Яқинда муҳтарам Президентимиз раислигида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Президентимиз маънавият-у маданият, адабиёт-у санъатдан тортиб, инсон камолоти учун зарур бўлган барча соҳаларда амалга оширилган улуғвор ишлар қаторида бугундан кечиктирмасдан – айни дамда бажарилиши зарур масалаларга атрофлича тўхталди, қимматли фикр мулоҳазаларини билдирдилар. Давлатимиз раҳбари, албатта, ҳар бир масаланинг моҳиятини кенг қамровда тушунтириб бердики, йиғилишда қатнашаётган ижодкор зиёлилар тўлқинланиб, ҳаяжон билан тинглаб турди. Бугун Ўзбекистонга халқаро майдонда катта ишонч пайдо бўлгани, бу ишонч, аввало, ғурури баланд, ниятлари улуғ ўз олдига катта мақсадлар қўйган буюк халқимизнинг орзу-умидлари билан чамбарчас боғлиқ экани таъкидланди.
Ўзбекистон мана шундай катта йўлга чиқиб, ўзининг аниқ йўналишини белгилаб, халқаро ҳамжамият орасида обрў-эътибор топиб бораётган пайтда жонажон Ватанимиз ҳақида оғзига кучи етмаган, чала сиёсатчилар тилидан илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат йўсинида билан ҳимоя қилиб келган марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар тутумини танлаётгани айтиб ўтилди. Бу мулоҳазаларни эшитар эканман, шу кунларда бундай ғаламис кимсаларга ижтимоий тармоқлар орқали халқимизнинг мард ва танти фарзандлари – ижодкор зиёлилар, шоир ва адиблар, оммавий ахборот васиталари ходимлари жасорат билан билдираётган муносабатлари кўз олдимга келди.
Биз бугун зимдан олиб борилаётган ғоявий-мафкуравий курашлар замонида яшаяпмиз. Демакки, гап ватан манфаати ва юрт тақдири ҳақида борганда ижодкор-зиёлилар зиммасидаги вазифалар ҳарбийларимизнинг бурч ва мажбуриятларидан асло кам эмас. Президентимиз айтганларидек, “Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “ўзбекистонлик”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак” бундай ғаламисларга муносиб жавоб беришимиз керак. Мафкура полигонларида сўзимизни айтишимиз, фикримизни ўтказишимиз, шу ватан, шу миллат тақдири ҳар нарсадан устун эканини эл-у халқ орасида кўпроқ тушунтиришмиз зарурлигини англадим. Бу борада, албатта, бизга жадид боболаримизнинг: “Тилда, фикрда, ишда бирлик” деган гаплари шиор бўлиши керак. Шундагина биз бундай ғоявий курашларда ғолиб бўламиз.
Кўҳна тарих зарварақларида шонли саҳифаларни безаб турган ўзбек деган номга муносиб яшаш, улкан мақсадларга эришиш учун ҳам доимо замон билан ҳамнафас бўлишимиз, илм-фанда, маданияту маърифатда, адабиёт-у санъатда янги поғонани забт этишимиз тақозо этилади. Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан бу борадаги вазифаларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида пойтахтимиз марказида Адиблар хиёбони барпо этилиб, бу масканга халқимизнинг йигирма тўрт нафар суюкли фарзандининг сиймоси акс этган ҳайкал ўрнатилди. Боғга ҳамоҳанг тарзда Ёзувчилар уюшмасининг муҳташам биноси, унга яқин масофада самарали ижод қилаётган адиблар имтиёзли асосда уй-жойлар билан таъминланди. Ҳудудларда янги ижод уйлари фойдаланишга топширилди. Шунингдек, атоқли ижодкорлар: Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Усмон Носир, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимовнинг таваллуд саналари кенг нишонланди.
Миллий адабиётимизда тетапоя бўлиб қадам ташлаётган ёш истеъдодларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари қайта тикланди. Бугун адабиётимизни навқирон нафас, ўзига хос ифода билан бойитиб бораётган ижодкорларнинг барчасини бундан чорак аср муқаддам Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов бошчилигида устозлар кашф этишган, деб айтсак асло муболаға бўлмайди. Ёш қаламкашларнинг меҳрини қозонган, унга бориш, қатнашиш ижодкор сифатида эътироф этилишга тенглашган ушбу семинарнинг ташаббускори муҳтарам Шавкат Мирзиёев эканини яқин-яқингача кўпчилик билмасди.
Бу семинар замонавий адабиётимизнинг гўзал бир анъанасига айландики, қайта тиклангандан буён кўплаб ёш ижодкорлар шеъриятимизни, насримизни бадиий етук асарлар билан бойита бошлади. Жумладан, уларнинг илк китоблари Ёзувчилар уюшмаси тавсиясига кўра катта ададда чоп этилиб, таълим муассасалари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари кутубхоналарига етказилмоқда. Шунингдек, муаллифлар туғилиб ўсган маҳаллалар ва улар таълим олган ўқув даргоҳларда тақдимотлари ташкил этиб келиняпти.
Яна шундай эзгу ишлар қаторида биринчи марта 100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари” нашр этилганлиги ўзбек халқининг маънавий-адабий дунёси, балки бутун туркий оламда қиёси йўқ бир иш бўлди. Негаки, бу юз жилдда туркий халқларнинг қадим тарихидан, бугунгача бўлган даврда оламни ва одамни идрок этиши, борлиқ ва шахс муносабатлари, қадриятлари, қудрати, интеллекти, бир сўз билан айтганда, қардошларимизнинг ҳам улуғворлигини ва Амир Темур бобомиз таъбири билан айтганда: “Миллатларнинг энг улуғи ва қадими туркнинг бош бўғини” эканлигимизни кўрсатиб турибди.
Шу ўринда йиғилишда Президентимиз томонидан илгари сурилган тўққиз йўналишдаги муҳим ташаббуснинг ҳар бир юртдошимизни ҳаётга, жамиятга, маънавияту адабиётга бўлган муносабатини тубдан ўзгартиради, деб ўйлайман. Чунки мазкур ташаббусларнинг ҳаётий илдизи турмушимизнинг барча жабҳаларига томир отадиган, ўсмир-ёшларнинг онгу тафаккурини бойитадиган, қалб гўзаллигини шакиллантирадиган ташаббуслардир.
Жумладан, маданий-маърифий соҳадаги ишларда ҳокимларнинг масъулиятини ошириш; туман ва шаҳарларда маънавият ва маърифат масканларини ишга тушириш; шу мақсадда, Сурхондарё вилоятида тўртта секторга қўшимча равишда Маънавият сектори ташкил этилгани маълум қилинди. Улар жойлардаги Маънавият ва маърифат кенгашларининг ишчи тузилмаси сифатида фаолият юритишини соҳа вакилларни кўтаринкилик билан қарши олди. Ана шундай ташаббусларга кўра театр санъатини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилади. Унда энг яхши йигирмата пьеса учун адибларимизга ижодий буюртма берилади ва муаллифларга эллик миллионгача қалам ҳақи тўланади. Ёш режиссёрларни қўллаб-қувватлаш учун санъат дарғаси, улуғ ижодкор Маннон Уйғур номидаги мукофот таъсис этиш; корхона ва муассасаларда ойнинг бир куни “Театр куни” деб белгиланиб, ходимларнинг театрларга боришини йўлга қўйиш; ҳар бир туманда саҳнали зал, кутубхона, кинозал ва тўгарак хоналари бўлган биттадан Маданият марказини барпо этиш таъкидланди.
Янада қувонарлиси, бундан сўнг ўзбек тилини ўқитиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Миллий сертификатга эга бўлган “Ўзбек тили ва адабиёти” фани ўқитувчиларига келгуси ўқув йилидан бошлаб эллик фоиз устама тўланиши белгиланадиган бўлди. Шунингдек, халқимиз орасида янада китобхонлик маданиятини ошириш қўллаб-қувватланади. Таржимонларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш учун Огаҳий номидаги халқаро мукофот таъсис этилади ҳамда нашриёт ва матбаа корхоналарининг молиявий имкониятларини кенгайтириш мақсадида беш йилга солиқлардан озод қилинади.
Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Ёш китобхон” танлови мамлакатимизда китобхонлик маданиятини яратишда катта аҳамият касб этди. Бу танловга ёшу кекса бирдек қизиқиш билдириб оилавий китобхонлик муҳити пайдо бўлди. Камина, узоқ туманларда истиқомат қиладиган ана шундай бир неча китобхон оилаларни биламан. Улар танловнинг шаффофлигига, ҳакамларнинг адолатига ўзгача бир меҳр билан қарайдики, яна ва яна – такрор-такрор қатнашишдан завқланадилар.
Ана шу зукко китобхонларни замонавий ўзбек адабиёти билан яқиндан таништириш, улуғ аждодларимиз ҳақида сўнгги йилларда ёзилаётган асарлардан хабардор қилиш, шу билан бир қаторда, таниқли адибларимиз, олимларимиз ва эл-юрт орасида обрў-эътибор топган зиёлиларнинг китоб мутолааси борасидаги тажрибаларини “Ёшлик” журнали ёритишни ҳам мақсад қилган. Эндиликда эса ана шундай мақолаларга янада кенгроқ ўрин берамиз. Негаки, кейинги йилларда босма нашрларнинг муаммоси бўлиб келаётган обуна масаласига Президентимиз алоҳида эътибор бериб йиғилиш қатнашчиларига қарата: “Ҳозирги вақтда матбуот нашрларининг обунаси билан боғлиқ айрим муаммолар мавжудлигини биламиз. 2022 йил 27 июндаги Президент қарорида бюджет ташкилотларига улардаги кутубхона фонди харажатлари орқали даврий босма нашрлар, уларнинг электрон шакли ва электрон оммавий ахборот воситаларига обуна бўлиш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилади, деб кўрсатилган. Демак, масаланинг аниқ ечими бор. Фақат буни амалга оширишимиз керак”, – дедилар.
Йиғинда кўтарилган масалалардан кўриниб турибдики, ўзбек халқи янада ўзлигини, ўзини таниши ва англаши, шахсига нисбатан ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиши учун қалбини уйғотадиган, руҳини кўтарадиган соҳаларга эътибор қаратилиши бежиз эмас, албатта. Ўйлайманки, бу борада амалга оширилиши кўзланган ҳар бир ташаббус учун ижодкор зиёлилар минг йиллар қаъридан сўзлайдиган достонларимизда янграб турган “Дам шу дамдир, ўзга дамни дам дема” дея жадид боболаримизнинг фидокорлигини, жасоратини ўзларига намуна билиб киришади, ва албатта, бу йўлда Президентимизга камарбаста бўлишади.
Нурилла ЧОРИЕВ,
“Ёшлик” журнали бош муҳаррири
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ