Дунёга наинки зоҳир, балки ботин кўзи билан ҳам қарай бошлаган инсон бу ҳаётда нега яшаётгани, ўзидан нелар талаб қилинишию қай бир қилмиш унинг шаънига доғ бўлиб тушажагини жиддий ўйламоғи табиий. Бинобарин, одамни одам қилиб тутиб турадиган қадриятлар орасида ўзи туғилиб ўсган юрт тақдирига дахлдорлик, унинг яқин ва олис келажаги ўйида қайғуриш, халқининг эмин-эркин яшамоғига ҳисса қўшишдек инсоний вазифалар бор.
Гувоҳи бўлаётганимиздек, инсоният ҳар қанча интеграциялашмасин, мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги чегаралар ҳар қанча ювилиб бормасин, бирор бир давлат ёки халқ ўзга бир давлат ёки халққа буткул беғараз, очиқ ёхуд пинҳона шартларсиз бир бурда нон ҳам бермайди. Сирасини айтганда, ҳар бир давлатнинг тақдири фақат ва фақат унинг ўз фуқаролари қўлида бўлиб, улар кўрсатадиган жидду жаҳдга боғлиқдир.
Афсуски, кундалик ҳаётда кузатаётганимиз ижобий ўзгаришлар қаторида эл-юрт тақдирига лоқайдлик, коррупция, миллий қадриятларга беписандлик, ёш авлод тарбиясига масъулиятсизлик, уруғ-аймоқчиликдек хавфли иллатлар ҳам бот-бот юз кўрсатмоқда. Вазиятни билатуриб, бу иллатларга барҳам бериш учун қўлдан келганча ҳаракат қилмаслик асло мумкин эмас.
Мамлакатимизда юз бераётган воқеаҳодисаларга муносабат борасида ижтимоий тармоқларда томошаталаблик, “қанча ёмон бўлса, шунча яхши” позициясида туриб фикрлашдек хавфли тенденция кучайиб бораётгани ҳаммамизни сергак торттирмоғи керак. Саводли ёзиш, демакки, тўғри, холис фикрлашдек оддий инсоний хусусиятлар кўчасидан ўтмаган кимсаларнинг Ўзбекистон, бу ерда яшаётган кўп миллионли халқ ва унинг имкониятлари хусусидаги беписанд чиқишлари одамни хавотирга солади. Уларнинг иддаосича, “Ўзбеклар барибир одам бўлмайди”, “Бу халққа – кофир бўлсин, ғайридин бўлсин – бошқа миллатлар бошчилик қилмаса, ўзи ҳеч балони эплолмайди”, “Суриш керак, бу юртда ҳеч қачон одамдай яшаб бўлмайди...” ва ҳоказо.
Бу даъволарнинг эгалари – миллий нигилизм иллатига мубтало бўлганларга ачиниш ортиқча юмуш. Чунки уларнинг қилмиш-қидирмиши – ҳамма нарсани ёппасига инкор этиш; ҳар бир ҳаракат ва ўзгаришдан, аввало, иллат ахтариш; миллатнинг кучи ва имкониятларини иложи борича пастга уриш; одамларда, биринчи галда ёшларда айни миллат вакили эканидан ўкиниш ҳиссини уйғотиш ва уни қадам-бақадам кучайтириш... бу каби ҳаракатлар унча-мунча ташқи ёв тажовузидан-да хавфлироқдир.
Энг ёмони, уларнинг бу хил чиқишларини катта умидлар ила ҳаётга кириб келаётган қанчадан-қанча ёшлар ҳам ўқияпти, кўряпти, улардан кучлигина таъсирланяпти. Шундай экан, бояги кимсаларнинг чин исми ва маконини ҳам, асл мақсадини ҳам билиш имконидан маҳрум ёшларимизнинг дунёқараши салбий таъсирлар остида шаклланиши эртага не оқибатларни келтириб чиқаришини ўйлашимиз керакми-йўқми?
Республика Маънавият ва маърифат маркази фаоллари ва бир гуруҳ маърифат тарғиботчиларининг Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатининг ҳам тагзаминида шу каби жиддий муаммолар ва улар ечимига қаратилган бедор ўйлар мужассам. Хусусан, қуйидаги фикрлар қалби қотиб кетмаган ҳар бир миллатдошимиз, элдошимизни безовта қилаётган ташвишлар ифодасидир: “Афсуски, экстремизм, радикализм, ахлоқсизлик, коррупция, жиноятчилик каби жирканч иллатлар ҳали суяги қотмаган, ҳаёт йўлини аниқ белгилаб олмаган, зарарли таъсирларга берилувчан, маънавий-мафкуравий иммунитети бўш ёшларимизни тўғри йўлдан чалғитмоқда. Эл-юртимиз равнақи ва фаровонлигини таъминлаш учун амалга оширилаётган халқчил ислоҳотларни атайин обрўсизлантиришга, уларнинг мақсади ва моҳиятини нотўғри талқин этишга, оилавий қадриятларни оёқости қилган ҳолда, жаҳолат, маънавий тубанлик, ёвузлик, жоҳиллик кўринишларини кенг тарғиб этиб, мўмай даромад олишга интилаётган кимсалар ҳам орамизда йўқ эмас”.
Агар тарихга назар ташласак, чор истибдоди ва шўро замонида ҳам ҳукмдор доиралар тўқсон икки ўзбек уруғидан бино бўлган халқимизни пароканда қилиш, “чопадиган сопини ўзидан чиқариш”, бир-бирига ёвлаштириш учун лоқайдлик, бепарволик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, халқ дардига ётликни зимдан рағбатлантирган. Энг кичик вазифадорликдан тортиб республикага раҳбар тайинлашгача бўлган барча босқичларда асосий эътибор кадрларнинг ибратли шахсий фазилатларига эмас, балки лаббайгўйлиги, ҳайбаракаллачилиги, қаердан-“кимлар”дан эканига қаратилган. Мана шу йўл билан курсини эгаллаган кишиларнинг ўз атрофига уруғ-аймоғини йиғиши, аксар ишлар таниш-билишчилик асосида ҳал қилиниши, порахўрликнинг авж олиши сингари ҳолатларга атай йўл қўйиб берилган. Тили қисиқ ҳолга келган бояги катта-кичик раҳбарлар энди Марказ томонидан бериладиган, мамлакат, миллат тақдирига ўта салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай топшириқни сўзсиз, итоаткорона бажарар эди. Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”идаги Мингбоши, Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор”идаги Ошно, Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар”идаги Клара Ходжаевналарни эслайлик.
Бугун-чи? Уруғ-аймоқчилик, давлат бюджети, демакки, халқ ризқидан ботмонлаб ўмариш, порахўрлик каби иллатларга жафокаш халқ нега бефарқ қараши, чидаб туриши керак? Айни иллатларга ким қаерда дуч келса, қонуний чора кўрилишига эришиш, бу йўлда шахсий ҳузур-ҳаловатдан воз кечиш – фуқаролик бурчи, инсонликнинг оддий талаби эмасми?
Ахир, бу иллатлар хусусида соатлаб бесамар баҳс-мунозара олиб боришдан кўра уларнинг ҳар бир кўринишига ўша жойнинг ўзида барҳам бериш кўпроқ фойда бермайдими? Ўша қусурлар бегона ерларда, кўз илғамас манзилларда эмас, сизу бизнинг шундоқ ёнимизда – ишхонамизда, маҳалламизда, энг ёмони, ЎЗ ИЧИМИЗДА юз бермоқда-ку! Уларни кимдир бир валламат келиб тўғрилаб кетмоғи, чорасини кўриб, жазосини бермоғига ишониб ўтириш фуқаролик жамиятининг қайси талаб-мезонларига тўғри келади?! Шоир айтмоқчи, “Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, биз ёнмасак – ким олиб чиқади зулматни ёруғликка?!”
Мутараққий давлатларнинг беистисно ҳаммасида амал қиладиган ҳаётий қоида ва талаб – кенг жамоатчиликнинг қинғирликларга тоқатсизлиги, қатъий қарши туришидек кундалик амални ўзлаштириш шунчалар қийинми? Қай бир ўқувчимизнинг ичидан ўтаётган бу мазмундаги эътирозни ҳам қалб қулоғимиз билан илғаб турибмиз, албатта: “Сиз айтаётган “кенг жамоатчилик”нинг ичида қанчасининг бу ишга маънавий ҳаққи бор экан, ўзлари шунчалар тозамикан?” Ахир, бошқа – бизни миллат сифатида емирувчи минг бир тур ажнабий иллатларни ўзлаштириш пойгасида ҳаммани чангимизда қолдириб кетаётирмиз-ку!
Афсуски, орамизда ота-оналикни фақат бола туғиб-туғдиришу уларнинг қорнини тўйғазиш деб тушунадиган одамлар ҳам кўплаб топилади. Улар бола тарбияси бутун бир илм экани, ривожланган мамлакатларнинг тараққиёти замирида айнан мана шу илмга қатъий амал қилингани ётишини хаёлларига ҳам келтирмайди.
Шу маънода, Абдурауф Фитрат бундан бир аср олдин “Оила” рисоласида надомат ила битган, бизнинг фуқаролар боласининг тақдирига қўрасидаги қўйи ва сигири парваришича ҳам эътибор, ихлос кўрсатмаслигидан чеккан ҳасрати ҳали-ҳамон ўз долзарблигини йўқотгани йўқ.
Ҳолбуки, Мурожаатда уқтирилганидек, “Бугун фарзандларимизга ажратган вақтимиз, меҳримиз ва эътиборимиз эртага оиламиз ва жамиятимизга ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган инсоний ресурс ва капитал бўлиб қайтади”.
Пойтахт Тошкентдами, вилоятларда ёхуд яқин хориждами, турли қурилишларда ишлаётган йигитларнинг кўпчилиги фақат қора меҳнат қилаётгани, яхши даромад келтирадиган бошқа касб-ҳунар қўлидан келмаслиги қанчалар ачинарли?! Ҳолбуки, айни шу қурилишларда электрик, пайвандчилик, слесарлик, пардозчиликнинг турфа хиллари билан шуғулланадиган мутахассислар жисми-жони ортиқча қийналмай, асаби зўриқмай улардан бир неча баробар кўпроқ пул топмоқда.
Наҳотки, боламиз 18–20 ёшга киргунига қадар замоннинг энг талабгир ҳунарларининг ҳечқурса биттасини яхшилаб ўзлаштиришига эришиш шунчалар қийин? Ахир, республиканинг жами ҳудудларида шу касб-ҳунарларни ўргатадиган коллеж ва техникумлар, ҳунар марказлари, ҳеч бўлмаганда, уларни шогирдликка оладиган усталар, ҳунармандлар сулолалари бор-ку. Бу йўлда икки-уч йил астойдил қилинган ҳаракат, кўрсатилган эътибор ва қунт фарзандимизнинг нонини бир умр бутун қилади-ку!
Маънавият ва маърифат аҳли Мурожаатида “Демократия, фикр эркинлиги, очиқлик тамойилларини ниқоб қилиб, халқимиз минг йиллар давомида кўз қорачиғидек асраб келган қадриятларимизни бузишга, ҳаётимизни ичидан қўпоришга асло йўл қўймайлик!” дея бутун афкор оммага хитоб қилинган.
Ўз умрини шунчаки тирикчилик қилиб эмас, иложи борича ЯШАБ ўтказишга, унга мазмун-моҳият бахш этишга уринган адиб Абдулла Қаҳҳорнинг “Қўшчинор чироқлари” романидан олинган қуйидаги парча, бизнингча, бутун миллат учун ибрат бўларлидир: “...Турмуш – яшаш деган сўз. Яшаш учун ердан тортиб қуёшгача, муҳаббатдан тортиб ғазабгача – ҳаммаси керак, ҳаммаси зарур. Умрини яшаб ўтказган кишининг роҳати ҳам, азоби ҳам, хафачилиги ва хурсандчилиги ҳам бир мазмун касб этади, буларнинг ҳаммаси бирбутун анорнинг алоҳида доналаридай чиройли, лаззатли бўлади.
Тирикчилик – ўлмасдан, тупроқдан ташқарида юриш деган сўз. Тирикчилик учун битта устара билан битта қайроқ ҳам кифоя қилади...”
Диққат қилсак, инсоният тарихида кечган жамики босқинлардан мақсад – истило қилинган элни яшашни унутиб, тирикчилик қилибгина кун ўтказишга кўндириш, бу икки тушунчанинг ўрнини алмаштириб юбориш бўлган. Ҳозир ҳам дунёнинг кўплаб нуқталарида ана шу босқин бор кўлами билан давом этмоқда. Уни бир босқинчи қўполроқ, ибтидоийроқ усулларда амалга ошираётган бўлса, бошқаси жуда усталик билан, нафсий-маданий йўл билан татбиқ этмоқда. Халқнинг катта қисми учун яшашни бор-йўғи тирикчилик ўтказмоқ деб англаш одатий ҳол бўлиб қолса, у халқнинг заволи ҳақида, миллат сифатида қиёфасини йўқота бошлагани тўғрисида бемалол баҳс очмоқ мумкин...
Боя эслаганимиз ижтимоий тармоқларда ўша тирикчилик инстинкти бош кўтарган кимсаларнинг собиқ шўро даврини алқаб ёзаётгани, “Қарам бўлсак ҳам арзончилик эди: йигирма тийинга бир буханка нон, бир тийинга гугурт берарди. Одамга бошқа нима керак – қорни тўқ, усти бут бўлса бас” қабилидаги гаплари қулоққа чалинади. Аслида, айни шу қараш, кайфият мутеликнинг, қул бўлишга ички тайёрликнинг дастлабки унсуридир.
Бу қўмсов соҳибларининг кўзига тик қараб қуйидаги саволларни бериш мумкин: сиз айтаётган нон шўро давлати ҳукмронлик қилган етмиш йил давомида неча йил 20 тийин бўлиб турди? Ўтган асрнинг 20–30-йилларидаги очарчилик пайти ҳам, уруш ва ундан кейинги қаҳатчилик йиллари ҳам шу нархдамиди? Ҳатто ўша – бир буханка нон 20 тийин бўлган қисқа даврда (70–80-йиллар) ҳам бор-йўғи 110 сўм маош олган олий маълумотли инженер, ўқитувчи, шифокор оиласига бир ойда неча килограмм гўшт ёки сариёғ сотиб олар эди? Умуман, одам боласининг ҳаёт қадри фақат йигирма тийинли буханкаю уч тийинли газланган сув билан ўлчанадими?!
Шўро ҳукумати кишилар онгида пулга нисбатан бефарқлик, ҳатто нафрат руҳини шакллантиришга ўла солиб уринар, “Пул – қўлнинг кири” деган ақида ҳар қадамда мияга қуйилар эди. Ҳатто “Коммунизмда пул бўлмайди, ҳамма нарса текинга тақсимланади!” деган чўпчак ҳам бор эдики, буларнинг бари омма нигоҳини реалликдан узишга, уни бефарқ, карахт ва ҳардамхаёл ушлаб туришга қаратилган эди. Буни асло нафсга қулликка қарши йўналтирилган муборак эътиқод билан қориштириб бўлмайди.
Аслида, пулга нисбатан бефарқ муносабатни тарбиялаш инсоннинг ўзига, қилаётган меҳнатига, қадру қимматига нисбатан бефарқликни пайдо қилиш билан баробар эди. Шароф Бошбековнинг “Темир хотин” пьесасидаги Қўчқорвой, унинг аёли Қумри сажиясини эслайлик.
Ҳолбуки, пулда меҳнаткаш инсоннинг пешона тери, сарф бўлган кучу ақли, охир-оқибатда, ўтаётган умрининг қиймати акс этади. Пулдан, ҳалол ишлаш эвазига олиниши лозим бўлган ҳақдан нафратланиш, унга қизиқмаслик инсоннинг ўзлигига, меҳнатига нисбатан беписандлик, бефарқлик билан тенгдир...
Биз сўлақмондай гавдаси билан бозорда ангишвона сотиб ўтирган, шуни ўзига эп кўраётган йигитларни, “пул топишнинг айби йўқ” дея ўзини бозорга солаётган қиз-жувонларни эмас, дунёнинг турли тиллари, компьютер техникаси, илғор технологиялар, замонавий ҳунарларни ўрганиб, жисмоний ва ақлий меҳнатига яраша мўмай даромад топаётган, ишбилармонликнинг турли шаклларидан унумли фойдалангани ҳолда ҳам ўзига, ҳам юртига бойлик орттираётган замонамиз ёшларини назарда тутмоқдамиз. Шундай ёшлар ҳам Ўзбекистон бағрида, унинг нон-сувини тотиб вояга етаётганидан кўз юмиш адолатдан бўладими?
Агар аниқ мисолларга тўхталиш керак бўлса, шахмат бўйича жаҳоннинг ўн еттинчи чемпиони бўлишдек бемисл шарафга эришган Рустам Қосимжонов амалга оширган ишнинг кўлами ва аҳамиятини бир тасаввур қилайлик. Осиё қитъасида демаймиз, чунки бу қитъадан ундан олдин ҳиндистонлик Вишванатан Ананд бу рутбага эришган эди. Бироқ Рустамжон Осиёдан кенгроқ географик кўламда – юзлаб миллат ва элат вакилларини жамлаган қарийб 1,3 миллиардли мусулмон аҳли орасида биринчи ва ҳозирча ягона Жаҳон чемпионидир! Бўлиб ҳам, қуруқ жисмоний кучнинг эмас, ақлий ва руҳоний қувватнинг жамулжамини талаб қиладиган, энг қадимги ақлий беллашув – шахмат чўққиси узра Ватанимиз байроғини ўрнатди!
Камина Тошкент халқаро аэропортида карнай-сурнай ила кутиб олинган Рустамжон усти очиқ автомобилда, кўчалардаги ўн минглаб юртдошлари олқиши аро Ўқчи кўчасидаги, бор-йўғи икки сотих ердаги уч хонали ота ҳовлисига кузатиб келинган лаҳзаларни яхши эслайман. Аминманки, бугун Оврупонинг энг қиммат меҳмонхоналарида, Тошкентдаги кенг ҳовлиларда яшаётган Рустамжон ва унинг оиласи тушларига ўша ота уй тез-тез кириб туради. Чунки бу йигит ва уни элга қўшган заҳматкаш ота-онаси ҳаётини тирикчилик қилишга эмас, инсондек яшашга, ИНСОННИ ТАРБИЯЛАШГА бахш этганлар!
Миллатимизнинг куч-қудрати, имкониятларига шубҳа билан қараётган, аслида на узоқ ва на яқин тарихдан дурустроқ хабари бўлган кишиларга жавобан яна бир-икки далилни келтириш билан чекланамиз.
Биласизки, дунёда “Гиннеснинг рекордлар китоби”ни юритадиган алоҳида ташкилот бор. Каминанинг ожиз фикрича, агар шу муассаса мутасаддиларида озгина инсоф ва адолат бўлса, ўзбек халқи фақатгина ХХ асрда эришган камида икки беқиёс натижани шу китобга, кечроқ бўлса ҳам муҳрлашлари лозим. Қайси воқеаларни назарда тутяпсиз дерсиз?
Биринчиси: 1939 йилнинг ёзида водий ҳудудида 45 кун ичида қазиб битказилган Катта Фарғона канали қурилиши!
Қарийб 350 километр узунликдаги бу иншоотнинг ҳақиқий кўламини тасаввур қилмоқ учун, масалан, Андижон вилоятининг Куйганёр масканига бориш, каналнинг ўзи, унинг устига қурилган автомобиль ва темирйўл кўприкларининг маҳобатини кўриш керак. Ва дунё тарихида шу муддат ичида бу қадар катта натижа бошқа қайд этилганми, деган савол устида жиддий ўйласа бўлади. Кейин эса ўзбек халқининг аксар қўл кучи, кетмон, кирка ва белкурак билан амалга оширган меҳнати маҳсулини дунёга донғи таралган Сувайш, Панама каналлари кўламига солиштириб кўриш, охир-пировардида шу қиёслардан адолатли хулоса чиқариш керак. Каминанинг соф шахсий бир хулосаси мавжудки, мавриди келибди, у билан ҳам ўртоқлашай: бугунги дунёнинг манаман деган тўрт-бешта давлати бош қўшиб, замонавий техника, мутахассислар, ишчи кучи ва миллиардлаб маблағ ташлаб ҳам қирқ беш кунда бунча узунлик ва кўламдаги канални қазиши амримаҳолдир.
Иккинчи мисол. Ўтган асрнинг 80-йилларида ўзбек халқи уч-тўрт ой давомида энг оғири беш-олти грамм бўлган миллиардлаб чаноқлардан асосан қўл кучи билан қарийб 6 миллион тонна пахтани йиғиб олди. Бу ҳодиса бир неча йиллар давомида такрорланди. Тасаввур қиляпсизми, “миллион эгатларга сочилган” (Абдулла Орипов) халқ граммлаб йиғиб, умумий хирмонни миллионлаб тоннага етказарди!
Айтишингиз мумкин: АҚШ ҳам бир йилда 7-8 миллион тонна пахта етиштиради-ку, деб. Тўғри, етиштиради. Бироқ у юртнинг фермерлари чигит экишдан тортиб яганагача, ўтоқдан тортиб чеканкагача, ғўзани дорилашдан тортиб ҳосилни йиғиб олишгача – барча ишни машина-техника кучи билан бажаради. Ўзбек эса ўша миллионлаб тоннанинг деярли ҳаммасини тилиниб, қонталаш бўлиб кетган қўллари билан йиққан!
Ушбу натижа дунёнинг бошқа бирор ерида учрайдими? Бу халқнинг меҳнати ва матонати, чидами ва бардоши яна қай бир халқда бор? Биз мозий ҳодисаларини мақтамаётганимиз, аксинча, ушбу жонфидоликлар айнан она халқимиз томонидан амалга оширилганини таъкидлаётганимизни алоҳида уқтириб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.
Энди айтинг, шундай халқнинг ақлий, руҳий, интеллектуал, жисмоний ҳамда иймоний кучи ва имкониятларига қўл силташ, бу хусусда шубҳа-гумон урчитиш, халқни ўзидан совитиш, ҳафсаласига дарз етказишдек ҳаракатларнинг энг енгил номи кирдикор – ғаразли ва маразли юмушдир десак, кимнингдир нозик кўнглини оғритган бўламизми?!
Ҳолбуки, биз эсга олган натижалар халқдаги имкониятларнинг бир қисминигина ишга солиш эвазига қўлга киритилган. Имкониятларнинг эса, шукрки, чеки-чегараси йўқ. Ҳали онгимизда, дунёқараш ва кайфиятимизда ислоҳ қилиниши, ўзгартирилиши лозим бўлган нуқталар қанча! Ҳали ўзбекнинг маънавияти юксалиши, ўзини таниши ва англаши учун талаб нақадар улкан! Ҳали тирикчилик ўтказиш учунгина яшаётган, Оллоҳ ато этган омонат умрни битта устараю битта қайроққа боғлаб қўйган, ҳақиқий ЯШАШ амалини эгалламаган кишилар камми?
Ҳолбуки, бугунги ҳаёт бизга ЯШАШ ИМКОНИЯТИни бериб, ундан қандай фойдаланиш ҳуқуқини ҳам ўзимизга ҳавола этмоқда. Бас, бу имконият беҳуда кетмасин, “азиз умримизнинг азиз онлари” ўз қадрига, маъно-мазмунига эга бўлсин. Зеро, “Бир оннинг баҳосин ўлчамоқ учун / Олтиндан тарозу, олмосдан тош оз”.
Биз кимгадир ақл ўргатиш фикридан йироқмиз, албатта. Асл мақсадимиз – мақола бошида айтганимиз: бу дунёга келган ҳар бир инсон қатори зиммамизда бўлган бурч ва мажбуриятларни, бизни иссиқ бағрида ўстириб вояга етказган юрт, номини кўтариб юрганимиз улуғ халқ олдидаги масъулиятни яна бир карра эслатмоқ, холос.
Раҳмон ҚЎЧҚОР
“Tafakkur” журнали, 2023 йил 4-сон.
“Олтиндан тарози, олмосдан тош” мақоласи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ