«Биз учун тарихий кун бўлди». Президент раҳбарлигида ўтказилган Маънавият ва маърифат Кенгаши йиғилишидан кейинги хулосалар


Сақлаш
22:39 / 23.12.2023 835 0

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисда кўтарилган асосий масалалар, илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар юзасидан кенг жамоатчилик, хусусан, маънавият соҳаси вакиллари муносабат билдириб чиқишмоқда. Oyina.uz мана шундай фикр ва мулоҳазаларни жамлади.

 

Абдулҳамид Нурматов, 

Республика Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари   

 

                            

 

Давлатни давлат, миллатни миллат қиладиган унинг маънавий қиёфасидир. Президентимиз бу борада ниҳоятда куюниб гапириб, жуда ҳам таъсирли чақириқни ўртага ташлади: “Биз бугунги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими? Булар оддий саволлар эмас. Одамни жиддий ўйлантирадиган, ташвишга соладиган саволлар. Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “ўзбекистонлик”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади”.

 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотларнинг пировард натижаси аслида шу, бизнингча. Яъни янги, тараққий этган, дунё билан бўйлашган Ўзбекистон аталмиш давлатнинг ватанпарвар, эл-юрт ишига фидойи, миллатини, давлатини ҳар қандай вазиятда ҳам ҳимоя қиладиган, ривожлантирадиган, асраб-авайлайдиган, қадриятлари, аждодлари, маънавий-маърифий, илмий, бадиий мероси билан фахрланиб, унга садоқат кўрсатадиган авлодни тарбиялашдир.

 

Президентимиз бу йўналишда ҳам Ўзбекистоннинг аниқ мақсадлари борлигини қатъият билан айтди: “Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур” дея, бу борада бизга ҳурлик, озодлик, ватанпарварлик намуналарини мерос қолдирган жадид боболаримиз ҳаёти андоза эканини таъкидлади.

 

Кенгаш йиғилишида маънавият деган улкан соҳанинг ҳар бир йўналишига алоҳида эътибор қаратилди. Маданият, санъат, адабиёт орқали ёшлар қалбида ватанпарварлик, миллатпарварлик, юрт ишига дахлдорлик туйғуларини шакллантириш мақсади ётгани қайта қайта таъкидланди. Яна бир қувонарли жиҳати, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилганидир. Она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари иш ҳақига ҳам 50 фоизгача устама қўшиб берилиши, ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси ўтказилиши, ғолиб ва совриндорлари пул мукофоти билан тақдирланиши ҳамда ўзбек тили филологияси йўналиши бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши – бу ўзбек тилининг нуфузини кўтариш, унинг ривожланишига янги замин яратиш деганидир.

 

Кенгашда кутубхоналар ишини ривожлантириш, келгуси йилдан миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини кўп минг нусхаларда чоп этиш ва барча кутубхоналарга етказиб бериш лозимлиги таъкидланди. Нашриётларнинг олдида турган муаммоларни ечиш, халқаро майдонда ўзбек адабиётининг нуфузини ошириш учун кўзда тутилаётган режаларнинг барчаси келгусида ўқимишли, зиёли, китобхон авлодни тарбиялашга хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Соҳамизга янги 2024 йилдан бошлаб ҳар йили 100 миллиард сўм маблағ ажратилиши, албатта, миллат маънавияти учун давлат ҳамиша ғамхўрлик қилишидан далолат. Президентимиз шу даражада эътибор қаратиб, ғамхўрлик қилаётган паллада ҳар биримиз дахлдорлик ҳисси билан ёндашиб, маънавий-маърифий ишларнинг самарадорлигини оширишда фидойилик кўрсатишимиз шарт. Зеро, миллатнинг қиёфаси айнан МАЪНАВИЯТ билан белгиланади. Унинг замирида эса жами гўзал хулқлар, тарбия мужассамдир.

 

Бекзод Абдиримов,

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими раҳбари

 

 

Кеча биз учун тарихий кун бўлди. Президент раислигида Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди. Мажлис бошида юртбошимиз хорижлик шовинистларнинг Ўзбекистонни босиб олиш кераклиги тўғрисидаги иддаосига муносабат билдириб, бу оддий бир депутатнинг гапи эмаслиги, зиёлиларимиз ҳамиша огоҳ бўлиши кераклиги ҳақида куюниб гапирди. Ушбу мурожаатдаёқ биз учун маънавият масаласи нақадар муҳимлиги аён бўлди.

 

Йиғилишда Президент томонидан бир қанча таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Ўзим қайд этишга улгурган айримларини келтираман:

 

1. Бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “ўзбекистонлик”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни шартлари санаб ўтилди.

 

2. Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари жасорат билан майдонга чиқиши керак бўлади. Шунинг учун жадидлар каби уйғоқ авлодни тарбиялаш мақсадида “Жадид” газетасини чоп этишни йўлга қўйилади.

 

3. Худди чет тили муаллимлари каби энди ўзбек тили ўқитувчиларининг маошига ҳам 50% устама берилади.

 

4. Ўзбекистонда таълим бошқа тильда бериладиган мактабларда ўзбек тили дарси 2-3 карра оширилади.

 

5. Буюк саркарда ва давлат арбобларимиз, улуғ алломалар, маданият намояндаларимиз ҳақида тарихий фильмлар яратилиши кескин кўпайтирилади.

 

6. Раҳбарларнинг китоб ўқиши ва театрларга бориши шартлиги айтилди.

 

7. Нукусда “Орол маданияти” халқаро илмий анжумани ўтказилади.

 

8. Самарқанддаги Бибихоним масжиди реставрация қилинади. Бу иш амалга ошса, нафақат Ўзбекистондаги балки туркий дунёдаги энг баланд ва кўркам, муҳташам меъморий ансамбль тикланади. Истанбулдаги Аё София масжиди каби ҳашаматли ва жозибадор бўлади, Самарқанд рамзига айланади.

 

9. Моҳир таржимонлар учун Огаҳий номидаги халқаро мукофот таъсис этилади.

 

10. Нашриёт ва матбаа корхоналари 5 йилга солиқлардан озод этилиб, бошқа имтиёзлар ҳам берилади.

 

Йиғилишда маънавият ва маърифат соҳасида кутилаётган яна кўплаб янгиликлар ҳақида сўз борди. Буларнинг барчаси давлатимизнинг эътиборидан далолат бўлиб, миллат зиёлиларига ўзгача куч-ғайрат бағишлайди.

 

Беҳзод Қобулов, 

 

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари

 


 

Давлатга мафкура керак. Мафкурасизлик, муайян бир тизимга солинмаган ҳаракатлар самара бермайди. Президент ўтказган селектордаги янгиликларни кўриб, Ўзбекистоннинг мафкура майдонини тўлдириш бошланганини тушундим. Президент жиддий суръатда маданият, маърифат, мафкура соҳаси вакилларини жамлаб, ўзининг қарашларини, аниқ талабларини айтмоқда. Бу жуда яхши. Бу соҳадаги ноаниқ бир давр поёнига етаётганидан хурсандман.

 

Самарқандда соҳибқирон Амир Темурнинг 14 та боғи қайта тикланиши эса тарихий воқеа. Туристлар оқимини икки карра кўпайтирадиган тадбир бу. Тушунишимча, боғлар ўз вақтидаги географик жойлашуви чегараларида ташкил қилинади. Бу халқимизни ғурурлантирадиган иш бўлади.

 

Бизнес ҳудуд шаклида “Кино парки” очилаётгани ҳам миллий кино индустрияси ривожига катта туртки беради. “Голливуд”, “Болливуд” сингари Ўзбекистонда ҳам кино шаҳарчалари қурилади. Давлат бунинг учун хусусий кино компанияларга ер ажратиб беряпти.

 

 

Буларнинг ҳаммасини жамлаб мафкура дейдилар, мафкура. Бу жабҳадаги курашга қўшилдик. Энди бу майдон ичра ҳам давлатнинг позицияси, талаблари аниқ-равшан белгилаб берилмоқда. Ўз вақтида ва жуда ўринли бўлди шу. Бу сиёсат ниҳоятда керак эди.

 

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//