“Ҳеч” – рандаланмаган ёзувчи ёзган китоб таҳлили


Сақлаш
15:01 / 09.01.2024 309 0

Бобом ҳақида тинмай ёзишим мумкин. Ҳар айтган сўзи, ҳаракати – буюк. Ихлос қўйган одамларимиз Тангрига энг яқин одам қиёфасига киради, тириклигида тафаккурига суяниб, ўлганида улар ҳақида ўзимиз яратган иллюзия ичида адашиб юрган шарпага айланамиз. Шарпа бор, аммо йўқдай. Вужудини, балки руҳини йўқотган. Йўқотганиданда қадрли хотираси йўқ. Йўқлигидан ўша хотирага маккам ёпишиб олган. Ўйлайдики усиз ҳатто шарпа ҳам эмас. Йўқотган кунидан бошлаб ўз ҳаётини яшамай қўйган. Яшалмаган умр билдирмай ўч олади. Оғриғини атрофдагилар яхшироқ пайқайди. Иллюзия ичидаги шарпа эмас.

 

1

Мурод Човуш шоир шарпаси. Ўзи яратган асар қаҳрамонининг шарпаси. Камига ўқувчини ҳам шарпаликка ундайди. У мафтун одам. Мажнун одам. Ҳа, айнан ўзи, фақат ўзи шундай. Ғашингга тегар даражада мубтало.

 

2

Зулмга ботган замонни тасвирларкан, қўрқоқлигини тан олиб, ўзини мана шу мардлиги (тан олиш мардлиги) ортига яширади: Даҳшатли давр эди. Гунгман. Гапирсам эшитиб қолишади... Лекин ҳеч қачон гапирмайди. Замон ваҳшати овозини ютиб юборган. Бошқа гапирмаганларни ҳам ёмон кўради. Шарпа гапирадими йўқми аҳамиятсиз аслида. Шоир гапиради аммо. Таглама гаплар гапиради. Гапириб-гапириб ғойиб бўлади. Ғойиб бўлган ҳақиқат шарпаси –Мурод Човуш.

 

3

Воқелик билан тўқнашмаган хаёлий ҳодиса ҳаётдан йироқ – тахминан шундай ўйлайди муаллиф. Лекин ўзи доим хаёлий кенгликда сузади. Мавжуд жараёнга на ўзи на шоир иштирок этади. Балки ундан муқаддас хотирани тортиб олишларидан ҳайиқар? Ягона суяниб турган нарсасини йўқотиш даҳшати, ўзи яратган қоидага тушмаслигига сабаб. Тиниқ айтганда, Мурод Човуш “Ҳеч” сабаб эмас, “Ҳеч” даги хотиралар сабаб тирик. Бундан бехабарлар учун у эга, кесим, олмош ўрнини ўзгартириб, матнда ўйин кўрсатган мижғов. Ё кимдир асар қаҳрамонлари айлана ҳаракат қилишини пайқадими? Қадим давр файласуфлари руҳ ҳаракатини шундай тасвирлашган: “А” нуқтадан йўлга чиққан дунё яна “А” нуқтага келади. Ёки келишга мажбур! Яъни тепа – хаёлда кечаётган воқеа, паст – ҳаётда кечаётган воқеа билан барибир (устма-уст кетаётганига қарамай) тўқнашади. Вертикал ҳаракатланганда ҳам кесишади.

 

5

“Қора денгиз” асари Экзюперени ўқиб ёзилгандай... 88-бет боши – юлдузчалардан олдинги якун, айниқса, “Кичкина шаҳзода” тилидан. Содда, тиниқ, балки мукаммал ҳам. Йўқ, Хуан Рулфо, Мурод Човуш Ойхон деб Сюзаннани айтади. Рулфога “Педро парамо” оғирлик қилган, бошқа роман ёзмаган. Сабаби хотира юки. Мурод Човуш буни билади. Шучун атай “Қора денгиз” ни тугатмайди. Айёр. Тугатса тугайди ўзи ҳам. Умуман нима қизиғи бор? Ёзувчи эмаску барибир у.

 

7

Алоҳида-алоҳида, дона-дона гапирмайди китоб қаҳрамонлари. Бир пайтда бирдан гапиради. Хаёллари ҳам гапиради, табиат ҳам. Навбат кутмайди. Ойхон, шоир, дўстлари, ўзи, хотира... ҳамма бирданига! Лекин эшитади бир-бирини. Қизиқ. Жойсона оқим. Ҳеч ким, ҳеч нарсани назардан четда қолдирмаслик. Одам эмас хаёл гапиради асосан асарда. Хаёл одамга эврилади. Энди унга тақлид қилиш мумкин. Ёмон кўролмайсан фақат. Бўшлиқни ёмон кўриб бўладими? Ёмонлик, умуман ҳеч нарса йўқ у ерда. Мурод Човуш ўша бўшлиқни тасвирлайди. Абсурд эмас, ундан кейинги ё олдинги босқич. Денгиз деб ўйлаб тушган жойи аквариум эканини англаб қолган балиқ қиёфасини яратади МУРОД ЧОВУШ. Ўзи йўқ. Йўқлигидан бошқа қиёфа яратиш осон кечади. “У сарсон изларди ўзини ўзи”. Изламайди. Муҳаббат қўйган хотира-хаёллар бутини синдирса, ўзига қайтади қаҳрамон. Синдирсаю қайтмаса-чи? Қачондир ўзи бўлганми ўзи? Унутган. Кимман бу соялар салтанатида деёлмайди – Шарпа.

 

8

Услуб. Тоғай Мурод ҳаддан ташқари бўрттириб кўрсатган услуб. Мурод Муҳаммад Дўст ички гармонияга кўчирган, яширган оқим (услуб). Тўхтамурод Рустам ўзлаштирган, балки тушида кўрган узилмас ҳикоя қилиш ифода йўли. Мурод Човуш эса оғзаки сўзлашув тилини шундай матнга кўчириб услуб яратган. Бошқалар эмас, фақат ўзи сўзлашадиган тилни. Демак ёзувчи эмас, одам ўзига хос. Ҳар бир одам! Рандаланмаган, юқорию пастдагиларга бирдай ёқувчи кўринишга келтирилмаган одам. Бирор ҳоким ё хуллас амалдорда услуб кўрмайсан. Негаки уларни “созлашган”. Табиий, самимий тили, истараси шилиб олинган. Ижодкорларда сал бўлакча, каттароқ истеъдод оҳангини кийиб олишади. Кошки кўринмаса! Мурод Човуш пухта, ҳар мақомга йўрғалаган матнларини ошкор қилмайди. Услуб унинг ёзуви эмас, услуб – Мурод Човушнинг ўзи! Пикассо услуб – суратлари эмас. Паганини услуб – скрипкаси эмас. У буни биладими? Билмаганда бошқалардек ўзидан ташқарида услуб яратишга ҳаракат қилган бўларди.

 

9

Ҳеменгуэй ҳаёти охирида шундай ҳолга тушган – ўз-ўзига гапиради. Кўзига кўринади ҳар бало. Мурод Човуш кўзига – Карбало. Ҳусайн ўлигими оёқ остида? Ё хохол болакай? Билолмайди. Бир хаёл аёл шаклида ўт қўйиб юборар мавжудлигига... “Ҳеч”, “Қора денгиз” (иккови эгиздай) шарпалари оғир фожиани яшаб ўтган, руҳияти издан чиққан, жамият қувғин қилган. “Борса келмас”га қамалган, ожизлар, одатий ҳаёт йўлига тушолмайди бирови. Зарарли, юқумли кайфият, пофигист энергия тарқатади. Ғарбдаги йўқотилган авлоддан фарқли, ахта қилинган, пичилган авлод бор бизда. Ўшалар тўғрида ёзган Мурод Човуш. Китобни ўқиган яхши психолог ё психиатр муаллифни қабулига чақирган, текин муолажа таклиф қилган бўларди. Чалкашиб кетдим. Майли. Сўғин:

Мурод, нега одамлар ичида айтадиган гапларни эринмай ёзиб чиқасиз. Хафа бўлманг-у алжирайсиз. Ёлғизлигингизни қаҳрамонларингизга тенг бўлиб берганингизга қараганда ақлингиз жойида. Жойида бўлмаганида қизиқроқ кечарди суҳбат. Билмайсизми, руҳий касалларга қоғоз бериб, хаёлидагиларни ёздиришга рухсат борми бизда? Мана, сиз ёзгансиз-ку.

“Мен ҳеч кимдан рухсат сўрамаганман”.

Хайрлашиб кундалигига тиркаб қўярди: Кўзига кўринганларни ўзгартирмай ёзиб чиққан. Ёзиш жараёнида ишониб қолган, шундан муқаддас санайди. Одам нимага ишонса, ўша унинг Худосидир. Денгиздан ясаб олган бутингизни ҳали ҳам осиб юрасизми, муҳтарам Мурод Човуш!?

 

10

Ўтмиш – 1990-1999 йилларга ботиб қолган. Назар Эшонқулни ўқиганда ҳам бугунни кўрмайсан. Бугунга ҳатлаб ўтишни исташмайди чоғи. Бугун ҳақида ёзиш келажак вазифасими? Кечадан чиқолмаётган одам бугунни кўрмас. Мурод Човуш қисман бугуннинг ёзувчиси (шартли равишда ёзувчи деяпман). 90 йилдан кейинги карахтлик. Интеллектуал фалажлик мавзу. Нолиш йўқ. Йиғлоқилик йўқ. Ахир биз йиғлоқи, мазлум ўрнида туриб, ташқаридаги душманга “бизни хўрладинг, ҳаммасига сен айбдорсан” деб ёзилган асарларга ўрганиб қолганмиз. Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” ини эсланг. Бир қарашда зўр. Икки, тўрт қарашда йиғлоқ. Ўзи даҳо, ташқаридан келиб бузишган. Театрларимиз ҳам атай томошабин ҳиссиёти билан ўйнашади, мажбурлаб йиғлатади. Китобларимиз ҳам. Мурод Човуш эса бунга ҳаракат қилмайди. Айтдимку қисман бугуннинг... Ундан ўсиб чиқажак ижодкор қизиқ. Турғунликнинг турғунлиги, нуқул кечанинг такрори туққан ёзувчи. Тўғри! Ҳар кун кечанинг такрори бўлгач, бугунни қандай ёзиш мумкин?! “Дам бу дамдир, ўзга дамни дам дема” дейиш учун Яссавийни ўқиш кифоя эмас. Бугунга етиб келиш керак. (Қисқартириш билан олинди.)

 

ЖОНТEМИР

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси