инсон ҳолида сақлаб қолмоқни кўзлайди. Аммо унинг ёнида фақат гўзал машинкачи қиз Дэзи қолади. У Дэзи билан худди Одам ва Ҳаво каби Ер юзида инсон наслини қайтадан давом эттиришни истайди. Аммо қиз ҳам хуриллаётган, ҳўриллаётган, қичқираётган каркидонлар шовқинини бора-бора дилхуш куйдек қабул қилади, ҳатто уларни илоҳлар дея атайди ва ўшалар ёнига кетади. Боёқиш Беранже ҳеч кимни, инсон наслини давом эттириши мумкин бўлган сўнгги аёлни ҳам инсон шариф экани, энг гўзал суратда халқ этилганига ишонтира олмайди. Қаҳрамоннинг “Мен охирги инсонман ва инсон бўлиб қоламан охиригача!” деган ҳайқириғи билан парда ёпилади. У мана шу мангу кутиш, мангу ҳайқириқ ичида қолиб кетади.

 

Менга ҳам негадир ён-атрофим каркидонларга тўлаётгандек туюлади. Дағаллик, фикрсизлик, ҳиссизлик, инсонлик шарафидан тониш асносида қандайдир махлуққа айланиш – Ионеско огоҳлантираётган таҳлика нақ инсоният боши узра осилиб тургандек. Ионеско номи собиқ Иттифоқ ҳудудларида тақиқланган эди. Социалистик ватан кенгликларида каркидонлар югуриб юрганини тан олишни ким ҳам истарди?! Бизнинг ХХI асрда ҳам метро, автобус эшикларидан, телеэкран, радио тўлқинлари, газета-журналлар саҳифаларидан каркидонлар чиқиб келади гўё... Эски дунёга эркинлик етишмаган бўлса, замонавий дунёга эркинлик оғирлик қилмоқдами?!

 

Эжен Ионеско “Реалликдан ошиб, унинг чегараларини ёриб ўтиб, биз энди абсурд чегараларига кирдик ва ҳатто ундан ташқарига ҳам чиқиб бордик”, дейди. Бу сўзлар мағзини чақишга тиришаётган вақтимда ташқаридан каркидоннинг шовқини эшитилгандек бўлади...

 

 

Юрак устида сақланган китоб

Сабзазор. Баёз. Тошкент, Ильин босмахонаси, 1914.

 

Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзмалари хазинаси асосий фондида 12891 рақами билан “Сабзазор” номли китоб сақланади. Кўпчилик, ҳатто анча-мунча адабиётшунос олимлар ҳам у ҳақда билмайди, билса-да, жуда оз маълумотга эга. Бу асар деярли 110 йилдан бери ўз ўқувчисини кутади.

 

 

Китоб 21х13,5 см ўлчамда бўлиб, муқоваси оч яшил тусли картондан ишланган. Ҳижрий 1332, милодий 1914 йилда Тошкентдаги Ильин босмахонасида нашр этилган. 49 саҳифадан иборат ушбу тошбосма китобни Мунавварқори тўплаб нашрга тайёрлаган. Баёз анъанавий тарзда басмала, ҳамд ва наът билан бошланади. Сўнг Васлий, Сўфизода, Aвлоний, Хислат, Тавалло, Сиддиқий Aжзий, Холид Саид Хаёлий, Мискин, Ҳамза, Мирмулло Шермуҳаммад ўғли, Aҳқарий, Aхтарий, Лайлихоним, Ғофил каби ижодкорларнинг таҳририятга йўллаган табриклари, ғазал, мухаммас, мусаддаслари берилади. Яъни тўплам жадид зиёлилари таъсис этган “Садойи Туркистон” газетасида эълон қилинган материаллар асосида тартибланган.

 

“Сабзазор” бошдан охир миллатга, халққа мурожаатдан, миллий огоҳлик даъватидан иборат. Замонавий китоб дунёсидаги бу илк миллий нашрлар Туркистон халқлари учун ёруғлик, нажотдек қабул қилинган. Кўкрак чўнтакларда, юрак устида сақланган. Тақиқ замонларида шеърлар юракларга кўмилган, китоблар чордоғу қабристонларга яширилган. Қўрқув замонида ер остига кирган китоблар ҳали ҳам замин қатларидан садо бериб туради.

 

Шу кунларда Уйғониш маърифати ҳақида кўп сўзланяпти. Ахлоқий безаниш, илмларни ўзлаштиришгина эмас бу. Уйғониш маърифати – уйғониш оғриқларига чидамоқ ҳамдир. “Сабзазор” айнан миллий уйғониш маърифати, миллий оғриқлардан нақл этади. Чўлпон юз йил аввал “Ёзилмоғонми бу тунлар сўнгинда тонг отмоқ?!” дея ҳайқирган эди. Тонг отди, аммо бу шеърлар бугун ҳам юрагимизни ёқади, миллатни мaърифaт ва ҳушёрликка даъват этади. Уларнинг ҳеч бири эскирган эмас. Мирмулло Шермуҳаммад ўғли баёзда ёзганидек, барчаси руҳан, маънан қадни тик тутиш ҳақида. Қолаверса, Ватан йўлидаги мангу ташналик, мангу безовталик ҳақида. Зотан, мангу ташналик, мангу безовталик биздан ташқарида эмас.

 

Tafakkur” журнали, 2023 йил 4-сон.

“Ростин айтаман сизга” мақоласи

 

Oyina.uz'ни Телеграмда кузатинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси