“Тушунмайдиган одам йўқ, тушунтира олмайдиган раҳбарлар бор” – Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов билан суҳбат


Сақлаш
16:51 / 05.01.2024 597 0

– Эркинжон ака, аввало, маънавият тушунчасига лўнда изоҳ берсангиз...

 

 Мен аввало суҳбатимни нуфузли журналга муносиб кўрганликларингиз учун миннатдорлик билдираман. “Лўнда” деган сўзни жуда ўрнида ишлатдингиз, негаки соатлаб гапирганимизда ҳам маънавият тушунчасининг изоҳи тугамайди. Бу ҳақда жуда кўп ёзилган ва гапирилган. Аммо мен олим эмасман. Шунинг учун бу тушунчани ҳаётий ифодаламоқчиман. Маънавият ички интизом, илм, одоб ва фаросатдан иборат.

 

– Сиз туманда ёки ўрта таълим мактабида маънавият тарғиботчиси лавозимида фаолият юритсангиз қандай иш услубини йўлга қўйган бўлардингиз? Умуман, маънавият вакили қандай бўлиши керак деб ўйлайсиз?

 

– Биз ўрта мактабда ўқиган вақтимизда бу ишга синф раҳбарлари, кўпинча адабиёт муаллимлари етакчилик қилишарди. Тадбирларда иштиёқ билан қатнашардик. Шеър ўқиганларим, хор сафида ашула айтганларим, драматик саҳналарда қатнашганларим ҳамон эсимда. Аксарият ҳолларда бадиий қаҳрамонлар воситасида  яхши одамларга нисбатан биз ёшларда ҳавас уйғотилган. Яна бир нарса – муаллимларнинг шахсий ибрати ҳам биз учун маънавият сабоғи бўлган. Улар мактаб ҳудудини ободонлаштиришда биз билан баб-баравар иштирок этишарди. Шу сабабли атрофдаги дарахт, гул ва ниҳолларни пайҳон қилишдан уялардик, бутун синф билан дарсдан сўнг хонани чиннидек тозалардик, ёзги таътил вақтида йигитлар мактабимиз учун ғишт қуярдик.

 

Айтгандай, тозалик комиссиясининг раиси бизнинг кийимларимиздан тортиб, афту ангоримиз, ҳатто тирноғимизгача  назоратдан ўтказиб турарди.

 

Иложи борича муаллимимиздан танбеҳ эшитмасликка интиларлик. Дакки олган кунимиз эса ота-онамиздан уялиб турардик, уларга билдирмасликка интилардик.

 

Бугун эса... Тадбирлар фақат саналарга бағишлаб ўтказиляпти. Бадиий китоблар, бадиий филмлар муҳокамаси деярли йўқ. Мактабларда маънавият тадбирлари ўтказилмаяпти демоқчи эмасман. Бироқ, уларнинг тарбиявий таъсири кам сезиляпти. Чунки бу тадбирларга кўпинча бир хил тоифадаги ўқитувчи ва ўқувчилар жалб этилади. Шунинг учун мен ҳоким сифатида раҳбарларимизни, умуман зиёлиларимизни доимо ўз мактабига боришга, аввало, муаллимларни қўллаб-қувватлашга, жонли учрашувлар ўтказишга чорлайман. Назаримда, мактабдаги маънавий тадбирларга болаларни оиладан тайёрлаш керак.  Биз ота-оналарни, айниқса оталарни мактабдаги жараёнларга кўпроқ жалб этиш механизмини яратишимиз керак. Бундан ташқари маънавий тадбирлар номига эмас, балки эҳтиёж туфайли ўтказилиши зарур. Умуман, мен мактабдаги маънавиятга масъул кишининг асосий вазифаси унинг ўз бурчига сидқидилдан ёндошишида, ҳар қандай гап сўзлардан қатъий назар, ишини дадил ва мунтазам олиб боришида деб тушунаман.

 

Ўрта таълим мактабида маънавият тарғиботчисининг обрў-эътибори, шахсий ибрати унинг асосий ишининг 60 фоизини ташкил этади. Бугун маърузалар вақти ўтди. Болаларни аниқ, реал ҳаётга ишонтириш, уларни фикрлашга, тафаккур қилишга ўргатиш пайти келди. Мактабларда фаолият кўрсатувчи баҳс-мунозара клубларининг ҳам даври келганга ўхшайди. Зеро, янгича таълим тизимининг талаби ҳам шу.

 

– “Халқимизнинг жуда бой маънавий мероси бор!” Бу гапни доим ишлатамиз. Бу чин гап аслида. Аммо бу мерос нималардан иборат, уни биз бугун қандай истифода этяпмиз? Бу жараёндан қониқасизми?

 

– Бу саволингиз ўринли. Шахсан ўзим жойларга борганимда кекса-ю ёшдан, айниқса талаба ва ўқувчилардан энг аввало улуғларимизнинг мерослари ҳақида сўрайман. Аксарият одамларимизда бу ҳақда юзаки тушунча бор, холос. Ҳатто ёши катта зиёлиларимиз ҳам асл маънавий мерос ҳақида талаб даражасида билимга эга эмас.

 

Мана оддий мисол, Самарқандда Комилхон Каттаев деган заҳматкаш матншунос бор. Кейинги икки йил ичида у вилоятимиз ҳудудидаги ўндан зиёд буюк алломалар меросини ўрганиб чиқди, биз бу ишларни китоб ҳолида чоп эттирдик. Катта олимларимиз учун ҳам бу маълумотлар янгилик бўлди.  Ёки Баҳодир Ялангтўш ҳақида драма ёзилди ва ўзимизнинг театрда саҳналаштирилди. Биринчи бўлиб ўзим, оила аъзоларим билан бориб кўрдим. Бутун вилоят зиёлилари бу саҳна асарини томоша қилишди ва XVI асрда Самарқандга амирлик қилган бу улуғ шахснинг жуда катта бунёдкорлик ишларидан, хусусан, Сиёб бозорини янги жойда барпо этганидан, Нодир Девонбеги мадрасаси, Шердор ва Тиллакори мадрасаларини қурганидан кўпчилик хабардор бўлди. Дарвоқе, Баҳодир Ялангтўш ҳақида ўзбеккино ижодкорлари шу кунларда бадиий филмни суратга олишаяпти.

 

Аждодлар меросини албатта ҳар бир соҳа мутахассиси алоҳида ўрганиши мумкин. Лекин ҳаммамиз учун бу изланишларнинг катта тарбиявий аҳамияти бор. Чунки ҳамма маънавий  меросларга эътиқодли, иймонли бўлиш, илмга интилиш, юксак инсоний фазилатларга етишиш ғояси сингдирилган.

 

Мир Алишер Навоийнинг “Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам” деган шоҳ байти ўша даврдаёқ инсониятни фуқаролик жамияти талабларига ундаган. Нодира эса “Соя пайдо бўлмағай деворсиз” байти орқали фалсафадаги сабаб ва оқибат категориясини бадиий ифода этган, десам, хато қилмайман.

 

– Улуғ аждодларимиз билан фахрланиш, уларнинг номини ҳадеб тилга олавериш баъзан айрим одамларнинг меъдасига тегаяпти, деган гаплар ҳам бор. Албатта улар билан фахрланиш лозим, лекин уларга мос авлод бўлиш масаласи ҳамон долзарблигича қолаётгандек...

 

– Тўғрисини айтсам, мен бу фикрингизга унчалик қўшилмайман. Тўғри, баъзи аждодларимизни яхши биламиз ва уларни тез-тез ёд этамиз. Лекин, замонлар суронларида унутилган аждодларимиз ҳам кўп. Мен  Ялангтўш Баҳодир номини бежиз келтирмадим. Бу сафга Шайбонийхонни ҳам қўшиш мумкин. Биз бу каби тарихда ном қолдирган жуда кўплаб улуғларимизнинг исмини эшитган бўлсак-да, уларнинг меросидан бехабармиз, шу сабабли уларнинг номларини камдан-кам такрорлаймиз. Ҳолбуки, бундай боболаримизни қанчалик кўп билсак, қаддимиз шунча тик бўлади.

 

Бу борада бир таклифим бор: ҳар бир вилоятда ижодий гуруҳлар ташкил қилиб, алломаларимиз фаолияти билан боғлиқ ихчам роликлар яратиш ва ижтимоий тармоқларда уларни мунтазам бериб боришни уюштириш керак. Токи, халқимиз ўз улуғ аждодларининг меросидан хабардор бўлиб борсин.

 

“Отанг билан эмас, фарзандинг билан фахрлан” деган нақл бор. Чунки фарзандга, унинг камолига меҳнатингиз сингади, у билан фахрланишга ҳақингиз бор. Аждодлар билан эса фақат уларнинг сабоқларига муносиб бўлгандагина фахрланиш мумкин.

 

 Хусусан, Шарқда – Хитой, Япония, Индонезия, Сингапур каби мамлакатларда аҳоли ўз тарихи билан худди оиласи тарихи билан шуғуллангандай жиддий шуғулланади, ҳаммаси ватани, халқи тарихини яхши билади, ҳар бир фуқаро ўз ҳудудидаги музей ва обидаларга мунтазам қатнаб туради.

 

Мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан халқимиз тарихида муҳим ўрин тутган аждодларимиз тарихини ўрганишга жиддий киришилди. Улар ҳақида бадиий асарлар ёзиляпти, кинолар олиняпти. Муайян кунларда музейлар барча аҳолига бепул хизмат кўрсатяпти. Буларнинг ҳаммаси юртдошларимизда аждодлар меросини ўрганишга қизиқиш уйғотиш баробарида уларга муносиб бўлиш масъулиятини ҳам ўргатади деган умиддаман. Шу ўринда олимларимизга олий ўқув юртлари, мактаблар, болалар боғчалари, қолаверса маҳалла аҳли учун ҳам аждодларимиз мероси ҳақида оддий, тушунарли ва қизиқарли  китоблар тайёрлашни таклиф этаман. Бундан ташқари ҳар бир аллома ҳақида ихчам ҳужжатли филм тайёрлаш, уларни нафақат телевидениеда, балки жамоат жойларида мунтазам намойиш этиш чораларини кўриш зарур. Чунки инсоннинг фаросати билиш, англаш ва уни қўллаш босқичларидан иборат. Сўнгги босқичда тасаввурдан кўра, масаланинг моҳияти муҳим рол ўйнайди.

 

– Халқимиз сизни аввало етук раҳбар, тажрибали ҳокимлардан бири деб билади.  Ҳокимнинг, умуман раҳбарнинг маънавий дунёсини қандай тасаввур этасиз?

 

– Раҳбарлик бу касб эмас, қолаверса, бу ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Минг ишчига бир бошчи, аммо ана шу раҳбарлик тартиб-тамойиллари, унинг маърифати-ю маданияти ҳақида жуда кўп ёзилган. “Авесто”, “Қобуснома” асарлари бунинг мисолидир. Буюк ёзувчиларимизнинг асарларида ҳам элни бошқаришда зарур бўлган юксак фазилатларга кўп урғу берилади. Хусусан, Мир Алишер Навоий ўз асарларида масъул шахсда илм, фаросат ва фаҳм кучли бўлиши зарурлигини айтган. Ёки “Қобуснома”да “Ходим бўлғонингда ҳамиша раҳбар ҳузурида ҳозир бўлғил ва ҳар ишнинг отини (моҳиятини) билғил. Барча ишни имтиҳон қилғил, бир ишдан фаромуш бўлмағил, ҳамма ишни ёдингда сақлағил ва барча девондаги ишлар ҳолидан огоҳ бўлғил. Ҳамма амалдорларнинг муомалаларин билғил ва ҳар турли ишни билмакда қунт билан излангин. Барча ҳисобга қодир бўлғил ва ҳар дақиқа иш билан машғул бўлғил. Раҳбарнинг сирини айтмағил ва ҳар ишдан раҳбарни огоҳ қилиб турғил” дейилади.

 

Бугунги кунга келадиган бўлсак, қабул қилинган қонунларимизнинг барчаси раҳбар учун маънавий озуқадир. Яъни, қонунларга риоя этиш раҳбарнинг маънавиятини белгилайди. Президент Шавкат Мирзиёев деярли ҳар бир чиқишида катта-кичик ҳар бир раҳбарнинг маданияти, илми, иқтидори, маънавияти масаласида тўхталади. Айрим ўринларда бу борада нима ишлар қилишимиз зарурлигини аниқ кўрсатиб беради. Мисол учун “Раҳбарлар фаолиятига энди халқ баҳо беради”, деган гапининг ўзи истаймизми-йўқми, бизни ибрат кўрсатишга чорлайди. Ёки “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган шиор ҳам фаолиятимиз моҳиятини аниқ белгилаб берган. Бинобарин, маънавиятсиз раҳбар бу талабни бажара олмайди.

 

Гап у ёки бу раҳбарнинг маънавиятни қандай тасаввур этишидагина эмас, балки замон талабларига жавоб бера олиши билан белгиланади. Шунинг учун ҳам бугунги ислоҳотларимизнинг асл моҳияти доимо халқ билан маслаҳатлашишга, халқнинг фикрини ўрганишга, халқнинг баҳосига қараб ишлашга қаратилган. Бугун одамларга тушунтириш эмас, балки уларни ишонтириш муҳим. Мен йиғилишларда “Тушунмайдиган одам йўқ, тушунтира олмайдиган раҳбарлар бор” деган иборани бот-бот такрорлайман.

 

– Миллий ғурур тушунчасини бугун айримлар кибр билан адаштираётганга ўхшайди. Инсон учун ўзидан, ўзлигидан ғурурланиш аслида фазилат эмасми?

 

– Абдулла Ориповнинг: “Инсон қалби билан ҳазиллашманг сиз, Унда миллат яшар, унда тил яшар” деган сатрлари миллий ғурур тушунчасининг асл моҳиятини очиб беради. Бундан ташқари, миллатидан қатъи назар ҳар бир инсоннинг ўз ғурури бўлади. Кибр қилаётганларнинг эса, ғурурга алоқаси йўқ, улар шуҳратпарастлик мақсадида ўзларини кўрсатишга интилади. Ҳеч қачон бошқа миллатнинг обрўсини тўкиш билан ўз миллатининг обрўсини кўтариб бўлмайди. Биз учун муҳими, миллат, яъни Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаро ана шу эл маърифатига хизмат қилган одамлар билан фахрлана олишидир. Ғурур бу ҳамият ва номус билан боғлиқ, фахр эса эътироф билан, кибр манманлик билан.

 

Умуман, биз одамларга қанчалик яқин бўлсак, кўнглимиздаги кибр шу қадарлик йўқолиб бораверади.

 

– Эркинжон ака, ўзбекнинг феъл-атвори, ютуғию нуқсони, умуман, миллий менталитети яхлит акс этадиган илмий асосга эга асарларга (илмий асар, роман, кино ва ҳоказо...) эҳтиёж бордек туюлади. Сиз қандай қарайсиз бу фикрга?

 

                   Мавриди келганда китоб ўқиб тураман. Айниқса, ўзимга таниш муҳит, одамлар ҳаёти ҳақидаги асарларни шавқ билан мутолаа қиламан. Чунки ҳаётни яхши тушунаман, деб ўйлайман. Ҳатто тарихий романларни ўқиганда ҳам миллийлигимиз анъаналарини англаш қийин эмас.

 

Аслида миллийлик дегани бир ҳудудда яшаётган одамлар ҳаётига  дахлдор маънавий бутунликдир. Шунинг учун бўлса керак, биз ҳалигача “Маҳаллада дув-дув гап”, “Тўйлар муборак”, “Мафтунингман”, “Суюнчи”, “Шум бола” фильмларини қизиқиб кўрамиз. Негаки уларда ўзимиз яшаб турган ва биз кўниккан анъаналар, воқеалар акс этган.

 

Минг афсуски, болалар учун яратилаётган фильмларда, ҳатто бадиий асарларда ҳам (“Сариқ девни миниб”дан ташқари) бу ҳолатни учратмаймиз. Хусусан, мултфилмларда бошқа миллат, яъни бошқа ҳаёт тасвирлари бор. Ҳатто дарсликлардаги ғайримиллий суратларни ҳам ҳалигача аста-секин алмаштиряпмиз. Тўғри, катта ҳаракат бўляпти. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан алломалар, Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшган одамлар ҳақидаги бадиий ва ҳужжатли филмлар, китоблар яратиляпти. Қишлоқларимизнинг янги қиёфаси кўрсатиляпти, лекин бу ҳали етарли эмас. Назаримда “Чол ва набира”, “Отамдан қолган далалар” каби филмларни кўпроқ яратиш керак. Чунки бундай асарлар одамларни мушоҳада қилишга чорлайди, миллийлигимиз ҳақидаги тасаввурни бойитади. Асар қаҳрамонларига ҳавас уйғотади. Бу борада жамоатчилик кўп гапираяпти, фильмларимиз кўпайди, аммо биз ибрат оладиган, биз ҳавас қиладиган образлар, яъни қаҳрамонлар йўқ.

 

– Ўзбекнинг, умуман халқимизнинг феъл-атворига бегона бўлган ишлар ҳам содир бўлиб турибди. Маиший ҳаётимизда ҳам, ташқи дунёмизда ҳам буни кўриш мумкин. Маънавият ва қадриятларга, анъаналарга таҳдидлар кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Бу борада нима ишлар қилишни зарурат деб ҳисоблайсиз?

 

– Аслида бу саволингизга юқорида қисман жавоб бердим. Шундай бўлса ҳам бир хулосамни айтиб ўтмоқчиман. Инсоннинг барча хислати туғма бўлади. Туғма деганимнинг боиси шундаки, муайян географик муҳитда яшаш инстинкти билан туғилади. Яна ҳам аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам, дарё ёки океан соҳилида, водийда, чўлда, тоғда яшаётган аҳолининг хислатлари ҳам ўша маконга муносиб бўлади. Ўзбек феъли деганда биз ўзимиз англаган ҳалоллик, ишонч, одамгарчилик, меҳмондўстлик каби фазилатларни тушунамиз. Бинобарин, бундай фазилат бошқа миллатларда ҳам йўқ эмас. Бир нарсадан хавотирдаманки, кейинги пайтда миллий менталитетимиз, яъни ўзбек феълига номуносиб хатти-ҳаракатларга нисбатан бефарқ бўляпмиз. Бу ҳақда жиддий ўйлаб кўриш вақти келди. Шарқда, хусусан Хитой ва Японияда, Сингапурда, Малайзия ва Индонезияда, кейинги пайтларда Вьетнамда ҳам эзгу миллий анъаналарни бузганларга қарши жиддий чоралар кўриляпти.

 

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш лозимки, маънавий иллатларга қарши кураш осон кечмайди. Биз инсоннинг, айниқса ёшларнинг маънавиятида ўзгариш ясай оладиган чораларни кўришимиз, шунга шароит яратишимиз, яъни тарбиявий таъсирнинг самарали усулларини яратишимиз керак.

 

– Халқнинг якдиллиги ҳаммасидан муҳим. Шундай эмасми? Унинг бутунлигини нималарда кўрасиз? Бугун шу бутунлик бизда мавжудми, қониқарлими?

 

– Тарихдан маълумки, халқ машаққатли ва қувончли кунларда ўз жипслигини кўрсата олади. Буни ҳаётимизда кўриб турибмиз. Гарчи қийинчиликлар бўлса-да, халқимиз ўз ҳаётини фаровон қилиш йўлида бирлашишга интилмоқда.

 

Биз зиёлиларнинг мақсадимиз битта. У ҳам бўлса миллатни бирлаштириш. Яширмайман, мустақилликнинг дастлабки йиллари айримлар эркинликни бошқалардан ажралиб яшаш деб тушунди. Ҳатто ака-укалар, ота-болалар уйларию дарвозаларини алоҳида қилиб олишди. Ваҳоланки, мустақиллик бу – дунё билан бирга, қолганлар билан баб-баравар яшаш дегани, фақат ўз эркига, ўз давлати ва тилига, ўз қонунларига эга бўлиш дегани. Биз дунё ҳамжамиятидан ташқарида яшай олмаймиз. Фақат ана шу ҳамжамиятда мустаҳкам ўрнимиз бўлиши керак.

 

Эътибор қилганмисиз, кейинги 6-7 йил ичида қабул қилинган стратегик режалар, дастурлар, лойиҳалар битта мақсадга –  юртдошларимизнинг нуқтаи назарини, мақсадини, мамлакат куч-қудратини оширишга, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган. Бундай мақсадга фақат биргаликда, ҳамкорликда ишлаш орқали эришилади.

 

Президент Шавкат Мирзиёев элимизнигина эмас, энг аввало, атрофдаги қўшниларимизни ҳам, Ўзбекистонга самимий муносабатда бўлган яхши инсонларни ҳам бирлаштиришга интилмоқда ва бу борада катта  ишлар қилинмоқда. Шу туфайли Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги обрўси ошиб бормоқда.

 

Аҳиллик, бирлик маънавиятнинг юксалишига хизмат қиладиган энг катта мезонлардир. Чунки яхши фазилатга, илмга, фаросатга эга инсонларгина шодлигу ташвишини, бор-йўғини ўзига ўхшаганлар билан баҳам кўра олади.

 

Шодмунқул САЛОМ суҳбатлашди.

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 4-сон.

 

Oyina.uz'ни Телеграмда ўқинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10340
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//