“Турку келбатли, европоид қиёфасидаги қиримчақлар яҳудийлик динига эътиқод қилади” – этнографик тадқиқот


Сақлаш
17:12 / 29.12.2023 614 0

Қиримчақлар ва уларнинг тили

 

Қиримчақлар – яҳудийлик динидаги туркий халқ, лекин диний эътиқодидан келиб чиқиб ўзларини “Исроил болалари” деб ҳам аташади.

 

Қиримчақлар асосан Қирим ярим оролида яшаб келган энг кам сонли халқлардан биридир. Уларнинг ҳозирги кунда аниқ сони маълум эмас. Чунки 1990 йилдан кейин уларнинг катта қисми Исроилга кўчиб кета бошлаган. Унгача эса Қирим ярим ороли, Симферополь, Россиянинг йирик шаҳарларида 2000 га яқин қиримчақлар яшагани ҳақида статистик маълумотлар бор. 1989 йилги аҳоли саноғига кўра Ўзбекистонда ҳам 173 нафар қримчақ яшаган[1]. ХХ асрга қадар қиримчақларнинг сони анчагина кўп бўлган, аммо 1941 йилдаги немисларнинг оммавий қирғинида уларнинг 80 фоизи қириб юборилган. Қирим немис фашистларидан озод қилингандан кейин ҳам улар эркин яшай олмаган. 1944 йилдан бошлаб НКВД[2] қиримчақларни бошқа ҳудудларга сургун қила бошлаган. Қаршилик қилганлар эса қамоққа ташланган ёки турли йўллар билан ўлдирилган. Натижада қиримчақлар ватанидан ажралиш билан бирга жипслашган миллат сифатида ҳам шакллана олмаган.

 

Қиримчақларнинг этник таркиб топиши, аниқроғи бошқа туркий халқлардан фарқли миллий хусусиятларининг шаклланиши XIV–XVI асрларга тўғри келади. Унгача Қирим ярим оролида кечган тарихий жараёнлар оқибатида, хусусан Ботухон Қиримни эгаллаганидан сўнг одамлар бу ердан Европа тарафга силжий бошлаган. Олтин Ўрда таркибида кирган Қиримга 1299 йилда Нўғайхон бекларбеги этиб тайинлан гач, бу каби кўчишлар янада кучайган. Қиримчақлар ана шу эврилишлардан кейин ҳам Қиримни ватан тутиб қолган кам сонли яҳудий-туркийлардан биридир. Шунинг учун уларнинг этноними Қирим топоними билан боғлиқ тарзда “Қиримчақ” деб ном олган. Аслида эса уларнинг аждодлари бўлган яҳудий турклари Қора денгиз бўйларига анча аввал, тахминан милоддан аввалги биринчи асрларда келишган[3].

 

Яҳудийларнинг айнан Қиримга келиши эса Рим императори Адриан даврига тўғри келади. Бу даврда, аниқроғи милодий 132–136 йилларда Рим империясининг таркибида бўлган Иудея (Яҳудия)да яҳудийлар исён кўтаради. Қўзғолончиларнинг раҳнамоси Шимон Бар Кохба ўзини илоҳий шахс ёхуд авлиё сифатида таништириб, яҳудийларни Римга қарши бирлаштиришга уринади[4]. Аммо бу уринишлари унинг 580000 нафар тарафдорларининг қатл қилиниши, миллионлаб яҳудийларнинг юртдан бадарға этлиниши билан якунланади. Милодий 136 йилда бир қисм яҳудийлар Қирим ярим оролига сургун қилинади[5]. Шу тариқа Қиримда яҳудийларнинг илк жамоалари пайдо бўла бошлайди. Асрлар ўтиши билан Мангуп, Кафа қозиликлари, Эски Қирим ва Қоравулбозор шаҳарлари яҳудийларнинг манзилгоҳларига айланади.

 

Тарих сарлавҳаларида ёзилишича VII асрга келиб Қирим хазарлар қўлига ўтади. VIII асрдан бошлаб эса хазарлар яҳудийлик динини қабул қила бошлайди[6]. Шундан сўнг бу ерларда яҳудийларнинг яшаши анча осонлашади ва аста-секин уларнинг сони ҳам ортиб боради.

 

XV асрдан бошлаб Византия, Испания, Италия, Кавказ-Рус ерларидан ашкеназлар[7], Византия ва Бобил яҳудийлари қочиб кела бошлашади ва аста-секин  улар туркий тилда сўзлашувчи яҳудийлар билан аралашиб кетади. Шунинг учун қиримчақлар орасида турку келбатли ва европоид қиёфасидаги кишилар кўп учрайди.

 

Қиримчақларнинг дини қарайимлардан фарқли ўлароқ яҳудийликнинг раввинизм (раббонийлик) йўналишида. Фақат, улар ўз диний раҳнамоларини раввин эмас, балки бошқа Шарқий Европа яҳудийлари каби хахам[8] деб аташади. Бош раввинни эса хахамбаши, деб аташади. Бунинг сабаби “раввин” атамаси арабча Ар-Рабб (الرَّبُّ) яъни Аллоҳнинг исмларидан бири бўлгани учун бу номни инсонга нисбатан қўллаш мусулмонлар ва насронийларнинг ғазаби ва эътирозларига сабаб бўлган.

 

Эътиқод жиҳатидан улар бошқа яҳудийлардан фарқ қилмайди. Яҳудийликнинг асосий манбаси Танах билан бир қаторда Талмуд ва Оғзаки Қонунларни ҳам муқаддас санашади. Диний ҳаётда ва ахлоқда улар Мусо алайҳиссаломнинг мишнаси (суннати)ни қўллашади. Мишнани илк тўплаган олим Ақиба бен Юсуф бўлиб, у ҳам Бар Кохба қўзғолонидан сўнг қатл қилинган.

 

Қиримчақлар эъдиқоди ордотоксал яҳудийликдан шуниси билан фарқ қиладики, унда тангричилик динидан қолган элементлар кўп учрайди. Улар худонинг исмини Тангри деб аташга одатланишган. Шу билан бирга Адонай (Раб) ҳам қўлланилади. Энг қизиғи, улар бошқа яҳудийлар каби Аллоҳга Елоҳ эмас, балки айнан мусулмонлар каби Аллоҳ деб мурожаат қилишади.

 

ХХ асрга қадар Қиримда қиримчақларнинг ибодатхоналари кўп бўлган. Улар ибодатхоналарини қаал деб аташган. Қиримчақлар қаалларга ибодат қилиш учун икки кунда бир марта йиғилишган. Аммо Совет даврида қааллар бузиб ташланган ёки улардан бошқа мақсадларда фойдаланилган. Қиримчақ ибодатхоналари Исроилда мавжуд бўлган, аммо уларнинг ҳам энг охиргиси 1881 йилда ёпилган, жамоаси эса бошқа яҳудий синагогаларига қўшиб юборилган.

 

Қиримчақлар диний мансублигига, аниқроғи ортодоксал яҳудийлик талабига кўра сочининг ён томонида зулф (какул) қўйиб юришган[9]. Шу ерлик қарайимлар эса зулфсиз юришган. Шу сабаб Қирим татарлари Қиримчақларни “зулуфлу жуҳуд”, қарайимларни “зулуфсуз жуҳуд” деб аташган.

 

Қиримчақларда эндогамия сақланган, яъни ака-ука, опа-сингилларнинг фарзандлари бир-бири билан турмуш қуришига рухсат берилади. Шу сабабли, фамилиялар унчалик кўп эмас ва уларнинг келиб чиқиши кўпинча битта отага бориб тақалади[10].

 

Қиримчақларнинг турмуш тарзи асосан ҳунармандчилик билан боғлиқ бўлган. Улар терига ишлов бериш ва ундан маҳсулот тайёрлаш бўйича уста бўлишган. Уларнинг тайёрлаган кийим кечаклари, айниқса бош ва оёқ кийимларининг бозори чаққон бўлган. Таомлар масаласида эса уларни бошқа турклардан фарқлаш қийин. Қиримчақлар гўштни жуда кўп истеъмол қилишади. Шунинг учун бўлса керак, энг севимли таоми ҳам “кўбэте” яъни “кўп эт солинган таом” деб аталади. Гўштдан тайёрланадиган қовурма, бастирма, бўрана (карам ва гўштдан тайёрланади), бубер ашы (қалампир ва гўштдан тайёрланади), мусақа (мева ва гўштдан тайёрланади), нўхат аши (нўхат ва гўштдан тайёрланади), таветэ (гуруч ва гўштдан тайёрланади)  ҳам Қримчақ ошхонасининг тансиқ таомлари саналади[11].

 

Улар сутли ва хамирли таомларни, хусусан пишлоқ, сутли ашни ҳам хуш кўришади. Бўза, язма (қатиқ), йоғурт уларнинг севимли ичимлиги[12].

 

Қиримчақ тили

 

Қиримчақларнинг тили туркий тилнинг қипчоқ лаҳжасига мансуб. А.Н.Самойлович тилнинг шаклланишини Хазарлар ҳукмронлиги даври билан боғлайди ва бу ҳақиқатга яқин. Тилнинг асоси қипчоқ бўлса-да, кейинги уч юз йил давомида бошқа қораденгизбўйи туркийлардаги каби, қиримчақ тилига ҳам онадўли туркчасининг таъсири кучайган ва шу жараёнда ўғуз элементлари кўпроқ ўзлашган. Шунингдек, қиримчақ тили қайсидир жиҳатлари билан чиғатой тилига ҳам ўхшаб кетади. Шунинг учун бўлса керак, XIX асрга қадар улар ўз тилини чиғатой тили деб билишган. Умуман олганда, тилнинг асосий таркибини туркий сўзлар ташкил қилади.

 

Қиримчақ тилини тадқиқ қилишни биринчи бўлиб Аврам Ицхақ бошлаб берган. У 1729 йилда “Қоидалар. Катта ва кичик ҳаракатлар (диакретик белгилар)” номли китобида 1600 та (диний мазмундаги) сўзни таҳлил қилган. Ундан кейин Нисим Натан Морткай га-Леви Чахчир 1822 йилда чоп этилган “Глоссарий”сида қадимги яҳудий тили ва қримчақ тилидаги 1822 та сўзнинг луғатини тақдим қилган. ХХ асрнинг 20-йилларида Исаак Самуилович Қоя қримчақ тилидаги биринчи дарсликни ва рус-қримчақ луғатини яратган. Кейинчалик Евсей Исаакович Пейсах “Қиримчақ-рус луғати”ни ва “Қадимги яҳудий-қиримчақ-рус тиллари луғати”, “Қиримчақ-татар-рус тиллари луғати” ва бошқа китобларни чоп эттирган.

 

Давид Ильич Реби кейинчалик И.С.Қоя ва Е.И.Пейсахнинг луғатларини жамлаган ҳолда қиримчақ-рус луғатининг мукаммалроқ вариантини яратган[13]. Мазкур мақолада асосан Давид Ребининг луғатидан фойдаланилган.

 

Қиримчақлар бир-бирлари билан ўзаро мулоқотда туркий тилда ибодат қилаётганда, дуо ўқиётганда ва боша диний маросимларда яҳудий тилида сўзлашишади. Шунинг учун тилнинг таркибига гебраизмлар, яъни яҳудий тилидан Исраэль, Срэль – Исроил; генам – жаҳаннам; Йараб – Ё, Раббим; қаал – яҳудий ибодатхонаси, машийах – мессия; масиҳ (Довуд мессия); мидраш – диний мактаб (мадраса), танах (муқаддас китоб), мишнэ – диний (оғзаки) қонунлар тўплами, хахам – диний руҳоний, реби – диний муаллим каби кўплаб сўзлар кўп ўзлашган.

 

Қиримчақ тилида яҳудийча сўзларнинг арабчага ўзгариши ҳам кузатилади. Бу албатта, улар билан бақамти яшаган мусулмонлар, хусусан Қирим татарлари таъсирида юзга келган бўлиши ҳам мумкин. Аммо яна бир версия борки, унга кўра қадимги яҳудий тили араб тилига ҳозиргидан анча яқинроқ бўлгани ва қиримчақлар уни сақлаб қолгани таъкидланади. Нима бўлганда ҳам, қиримчақ тилида жуда кўплаб лексемалар, хусусан Аллоҳ, Азиз, Азрайил, Малак, машаллаҳ, шайтон, шейх, байналмилал, мамлакат, оила, маориф, дақиқа ва ҳоказо сўзлар араб тилининг фонетик қоидалари доирасида талаффуз қилинади.

 

Энг қизиғи, қиримчақ тилига форс тилидан ҳам жуда кўплаб сўзлар ўзлашган ва улар чиғатой тилидагидан деярли фарқ қилмайди. Подишоҳ, вазир, пайғамбар, дерек (дарахт), девон, девона, диёр, дўст, дил, дори, дармон, достон, зиндон каби сўзлар қримчақ тилида фаол қўлланилган.

 

Ҳозирги қиримчақ тилида ўғуз лаҳжасининг, хусусан онадўли туркчасининг ўрни катта. Бу айниқса, ўзаро мулоқотда кўпроқ кўзга ташланади:

 

 

Сизге за(ҳ)мет олмаса – Мумкин бўлса;

Хош келдинг (келдингиз) – Хуш келдинг(из);

Саба (сабангиз) хайыр олсын – Хайрли тонг;

Ахшам (ахшамынгыз) хайыр олсын – Хайрли тун;

Сағ ол – Раҳмат;

Сенынг адынг нэ? – Сенинг отинг нима?

Атангнынг ады нэ? – Бобонгнинг оти нима?

Сен нэйердэ ишлийсынг? – Қаерда ишлайсан?

Сен қач йашындасынг? – Ёшинг нечада?

Сен соледынг мы онга (оларға)? – Сен уларга айтдингми?

Эки афтадан сон мен Қырымға кытэжеем – Икки ҳафтадан сўнг Қримга кетаман:

 

Автобусқа (троллейбусқа) мынайык – в автобус (троллейбус)га минайлик[14].

 

 

Умуман олганда, қиримчақларнинг тилини тушуниш унчалик қийин эмас. Айниқса, биринчи мулоқот осон кечади. Чунки, улар ҳам ўзбеклар каби эркакларга ака(й), аёлларга опа(й)деб мурожаат қилишади. Шу ўринда тилнинг яқинлигини ҳис қилиш учун қавм-қариндошликни ифодловчи сўзларга эътибор қаратамиз:

 

 

Қиримчақ тилининг тушуниб олишимизни қийинлаштирадиган бир жиҳати бошқа тиллардан ўзлашган юмшоқ ҳ ёзувда ҳам, талаффузда ҳам ишлатилмайди. Мисол учун, ўзбек тилидаги юмшоқ ҳ билан бошланадиган ҳамма сўзлар қримчақ тилида а товуши билан бошланади: алва (ҳалва), аммам (ҳаммом), арам (ҳарам), афта (ҳафта) ва ҳоказо. Бу хусусият аслида барча қипчоқ тилларига хос бўлиб, ҳайит сўзининг айит шаклида талаффуз қилиниши ҳаммага маълум. Айрим ҳолатларда юмшоқ ҳ сўз ўртасида ҳам тушиб қолади: баар (баҳор), сана (саҳна), замет (заҳмет)... Узун у унлисидан олдин келган т товушининг ч шаклида талаффуз қилиниши ҳам тилни тушунишни қийинлаштиради: чуш – туш, чушмек – тушмак, чушынмек – тушинмоқ ва ҳоказо.

 

Қиримчақ тилида сўз ясалишида ҳам туркий тилларга хос р билан бошланувчи сўзлар олдида унли товушнинг орттирилиши кўзга ташлананади: Орис (рус), Россия (Орусия), Рўза (Ўраза) ва ҳоказо.

 

Унли билан бошланадиган, иккинчи товуш с бўлган сўзларда биринчи унли тушиб қолади. Срэль (Исроил), сути (усти), стемек (истамак).

 

Қиримчақ тилида агглютинация[15] сақланган. Бу анг ўзагидан ясалган сўзларда яққол кўзга ташланади ва ўз-ўзидан тилнинг олтой тиллари оиласига мансублигини кўрсатади:

 

анг– англаш, тушуниш;

англайышлы – англамли, тушунчали;

англайышсыз – англамайдиган, тушунмайдиган;

англайышсызлых – англамаслик;

англамах – англаш;

англатмах – англатиш, тушунтириш.

 

Қиримчақ тилининг асосини қипчоқ тили ташкил қилади, шунинг учун қипчоқ диалектига хос хусусиятлар сақланган: айув (айиқ), тав (тоғ), айип (айб), балақ (иштоннинг почаси[16]), безав (безак), бий (бек), былай (бундай), ўлай-былай (ундай-мундай), ойаф-буйақ (уёқ-буёқ), былтыр (бултур), қыбырдамах (қирмирламоқ), қылый (ғилай), қылық (характер), манглай (пешона), мында (бу ерда), питақ (бутоқ), пытамақ (шохларни кесмоқ, бутамоқ), пытырмоқ (битирмоқ), сувуқ (совуқ), аччув (ғазаб), був (буғ), кийиз (кигиз), чыбын (пашша), жийин (йиғилиш) ва ҳоказо.

 

Қиримчақ тилнинг, айниқса адабиётининг шаклланишида сўфизм фалсафасининг ҳам катта таъсири бўлган. Шунинг учун, лексикада сўфиёна сўзлар ҳам учрайди. Мавло, мавлоно, ҳазрет, дарвиш, мажнун, мушовара, ҳилват, фано, бақо, назм, рубоий, ғазал каби сўзларнинг ўзлашгани шуни кўрсатадики, ўрта асрларда қиримчақлар маданиятининг ва адабиётининг шаклланишида тасаввуф фалсафасининг ҳам таъсири бўлган. Шу сабабли, тилнинг фонетик хусусиятлари чиғатой тилига ўхшаб кетади. Қолаверса, қиримчақ адабиётида рубоийлар ва ғазаллар муҳим ўрин тутади. Ҳозирги кундаги энг машҳур қиримчақ шоири Александр Багинский ҳам “рубоийчи шоир” сифатида танилган[17].

 

Биқиқ қалблар бугун уйқуга чўмган,

Нафосат уларчун мисоли тилсим.

Уларнинг қалби – тош, пўпанак босган

Рубоийларингни айт тушунар ким?

 

Қизиқ маълумот: биламизки, туркий тилларда “божа” деган сўз бор ва у опа-сингилларнинг эрларига (бир-бирига) нисбатан ишлатилади. Қиримчақ лексикасининг таҳлили шу сўзнинг этимологиясини бир мунча ойдинлаштириб берар экан. Қиримчақлар божани бажанақ дейишади. Энди таҳлил қилсак: ўғиз тилларида опа ва сингилга нисбатан бажи сўзи қўлланилади. Бажанах(қ) эса уларнинг эрларига нисбатан. Демак, бажанақ аста секин нақ аффиксини йўқотган ва божага айланган. Бажанақ Эдвард Севортян тузган “Туркий тилларнинг этмологик луғати”да келтирилган ва нақ аффикси ҳам унда ўз тасдиғини топган. Аммо Севортян негадир бу сўзнинг келиб чиқишини бажи (опа ёки сингил) сўзи билан боғлаб таҳлил қилмаган[18].

 

 

Яна бир қизиқ маълумот: Қиримчақларда келиндаш деган лексема бор экан ва у ака-укаларга турмушга чиққан опа-сингил келинларга нисбатан қўлланилар экан.

 

Қиримчақ тилининг ўзига хос жиҳатларидан бири, унда негизи туркий, аммо бошқа туркий тилда учрамайдиган сўзлар ёки маъноси бошқа тиллардан бўлакча қўлланиладиган сўзлар ҳам талайгина[19]:

 

 

 

Аталар сўзи

 

Қиримчақлар мақолни “аталар сўзи”, топишмоқни “тапмажа”, деб аташади. Мақоллар қиримчақларнинг ўзаро мулоқотида жуда фaол қўлланилади. Шунингдек, фарзанд тарбияси ва ахлоқ меъёрларининг шаклланишида ҳам муҳим ўрин тутади. Мақолларнинг аксарияти ўзбек мақоллари билан мос келади:

 

Беш пармахым – беш турльы (беш бармоғим беш турли);

Беш пармахым, қайсыны чышлесэм – о ағырыр (беш бармоғимниг қайсини тишласам ҳам оғрир);

Баш сағ олса, қалпах тапылыр (бош соғ бўлса қалпоқ топилар);

Балых башындан сасыр (балиқ бошидан сасийди);

Баш йазысыны кöз кöрер (бошга тушганни кўз кўрар);

Бырче ичун йурғаны йақмайлар (бурга учун кўрпани куйдирма);

Қазанда нэ ташласанг, қашыхқа о чушер (қозонда бори чўмичга чиқар);

Доғру солеген тувганға ярамаған (тўғри гапирган туққанига ёқмайди);

Сўз – буйукнынг, сув – кычкенэнынг (сўз каттадан, сув кичикдан);

Қаш тузетем – деп, коз чыхарай (қўш қўяман, деб кўз чиқарма);

Қызым, санга солеим, келиным, сен ишит (қизим сенга айтаман, келиним сен эшит).

Оғлан олса шоқ олсун, шоқ олмаса – йох олсун (ўғил бўлса шўх бўлсин, шўх бўлмаса йўқ бўлсин);

Сабур тыбы – сары алтын (сабиртаги сариқ олтин);

Тошегинэ коре аяхны узат (тўшагинга қараб оёғингни узат);

Йығламаған балаға эмчек вермийлер (йиғламаган болга эмчак бермаслар).

Эгер ель уфлемез, дрек тепренмез (шамол бўлмаса, дарахт тебранмас).

 

Туркий тубли мақолларнинг динга кўра тусланиши ҳам одатий ҳолат. Шимол туркийларида “шаман(қам)нинг айтганини қил, қилганини қилма”, мусулмон туркийларида “мулланинг айтганини қил, қилганини қилма”, деган мақол сақланган. Эътибор берган бўлсангиз, бу ерда фақат эга ўзгарган. Турк тилида айни мақол “хожанинг айтганини қил, қилганини қилма” шаклида учрайди. Бу мақол қримчақларда “ребинынг солегенны эт, эткенны этме(реби(раввин)нинг айтганини қил, қилганини қилма” шаклида қўлланилади.

 

Айрим мақолларда нозидлик муносабатлари ҳам кўзга ташланади. Мисол учун, ўзбекча “тўйга тўйиб бор мақоли” қиримчақларда “тўйдан тўйиб қайт” (тойға варсанг – тоип қайт) шаклида келади. Ёки меҳмон кутиш билан боғлиқ “меҳмоннинг иззати уч кун” мақоли ўрнида сал қўполроқ, аниқроғи меҳмонни тўғридан-тўғри кофирга чиқарувчи мақол бор: Быр кÿн мысафыр, экы кÿн мысафыр, учынжы кÿн – кыт, кьафыр (бир кун мусофир, икки кун мусофир, учинчи кун кет, кофир). “Деворнинг қулоғи бор” мақоли ҳам уларда ўзгарган: Қапуда қулахлар вар (эшикнинг қулоғи бор).

 

Қиримчақларда номадик ва уларнинг турмуш тарзи билан боғлиқ мақоллар ҳам кўп учрайди. Аввало, чорвачилик билан боғлиқ мақолларга эътибор қаратамиз:

 

Сахла саманны, келир заманы (Сомонни сақла, ҳали замони келади);

Быр қой быр тэредэ эм азар, эм семызыр (Бир қўй битта терининг ичида ҳам озади, ҳам семиради);

Олғанда тай, бузав олыр, олмағанда – нэ тай нэ бузав (Бўлганда той ҳам бузоқ ҳам оласан, бўлмаганда той ҳам бузоқ ҳам йўқ);

Быр ат ичун бин ат севепленген (Бир отни танлаш учун минг отни саралаймиз);

Копексиз қой олмаз (ит бўлмаса қўй (боқиб) бўлмас);

Сен – хан, мен – хан, атқа пичен вермеге киши йох (Сен – хон, мен – хон, отга пичан ташлайдиган киши йўқ);

Атқа торбаны костерме (Отга тўрвасини кўрсатма).

 

Мақоллар орасида асаларичилик, деҳқончилик ва боғбонликка оид дидактик мазмундагилари ҳам учрайди:

 

Бал тутқан – пармахыны йалар (Асалари боққан бармоғини ялар);

Бахылмаған пычен йель алыр, йель алмаса – эль алыр (Пичанни олиб кетмасанг ел олар, ел олмаса эл олар).

Бахсанг – бағ олыр, бахмасанг – дағ олыр (Боқсанг боғ бўлар, боғмасанг тўқай бўлар).

Бахчы байлых – беш айлых (Боғбоннинг бойлиги беш ой).

 

Мақоллар орасида илим олишга, тафаккур қилишга ундайдиган, билимга интилмаганлар қораланадига мақоллар ҳам кўп:

 

Билюв ярыхы кунешден кучлю (Илмнинг нури қуёшдан кучли);

Башында ақыл олмаса – экы айахқа зор веpep (Бошида ақли бўлмаса, икки оёққа қийин бўлади);

Быльмемек айып дугуль, быльмек стэмеген айыптыр (Билмаган айб эмас, билишни истамаган айбдир);

Фикирсыз учқан қуш қонмаға ер тапмаз (Ақлсиз учган қуш, қўнмоққа ер топмас);

Быр дельы дэреге быр таш атса, бин услы чыхармазлар (Бир далли ахмоқ дарага тош отса, мингта аққли ҳам уни топиб чиқолмас);

Алла ақылны алғанчез – джанны олсын (Аллоҳ ақлни олгунча жонни олгани яхши).

 

Қримчақ мақолларида ҳам бошқа туркий халқлар афористик поэзиясига хос бўлган контрар муносабатли мақоллар устунлик қилади:

 

Ах ахчы қара кунге керек (Оқ ақча қора кунга керак);

Қара ерден ах отмек чыхар (Қора ердан оқ нон чиқар);

Татлы қуру отмек яшлыкда, имшах қартлыхда (Ёшликда қуруқ нон, қариликда юмшоқ нон тотлидир);

Аз олса етер, чоқ олса да китер (Оз бўлса етади, кўп бўлса ҳам барибир кетади).


Мақоллар орасида яҳудийларнинг характерини акс эттирувчи мазмундагилари ҳам учраб туради:

 

Бульбуль ол да, қафестэ олма (Булбул бўл-у, қафасда бўлма);

Манга нэ файда дуньянынг кениш олғандан, чизмам тар олса? (Этигим тор келиб турган бўлса, менга дунёнинг кенглигидан нима фойда?);

Яхшы аш қалғанчез яман қурсах патласын (Яхши овқат қолиб кетгандан кўра, майли ёмон ошқозоним ёрилсин);

Йохса сенынг джанынг – джан, я меным патылджан? (Нима, сенинг жонинг жон-да, меники бақлажонми?);

Ач козынгы озынг, йохга ачарлар козынгы (Кўзингни ўзинг оч, бўлмаса бошқалар кўзингни очарлар);.

Арсланнен – арслан ол, қозунен – қозу, амма эшекнен
эшек олма (Арслон билан арслондек бўл, қўзи билан қўзидек, аммо эшак билан эшакдек (муомалада) бўлма;

Ким су тапмай ичмеге, копыр тапмай кечмеге (Ким ичмоққа сув топмас, ким кечмоққа кўприк);

Домбель келеджегине қулах асмай (Дангаса келажаги ҳақида қайғурмайди);

Чоқ яшаған чоқ бильмез, чоқ гезген чоқ билир (Кўп яшаган кўп билмас, кўп кезган кўп билар);

Сувға чушкен – қуры чыхмаз, мезарға кырген – тыры чыхмаз (Сувга тушган қуруқ чиқмас, гўрга кирган тирик);

 Дыреклер киингендэ – адамлар тешинирлер,

 Дыреклер тэшингендэ – адамлар киинырлер

(Дарахтлар ечинганда одамлар кийинади, дарахтлар кийнганда одамлар ечинади);

Мены тыймеген йылан бин яшасын (Менга тегмаган илон минг йил яшасин);

Нэ балдан татлы ол, нэ зеердэн экши (Асалдан тотли, заҳардан аччиқ бўлма);

Эвдеги эсап базаргъа уймаз (Уйдаги ҳисоб бозорда тўғри келмайди);

 

Қиримчақларнинг топишмоқлари ҳам жуда таниш ва бошқа туркийларнинг топишмоқлари билан айнидир:

 

Кулахлары вар – мытмий, яхлары вар – гезмий (қулоқлари бор – эшитмайди, оёқлари бор юрмайди. (қозон)

Кечеден айахсыз, сабахтан дорт айхларда, кундуз – эки айхларда, ахшам – уч айхларда (кеча оёқсиз, эрталаб тўрт оёқда, кундузи икки оёқда, оқшомда уч оёқда). (одам)

 

Қиримчақ эдебияти

 

Қиримчақ адабиётининг асосини диний-маърифий мавзудаги асарлар ташкил қилади. Уларнинг аксариятини пайғамбарлар тарихи, олимларнинг диний тафсирлари, панд-насиҳат мазмунидаги назмий ва насрий асарлар, кичик ҳажмли ривоят, матал, масаллар тўлдирган. 846 йилда ёзилган “Катта ва кичик пайғамбарлар китоби” улар орасида энг қадимийси саналади[20]. Ўрта асрларда қиримчақ шоирлари ғазал ва рубоий жанрида ижод қилишган, аммо уларнинг деярли ҳаммаси бугунги кунгача етиб келмаган ёки топилмаган. Диний мазмундагилари эса кўпроқ сақланган.

 

Ҳозирги кунда Симферополда “Қиримчахлар” номи остида илмий-оммабоп, адабий-баъдий журнал чоп этилади ва унда қиримчақ ёзувчилари ва шоирларининг ижод намуналари бериб борилади. Янги давр ёзувчиларининг ижодида туркона руҳ кўпроқ сезилади. Аммо, услуби кўпроқ шўро даври қолипларига мос келади.

 

Хулоса

 

Қиримчақ халқининг ва тилининг ўз тарихи бор. Қиримчақлар асли турк, яҳудийлик динига эътиқод қилувчи қипчоқлардир. Тили турк лексикографиясининг, аниқроқ айтилса, Қора денгиз бўйидаги туркий тил шевалари континиумининг ажралмас қисмидир. Рус олимлари қиримчақ тилини қиримтатар тилининг бир шеваси сифатида кўрсатишга ҳам уринишган. Аммо қандай қилиб? Дини бўлак, маданияти тубдан фарқ қиладиган икки халқнинг тили битта бўлиши мумкинми? Албатта йўқ!

 

Қиримчақ тилининг милоддан аввалги даврдаги тарихи ўлик қипчоқ тили билан боғланган. Кейинчалик тил таркибига сомий тиллар, хусусан арамий ва ойсор тилларидан сўзлар ўзлаша бошлаган.

 

Араб тилидан сўзларнинг ўзлашиши Қиримда яшовчи мусулмонлар таъсирида юзага келган. XIX асрнинг охирларида Хаим Хизкиягу бен Медини фаластиндан Қиримга келиб қиримчақларнинг бош раввини лавозимида ишлаганда маҳаллий аҳолига Андалусияда шаклланган сефард анъаналарини ҳам киритган[21]. Сефард тилида эса араб элементлари кўпроқ бўлган[22]. Форс тили ва чиғатой тилидан сўзларнинг ўзлашгани шуни кўрсатадики, XII–XIX асрларда ижод қилган қиримчақ шоирлари ва олимлари тасаввуф фалсафаси ва адабиёти билан яхши таниш бўлишган.

 

Қирим хонлиги 1475 йилдан тўлиқ Усмонли турклар қўлига ўтгач қримчақлар ўғуз диалектини ўзлаштира бошлаган ва шу даврдан бу ерда қораденгизбўйи ўғуз шеваси шаклланган. Бу шева турк тилидан q (арабча ق) товушининг мавжудлиги ва қипчоқ тили элементларининг кўплиги билан фарқланади.

 

Умумий хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, қиримчақларнинг келиб чиқиши ва тили бошқа қипчоқ эллари билан муштарак. Яҳудийлик динини қачон қабул қилгани эса аниқ маълум эмас. Аммо қиримчақларнинг ўз тарихчилари буни VIII асрда хазарларнинг яҳудийликни қабул қилиши билан боғлашади. ХХ асрнинг 90-йилларидан бошлаб қиримчақларда миллий тикланишга бўлган уринишлар кўзга ташланади. Бунда ҳозир ҳам фаолият юргизиб келаётган “Қиримчақлар” миллий маданий-маърифий жамияти муҳим ўрин тутади.

 

 

Анвар БЎРОНОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

 


[1] Национальный состав населения по республикам СССР. Архивировано 6 января 2012 года. http://www.demoscope.ru/weekly/ssp/sng_nac_89.php?reg=4

[2] Ички ишлар халқ комиссариати.

[3] Куповецкий М.С. К этнической истории крымчаков. || Этнокантактние зоны европейский части СССР. М: изд. АН СССР. 1989 – С. 53.

[4] Bar Kokhba // Catalogue of the Library of the Pontifical University of Saint Thomas Aquinas.

[5] Крымчаки – статья из Электронной еврейской энциклопедии.

[6] Ивик О., Ключников В. Хазары. Очерки хазарской археологии. – Москва, 2013.

[7] Европа яҳудийлари.

[8] Қарайимларда гахам.

[9] Куповецкий М.С. К этнической истории крымчаков. || Этнокантактние зоны европейский части СССР. М: изд. АН СССР. 1989. – С. 53-69.

[10] Крымчаки (кърымчаки): история и реальность / О.Г. Мормуль // Культура народов Причерноморья. – 1999. – № 6. – С. 167–170.

[11] «Крымчахлар» (Крымчаки): научно-популярный, литературно-художественный Альманах № 9/2019. – Симферополь: ГАУ РК «Медиацентр им. И. Гаспринского», 2019. 264 с.

[12] https://nazaccent.ru/nations/krimchaki

[13] Реби Д.И. Крымчакский язык. Крымчакско-русский словарь. – Симферополь, ДОЛЯ, 2004. 224 с.

[14] Реби Д.И. Крымчакский язык. Крымчакско-русский словарь. – Симферополь, ДОЛЯ, 2004. – С. 26-27.

[15] Агглютинация (от лат. agglutinatio – “ёпиштириш, қўшиш”) – тилларда сўзнинг ўзагига грамматик ва деривациявий маънога эга аффиксларни қўшиш йўли билан янги сўз ёки грамматик шакл ҳосил қилиш.

[16] Аслида барча туркий тилларда “балақ” бўлади. Поча(пойча) форс тилидан ўзлашган.

[17] Андрей Багинский - Рубаи и четверостишия. https://www.litres.ru/book/andrey-baginskiy-12002870/rubai-i-chetverostishiya-25279734/chitat-onlayn/

[18] Этимологический словарь тюркских языков: Общетюркские и межтюркские основы на букву “Б”. М: «Наука», 1978. С. 24-26.

[19] Асосий манба: Реби Д.И. Крымчакский язык. Крымчакско-русский словарь. – Симферополь, ДОЛЯ, 2004. 224 с.

[20] Радлов В.В. Образцы народной литературы северных Тюркских племен. – СПб., 1896. – ч. VII. 935 с.

[21] Сефардлар (сефард яҳудийлари) (яҳудий. סְפָרַדִּים‎ Sfaradim, Испан ерларини англатувчи ‎ סְפָרַד Сфарад топонимидан олинган) – Пиренея ярим оролида, Римской империясида кейинчалик, Араб халифалиги даврида шаклланган яҳудийлар жамоаси.

[22] Ачкинази В.М. Имена крымчаков // Проблемы истории Крыма, Сф., 1991 г., т. 1, с. 9-10.

 

Oyina.uz'ни Телеграмда ўқинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси