Менга сўз беринг!..


Сақлаш
23:29 / 28.12.2023 682 0

Қадим Шарқда азалдан ҳукмдор қабулида ҳозир бўлмоқнинг маълум тартиб-қоидаларига амал қилинганини биламиз. Яъни ҳузури муборакда беизн сўз айтилмаган – сўралгандагина аниқ, мухтасар жавоб қилинган; бунда ҳар хил тама ёки иғво аломатлари аралашса, тегишли йўсинда жазога мустаҳиқ этилган. Албатта, бандаси хом сут эмиб катта бўлганки, унақа ҳолатлар ҳам кам учрамагандир. Бироқ биз ҳозир муддаомиздан йироқлиги боис, ул хусусда сўз юритмоқдан тийиламиз.

 

Бугун бошқа замон, раҳбар билан раият ўртасидаги муомала-муносабат хийла эркин, демократик, ҳатто дўстона бир тус олган. Бугун ҳар ким мажлис-маросимда сўз олиб, дилидагини эмин-эркин баён қилиши, зарур келганда “катта”нинг фикрига асосли эътироз билдириши ҳам айб саналмайди ва бунинг учун бирон бир тукига зиён етмас, гоҳо эса ана шу дадиллиги учун раҳбарнинг олқиш-эътиборига сазовор бўлгуси.

 

Яширмайлик, давлат бошлиғи қатнашадиган катта йиғинлар олдидан кўпинча айрим эҳтиёткор ходимлар сўзга чиқадиган кишига “ғоявий ишлов беради” – нимани айтиш керагу нимадан “қайтиш” кераклиги хусусида. Биз бу тартибни ҳошакалло бекор қилиш тарафдори эмасмиз, раҳбарларнинг вақти зиқ бўлади, мавзудан ташқари ҳар хил луқмалару беҳуда сўзамоллик билан уларни банд этиш одобдан эмас. Бир кун келиб сўзловчиларимиз ҳам, тингловчиларимиз ҳам махсус “муаллим”ларсиз гапнинг маром-меъёрини билиб олар, шунга мувофиқ гўфтугў қилинар, лекин ҳозирча...

 

Куни кеча ўтказилган маънавиятчи ва маърифатчиларимизнинг катта йиғинида биз бунга амин бўлдик. Кенгаш раиси ҳисобланган Президент Шавкат Мирзиёев маърузасини якунлаб, қатнашчиларга сўз бераркан, бояги “муаллимчилик” тажрибасидан хабардор эканини айтди, бугун шу тартибдан воз кечиб, хоҳлаган одам сўзга чиқиши, кўнглидагини баралла баён қилиши мумкинлигини таъкидлади, анжуман аҳлини очиқликка, дадилликка даъват этди.

 

Аввало шуни айтайликки, давлат раҳбарининг муфассал маърузасида маънавий-маърифий ҳаётимизнинг барча муаммолари тилга олинди ҳисоб, ҳар томонлама таҳлил қилинди, ечим ва истиқболлари бир-бир кўрсатиб берилди. “Жадид” аталмиш янгича газета, улуғ аждодларимиз номида халқаро мукофотлар таъсис этиш, ноширларга солиқ имтиёзлари, музейлар, театрлар таъмири, маошлар масаласи, хуллас, дағалроқ туюлса-да, нонсизга нон, ошсизга ош дегандек...

 

Бундай олганда, кун тартибидаги масалалар ҳал, изоҳ-изҳорларга ҳожат йўқ эди. Қоида бўйича эса, анжуман аҳлининг олдидан ўтиб, уларга-да сўз бермоқ лозим. Бу ёғи, сўз олган музаккирлар ўртага қўйилган вазифалар юзасидан аниқ-лўнда фикр билдирса кифоя. Қаёқда дейсиз, бир-икки нотиқни истисно қилганда, ҳамма ўз дардига тушиб кетди. Дарди – юксак назарга илиниб қолиш, “мен ҳам борман, ҳалиям борман”, баҳонада аравасини юргизиб олиш, тўймас илинж, ошкора тама... Бунга ўхшаш катта-кичик йиғинларда қатнашиб кўрган одам – шахсан мен хижолатларга чулғаниб ўтирдим...

 

Тўғри, маърузада акс этган масалалар бўйича фикр билдириш, уни қўллаб-қувватлаш ва кўрсатилаётган ғамхўрлик учун миннатдорлик изҳор этиш, ҳатто унча-мунча лутф қилиш ҳам айб эмас, албатта. Аммо гапирган гапимиз бошдан-адоқ ҳамду санодан иборат бўлса, боз устига унда риёкорлик манаман деб турса, ишни юриштиришга доир бирор жонли фикр ўртага ташланмаса... Маънавият ва маърифатнинг чин ҳомийси сифатида бағрикенглик қилиб, кўнгилда борини баралла сўзламоққа қайта-қайта даъват этиб турганига қарамай, эсли-ҳушли мардум давлат раҳбарининг ҳар дақиқа вақти ҳисобли эканини ҳис этмоғи даркор. Бундай чоқда масала ҳарқанча мураккаб бўлмасин, айтилаётган фикр имкон қадар қисқа ва лўнда ифода этилмоғи лозим. Қаранг, ён-верингизда ўтирганлар ҳам содда-анойи эмас, ҳар бири ўз соҳасининг билимдони, пири дегулик! Улар қолиб (балки турли андиша билан), айнан сиз сўз сўрадингизми, марҳамат, эл-улусга манфаатли бирор гап билан ўзингизни кўрсатинг, таҳсин айтайлик!

 

Бундай чучмаллик, юмшоқсупургилик ёши катталаримизга кечаги замондан илашиб келаётган иллат-да десангиз, бугунги ёшлар-чи?! Қаторлашиб сўзга чиққан бир талай ука-сингилларимизнинг ҳув бир вақтлардаги комсомоллар сингари ўктам ва бийрон хитобларию чиранишларини (ҳа, шундай, бошқа ифода йўқ!) кўриб, улуғ шоиримизнинг пушаймонликка тўлиқ надоматли сатрлари ёдга тушиб кетади:

 

Энди сен боболар шавкатига боқ,

Актёрдек сохтакор шавқларга тўлма.

Мен ҳаёт қўлида бўлдим ўйинчоқ,

Бахтсиз яшаб ўтдим, сен бахтсиз бўлма.

 

Президент нутқининг аввалида бесаранжом замонда яшаётганимиз, бу кўҳна дунё ҳамон зўру зар ўртасида талаш экани, айниқса, сўнгги кунларда оғзига кучи етмаган айрим “ватанпарвар” нусхалар ўз юртининг ҳолига боқмай бошқа юртларга эгалик даъвоси билан чиқаётгани борасида фикр юритиб, шундай нозик ва қалтис дамларда зиёлиларимиз бирдам ва маҳкам турмоқлари зарурлигини таъкидлади.

 

Ажабки, минбарга чиққан воизларимизнинг бирортаси ана шу муҳимдан-муҳим, ҳаёт-мамот дегулик масалани лоақал бир эслаб қўймади. Бизнингча, кун тартибидаги энг долзарб мавзу шу эди. Хўш, ўзинг-чи, ўзинг нега мум тишлаб ўтирдинг дейишлари мумкин. Айбимиз бўйинда, ҳар маъно истиҳолалар гирдобида биз ҳам мажлисхонани тўлдирган кўпчилик қатори томошабин бўлиб ўтирганимиз рост. Бунга энди оқлов топиб бўлмас!

 

Ана шундай беҳуда чайнаш-чайналишлар, узундан-узоқ даромад-буромад сўзлари ҳисобига машварат беш соатга чўзилди. Бу фурсатни мажлисда ўтирган ҳар бир кишининг умр муддатига зарб берсангиз!.. Чоракам бир аср бурун 350 километрли Катта Фарғона канали содда қўл меҳнати билан атиги 45 кунда қазиб битказилгани биз авлодларга аталган анчайин чўпчак, афсонамикан?..

 

Хўш, шундай қилиб, каминангиз эркин минбар – минбар эркинлигига қаршими? Зинҳор-базинҳор, йўқ! Ниҳояти айтмоқчи бўлганим – катта минбарлар сари йўл олганда миллион-миллион қоракўз элдошларимиз, келажак бизга кўз тикиб турганини унутмасак бас! Чинакам инсоний бурч-масъулият деганимиз ҳам, миллий ғурур деганимиз ҳам ана шунда юз кўрсатади.

 

Эркин АЪЗАМ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси

 

Oyina.uz'ни Телеграмда ўқинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//