“Тажовузкор империячиларга миллий бирлигимиз ва руҳиятимизни кўрсатиб қўйишимиз керак” – ўзбекистонлик фаоллар Захар Прилепиннинг СССР ҳудудларини қайта тиклаш таклифи ҳақида


Сақлаш
16:26 / 22.12.2023 444 0

Россиялик амалдор Захар Прилепин Ўзбекистонни Россия таркибига қўшиб олиш ҳақида гапирди.

 

Ҳаммаси қандай бошланди?

 

Россиялик пропагандачи-амалдор, Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Захар Прилепин очиқчасига босқинчилик ғоясини илгари сурди.

 

Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россия таркибига қўшиб олишни ва унинг аҳолисига рус тилини ўргатишни таклиф қилди. У шу йўл билан муҳожирлар муаммосини ҳал қилишга чақирган.

 

Захар Прилепин Москвада матбуот анжумани ўтказиб, келажак режалари ҳақида гапирган ва демографиядаги муаммолар ва мигрантлар билан можароларга тўхталиб, бу муаммоларни ҳал қилиш учун руслар кўпроқ бола туғиши кераклигини уқтиради. “Руслар қанча кўп бўлса, четдан келган одамлар ўзини нотўғри тутиши билан боғлиқ муаммолар камроқ бўлади”, дейди у.

 

“Бизга келган муҳожирларга бу ерда эмас, балки Ўзбекистоннинг ўзида рус тилини ўргатиш учун уларни қўшиб олиш зарур”, дейди пропагандачи.

 

У мисол сифатида Ўзбекистоннинг икки миллион фуқароси шу ерда яшаётгани учун Россия бу ҳудудга даъво қила олишини қайд этган.

 

“Киевдаги параддан кейин Евроосиё ҳудудида нимадир қилишимизни ким тақиқлайди? Ҳеч ким”, деган у.

 

Сиёсатчининг фикрлари ўзбек жамоатчилигида кескин норозилик уйғотди. Oyina.uz уларни бир жойга жамлади.

 

Ўзбек жамоатчилиги баёнотни қандай кутиб олди?

 

“Бундай таҳдидларга аниқ ва кескин жавоб қайтарилиши, Россия элчисидан изоҳ талаб қилиниши керак. Ва албатта, умрбод “қора рўйхат”га киритилиши лозим”, дея ёзди Давлетовуз канали.

 

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев советпараст чет элликлар рўйхатини шакллантириш ва эълон қилиш, улар Ўзбекистонга келганда аэропортнинг ўзидан депортация қилишни таклиф этди.

 

Журналист Ўзбекистон ҳақида, уни СССР чегарасида яна Россия таркибига қайтариш ҳақида кўп ва хўб гапирган Владимир Жириновскийни Бухорода зўр ҳурмат-эътибор билан кутиб олиб, чопонлар кийдирилганини эслар экан бу ишни “ тентаклик эди” дея ёзди.

 

“Бу рўйхатга дуч келган одам киритилавермайди, айнан – хатти-ҳаракатлари, гапирган гаплари Ўзбекистон мустақиллигига таҳдид сифатида кўрилган шахслар асос билан киритилади. Масалан, "СССР қандай парчаланган бўлса, ўша ҳолида тикланиши керак", "СССР ноқонуний парчаланган, унинг парчаланиши ҳақидаги ҳужжатлар ноқонуний ва ҳақиқий эмас", деса, тамом - дабба детектед ва дарҳол рўйхатга!

 

Ҳа, бу мантиқ бўйича Путин ҳам рўйхатга киритилиши керак бўлади. Умуман, дунёда Путин бормайдиган давлатлар кўп ва улар Путин келмаганидан қийналаётгани йўқ (биз эса, аксинча, Путин шунча келса ҳам қийналамиз, унинг даббалари эса Ўзбекистонни қўшиб олиш ҳақида гапиришдан тинмайди)”, деб ёзган Муҳрим Аъзамхўжаев.

 

Шунингдек у, ўзимизда ҳам СССРнинг қайта тикланишини орзу қилувчилар борлиги, унақалар учун СССРни қайта тиклаш ҳақидаги баёнотларга қарши моддалар бўлиши кераклигини таклиф қилди. “СССРни қайта тиклаш ҳақида гапириш - бу Ўзбекистонга, унинг мустақиллигига тажовуз қилишдек гап”, деб ёзди у.

 

Адлия вазири маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова Муҳрим Аъзамхўжаев таклифини қўллаб-қувватлади ва мустақилликни орзу қилиб ёки ҳимоя қилиб қон тўкаётган халқлар кўплиги ҳақида ёзди.

 

“Биз 32 йил давомида бир давлат қурдик, бировдан олдин, бировдан кейиндир, яшаяпмиз. Ривожланишни истаяпмиз, интиляпмиз. Шунча юрт кезиб, муаммосиз давлатни кўрмадим. Лекин мустақиллик орзу қилиб ё уни ҳимоя қилиб, қон тўкаётган халқлар кўп. Мустақиллик бўлса, ҳаммаси яхши бўлишига умид бўлади, йўқса бир эмас, кўп авлодларнинг асосий муаммоси мустақилликка эришиш бўлади – мустақиллик шу даражада муҳим нарса.

 

Мустақиллик – бизнинг муқаддасотларимиздан, бош қадриятларимиздан бири. Уни хоҳ ичкарида, хоҳ ташқарида туриб камситишга уринганлар, таҳдид қилиш у ёқда турсин қадрини оз бўлса-да пасайтириб гапирганларга нисбатан чоралар бўлиши керак. Бу кўп миллионли халқнинг тақдири, хавфсизлиги ва келажаги ҳақидаги масала”, деб ёзди Соатова.

 

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Россияда империячилик кайфияти кучайиши мумкинлиги ва бунга ўзбек расмийлари қандай жавоб бериши кераклиги ҳақида ёзди.

 

“Ҳали Украина енгилгани йўқ, ҳали уруш давом этаяпти. Лекин, россиялик империячилар, пропагандачилар бошқаларга тажовуз қилишни бошлаб юборишди. Сабаби – улар “Украинани ютдик, энди навбат қолганларга!” деган хулосага келиб бўлишди. Агар Россия Украинани тўлиқ ва осон ютганида эди, бугун уруш бошқа давлатларда бўлаётган бўларди. Мен бунга ишонаман. Балки, уруш гибрид шаклида кечарди. Лекин, Путин Россияси империячиликдан воз кечмайди. Бу кайфият кучайиши мумкин, пасайиши мумкин. Лекин, йўқолмайди.

 

Ўзбекистон давлатчилиги, Ташқи Ишлар вазирлиги Прилепин мисолидаги империячиларга совуққон, лекин узил-кесил жавоб бериши керак. Акс ҳолда, булар андишани отини қўрқоқ қўйишган ва қўйишади. Жавоб юмшоқ ҳам бўлмаслиги керак, провокацион ҳам бўлмаслиги керак. Лекин, тажовузкор империячиларга миллий бирлигимиз ва руҳиятимизни кўрсатиб қўйишимиз керак”, дейди сиёсатшунос.

 

Шунингдек, Раббимов Прилепин шахси ҳақида ҳам тўхталди.

 

“Ўзбекистонни босиб олишни таклиф ва тарғиб қилаётган Захар Прилепин бир вақтлар мухолифатда бўлган. Қирим босиб олинишидан кейин Путинга муносабати ўзгарган, ижобийлашган. Украина урушига қадар, Прилепин жуда кўп марта “Украинани босиб олиш керак!” деган чақириқлар билан чиққан. Шунинг учун Европа Иттифоқи санкцияларига тушган. Бугун эса, Прилепин, Кремлга яқин сиёсатчи сифатида Марказий Осиёни, Ўзбекистонни босиб олиш керак деган фикрни олдинга сурмоқда.

 

Прилепин – расмий сиёсатчи, расмий рўйхатдан ўтган партия лидери, ва “Справедливая Россия” билан бирга тузилган коалицияда лидерлардан бири. Яъни, Прилепиннинг баёноти – Кремлнинг қараши, лойиҳаси, кайфияти бўлиш эҳтимоли юқори. Прилепин – эмоцияга берилиб гапирмади. Ўйланиб, сўз излаб, гапирди. Давлат учун жиддий сигнал!”, деб ёзади Раббимов.

 

Блогер Зафарбек Солижонов ҳукумат Кремль тарғибот машинасини тўхтатиш ҳақида бош қотириши кераклиги ҳақида ёзди.

 

“Видеода мигрантлар сони урғуланиши орқали Кремль босимини ҳис қилиш мумкин. Уларнинг аксари эса аввалги ва ҳозирги ҳукумат хатоларининг ҳосиласи холос. Давлатчилик мустаҳкамланиши, фуқаролик жамияти ривожланиши, коррупция даражаси кескин камайишига хизмат қилувчи ва шу каби бошқа муҳим лойиҳалар ижроси ҳалиям пайсалга солиняпти. Бу эса босқинчи буюк давлатлар фойдасига хизмат қилаверади. Улар хоҳлаган кайфиятини кўрсатаверади.

 

Иккинчидан, эртага рус босқинчилари бостириб келса, дарвозани очиб берадиган сотқинлар юз минглаб топилса керак. Кремль тарғибот машинаси Ўзбекистонга ҳам узатиладиган телеканалларда айланиб ётибди. Ҳукумат на уларни тақиқлади, на қарши муқобил платформа яратди, на шу каби тарғиботга қарши муносабат берадиган, ҳақиқатни кўрсатадиган фаолларни қўллади. Депутатлар қаердаги бир шахснинг фикрига муносабат беришдан кўра муҳим саволларни ўзимизникиларга қаратсин”, дейди блогер.

 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов ҳам биринчилардан бўлиб ўз муносабатини билдирди.

 

“Захар Прилепиннинг “Ўзбекистонни босиб олиш" таҳдиди мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат.

 

Рус сиёсатчиларининг бундай қарашлари шубҳасизки, ўзбекистонликлар орасида Россия Федерациясига салбий муносабатни кучайтирмоқда.

 

Унинг тобора камайиб бораётган нуфузини янада пасайтирмоқда. Рус сиёсатчилари агрессив кайфият ва сўзлар билан дўст орттириб бўлмаслигини англаб етиши зарур.  Айнан шундай агрессив ҳаракатлари дўстона муносабатдаги мамлакатлар билан алоқаларнинг ёмонлашишига сабаб бўлмоқда.

 

Иккинчидан, Захар Прилепинни бундай ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддасида назарда тутилган жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши ҳақида қатъий огоҳлантирамиз.

 

Учинчидан, Прилепин ва бошқа рус сиёсатчилари илгари сураётган бундай қарашлар иллюзиядан бошқа нарса эмас. Кимгадир ёқадими, ёқмайдими, Ўзбекистон мустақил, мустаҳкам суверенитетга эга мамлакатдир.

 

Қолаверса, қарийб 60 минг аъзога эга бўлган Ҳаракат номидан Россия расмийларини иттифоқчи мамлакатга нисбатан бундай агрессив баёнотларга эътибор қаратишга ва батамом чек қўйишга чақираман.

 

Прилепин бу гаплари билан Россия Конституциясининг ўзга давлатлар билан тинч ҳаёт кечириш, ички ишларига аралашмасликни назарда тутувчи 79.1 моддасига зид чиқмоқда”, деб ёзди Бекмуродов.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов ҳам ўз фикрларини билдирди.

 

“Жаноб Прилепин шуни яхшилаб ўқиб олинг! Ўзбекистон МУСТАҚИЛ, СУВЕРЕН ДАВЛАТ. Уни босиб олишга, унда ўз ҳукмини ўтказишга, хорижий тил ўргатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ ва бундай сурбетлик билан эълон қилинган фикрлар на халқаро ҳуқуққа, на соғлом ақлга тўғри келмайди. Аксинча, урушни тарғиб қилиш – бу жиноятдир.

 

Шуни ғурур билан айтамизки, мамлакатимизда тинчлик-тотувлик ҳукм сураётгани, бунёдкорлик ишлари изчиллик билан давом этаётгани, иқтисодимиз юксалаётгани, спортчиларимиз забт этаётган шоҳсупалар, эришаётган ютуқларимизнинг барча-барчаси мамлакатимиз қудратидан далолатдир.

 

Бизнинг улуғ халқимиз муқаддас ҳуқуқимиз – мустақиллигимизни ҳеч кимга, ҳеч қачон бериб қўймайди! Мустақиллигимизни, суверенитетимизни, давлат чегараларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилишга куч-қудратимиз ҳам, журъатимиз ҳам етарли”, деб ёзди депутат.

 

ТИВ Россия элчисини таклиф қилди

 

Ўзбекистон ТИВ рус сиёсатчисининг республикани Россияга қўшиб олиш ҳақидаги сўзлари ортидан Россия элчисини таклиф қилди.

 

Учрашув давомида Россия вакилига «Россия сегодня» матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда «Справедливая Россия — за правду» партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи мамлакатда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилди.

 

Россия каби дўст мамлакат партия раҳбарларининг бундай ўйламай билдираётган муносабатлари, афсуски, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига мос келмаслиги маълум қилинди, дейилади баёнотда.

 

Россия ОАВда кенг тарқалган бу каби баёнотлар атайлаб провокацион руҳда бўлиб, икки халқ ўртасида ўрнатилган тарихий дўстона муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деб ёзади вазирлик.

 

Ўз навбатида, Олег Мальгинов тўлиқ масъулият билан Прилепиннинг баёнотлари Россия раҳбариятининг дўст ва мустақил Ўзбекистон тўғрисидаги расмий позициясига умуман алоқаси йўқлигини таъкидлади.

 

Россиянинг Ўзбекистондаги вакили сифатида элчи «Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги унинг мамлакатида ҳеч қачон шубҳага олинмаган»ини билдирди.

 

Мальгинов, шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги яқин вақт ичида ушбу ҳодиса бўйича изоҳ беришни режалаштираётганини қайд этди.

 

Мазкур воқеалар фонида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Конституциянинг 153-моддасидан иқтибос келтириб, Ўзбекистон ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли Қуролли Кучларга эга эканини эслатди.

 

Россия ТИВ расмийси Мария Захарова рус сиёсатчиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш бўйича таклифига муносабат билдирди.

 

“Россия ва Ўзбекистонни ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари боғлаб туради. Ва бу шунчаки ёқимли ибора эмас. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил октябрь ойида мамлакатимизга расмий ташрифининг таъсирчан якунлари, икки давлат раҳбарларининг кенг кўламли йиғилишида ҳукм сурган илиқ муҳит бунинг яққол далилидир”, — дея бошланади баёнот.

 

Қайд этилишича, Россия 2004 йил 16 июндаги стратегик шериклик ва 2005 йил 14 ноябрдаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномаларга тўлиқ содиқ. Ўзаро мажбуриятларга кўра, ҳамкорлик суверенитетни ҳурмат қилиш, аралашмаслик, дўстлик ва яхши қўшничилик асосида қурилган. Икки давлат вакилларининг МДҲ, ШҲТ ва БМТдаги фаолияти тенг ҳуқуқлилик ва манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш руҳи билан суғорилган.

 

Юқоридагилардан келиб чиқилса, Прилепиннинг баёнотлари унинг шахсий фикри ҳисобланади ва Россия Федерациясининг расмий позициясидан анча узоқда, деди Захарова.

 

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//