Ўтаётган ҳар бир йил нафақат қувончли, балки қайғули воқеаларга ҳам бой бўлиши мумкин. Қувончли воқеалар тақдирдан совға, қайғули воқеалар эса хулоса чиқаришимиз лозим бўлган синовлардир.
Ўтган йиллар давомида турли синовли кунларга дуч келдик. Covid-2019 пандемия даври, Сардобадаги сув тошқини… Худди шунингдек, 2023 йилда ҳам ўзбек халқи бир неча йиллар ёддан чиқара олмайдиган фожиаларни бошидан ўтказди. Oyina.uz қанчалар оғир бўлмасин ушбу воқеаларни хотирлайди.
65 нафар бола фожиаси
10 август куни Олий суд матбуот хизмати Ўзбекистонда «Dok-1 Maks»дан 65 нафар бола вафот этганини маълум қилди. Воқеалар хронологиясини сизга эслатамиз.
Январь ойининг илк кунларида 3 ёшли бола Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалининг болалар реанимация бўлимига оғир аҳволда ётқизилган эди. Ота-онасининг маълум қилишича, болада сийдик чиқмаслиги, қайт қилиш, қўл-оёқлар шишиши ҳолати кузатилган. Шу билан бирга бола ўткир буйрак етишмовчилиги билан аъзият чеккан. Оқибатда, унга «Dok-1 Maks» сиропидан ўткир заҳарланиш ташхиси қўйилди.
Шундан сўнг, бирин-кетин совуқ хабарлар тарқала бошлади. Наманганда 3 нафар, Самарқандда 15 нафар бола заҳарланди. Барчани янада огоҳликка чорлаган воқеа эса Самарқандда даволанаётган 18 нафар норасиданинг ўлими бўлди. Ушбу беморларнинг барчаси 6 ёшгача бўлган. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, бегуноҳ гўдакларнинг 15 нафари ҳатто 3 ёшга тўлмаган эди. Ачинарлиси, ўлимлар шу билан якунланмади. Сўнгги расмий маълумотларга кўра, республикамиз бўйлаб ҳозиргача 65 нафар боланинг ўлими қайд этилган. Норасмий манбалар (Самарқанд тиббиёт бирлашмаси бош шифокори) эса 66 нафар бола ҳаётдан кўз юмганини маълум қилмоқда.
«Dok-1 Maks» дори воситасини сотиш 2022 йилнинг 22 декабрида тўхтатилди. 2023 йил 13 январда эса «Quramax Medical»нинг лицензияси бекор қилинди. Март ойида эса Ҳиндистондаги «Dok-1 Maks» сиропи ишлаб чиқарувчиси бўлмиш Marion Biotech фармацевтика компанияси лицензиядан маҳрум қилинган. Шунингдек, «Dok-1 Maks» дориси таркибида заҳарли модда – этиленгликоль топилгани ҳам билдирилди. Ушбу воқеага халқаро даражада эътибор қаратила бошланди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 январь куни Ҳиндистоннинг Marion Biotech ишлаб чиқарувчисининг «Dok-1 Maks» ва «Амбронол» сироплари сифат стандартларига мос келмаслиги ҳақида огоҳлантириш эълон қилди. ЖССТ ҳолат бўйича хабарномани Ўзбекистондан 22 декабрь куни олганини билдирди. Ташкилот иккита дори воситасини «стандартга номувофиқ бўлган суюқ дори воситалари (контаминацияланган)» рўйхатига киритди. «Бугунгача ишлаб чиқарувчи ЖССТга ушбу маҳсулотларнинг хавфсизлиги ва сифати ҳақида кафолат бермаган», дейилади баёнотда.
Бунинг ортидан Ўзбекистон давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси «Quramax Medical» МЧЖ ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ масъул шахсларига жиноят иши қўзғатди.
Ҳаммаси шу билан якунланмади. Болалар ўлимлари кўплаб коррупция ботқоғини очиб берди, гўёки. Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳузуридаги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУКда жуда кўп миқдордаги молиявий хато ва камчиликлар ҳамда буджет маблағларининг сарф қилинишида белгиланган талабларнинг қўпол равишда бузилганлик ҳолатларини аниқлади. Тўпланган далиллар асосида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда унинг ҳузуридаги «Дори воситалари, тиббий буюм ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУК директори Сардор Кариев ҳамда содир этилган жиноятларга алоқадор бўлган бир нечта шахслар иш бўйича гумон қилиниб, қамоққа олинди.
Ҳиндистонда «Dok-1 Maks» йўтал сиропини ишлаб чиқарувчи Marion Biotech фармацевтика компаниясининг уч нафар ходими қалбаки дори воситалари ишлаб чиқариш ва сотишда айбланиб ҳибсга олинди. Кейинроқ эса Ўзбекистонда қамоққа олинганлар сони ҳам ортди. Улар рўйхатига Самарқанд вилоят ССБ бошлиғи қўшилди.
Суд жараёнларида ОАВ иштирок этиб турли рақамларни эълон қила бошлади. Хусусан Ҳиндистоннинг яна 11 та дори воситасини рўйхатдан ўтказиш учун 88 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилинган. Аввалроқ эса 33 минг АҚШ доллари миқдорида коррупцияга йўл қўйилгани маълум бўлганди. Мазкур дорини беморларга тавсия қилиш учун дорихона эгаларига пул тўлаб келинган. «Dok-1 Maks» иши бўйича сўнгги суд мажлиси 15 ноябрда бўлди. Иш ҳали ёпилмаган. Ушбу фожиа 2023 йил Ўзбекистон халқи ва жамоатчилик фаолларининг диққат марказида бўлди ва ҳамон муҳокамада.
Яна болалар ўлими
Кўр ҳассасини бир марта йўқотади. Ўзбекистондаги расмийлар(ССВ)чи?! Афсуски йил бошида қайд этилган оммавий заҳарланиш бизга дарс бўлмади. Ўқув йили бошланиши билан яна совуқ хабарлар болалай бошлади. Гап шундаки, 2023 йил 20-центабрдан барча мактаб ва болалар боғчаларида ёд билан таъминлаш дастури бошланганди. Унга кўра, ҳар чоршанба кунлари ёд етишмовчилигидан ҳимоя қилиш учун болаларга профилактик дозада ёд таблеткалари ичирилиши белгилган. Аммо орадан бир неча кун ўтмай, Наманган вилояти Чуст туманидаги 9 та болалар боғчаси тарбияланувчилари ва 2 та мактаб ўқувчилари – жами 70 дан ортиқ бола заҳарланиш билан касалхонага ётқизилди. Шу куннинг ўзида Президент Матбуот хизмати давлат раҳбарининг «қаттиқ ташвишда» эканлигини маълум қилди.
Воқеалар кескин тус олди. ССВ мазкур дори воситасидан фойдаланишга тақиқ жорий этди. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Илмира Боситхонова эса мазкур ҳолат доридан заҳарланиш эмас, ЎРВИ бўлиши мумкинлигини қайд этди. Кўп ўтмай президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам Наманганга бориб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Ой охирида «Антиструмин» ёд препаратини ишлаб чиқарувчи «Само» компанияси фаолиятини текшириш бошланиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Само» компаниясидан 3,55 млн қути «Антиструмин» (калий ёдид) препаратини қарийб 22 млрд сўмга тендерсиз сотиб олгани очиқланди. Яна бир ахборот эса ижтимоий тармоқ вакиллари томонидан нафрат билан қарши олинди. Яъни, «Само» фармацевтика компанияси ҳамтаъсисчиси Нодир Юнусов АҚШда қидирувдаги шахс бўлган. Ёд препарати билан боғлиқ можаро фонида у таъсисчилар сафидан чиққан.
Сўнгги маълумотларга кўра, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий маркази директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари – бош шифокори, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош эндокринологи, бош мутахассиси Феруза Ҳайдарова ва ушбу марказ лаборатория мудири, катта илмий ходим, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Болалар бош эндокринологи, бош мутахассиси Насиба Алимова 7 ноябрь куни Яшнобод туман суди қарори билан ҳибсга олиниб, тергов изоляторига жойлаштирилган.
16 ноябрь куни эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва жиҳозлар муомаласини тартибга солиш ва мурувват ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Ҳилола Ғаниева қамоққа олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон врачлар ассоциацияси Шавкат Мирзиёевга хат йўллаб, қамоққа олинганларга нисбатан енгилроқ эҳтиёт чораси танланган ҳолда тергов ҳаракатлари олиб борилишини сўраган. Бунга сабаб қилиб эса ушбу аёлларнинг соҳага қўшган ҳиссаси келтирилган ва эътироф этилган.
Умуман олганда, ушбу иш ҳам 2023 йил ҳисобидан очиқлигича қолди. Ижтимоий тармоқ фаоллари эса ушбу воқеада асосий айбдор сифатида ёд микроэлементи топилишини киноя қилишмоқда.
Талофатсиз фожиа
12 август. Тошкент Халқаро аэропорти яқинида қурилаётган йўл ўтказгичнинг бирваракайига узунлиги 42 метр бўлган 5 та тўсини қулаб тушди. Ҳодисадан ҳеч ким жабр кўрмаган. Темир-бетон оралиқ қурилмаларини (балка) кран ёрдамида монтаж қилиш жараёнида эҳтиётсизлик оқибатида бир-бирига урилиб, балкалар монтаж жойидан тушиб кетган. Қурилиш «Кўприкқурилиш» трести УК томонидан амалга оширилаётган бўлган. 2 миллиард 760 миллион сўмлик зарар кўрилган. Мазкур ҳолат юзасидан Транспорт прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, 3 нафар мансабдор шахслар гумон қилинувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.
Ушбу ҳолат юзасидан репортаж тайёрламоқчи бўлган журналистларни «Кўприкқурилиш» ходими калтаклашга уринди. Мазкур иш судда кўрилди. Мутасадди 4 йилга шартли равишда озодликдан маҳрум қилинди. Айбдорга 2 йиллик синов муддати белгиланди ва ундан 23,7 млн сўм зарар ундирилди.
Воқеа сабаб ижтимоий тармоқ фаоллари кескин чиқишлар қилишди. Улардан бири кўприк ишга тушмасдан қулагани яхши эканлигини айтса, яна бири Ўзбекистондаги йўл ўтказгичлар остидан ўтишга қўрқишини қайд этган.
Октабр ойи якунида эса Шавкат Мирзиёев аэропортга олиб борувчи кўприкдаги қурилиш ишлари билан танишди. Масъуллар давлат раҳбарига ушбу объектнинг қурилиши ва тўсинларни синовдан ўтказиш жараёнлари ҳақида маълумот берганини маълум қилишди. Ушбу икки ҳолат бир-бирига қанчалар алоқадор эканлиги бизга маълум эмас. Маълум бўлган ягона факт, ушбу иш ҳам 2023 йилда якунланмади.
15 миллиардлик портлаш ва 1 ўлим
28 сентабр куни Тошкент осмонини қора булут қоплади. Шу куни соат 02:43 да Тошкент шаҳри Сергели тумани Хонобод кўчаси 3-уй манзилида жойлашган «Inter Logistics» МЧЖга қарашли 18,4 гектар ер майдонда жойлашган омборхонада тахминан 10 000 кв метр майдонда ёнғин чиққан. Шу сабаб омборхонада кучли портлаш содир бўлди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабарига кўра, ўт ўчирувчилар ёнғинни 8 соат давомида ўчирган. ФВВ ва бошқа тегишли ташкилотлардан жами 210 та техника ва 2000 дан ортиқ шахсий таркиб жалб қилинган.
Мазкур логистика марказида рўй берган портлаш оқибатида 14,5 миллиард сўмлик зарар кўрилган.
Ёнғин содир бўлган омборхонада катта миқдорда кимёвий моддалар, қурилиш ва бошқа маҳсулотлар белгиланган талабларга риоя қилинмасдан, аралаш ҳолда сақлаб келинган. Ҳодиса жойидан олинган намуналар асосида ўтказилган кимёвий тадқиқотлар натижасида полиефирлар, ксилол, углеводородлар, натрий гидроксид, водород пероксиди, этилен гликол ва юқори молекуляр карбон кислота эфирлари каби кимёвий моддалар мавжудлиги аниқланди.
Портлаш оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 кишини ташкил этди, улардан 150 нафари енгил, 13 нафари оғир тан жароҳати олди. 17 ёшли ўсмир вафот этди. Бунга сабаб эса омборхонанинг аҳоли зич яшайдиган ҳудудда қурилганидадир.
Фавқулодда вазият оқибатида 39 та кўп қаватли уйлардаги 1370 та хонадон ҳамда 246 та ерли хонадоннинг фасад, ойна-ром, эшик ва том қисмига зиён етган. Фавқулодда вазият туфайли ҳудуддаги 305-мактаб (1250 ўринли) ва 600-сонли болалар боғчасининг (720 ўринли) дераза-ромлари, эшик ва фасад қисми зарарланган.
Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича 4 нафар шахсга нисбатан «қамоққа олиш», 1 нафарига нисбатан «гаров» эҳтиёт чораси қўлланилган. Ушбу иш ҳам шу йилнинг ўзида ёпилмади, назаримизда. Ҳар ҳолда кимлар айбдор деб топилди? Суд ҳукми ўқилдими? … Шу каби бир қатор саволлар очиқ қолмоқда.
Деразадан улоқтирилган болалар
Шу йилнинг яна бир даҳшатли воқеаларидан бири Сергели туманида содир бўлди. Гап шундаки, кўп қаватли уйларнинг бирида истиқомат қилувчи 27 ёшли аёл аввалига 4 ва 5 ёшдаги ўғилларини деразадан улоқтиради. Сўнг олти ойлик чақалоғини қўлига олиб, ўзи ҳам пастга сакрайди ва ўша жойнинг ўзида вафот этади.
Бу воқеадан аҳоли даҳшатга тушди. Кўп ўтмай жамоатчилик ушбу оила ҳақидаги айрим маълумотларни очиқлай бошлади. Маълум бўлишича, марҳума ва турмуш ўртоғи ўртасида доимий келишмовчиликлар бўлиб турган. Шунингдек, аёл уч нафар фарзанди билан олти ойдан бери она уйида яшаётгани аниқ бўлди. Бироз муддат ўтиб, марҳуманинг турмуш ўртоғига қолдирган видеомурожаати ҳам тарқалди. Унда аёл болаларини «Аллоҳ даргоҳига юбораётганини» айтган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) ва 103-моддаси (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Аммо бу воқеа юзасидан ҳам кейинги жараёнлар номаълумлигича қолмоқда.
Шаҳноза Тўрамуродова.
Оyina.uz
Oyina.uzni Телеграмда кузатинг!
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ