Ўзбек зиёлилари ўзбекча китоб ўқимайдими?


Сақлаш
18:01 / 04.01.2024 332 0

Ҳамма даврларда ҳам китоб ғоявий тарғиботда бемисл қурол бўлиб келган. Бугун ўзбек жамиятида айнан шу қуролдан фойдаланишга эҳтиёж катта. Боиси бугунги ўзбекистонлик – толерант, инсонпарвар, оилапарвар, адолатпарвар, аммо, чинакам маънода ватани, юрт озодлиги учун ҳар ишга тайёр бўлган ватанпарварми? Япон, немис, француз, хитойлар каби ўзбеклигидан фахрлана оладими? Афсуски, бу саволга ҳар доим ҳам тўғри жавоб беришга ғуруримиз йўл қўймаса керак. Хўш, бу ҳол ўз-ўзидан рўй бердими? Ҳолатга кимлар, нималар сабаб бўлди? Бунинг ечими қандай, вазиятни тўғрилаш учун нималарга эътибор бериш керак? Айтиш керакки, бунинг сабаблари кўп, босиб ўтилган салкам бир аслик мустабидлик, ундан кейин давом этган бир муддатлик турғунлик, иқтисодий кризислар, хуллас, жуда кўп омиллар бугун бу масалани кун тартибига олиб чиқиб қўйди. Шунингдек, бизнинг миллий, ўзимизни танитувчи китоблардан узоқлашганимиз ҳам. Ойина.уз порталида бериб борилаётган китоб тавсияси лойиҳаси ҳам айни ҳақиқатни исботлаб бергандек… Қуйида шу жараёни таҳлил қиламиз.

 

***

Хорижий мамлакатларда нуфузли нашриёт компаниялари, давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан ўқиш керак бўлган китоблар рўйхатини эълон қилиш тажрибаси мавжуд. Биз уларнинг айримларини таҳлил қилиб кўриш жараёнида рўйхатнинг кўп қисмини ватанпарварлик асарлари эгаллаганини кўрдик:

 

- Россиянинг Олтой ўлкасидаги кутубхоналардан бири олтойликлар ўқилиши керак бўлган 100 асар рўйхатини тузиб чиққан ва унинг 20 дан ортиғи (20%) тарихий мазмундаги ватанпарварлик, жасорат, мардликка даъват этишга қаратилган китоблар[1].

 

- Ҳиндистон таймс сайти эълон қилган “Ҳар бир ҳинд ўқиши керак бўлган 7 китоб” нинг 5 таси (71%) тарихий асарларни ташкил қилади.[2]

 

- Грузин ёшлари ўқиши керак бўлган 30 китобнинг 6 таси[3] (20%) тарихий сюжетдаги асарлардир.

 

- Немислар ўзлари ўқишлари учун тавсия қилган 10 китобнинг 3 таси (30%) ватанпарварлик, давлат сиёсати ва мафкураси манфаатларига хизмат қилишига қаратилган. Аммо бизда бироз бошқача…

 

Oyina.uz портали томонидан ҳам икки йилдирки, нуфузли шахслар, машҳур кишилар, зиёлилардан қандай китоблар ўқиш лозимлиги борасида тавсиялар олиб келинмоқда. Портал томонидан ўтган икки йил давомида 73 нафар кишидан тавсиялар олинган бўлиб, уларнинг 40 нафари ижодкорлар (3 нафар ношир, 8 нафар ёзувчи, 9 нафар шоир, 5 нафар адабиётшунос, 2 нафардан таржимон ва артистлар, 1 нафардан санъатшунос, продюсер ва дизайнер, 4 нафардан режиссёр ва хонанда). Шунингдек, 10 нафар журналист, 13 нафар олим, 7 нафар сиёсий арбоб, 1 нафардан тадбиркор, дин вакили ҳамда спортчиларни ташкил қилади. Улар томонидан жами 722 та китоб тавсия қилинган. Китобларнинг 60 фоизи (428 таси) хорижий, 40 фоизи миллий адабиётимиз намуналари. Шуларнинг ичида 8 фоиз (58 таси) диний китоблар, 6 фоиздан ортиғи (46 таси) эса илмий асарлар бўлди. 73 зиёлининг 31 нафари Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини, 28 нафари Навоий асарларини, 14 нафари Чўлпон асарлари (асосан “Кеча ва кундуз” романи) ни ўқиш кераклигини таъкидлаган.

 

Юқоридаги рақамлардан бир қатор хулосаларга келиш мумкин бўлади. Хусусан, зиёлилар миллий адабиётдан кўра, кўпроқ жаҳон адабиётини ўқийди ва тавсия этади (60/40 нисбатда). Диний-маърифий манбаларнинг ҳам инсон тарбиясидаги ўрни катта эканини жамият зиёлилар эътироф этмоқда. Жумладан, уларнинг 58 нафари юртдошларимиз диний адабиётларни албатта ўқишини истайди. 46 нафари эса илмий адабиётларни ҳам тавсия этган.

 

Тарихий мавзудаги ватанпарварликка чорловчи бадиий асарлар 100 йил олдин ҳам долзарб бўлгани, бугунга келиб уларнинг аҳамияти янада ортганини юқорида таъкидлаган эдик. Аммо таассуфки, 73 киши томонидан тавсия этилган 722 китобнинг бор-йўғи 37 таси (5,2%) тарихий мавзудаги ватанпарварликка чорловчи китоблардир. Тавсиялар ичида Амир Темур тарихига бағишланган китоблар 4 та бўлса, Тўмарис, Широқ, Жалолиддин Мангуберди, Шоҳрух мирзо, Шайбонийхон сингари ўзбек давлатчилиги тараққиётида муҳим ўрин эгаллаган буюкларимиз ҳақидаги асарларнинг йўқлиги таажжубли ҳол.

 

Биз бот-бот давлатчилигимиз, қаҳрамонларимиз ҳақида тўхталарканмиз, уларнинг шарафли номларини санаб ўтишдан чарчамаймиз. Лекин аслидачи? Аслида улар ҳақида билган маълумотларимиз, билимларимиз ҳаминқадар. Йиқилганни тепгандек, Туронга юриш қилган аҳамонийларга қарши ғалабали курашган Тўмарис, македониялик босқинчиларга қаршилик кўрсатган Спитамен ва Широқ, мўғулларга қарши мардларча курашган Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон соясида қолиб кетган Шоҳрух мирзо, аждодларни оқ ёки қорага ажратиш анъанаси натижасида “олабўжи”га чиққан Шайбонийхон сингари сиймолар ҳақидаги асарлар ҳам сийрак. Кам бўлгани камдек, тарғиботи йўқлиги, оммалашмагани учунми ё бошқа сабабдан улар ҳар хил рўйхатлардан ҳам тушиб қолишяпти. Ҳатто зиёлиларимиз рўйхатидан ҳам…

 

Тўғри, жаҳон адабиётини ўқиш, дунёвий илмни эгаллаш, улардан фойдаланиб юртнинг ўмганини кўтариш керак. Аммо, ўзлигимизни билмай, ўзлигимиздан фахрланмай бу ишларни қилишнинг имкони борми? Қилинганда ҳам фақат моддий фойда учун амалга оширишнинг охири қаергача? Ахир, пул учун юртни сотмоқчи бўлаётганлар, қўшнисининг ҳақини қўрқмасдан еётганлар, меросларимизга давлат мулки-ку, менга нима, деб бепарво қараётганлар, ҳар фаслига ҳавасинг кетгувчи табиатимизни чангга белаётганлар ўзимизнинг қоракўзлар-ку?! Агар шуларнинг ичида зарра бўлсин, ўзбекман, ўзимники, буюклардан қолган ватаним бу, деган бир қатра нур бўлганида бугун вазиятимиз бошқачароқ бўлармиди, деган ўй ўтади киши кўнглидан. Камига сўнгги вақтларда айрим “катта” мамлакатларнинг у ёки бу даражадаги амалдорлари Ўзбекистон суверенитетини нафақат шубҳа остига олаётган, балки ҳатто босиб олиш кераклиги ҳақида қалин девор ортида эмас, очиқ матбуотда иддао қилаётган бир даврда ўзликни англаш, миллатни севиш, миллат билан фахрланиш туйғуси эҳтиёжи ҳар доимгидан ҳам керакроқ бўлиб боряпти. Бу ҳолатлар, аввало, зиёлиларни сергак торттириши керак. Улар ёзишлари, гапиришлари, халқни жипслаштирувчи, ватанпарварликка, ўзликка чорловчи дурдона асарларни яратишлари, тавсия қилишлари лозим. Шундан кейин бу китобларни ҳаммага, ҳар бир ўзбекка айтиш, оммалаштириш, қўлма-қўл қилиш ҳар биримизга тан бўлади. Аммо унгача, унгача борини ҳам эслаб турайлик, бу билан зиёли деган тўнимиз ечилиб қолмайди, аксинча, миллат сиз орқали ўзлигини таниб бораверади.

 

Бекзод АБДИРИМОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Хоразм вилояти бўлими раҳбари

 

Ғуломжон ОТАЖОНОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Хоразм вилояти бўлими бош мутахассиси

________________________________________

[1] https://kamen-lib.altai.muzkult.ru/100knig/

[2] https://theculturetrip.com/asia/india/articles/top-10-books-every-indian-should-read

[3] https://edu.aris.ge/news/30-wigni-romelic-unda-waikitxo-sanam-30-wlis-gaxdebi.html

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси