Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йилнинг 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисда қайд этилган асосий масалалар, таклиф ва ташаббуслар юзасидан кенг жамоатчилик, хусусан, маънавият соҳаси вакиллари ўз муносабатини билдирмоқда. Ойина.уз шундай фикр ва мулоҳазаларнинг бир нечтасини жамлади.
Лола САОДАТОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши том маънода Маънавият соати, Маърифат соати вазифасини бажарди, десак, ўринли бўлади. Президентимиз Маънавият ва маърифат кенгаши раиси сифатида жамиятимиз ҳаётидаги энг долзарб масалаларга ўртага ташлади. Шу билан бирга, турли муаммоларни, маънавий таҳдидларни ҳал қилиш йўлларини, асосли йўлларини тушунтириб берди.
Йиғилишда ўтирар эканман, шоирнинг «Тараққиёт, севаман сени, тараққиёт, қўрқаман сендан» деган сатрлари бот-бот ёдимга тушди. Сабаби, бугун дунё қанчалик ривожлангани, ахборот технологиялари ўзига хос юксалиш босқичига етгани сайин аҳолининг, айниқса, ёшларнинг онгини, қалбини, тафаккурини забт этишга уриниш ҳоллари, афсуски, бор. Бу каби ёт ғояларга қарши курашиш фақатгина хос соҳа одамларининг ёки хос ташкилотларнинг иши эмас, балки умуммиллат иши экан, деган тўхтамга келасан. Сабаби, бугун дунё саҳнасида, давлатимиз раҳбари айтгани каби, ўзбек, ўзбекистонлик, Ўзбекистон номи қолиши учун бугун ҳамма оёққа туриши керак!
Кенгаш йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан ўртага ташланган масалалар ҳар бир инсон қалбида, ҳар ўзбекистонлик қалбида маърифат чироқларини, маънавият нурларини ёқди, деб ўйлайман. Ва бу чироқлар, бу нурлар ҳеч қачон ўчмаслиги, катта бир ғоя атрофида – Ватанни тинч-осойишта кўриш, Ватанни тараққиётга элтиш ғояси остида ҳар биримиз бирлашишимиз даркор.
Кенгаш йиғилишида бугунимиз ва эртамизга доир муҳим ғоялар, масалалар, таклифлар илгари сурилди. Биз кутган, орзу қилган, шу билан биргаликда, ғуруримизни уйғотадиган масалалар ҳам кун тартибида бўлди. Бу айниқса, жадид боболаримиз шаъни, қадр-қимматини янада юксалтириш, жадидлар меросини кенг ўрганиш, улар илгари сурган ғояларни амалга ошириш бўйича билдирилган фикрлар давримизнинг энг долзарб масалаларини ҳал этишда қўл келади. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг тараққий этган давлатлар ютуқларини олишимиз, шу билан биргаликда, ўзлигимизни, миллий қадриятларимизни, ментал хусусиятларимизни сақлаб қолишимиз кераклиги ҳақидаги фикрлари диққатга молик.
Умуман олганда, Кенгаш йиғилиши миллат келажаги, эртаси янада ёруғ бўлишига қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Азимов Иномжон, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори
Жадид намояндаларидан бири Ҳожи Муйин «Ёшларга мурожаат» мақоласида шундай ёзади: «Ҳамиятли қариндошлар! Кўпдан бери газета ва журналларда ўқиб ва билиб келмакдадурсизки, ҳар миллатнинг тараққийси энг аввал мунтазам мактаблардан бошланур. Зотан инсоннинг саодати мактаб тарбиятидан вужудга келмасми?».
Ҳа, ҳурматли ватандош! Миллат тараққиёти, ривожи мактабдан бошланади. Фарзандларимизни миллий қадриятларимизга ҳурмат, ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, бунинг учун эса тил ва миллий адабиётимизин чуқур ўргатиш мактаб остонасидан бошланади. Бунга алоқадор бўлган мутасаддилар бу ҳақиқатни тушунмасалар ёки тушунишни истамасалар, билингки, бу энг катта фожиа. Куни кеча ҳурматли юртбошимизнинг Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида сўзлаган нутқи бунинг яққол далилидир. Барча қатори юртбошимизнинг маърузаларини диққат билан эшитдим. Маърузада давлат тилининг мавқейи, ривожи бўйича асосли фикрлар билдирилдики, бу гаплар барча ватандошлар қатори менда ҳам ўзгача кайфият уйғотди. Қуйида ана шу уфикрларга тўхталиб ўтмоқчиман.
Биринчидан, «Ўзбек тили ва адабиёти» фани ўқитувчиларига ҳам халқаро сертификатга эга бўлган бошқа фан ўқитувчиларидан кам бўлмаган миқдорда қўшимча ҳақ тўланиши, шу мақсадда миллий сертификатга эга бўлган «Ўзбек тили ва адабиёти» фани ўқитувчиларига келгуси ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланиши белгиланди. Мазкур масала узоқ пайтлардан буён кўпчиликнинг эътирозга сабаб бўлиб келаётган эди. «Хорижий тилларни яхши билса, устама берилсаю, давлат тили бўлган ўзбек тилини чуқур билишлик учун нега устама берилмайди?» қабилида саволлар кўпайган эди. бугун бу эътирозга ҳам нуқта қўйилди.
Президентимизнинг давлат тили масаласини маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишида кўтариши бежиз эмас, чунки тил ва маънавиятни айро тасаввур этиб бўлмайди. Жамиятда миллий қадриятларнинг шаклланиши, маънавиятнинг юксалиб бориши бевосита тил билан боғлиқ. Албатта, бу ишларни биринчи навбатда, жадид боболаримиз айтганидек, мактабдан бошлашимиз керак. Шу маънода давлат раҳбари томонидан «ўзбек тили ва адабиёти» фани ўқитувчиларига эътибор берилиши жадидларнинг «миллат тараққийси мактабдан бошланур» деган васиятининг амалдаги ижроси дейиш мумкин. Зеро таълимда ёш авлодни она тилимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, бой адабиётимиз, тарихимиз, маданиятимизни чуқур ўргатиш орқалигина «ўзбек», «ўзбекистонлик», «Ўзбекистон» деган номлар билан яшаб қолишга хизмат қиладиган ватанпарвар, салоҳиятли кадрларни етиштира оламиз.
Бошқа тилларда таълим олган ҳамюртларимизни давлат тилини ўрганишга рағбатлантириш чораларининг кўрилиши, бошқа тилларга ихтисослашган мактабларда давлат тилини ўқитиш соатлари кўпайтирилиш бўйича таклифлари ҳам мамлакатимизда давлат тилининг мақомини юқорига кўтаради. Таълим ўзга тилларда олиб борилаётган мактабларда давлат тилини ўқитиш масаласи бўйича ҳам муаммолар мавжуд. Бу бўйича мутахассисларнинг мақолалари эълон қилинган. Бу муаммо ҳам давлат тили мавқейига соя солиб турган эди. Энди барча таълим муассасаларида давлат тилини ўқитиш соатлари кўпайтирилади.
Албатта, бундай тажриба хорижий мамлакатларда ҳам бор. Масалан, Озарбойжон Республикаси «Давлат тили тўғрисида»ги қонуни 5-моддасида: “Таълим бошқа тилларда олиб бориладиган таълим муассасаларида озарбайжон тилини ўқитиш мажбурий. Ўрта махсус ва олий таълим муассасаларига киришда «озарбайжон тили» фанидан имтиҳон топширилади”,-деб белгилаб қўйилган.
Ҳукуматнинг давлат тили бўйича олиб бораётган изчил сиёсати туфайли хорижий давлатларда ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш кучайди. Марказ томонидан ҳам хорижликлар учун бир неча ўқув курслари ташкил қилинди. Ўтган ҳафта бир гуруҳ мексикалик фуқаролар уч ойлик ўқув курсини тамомладилар. Хорижликлар учун ўзбек тили бўйича халқаро олимпиадалар ташкил этиш, ғолиб ва совриндорларни пул мукофотлари билан тақдирлаш, шу билан бирга, филология йўналишларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш таклифи эса хорижда ҳам ўзбек тилини кенг тарғиб қилинишига, бошқа тиллар каби оммалашишига хизмат қиладиган муҳим қадам деб ҳизоблаймиз.
Она тилимизнинг ҳар томонлама ривожланиши, унинг жамиятнинг барча соҳаларида ҳақиқий давлат тили мақомига эришишига давлат раҳбари томонидан шундай эътибор қаратилаётган экан, жамиятнинг барча зиёли қатлами бунга бефарқ бўлмаслиги керак. Зеро юртбошимиз айтганидек, “...ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим. Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак».
Наргиза РАҲМАТУЛЛАЕВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилоят бўлими раҳбари
Ҳурматли Президентимиз раислигида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг йиғилиши бўлди.
Ўтказилган кенгаш йиғилишнинг ўтган сафаргисидан фарқли жиҳати, кенгайтирилган тарзда кўп сонли маънавиятчилар қаторида, маданият, санъат, ижод аҳли билан кенг кўламда, масштабда ўтказилганлигида бўлди. Қувонарлиси, йиғилишда кўтарилган ҳар бир масалалар бугунги куннинг оғриқли, ечимини кутиб ётган масалалар бўлиб, уларнинг ҳар бирига тизимли ёндашилиб мамлакатимиз раҳбари томонидан ечими қилиб берилганлиги бўлди.
Президентимиз Маънавият бошқа соҳалардан олдинда юриши, янги куч янги ҳаракатга айланиши керак дедилар.
Айтиш керак, бугун жамиятимизда бирон бир ижтимоий муносабат йўқки, унинг пойдеворида маънавият турмаган бўлса.
Ҳамма даврларда таълим тарбия, ахлоқ ва одоб гўзал фазилат ва хулқлар замирида шаклланади. Одоб масаласига инсоният тарихида боқий қадрият асосида тўла аҳамият берган бизнинг боболаримиз ҳисобланади.
Термизий алломаларимиз бири ҳадислардан бирида «ҳеч бир ота-она фарзандига яхши тарбия, гўзал одобдан буюкроқ ҳадия беролмас», деган.
Шу боис фарзанд тарбиясига ота-оналар жиддий эътибор қаратиши билан биргаликда маҳалла кенг жамоатчилик вакиллари бирдек масъул бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлашимиз жоиз.
Президентимиз йиғилишда Кенгаш раиси Президент, ҳудудларда биринчи раҳбарлар эканлигини алоҳида таъкидлаб илм-фан, таълим ва тарбия, маънавият биз учун устувор вазифа масаласидир дея таъкидладилар.
Шунингдек, Президентимиз ҳаёт шиддат билан ўтиб бораётган бугунги глобаллашув, интернет асрида турли таҳдидлар чегара билмасдан кириб келаётганлигини азалий қадриятлар, ижтимоий-сиёсий қарашларда чуқур трансформация жараёнлари юз бераётганлигини таъкидлади. Ана шундай мураккаб таҳликали вазиятда Ўзбекистон миллий манфаатларига жавоб берадиган йўлни топиши осон эмаслигини, бунга барча эътибор қаратиши, бор куч имкониятларини ишга солиши зарур эканлигини айтди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Президентимиз ижтимоий тармоқлар орқали асосан четдан, баъзан ҳатто мамлакатимизнинг ўзида ҳам Конституция ва қонунларимизга зид илгари сурилаётгани диний эътиқод ниқоби остида ёшларимизни маърифатга эмас жаҳолатга ундаш ҳолатлари пайдо бўлаётганлиги таъкидланди. Бундай вазиятда жаҳолатга қарши маърифат билан курашни кучайтириш эҳтиёткорлик ва огоҳликни ошириш зарурлиги таъкидлади.
– Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув ва ҳаводек зарур, деди Президентимиз.
Ҳамда маърифатпарвар аждодларимизнинг мероси бугун биз қураётган ҳуқуқий демократик ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши табиий.
Жадид боболаримизнинг ғоя ва дастурлари янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳанг эканлигини таъкидлаб ўтди.
Шу билан биргаликда мамлакатимиз раҳбари кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёр туришимиз, ёш авлод тарбияси мураккаб замон талабига жавоб бериши кераклигини алоҳида эътироф этиб ўтди.
– Агар биз бу ёруғ дунёда «ўзбек», «ўзбекистонлик», «Ўзбекистон» деган номлар яшашини истайдиган бўлсак бу саволларга жавоб топишимиз ва уларни амалий ҳаракатга айлантиришимиз керак – деди Президентимиз.
Кенгаш йиғилишида Президентимиз Сурхондарё тажрибаси сифатида маънавият секторини намунали йўлга қўйишни айтиб ўтгани бу бежиз эмас.
Сурхондарё вилояти ўзининг бой тарихи, такрорланмас қадрият, урф-одатлар билан биргаликда, азалдан илм-маърифат, маънавият ўчоғи ҳисобланади.
Кейинги вақтларда олимлар томонидан 200 га яқин Термизий алломаларнинг янги номлари аниқланганлиги, уларнинг бой маънавий мероси олимлар томонидан халқчил, тушунарли тарзда чоп этилаётганлиги қувонарлидир.
Президентимизнинг Маънавият секторининг воҳамизда ташкил этилиши борасидаги топшириғи биз Сурхондарёликларни қувонтиргани билан биргаликда бизга билдирилган беқиёс ишонч ва маъсулят юклатилганлигини англаб олдик.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, Термизий алломаларга бешик бўлган кўҳна заминда Маънавият секторини ташкил этишга барча бирдек киришган ва бу борада вилоятимизда барча имкониятлар ишга солинган.
Oyina.uz
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ