Туя гўшти еган ваъдалар – 2023 йилда қилиниши керак бўлган ишларни эслаймиз


Сақлаш
20:36 / 21.12.2023 431 0

 

Халқимиз давлат хизматчиларининг ваъдаларига анча ўрганиб қолган. “Автомобилга навбат бутунлай йўқ бўлади”, “Бу йил қишда свет ўчмайди”, “Бензин нархларини оширмаймиз” каби ваъдалар одамларимиз хотирасидан ҳали кўтарилгани ҳам, амалга ошгани ҳам йўқ. Аксинча, туя гўшти еган ваъдалар сони ошиб бормоқда. Oyina.uz 2023 йили бажарилиши керак бўлган ана шундай катта ваъдаларни ёдга олди.

 

“Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш бўйича асосий музокараларни йил охиригача якунлайди”

 

2017 йили Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши масаласи яна кун тартибига қайтди. 2020 йилдан буён музокаралар давом этаётган бўлсада, жараён ҳали ҳам тугаш остонасига етган эмас.

 

2023 йил 4 январь куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев раислигида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш бўйича асосий музокараларни йил охиригача якунлаши айтилди.

 

 

2023 йил охирида Ўзбекистон ЖСТ аъзолиги борасида алоҳида давлатлар (Саудия Арабистони) билан ҳам, ташкилот вакиллари билан ҳам келишувлар ўтказди, бироқ асосий музокаралар якунланди, дейишга ҳозирча эрта.

 

“Ўзбекистонда кучли зилзилалар ҳақида эрта огоҳлантириш тизими ишга туширилади”

 

2023 йилнинг 16 май куни “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2023 йил 1 декабрдан республикада кучли зилзилалар ҳақида эрта огоҳлантириш миллий тизими босқичма-босқич ишга туширилиши, тизим доирасида Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудлардаги сейсмик ҳодисаларнинг мониторинги реал вақт режимида юритилиши белгиланди.

 

Зилзила ўчоғига яқин икки ва ундан ортиқ сейсмик станцияларда кучли (5 ва ундан юқори балли) тебранишлар аниқланганда “Кучли зилзиладан огоҳлантириш” мобил иловаси орқали аҳолига қисқа сонияларда кучли зилзила кузатилиши тўғрисида тезкор хабарнома юборилиши қарорда қайд этилган.

 

Айни пайтгача Президент қарорида белгилаган баъзи вазифалар бажарилган бўлсада, энг асосий топшириқлар – сейсмик ҳодисаларнинг мониторинги ва аҳолини зилзиладан огоҳлантирувчи “Кучли зилзиладан огоҳлантириш” мобил иловаси ишга туширилгани ҳақида хабарлар йўқ.

 

«2023 йил охиригача “Тошкент–Андижон” пулли автомобиль йўлини қуриш ишлари бошланади”

 

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг масъул ходими Фаррух Ғаффоров умумий қиймати 2 миллиард АҚШ долларидан ошадиган 340 километрлик “Тошкент–Андижон” пулли автомобиль йўли учун умумий қурилиш даври беш-ўн йилни ташкил этиши мумкинлигини айтганига икки ярим йилдан ошди. 2023 йил сайловолди кампанияси доирасида Андижон вилоятига борган Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил охиригача Тошкент–Андижон пулли автомобиль йўли қурила бошлашини билдирганди.

 

Шу кунларда “Тошкент–Самарқанд” пулли автомобиль йўлининг лойиҳаси ишлаб чиқилгани маълум қилинди. Бироқ йил охиригача қурилиши бошланиши керак бўлган “Тошкент–Андижон” пулли автомобиль йўлининг ҳатто лойиҳаси эълон қилингани йўқ.

 

“Тошкент–Самарқанд” пулли автомобиль йўли лойиҳаси

 

Касаба уюшмалари куни ишланмайдиган байрам куни сифатида белгиланади

 

2023 йил 2 май куни Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 208-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилганди. Унда 11 ноябрь – “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни”ни ишланмайдиган байрам куни сифатида белгилаш назарда тутилган. Шу тариқа Ўзбекистонда ишланмайдиган байрам кунлари сони 10 тага етиши керак эди. Бироқ ҳозирга қадар ушбу қонун имзолангани ва кучга киргани йўқ.

 

Эс(и)кирмайдиган ваъдалар

 

“Ўзбекистонда уч йил ичида камида учта маҳаллий лоукостер авиакомпания очилади”

 

2019 йил декабрь ойида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси маслаҳатчиси Беҳруз Ҳамзаев “Улар” лойиҳасига берган интервьюсида уч йил ичида Ўзбекистонда камида учта маҳаллий лоукостер авиакомпания очилишини айтганди.

 

Аммо орадан тўрт йил ўтиб, 2023 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда биринчи ҳақиқий лоукостер – “Ҳумо Аир” парвозларини бошлади. Олдинроқ ташкил қилинган “Cэнтрум Аир”, “Қанот Шарқ” ва “Силк Авиа” авиакомпаниялари эса ўзларини лоукостер сифатида кўрсатмаган ва улардаги нархлар ҳам асосий авиаташувчи – “Узбекистан Аирwайс”никидан катта фарқ қилмайди. Шундай қилиб, тўрт йил олдин берилган ваъда эндигина, шунда ҳам қисман амалга ошишни бошлади, дейиш мумкин.

 

 

«2022 йил 1 майгача машиналарга навбат тўлиқ тугатилади”

 

2022 йил 14 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев “Узавто” компаниясига 2022 йил 1 майга қадар автомобиль харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш борасида топшириқ берган эди. Ўзбекистон халқига бажарилмас ваъдалари, юқори нархлари, паст сифати билан танилган “Узавто” компанияси орадан бир ярим йилдан ошиқ вақт ўтсада, ҳали ҳам Президент топшириғини бажаргани йўқ. Аммо компания бу орада навбатларни камайтиришнинг ажабтовур йўлларини топди – шартномалар беришни тўхтатиш ва баъзи автомобилларни ишлаб чиқаришдан олиб ташлаш (2022 йил октабрдан Спарк ва Нехиа 3, 2023 йил декабрдан Ласетти (Гентра) сотуви тўхтатилди).

 

 

Компаниянинг янги усуллари ҳам тўлиқ фойда бергани йўқ. Сотувда мавжуд автомобиллар (Дамас, Cобалт, Оних, Траcкер) учун узундан-узун навбатлар ҳануз сақланиб қолмоқда. “Шапка”га қарши эканини айтган “Узавто”нинг собиқ раҳбари Шавкат Умурзоқов (ҳозирги пойтахт ҳокими) “Автомобилга навбатлар йўқ бўлади, фақат озгина сабр қилинг” деганига ҳам қарийб бир йил тўляпти. Ўзбекистон халқи эса ҳамон сабр қилмоқда ва афтидан ҳали яна а-анча сабр қилишга тўғри келади.

 

Тошкент метросининг барча станцияларида ногиронлиги бор шахслар учун шароит яратилади

 

2022 йилнинг 26-октабрида “Gazeta.uz” нашри мухбирига берган интервьюсида Транспорт вазирлиги департамент бошлиғи Руслан Рўзиметов келаси икки йилда Тошкент метросининг барча станцияларида ногиронлиги бор шахслар учун шароит яратилишини маълум қилганди. Ҳозирча бу ваъда берилганига бир йилдан ошди ва баъзи ўзгаришлар кузатилди. Метронинг янги ерусти бекатларидаги ногиронлар учун мўлжалланган лифтлар ишлай бошлади, пандуслар қурилди.

 

Метро бекакларининг аксариятида ногиронлик аравачаси учун пандус йўқ

 

Эски метро бекатларида эса муаммолар ҳали-ҳануз бисёр. Аксариятида пандуслар йўқ, бори ҳам жуда тик, ногиронлик аравачасидаги инсон ўз кучи билан кўтарилиши ёки тушиши деярли иложсиз. Вагон ва перрон орасидаги бўшлиқлар муаммоси ҳам ҳал қилинганича йўқ. Вагонлар ичида ногиронлик аравачаси учун жойлар фақат янги метро вагонларида бор. Демак, бу бўйича қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп. Транспорт вазирлиги келгуси бир йил ичида мазкур муаммоларнинг барчасини бартараф этишига кўпчилик ишонмаса ҳам, бунга умид қилиб қоламиз.

 

“Тошкентда 1 июлдан тиббий суғурта тизими механизмлари жорий этилади”

 

Соғлиқ сақлаш вазири Амрилло Иноятов 2023 йил 5 январда “Ўзбекистон – 2030 стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори доирасида 2023 йил 1 июлдан Тошкент шаҳрида давлат тиббий суғурта тизими механизмлари жорий этилишини маълум қилганди.

 

Ўша пайтда ССВ раҳбари “Президентнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатида таъкидланганидек, 2023 йилдан бошлаб давлат тиббий суғурта тизимини Тошкент шаҳрида жорий қилиш учун барча имкониятлар мавжуд. Биз ўзимизга мажбурият олган ҳолда Навоий вилоятида ҳам тиббий суғуртани йўлга қўямиз”, деб ваъда берганди. Орадан бир неча ой ўтиб, тиббий суғурта тизими 2023 йили нафақат Навоий, балки Тошкентда ҳам жорий этилмаслиги аён бўлди. Яъни пойтахтда тиббий суғурта тизими 2024 йилдан бошлаб босқичма-босқич жорий этилиши эълон қилинди.

 

Жамоат транспортида кунлик тушум “плани” бекор қилинади

 

2023 йилнинг 31 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев жамоат транспорти соҳасини такомиллаштириш юзасидан йиғилиш ўтказди. Жумладан, кунлик тушум “плани” белгилаш амалиёти бекор қилиниши айтилди.

 

2023 йил август ойига келиб “Тошшаҳартрансхизмат” барча (160 дан ортиқ) автобус йўналишларида кунлик нақд пул топшириш режаси бекор қилинишини маълум қилди. Шу тариқа центабрда Тошкентдаги 22 автобус йўналишида, ноябрда эса 10 та йўналишда кунлик режа олиб ташланди ( (бироқ, айни дамда пойтахтда кунлик тушум «план»и сақланиб қолган автобус йўналишлари ҳали кўп). 18 декабрда Самарқандда жамоат транспорти ҳайдовчиларидан 2024 йил 1 январдан бошлаб кунлик тушум талаб қилинмаслиги хабар берилди.

 

 

Умуман олганда, 2023 йили Тошкентда жамоат транспорти соҳасида жиддий ижобий ўзгаришлар юз берди. Автобуслар парки кенгайди, интерваллар қисқарди, хизмат кўрсатиш вақти ортиб, сифат ҳам ошди. Ушбу ваъда 2023 йили ҳақиқатдан ҳам бажарилган ваъдалар (Бобур стипендиясини жорий қилиш, “Авиатион & Логистиcс Форум” ИИ халқаро авиация форумини ўтказиш)дан бири бўлди.

 

Шундай қилиб, 2023 йили аввалги йилдагилардан камроқ ваъда берилди, лекин шуни ҳам бажармаслик ёки ортга суриш одати давом этди. Oyina.uz нашри 2023 йили берилган ва келгуси йилларда бажарилиши керак бўлган ваъдалар амалиётини ҳам кузатиб боради.

 

Муҳаммадқодир СОБИРОВ,

 

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//