Беш ёшимда отам Россияга ишлагали кетган эди. Олтига тўлган куним менга кўйлак ва китоб кўтариб келди. Шу кунни ҳануз тушларимда кўраман. Бир ҳафта отамдан “бошқа мени ташлаб кетмайсиз-а?” деб тинмай сўраган эканман. Дугоналаримга отамнинг совғаларини кўрсатиб мақтанганман. Бир ҳафта ўтиб, отам яна Россияга кетди. Кейин биз билан хабарлашмай қўйди. Ўн ёшда эдим, отам ўша ерда бошқа оила қургани ҳақида онам хабар топиб келди. Онам идиш-товоқларни синдириб, дод-фарёд қилди. Қўрқувдан синглим иккимиз дағ-дағ қалтираб, жавонга қамалиб олгандик.
Ўша куни онам бувим билан уришиб, уйдан чиқиб кетди. У кун тушларимга кираверади: шунчаки ортига ўгирилмай кетган онам... Нега унинг ортидан югурмадим, “мени кечиринг, бизни ташлаб кетманг” деб ёлвормадим... У эртага қайтиб келади, отамни топиб, бирга остонада пайдо бўлишади, менга қучоқларини кенг очиб, табассум билан “қани, кел бағримизга” дейишади деб ўйлардим. Ўшанда шошиб қолмаслик учун мен отамнинг, синглим эса онамнинг бағрига югуришини келишиб ҳам олгандик. Синглим иккимиз шу ҳолатни тасаввур қилиб, ўзимизни юпатардик. Баъзан қўлларим иккисини бирдан қучиб олишга ҳам етади дердим ўзимга. Аммо мўъжиза содир бўлмади... Онамни қариндошлар узоқ излашди, ҳеч ердан топилмади. Орадан икки йил ўтиб, бувим бетоблигини рўкач қилиб, мени ва синглимни меҳрибонлик уйига топшириб юборди. Бизни кераксиз буюм каби улоқтиришди, ҳаммалари бирин-кетин биздан воз кечди. Айбимиз нима эди?! Ҳаммасини бир куни Аллоҳга айтиб бераман...”.
Бу ота-онаси тирик бўлатуриб, меҳрибонлик уйида яшаётган Хуршиданинг хотиралари. Афсуски, бугун атрофимизда бундай синиқ хотиралар минглаб топилади.
Дунё ўзгараяпти, одамларнинг ўйлаш тарзи, ҳаётни тушуниши ўзгараяпти. Оила деган қутлуғ тушунчанинг қиймати ҳам ўзгариб бормоқда. Афсуски, шундай буюк неъмат, буюк қўрғонга ҳам дахл қилинаётир. Бу мавзуда ёзиш оғир. Негаки, оиланинг бузилиши – энг аввал кўнгилларнинг вайрон бўлиши. Кўнгил титраганда, унга шикаст етганда, дунёнинг тўрт бурчи титраб кетса ажабмас. Аммо бу оғир мавзуни кўтаришимиз, таҳлил этишимизга зарурат ортиб бораётирки, бошқа чора йўқ! Хуршида сингари болаларнинг кўз ёшлари тинмас экан, бу мавзу кўтарилаверади.
Йигирма икки минг тирик етим
Бугун мамлакатимизда 9 606 001 та оила бор, 2023 йил январь-июль ойларида 10 393 та янги оила пайдо бўлган. Бироқ жорий йилнинг шу даврида 29 816 та оила расман ажрашган. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси маълум қилишича, энг кўп ажралишлар Фарғона, Андижон ва Хоразм вилоятларига тўғри келмоқда. Бунинг натижасида 22 мингдан ортиқ бола ота ёки она меҳридан маҳрум бўлган. Бу шунчаки рақам эмас, у тирик етимлар сони, уларнинг кўнгил оғриқлари, азобланган руҳияти, меҳрга зор қалби дегани. Бу рақам тақдирлар, изтироб ва оғриқлар йиғиндисидир. Шунча болани бир ерга жамласа, қанча майдонни эгаллайди улар? Камида 9-10 та мактаб тўлади, камида 150–200 та автобус лиқ-лиқ норасида дегани бу. 22 минг дегани баъзи бир шаҳарларнинг умумий аҳолиси сонига тенг. Афсуски, оила таназзулининг оғир юки ҳеч нарсани англамай, мўлтираб турган митти қоракўзларнинг нозик елкаларига тушаётир. Шунча норасида бугун тирик етимликни мурғак таналарида ҳис қилаётгани миллат сифатидаги энг катта фожеамиз эмасми?!
“Мен болаларимни ташлаб кетмайман...”
Қалин қор ёққан эди. Йирик савдо растаси ёнида тўхтадик. Эрим рўзғорлик учун тушиб кетди. Шу вақт машина ойнасини кичкина бармоқчалар оҳиста тиқирлатди. Қарасам, етти-саккиз ёшлар чамаси бир болакай қўлида ширинлик ушлаб турибди. “Ёнғоқли ширинликдан сотиб олинг. Онам ўзи пиширган, уйники, мазали, охири қолди” деди. Мен қутига эмас, боланинг совуқдан қизариб кетган пучуққина бурнига ва қалтираётган қўлларига қараб, ўйлаб ўтирмай “Неча пул? Оламан” дедим. Болакай нархини айтгач, машина ичидан ва чўнтагимдан пул излай бошладим. У айтган миқдорда пул чиқмади. “Бироз кутиб туроласанми? Амакинг чиқса, пулини беради” дедим совуқда болани куттираётганимга ўзимни айбдор ҳис қилиб. У хурсанд бўлиб кетди. Унга машина ичида исиниб олишни таклиф қилдим. Орқа ўриндиқдаги юзлари иссиқдан қизариб турган болаларим аста сурилиб, болакайга жой бўшатишди.
– Ҳар куни сотасанми бу ширинликларни? – гапга солдим.
– Ҳар куни эмас, онам пиширган кунлари сотишга чиқаман. Онам касал, баъзан пиширолмайди.
– Отанг борми?
– Отам бор, лекин бизни ташлаб кетган. Отамнинг бошқа оиласи бор. Синглим билан онам учаламиз яшаймиз.
– Мактабга бормайсанми?
– Бораман. 2-синфда ўқийман. Мактабдан кейин сотаман буларни. Лекин роса ширин, еб кўринг, мазаси ёқса, эртага яна олиб келаман. Эртага ҳам олсангиз, иккита ширинликни текинга қўшиб бераман...
Болакайнинг сўзлари дона-дона, нигоҳи менинг болаларимникидан анча катта кўринарди. Ҳа, у тақдир тақозоси билан эрта улғайган. Ярим оилани ўз танасида ҳис қилаётган 22 минг норасиданинг бири у. Болакай менга текинга ширинлик беришини айтганда, мен унинг бугунги муаммосини ечишга ҳеч қандай арзирли ёрдам беролмаётганимдан уялдим.
– Отангдан хафа эмасмисан? – хаёлимга келган бу саволдан ўзим ҳам ўнғайсизланиб қолдим.
– Онам йиғламаса, хафа бўлмайман. Аммо онам кўп йиғлайди-да. Лекин мен катта бўлсам... болаларимни сира ташлаб кетмайман...
Ўртага узоқ, оғир сукунат чўкди. Болакай пулни олиб машинадан тушаркан, қайта-қайта раҳмат айтиб, шошганча йўлнинг у бетига ўтди.
Ўйлаб қолдим, ота-онаси ажрашган қанча норасида иссиқ-совуқда рўзғор ташвишини нозик елкаларига олиб кун ўтказаётган экан?! Баъзан катталарга ҳам оғирлик қиладиган бу юкни улар қандай ортмоқлаяпти?! Ажрашгач, алиментдан бўйин товлаётган оталар ҳисобига бугун қанча болакайнинг қорни оч, усти юпун?! Тадқиқотлар борми, улар ҳисоб-китоб қилинадими? Биз бугун нима қилсак оилалар пароканда бўлмайди? Қандай йўл тутилса болалар тирик етимга айланмайди? Қандай яшасак оилаларда низолар камаяди, жамиятимизда бахтли ва соғлом болалар сони ортади?
“Болалар руҳий зарбага учрамоқда”
Гулрух Aдҳамова,
Тошкент шаҳридаги 1-руҳий-асаб касалликлари диспансери психологи:
“Икки инсон ортиқ бир уйда яшолмас экан ёки улардан бири ажрашишга қарор қилган экан, бундан фарзандлар азият чекиши керак эмас. Дунё тажрибасида кўрамизки, ажримларда энг катта эътибор оиладаги болаларнинг психологик мажруҳ бўлиб қолмаслигига қаратилади. Уларга аввалгидай шароитни таъминлаш, танлов ҳуқуқини бериш, ҳам отаси, ҳам онаси билан яхши муносабатни сақлаб қолишга ҳаракат қилинади. Бизда эса одатда эридан аламзада аёл фарзандини у билан учраштирмасликка уринса, айрим оталар алиментдан қочиб ёки атай кам маошли ишларга жойлашиб, бола таъминотига етмайдиган алимент беришга ҳаракат қилади. Эр-хотин ажрашса ҳам бола учун ота-она энг севимли, энг яқин инсон бўлиб қолаверади. Уларнинг бир-бирига қилаётган душманларча муносабатидан фарзандлар руҳияти жиддий шикастланади. Оқибатда уларда руҳий носоғлом муҳит вужудга келади. Буни боланинг ўзини тутишидан, атрофдаги дўстлари билан муносабатидан ҳам сезиш мумкин. Бола отасини ҳам, онасини ҳам доим ёнида кўргиси келади. Aйниқса, уч-беш ёш оралиғидаги болалар “Сизни отамга айтиб бераман”, “Менинг отам кучли” деганларини кўп эшитамиз. У ўз отасини қаҳрамон деб билади. Шундай вақтда боланинг отасиз қолиши, отаси билан бир уйда яшамаслиги унга катта зарба беради. Aмалиётда кўп гувоҳи бўламиз, ота-онаси ажрашган вақтда болалар ўзини бошқалардан четга олади, тез йиғлаб юборадиган ёки жиззаки бўлиб қолишади. Бу табиий стресслар ёнига онанинг зўравонлиги қўшилса, мурғак тана буни кўтаролмайди. Аёл эридан аламини олиб, боласини урса, сўкса, бунда аёл нафақат бугунги кунини, балки эртасини ҳам хароб қилади. Болаликда орттирилган руҳий зарбалар бутун умр инсонни таъқиб қилиши, азоб бериши психологияда исботланган”.
Аёлларга ёрдам кўрсатиш тизими...
Адиба Эргашева,
психолог:
“Аёл киши табиатан ўч олишга, ўз ҳиссиёти, жумладан, нафратини ҳам тўкиб солишга мойил. Бироқ унинг руҳий синиши ва ўз ҳаракатларини бошқара олмаслик даражасигача етиб боришига атрофдагилар, унинг яқинлари қўл қовуштириб ўтириши керак эмас. “Чиққан қиз чиғириқдан ташқари” деган гапни кўп ишлатамиз. Бугун ажрашган аёллар ҳам моддий, ҳам маънавий қийинчиликлар гирдобида қолмоқда. Аёлларнинг ўз жонига қасд қилиши, фарзандларини ўлдириши мана шунинг оқибати. Ҳаётнинг оғир синовлари бошига тушган аёлларни ўз вақтида психологлар кўригига олиб бориш, уларга ажримдан кейин ҳаёт яна давом этишини тушунтириш ва далда бериш учун бепул маслаҳат ва муолажалар кўрсатиладиган тизимни йўлга қўйишимиз зарур”.
Дунёда ажримлар масаласи қандай?
Мамлакатларнинг онлайн маълумотлар базасида дунёдаги энг кўп ва энг оз ажралиш рўй берувчи давлатлар рўйхати эълон қилинган. Унга кўра Ҳиндистон энг кам ажралишлар билан (1%), Португалия эса энг кўп ажримлар билан (94%) рейтингда биринчи бўлибди. Бу рўйхатда Туркияни энг кам ажрим рўй берувчи мамлакатлар ўнлигида тўққизинчи ўринда кўриш мумкин. Ажримлар энг кўп кузатиладиган давлатлар ўнлигида эса Португалиядан сўнг Испания (85%), Люксембург (79%), Россия (73%), Украина (70%), Куба (55%), Финландия (55%), Белгия (53%), Франция (51%), Швеция (50%) ўрин олган. Осиё мамлакатларидан Тожикистон энг кам ажримлар сони билан учинчи ўринда тургани биз учун кутилмаган янгилик. Ўзбекистон негадир бу рўйхатга умуман киритилмаган...
“Биздагидан фарқ қилмайди”
Ситора Алихонзода,
журналист, Туркияда яшайди:
“Туркияда ҳам эрта турмушга узатилган, эри ва эрининг оиласи тарафидан зўравонликка учраган аёллар бор. Муштумзўр эрга ва эрнинг ноинсоф, виждонсиз оила аъзолари зулмига чидашга мажбур бўлган ҳолатлар биздагидан деярли фарқ қилмайди. Асосий сабаблар уларнинг ожизлиги, одамларнинг гап-сўзига қолишдан қочиши ва борадиган жойи ҳамда орқасида уларни ҳимоя қиладиган инсонларнинг йўқлигидир.
Ва, албатта, кўпчилиги болали бўлгандан кейин фарзандларини ёлғиз, отасиз катта қилишига ишонмагани ёки истамагани учун ҳам аччиқ қисматига кўниб яшашга уринади. Асосий сабаб эса турмушга чиқаркан уларга худбин, марҳаматсиз ва жоҳил ота-оналари “Оқ либос билан борган жойингдан кафан билан чиқасан” деб айтгани бўлади. Ўзимизнинг тилда “Ўлсанг ўлигинг ўша ердан чиқади” деганга ўхшаш инсонийликдан узоқ бўлган стереотиплар сингари”.
“Ажримларнинг ярми эр-хотиннинг бир-бирини тушуна олмаслигидан келиб чиқмоқда”
Мавлуда Низомова,
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси Соғлом оилани шакллантириш ва оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, миллий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бошқармаси бошлиғи:
“Оилавий ажримларнинг сабаблари кўп. Бунга уй масаласи, ишсизлик, етишмовчилик, ёшларнинг ҳаётга тайёр бўлмай оила қуриши, эр ёки хотиннинг ишлаш учун бошқа мамлакатга кетиб қолиши, бепуштлик, оилада маънавий-ахлоқий муҳитнинг ёмонлиги, оилага бошқа шахсларнинг аралашуви сабаб бўлади. Ажримларнинг 50 фоизига эр-хотиннинг бир-бирини тушуна олмаслиги, ҳаётга, оилага енгил қараши сабаб эканлиги аниқланган. Қайнона-қайноталарнинг ўзлари насиҳатга муҳтож. Уларнинг кўпчилиги ҳаётга енгил қарамоқда. Ёш оилаларнинг ажралиб кетишини индамай кузатиб турибди. “Онаси ўпмаган қизни олиб бераман” ёки “Тор қорнимга сиққан кенг ҳовлимга сиғмайдими?” дегувчи оналар кўпайиб кетаяпти. Яна бир муаммо – шаръий никоҳларнинг борлиги. Бу ҳам турли хил муаммоларни келтириб чиқараяпти. Айни пайтда шаръий никоҳ асосида яшаётган 9 мингдан зиёд оила рўйхатга олинган...”.
“Қиз ва ўғил бола тарбиясида икки хиллик мавжуд”
Адиба Эргашева,
психолог:
“Афсуски, биз оилада эр-хотин муносабати жар ёқасига келиб қолганда ёки томонлар батамом ажрашганда унинг оқибатини ўйлаб қоламиз. Ажримнинг сабабларидан кўра оқибатлари билан курашишга интиламиз. Ваҳоланки, бузилаётган оилалардаги муаммолар эр ёки хотиннинг тарбиясидаги қусурларига бориб тақалади. Халқимизда қиз ва ўғил бола тарбиясида икки хиллик азал-азалдан мавжуд. Қизларга кичиклигиданоқ баланд овозда гапирмаслик, ўз истагини очиқ айтмаслик, сабрли, чидамли бўлиши, кўникиши кераклиги ҳақида бот-бот уқтирилади. Ўсмирлик даврида уларга бўлажак келин, она сифатида қаралиб, кўпроқ рўзғор ишлари ўргатилади, нари борса, бирор ҳунарга йўналтирилади. “Ўқиб ким бўлардинг?”, “Қиз болага ўқиш нега керак?” каби гапларни болалигидан эшитиб улғайган аёллар орамизда кўп.
Энди ўзбек оилаларида ўғил фарзандга муносабатни кўриб чиқайлик. Йигитларга асосан бўлажак оила боқувчиси деб қаралади. Ўғил болаларнинг таълими ва хоҳишлари учун доим пул топилади. Ҳали 18 га тўлмасидан ўғлига автомашина рулини ишониб топширадиган оталар кўп. Ўғил бола кимнидир урса, сўкса, муштлашса, бу нормал ҳолат, жасорат, йигитчилик, мардлик деб қабул қилинади. Шундан бўлса керак, ҳозирги биз олдини ололмаётган ажримларга аксарият ҳолларда оилавий зўравонлик ва эркакнинг хиёнати сабаб бўлмоқда”.
Зўравонлик ва хиёнат
Ҳисоб-китобларга кўра эрнинг ўз аёлига жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонлиги кўпайиб бормоқда. Сўнгги беш-олти йилда ижтимоий тармоқларда бу мавзуда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган хабарлар янгради. Аёлига памперс едирган эрдан тортиб, никоҳ тўйи вақтида шапалоқ тортганигача... Хотинини пичоқлаган, чопиб ташлаган, ёқиб юборган, калтаклаб ўлдирган...
Бугунги кунда оилавий зўравонлик ўта долзарб муаммога айланди. Зўравоннинг айби исботланса ҳам уни эркакчилик деб оқлашга уринилади. Дейлик, эр хотинини пичоқлаб ўлдиргани исботланган хабар остида “аёл ўзи бир айб иш қилган”, “хиёнат қилгандир”, “эркак бекорга хотинини ўлдирмаса керак” каби фикрлар ёзиб қолдирилади. Марҳумга туҳмат қилинган баъзи постлар аёллар томонидан ёзилганини кўриб ҳайратга тушмасликнинг иложи йўқ.
Оилавий зўравонлик ҳолатлари ҳамон яширилмоқда. Жамиятда аёллар аёлларни кўра олмаслиги, ҳасад ва нафрат кучли экани муаммолар занжирининг яна бир бўғини. Қайнона келинга кун бермайди, келин қайнонасига. Қайнэгачи, овсин, қудалар ўртасидаги зиддиятни-ку айтмай қўя қолайлик. Вазият таранглашиб, дўппи тор келганда яна бир руҳий портлаш содир бўлади. Аёл ўзини ўлдиришга, аянчли ҳолатларда фарзандларини ҳам ўлдиришгача бормоқда.
ОАВлардаги томошалардан эҳтиёт бўлайлик
Оммавий ахборот воситалари ва интернет платформаларида аёлларни таҳқирлаш, уларни жамиятдаги кўп иллатларга сабабчи қилиб кўрсатиш, ҳақоратлаш ҳолатлари кўпаймоқда. Масалан, телесериал ва филмларни кузатамиз, номининг ўзидаёқ гап нима ҳақида кетаётганини билиш мумкин: “Суюқоёқ”, “Сотилган номус”, “Иккинчи хотин”, “Аёл макри”, “Хиёнаткор келин”. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Бундай филмларда аёллардан нафратланиш (мизогиния) ҳисси кучли тарғиб қилинади. Эр пичоқлаб ўлдирган аёл ҳақидаги хабар остида марҳумнинг ўзини айблайдиганлар ҳам аёл кишига нисбатан шунча нафратни мана шу филм ва сериаллардан олаётган бўлиши мумкинми?! Албатта мумкин. Ёки кайфиятни кўтарувчи, латифаларга мўлжалланган “Кулинг” телеграм каналини олайлик. Бир-биридан бемаза аксарият латифаларида аёлни ерга уриш ғояси ётади. Мана унинг биргина латифаси (сўзма-сўз келтирамиз):
“Бир киши хотинини кўчада уриб, тепиб тарбиялаётса, бир донишманд бу ҳолни кўриб, унга деди:
– Тақсир, калтак ҳайвон учун. Хотинни жазолашнинг энг яхши йўли хотинингизнинг устига хотин олишдир.
Эр бу гапни яхши тушунмасдан:
– Кечирасиз, сўзларингизга яхши тушунмадим, нима дедингиз? – деса, калтак еб турган хотини эрига:
– Чалғиманг, отаси, тепаверинг, бу кишига эътибор берманг! – дермиш.
Ҳурматли эркаклар, аёл зотини урмоқ эр кишининг иши эмас, шунинг учун донишманд айтганига амал қилаверинг” (тугади).
Бу латифа кимнинг кайфиятини кўтараяпти? Кимга нимани ўргатаяпти?
Муаммонинг ечими борми?
Аввало ота-оналар фарзандлари тарбиясида масъулиятли ва адолатли бўлиб, фарзанди ўғилми-қизми қатъи назар унга инсоний фазилатларни сингдирса, келажакда улардан муқаддас ришта бўлмиш никоҳ ва сакинат қўрғони оилани қадрловчи инсонлар етишиб чиқиши шубҳасиз. Биламизки, болалар эшитганини эмас, кўрганини қилади. Ўғил фарзандларимизни ёшлигидан бошқа инсоннинг (у хотини бўладими, фарзанди ёки ота-онаси...) ҳаётига хавф солиш, унга жисмоний ёки руҳий азоб бериш мумкин эмаслигини ўргатиб тарбиялашимиз даркор. Қизлар таълимига беэътибор жамият бутун уммат тақдирига беэътибор жамиятдир. Шундай экан, қизларни ўқитиш, ўзлари қизиққан соҳа бўйича билим олишига шароит яратиш бўлажак хотинлар ва оналарнинг фаровонлигига шароит яратиш билан баробардир. Қизларга ҳаётда ҳар қандай муаммонинг ечими борлигини ва оиладаги муносабатларни ўзгартириш учун ҳамма вақт чора топиш мумкинлигини, бунда мутахассислар ёрдам бера олишини тушунтириш лозим.
Аёллар давлатнинг ҳимоя ва ёрдамига доим муҳтож, бу ўринда аёлларга психолог хизматлари бепул йўлга қўйилиши, тўғри маслаҳат бера оладиган мутахассислардан иборат аноним ташкилотлар фаолиятини кенгайтириш керак. Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ҳам кўнгилли ёрдам берувчи каналлар бор, бунга “Сукут сақлама” лойиҳасини мисол қилиб келтириш мумкин. У ерда муҳтожларга кўмак берувчи кўнгилли психолог, юристлар фаолият юритади. Муҳими, ёшларга тўйдан аввал оила муқаддаслиги ҳақида тушунча бериш билан бўлажак эр-хотинларнинг айрим масалалардаги қарашларини тартибга солиш мумкин. Балки динимиз ва қадриятларимиз асосида ўтказиладиган бу суҳбатларга имомларни бириктириш мақсадга мувофиқдир? Умуман, оила илмини мактабдан бошлаб ўргатиш таклифи ҳам кўп бора жамоатчилик муҳокамаларида янграган.
Давлат манфаатлари ажралишни минималлаштиришдан иборат, аммо бу ҳеч қачон фуқароларнинг шахсий ҳаётга бўлган конституциявий ҳуқуқларини бузмаслиги керак. Ажрашиш жараёнида бюрократияга барҳам бериш мақсадга мувофиқ. Дангал айтганда, ота фарзандлари кўз ўнгида онасини қонга белагандан кўра ўзаро ҳурмат билан икки томон ҳам ўз йўлида кетгани афзал. Ўзаро ҳурматни сақлаган ҳолда ажримлар болалар руҳиятига камроқ салбий таъсир кўрсатиши исботланган. Албатта, маҳалла яраштира оладиган кичик можаролар бор, бу арзимаган гап-сўзлар атрофида айланган эр-хотиннинг реакцион ҳаракати кўринишида бўлса, бундай келишмовчиликлар бўйича мутахассислар йўл-йўриқ кўрсатиши лозим. Айниқса, аёллар ва болаларга бу жуда зарур. Бироқ оилавий зўравонликнинг яққол белгиларини кўра-била туриб эр-хотинни яна бир уйга қамаш сиёсатини тўхтатиш керак.
Феруза РАЙИМЖОН қизи
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 4-сон.
“Худо ёққан чироқ” мақоласи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ