Инсонни ҳайратга соладиган нарсалар жуда кўп. Айримлари ўткинчи, баъзилари умрбоқий, кишиларга ҳам ҳайрат, ҳам ҳикмат бўлиб хизмат қилади, асрлар оша яшаб келаверади.
Мен спортнинг бадиий гимнастика тури бўйича афсонага айланган Оксана Чусовитина ҳақида ўйлаганимда ҳамиша ҳайратланаман ва унинг фаолиятидан ибрат туяман. “Ўзбекистон ифтихори”, “Меҳнат шуҳрати” каби нуфузли мукофотлар соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи Оксананинг фаолияти ушбу ривоятни ёдимга солди.
Шоҳнинг ҳузурига бир йигитни жуда ғаройиб ҳунар соҳиби дея олиб келишибди. Йигит ўн беш қадам жойдан туриб шифтга осилган узукнинг тешигидан игнани бехато отиб ўтказар ва игнани истаган нуқтасига қадай олар экан. Ростан ҳам ажабланарли натижа, ғаройиб касб. Буни уддалашнинг иложи йўқдек, гўё... Аммо бу йигит шуни эплабди.
Йигитнинг маҳоратини кўрган доно подшоҳ ўзининг таассуротини яширган ҳолда қовоғини уйиб, шундай амр қилибди:
– Бу нодонга қирқ дарра урилсин! Амрим ҳозироқ ва шу ерда адо этилсин!
Шоҳнинг важоҳатидан қўрқиб кетган аъёнлар ноилож буйруқни бажаришга мажбур бўлибди.
Елкасидан қирқ дарра еб ҳолдан тойган, қўрқув ва зарбалардан қалтираб турган йигитни кузатиб турган шоҳ қаҳ-қаҳ уриб кулибди-да, ўзи келиб йигитни ўрнидан турғазибди. Юзида табассум ва мулойимлик билан энди бошқа фармон берибди:
– Бу йигитга бош-оёқ сарпо, эгарланган от берилсин, хазинадан катта мукофот ажратилсин!
Шубҳа йўқки, шоҳнинг бу амри ҳам сўзсиз бажарилибди.
Шунда подшоҳнинг кайфияти яхшилигини кўрган вазири аъзам шоҳга савол берибди:
– Ҳукмдорим! Бу йигитни олдин қирқ дарра уришга амр қилдингиз, сўнг эса қимматбаҳо совға-саломлар билан сийладингиз... Бу ишларингиз маъноси недур?
Шоҳ жавоб қилибди:
– Қирқ дарра урдиришимнинг сабаби шуки, унинг бу ишидан элу халққа ҳеч қандай наф йўқ. У шу бемаъни ишни ўрганиш учун шунча вақтини беҳуда совурибди. Совға-салом бериб иззат қилишимга сабаб эса унинг бу ишини ҳеч ким қилолмайди. Буни бажариш учун ҳам кўп машаққат тортиш керак...
Бу ривоятни бежиз келтирмадим. Инсонга Оллоҳ таоло турли касбларни бериб, шунинг ортидан тирикчилик равишини ато қилган. Бандаси деҳқонми, нонвойми, устами, спортчими, бу унинг ризқи қўшилган соҳа, касбидир.
Оксананинг ризқини эса тақдир спортга, спортнинг санъат билан, гўзаллик ва латофат билан уйғун турига сочган. Аммо унинг ҳаёти ва қизғин фаолияти ибратга тўла, ривоятдаги шоҳ таъбири билан айтганда, “элу халққа фойдаси йўқ” эмас. Аксинча, жуда бисёр.
Оксана Чусовитина номини эшитганимизга 32 йил бўлибди. Бу рақам мамлакат мустақиллиги билан эгиз сана. Шунча йил аввал у гимнастика бўйича керакли ютуқларни қўлга киритиб, Олимпиада ўйинларига йўл олган эди. Телевизор экранида кичик жуссали, кўзлари порлаб турган ўн олти ёшли қизни кўрсатишган эди. Бир йил ҳам ўтмай Оксана Олимпиадада зафар қучди. Олтин медални қўлга киритди. Ўзбекистон байроғи Оксана шарафи ва заҳмати эвазига баланд кўтарилди.
Унинг танлаган йўли ва ҳаётий мақсади, эришган илк катта натижаси мамлакатимизда ва Ўзбекистонда жуда катта акс-садо берди. Минглаб-миллионлаб ёшларнинг қалбига спорт маёғини ёқди. Битта катта спортчининг таъсири шундай бўлади. Унинг фаолияти халққа жуда катта умид ва ғурур бағишлайди. Оксана Чусовитина номи спортнинг айни шу тури мамлакатимизда кенг ёйилишига катта ҳисса қўшди.
Оксанадан қизиқишлари, ҳаётий қарашлари ҳақида сўраганимизда у шундай жавоб берди:
– Мен покликни севаман! Ҳаёт гўзаллигини, инсоннинг ички кучини ўзимда ҳам, бошқаларда ҳам кўргим келади! Поклик ҳам жисман, ҳам маънан бўлиши керак! Покликка эришмаган инсон, айниқса, бадиий гимнастикада юлдуз бўлолмайди! Бундан ташқари тўхтовсиз меҳнатнинг ҳам ўрни беқиёс!
– Оксана, худодан қўрқасизми, умуман, илоҳий ришталар, таъсирларга қандай қарайсиз?
– Худодан қўрқишдан ҳам кўра унга кўпроқ ишонаман... У бизни ҳеч қачон ташлаб кетмайди.
Покликни ҳар нарсадан устун қўйиш эътиқодига айланган, тақдирга умиди ва ишончи барқарор бўлган бу инсон ихчамгина жуссасида жуда катта матонатни жамлаган.
Баъзан шоир Шавкат Раҳмоннинг шеърларидагидек инсоннинг парвози ҳақидаги хаёл кўпчиликнинг руҳиятида кечса керак. Парвоз қиладиган валий зотларнинг ҳаёти мутлақ покликка, ўзни енгишга, холисонилло таваккулга қурилганини биламиз. Шунинг учун ҳам инсон учиши керак деган умидли садо кўнглимизни мудом безовта қилади.
Оксана майдонга тушганида, югурмайди, сакраб интилмайди, баайни учади...
Унинг парвози учун ҳаёт қўйган минглаб тўсиқлар, спортдаги рақобат ва қаршиликлар панд беролмади. У буларнинг барчасини инсоний ақл, куч ва меҳнат билан енгиб ўтолди. У бадиий гимнастика турининг кашф этилмаган чўққиларини забт этди.
У билан телефонда суҳбат асносида ўзбекча лутф қилдим:
– Биласизми, ўзбекчада Оксана сўзи билан уйқаш бўлган афсона деган сўз бор. Русчада бу сўз легенда деган маънони англатади...
Қўнғироқнинг у томонидан унинг болаларча самимий кулгуси, “Раҳмат, раҳмат!” деган овози келди...
* * *
Бундан роппа-роса 48 йил аввал Бухоро шаҳрида туғилган Оксана гимнастикадаги фаолиятини 1982 йилда бошлади. 1988 йилда – 13 ёшида у ўсмирлар ўртасида СССР чемпионатида мутлақ ғолиб бўлди.
Бу унинг биринчи катта зафари эди. Ўтган вақт мобайнида спортчидан жуда катта матонат, дид, интизом, парҳез талаб этадиган гимнастика соҳасига юзлаб спортчилар кириб келди ва фаолиятларини тамомлади. Аммо Оксана ҳақида Гиннеснинг рекордлар китобига ўтган йилда шундай сўзлар битилди:
“У дунё бўйича саккизта Олимпиадада қатнашган ягона гимнастикачидир!”.
Бу машаққатли, мунтазам қунт ва меҳнат талаб этиладиган йўлда Оксана ўзи учун яратган қоидага қатъий амал қилолди. Бу қоида оддий ва лўнда: “Ортга қарамайман! Олдинга интиламан!”.
Истаймизми-истамаймизми, инсон ўз ҳаётида энг катта кучни оиласи бағридан олади. Агар шу неъматга эришолмаса, жаҳоний ютуқларга эришиши мушкул.
Оксананинг эри ҳам машҳур спортчи, Олимпиада иштирокчиси Баҳодир Қурбоновдир. У Оксананинг ютуқлари учун, унинг келажаги учун катта спортни тарк этди. Унинг бу саъй-ҳаракати Оксанада ўзига бўлган ишончни оширди.
Сиднейдаги Олимпиада ўйинлари тугагач, йигирма беш ёшли Оксана катта спортни тарк этиши мумкин эди. Аммо қўлидаги гўдагининг саратоннинг оғир кўриниши – оққонга чалингани спортчининг яширин матонатини очиб юборди. Ўғли Алишерни даволатиш учун немис диёрига келган Оксана Германиядаги мусобақаларда қатнашиб, ютуқ пулларини ўғлининг муолажасига тўлай бошлади...
Ҳар ишнинг ортида хайр бор деганларидек, худо Оксанага ҳам ўғлини қайтариб берди, ҳам бугунги кунгача унинг нафис спорт осмонида танҳо юлдуз бўлиб туришига замин яратди. Ваҳоланки, ўша вақтда – Оксана спортни тарк этиш ҳақида ўйлаб турган паллаларда 2000 йилнинг кузи эди. Орадан ўтган йигирма йилдан ортиқ фаолияти давомида Чусовитина ўзбек спорти учун оламшумул натижаларни қўлга киритди.
Оксананинг ўзи, оилавий муҳит ҳақидаги суҳбатидан олинган қуйидаги парча ҳам спортнинг оддий жисмоний етуклик манбаи эмас, балки инсоннинг ички кучларининг юзага чиқиши, маънавий қудратининг тимсоли эканига гувоҳлик беради:
“Мен бахтли инсонман деб бемалол айта оламан, негаки ҳеч қачон мен бошқа иш билан шуғулланишим ёки бошқа йўлни танлашим керак деган хаёлга келмаганман. Болалигимда полициячи бўлишни хоҳлаганман, бироқ бу учун инсоннинг “алоҳида” ҳаёти бўлиши кераклигини тушунгач, гимнастикачи бўлишга қарор қилдим.
Мактаб даврида жисмоний тарбия дарсини унчалик ҳам хушламасдим. Севимли дарсларим эса математика ва адабиёт бўлган.
Отам доимо “яхши таълим олмасанг, спортда ҳам ютуқларга эришолмайсан” дер эди. Чунки мия ишлаб, ақлни чархлаб турмасангиз, спортда ҳам натижалар бўлмайди.
Оиламизда спортчилар йўқ. Онам спортни танлаганимда жуда ҳайрон бўлган эди. Катта опам – ҳайкалтарош, ўртанча опам – тиббиёт соҳаси вакили, акам – алоқа муҳандиси.
Ота-онам менга ҳеч қачон бақиришмаган, аксинча, бирор ишни нотўғри бажарсам, ётиғи билан тушунтиришарди. Аслида мен ёшликдан жуда фаол ва ҳаракатчан бўлганман. Масалан, кўчага чиқиб кучукларни бир жойга тўплардим ва аравачага ўтказиб, уйга олиб келардим. Онам ҳар доим спорт билан шуғулланишимга қарши бўлган. Ҳатто менга пианино олиб беришганди. Маълум вақт рақс тўгарагига олиб боришга ҳам ҳаракат қилишди.
Менда спортга қобилият бўлган деб айтолмайман. Мен шунчаки тез югурардим ва яхши сакрардим. Спорт машқларини маромига етказиб бажариш катта машаққат талаб этарди. Отам “бирор ишни бошладингми, охирига етказ” деб таъкидларди.
Мени шундай тарбия қилишган: мураббий бирор машқни 10 марта қилишни буюрса, 12 марта бажарардим, шпагатда 5 дақиқа ўтириш керак бўлса, кўпроқ ўтирардим. Машғулот залида мураббий доим ҳақ ва у энг асосий одам ҳисобланади.
Агар мураббий сенга аҳамият берса – бу яхши, демак, у сендан ҳаракат ва муваффақият кутади, борди-ю, сен унинг эътиборидан четда қолсанг, ана шуниси ёмон.
Мураббий доимо спортчининг имкониятларини кўра билади ва беҳуда танбеҳ бермайди. Ота-оналарга эса фарзанди ва мураббийнинг ўртасидаги муносабатга аралашмасликни маслаҳат бераман. Масалан, фарзандингизни жарроҳга олиб борсангиз, уни қандай даволаш кераклиги ҳақида айтмайсиз-ку? Ҳар биримиз ўз вазифамизни бажаришимиз лозим.
Агар ҳаётимни яна бошидан яшаш имкони берилганда, мен яна худди шундай яшардим. Фақат ўғлим касал бўлмаслигини ва отам менинг Олимпиададаги ютуқларимни кўришини истардим.
Менинг медалларим меҳнат, қатъият ва баъзида тўкилган кўз ёшлардан ясалган.
Мен учун энг эсда қоларли Олимпиада Пекин-2008 бўлган. Бироқ мен у ўйинларда кумуш медал совриндори бўлганим учун эмас, Пекиндан қайтгач, ўғлим билан шифохонада навбатдаги текширувдан ўтишимиз лозим эди. Хайриятки, шифокор Алишернинг соғломлигини ва биз бошқа шифохонада қолишимиз шарт эмаслигини айтди.
Ўғлим уч яшарлигида лейкемия билан касалланди. Аввал бу касаллик ҳақида эшитмаган ҳам эдим, ўғлимнинг хасталигига ишонолмадим. Бироқ турмуш ўртоғим билан тезда ўзимизни қўлга олиб, қаерда ва қандай даволаш, касаллик билан курашиш ҳақида ўйлай бошладик. Барча яқинларимиз бизга ёрдам қўлини чўзди.
Касаллик статистикасини кўрдим, бироқ ичимда барчаси ўтиб кетиши ва фарзандим тузалишига ишонардим, доимо ўғлим билан ҳаммаси яхши бўлишини билардим.
Касаллик билан тўқнашган инсонларга эса интернетдаги турли манбаларга ишонмасликни ва ўзбошимчалик билан даволанмасликни маслаҳат бераман. Албатта шифокорларга мурожаат қилиш керак. Ўғлим хасталигида касаллик ҳақида ҳеч қандай маълумот ўқимасдим, бундай нарсалар инсонни хавотирга солади. Шифокорлар ўз вазифаларини бажаришига халақит бермаслик керак деб ўйлайман.
Ҳеч қачон ортга қарамайман. Нима бўлса ҳам бари ортда қолади. Менга олдинга қараб яшаш, интилиш ёқади.
Қўлга киритган медалим билан ғурурланаман, чунки унга ўзим етишдим, уни менга ҳеч ким совға қилмаган ва сотиб олиб бермаган.
Менимча, спортдаги энг катта ютуғимга ҳали эришмадим. Мен бу ютуқ сари одимлаяпман. Бу менинг орзум ва мақсадим. Аёл сифатида мен жудаям бахтиёрман, негаки мени қўллаб-қувватлайдиган оилам бор.
Мен спортчилик фаолиятимни давом эттиришим учун эрим спортни тарк этди. Мен ундан бутун умр миннатдорман, билмадим, мен ҳам шундай йўл тута олармидим? Бу қарори билан турмуш ўртоғим менга бутун умрга татигулик қувонч ҳадя этди.
Муваффақиятларим калити – мени қўллайдиган оилам борлигида. Севимли умр йўлдошим ва фарзандим. Ҳар бир мусобақамдан сўнг ўғлим менга қўнғироқ қилиб “Ойижон, яхшимисиз, ҳеч қаерингиз лат емадими?” деб сўрайди.
Ўғлим мустақил йигит. Ота-она сифатида биз маслаҳат беришимиз мумкин, бироқ танлаш ҳуқуқи фарзандимда, унинг ўзи қарор қилиши керак.
Мен ҳеч қачон Олимпия ўйинлари чемпиони бўлишни орзу қилмаганман. Ҳатто ёшлигимда телевизор орқали гимнастикачиларнинг чиқишларини томоша қилган пайтларимда ҳам. Машғулотларни бошлаган пайтим машҳур гимнастикачилар ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас эдим. Лекин терма жамоа таркибига киргач, барчасини билиб олдим.
Фақатгина якшанба куни дам оламан, агар туғилган куним якшанбага тўғри келмаса – демак мен залга, машғулот ўтказиш учун бораман.
Тан оламан – югуришни унчалик ёқтирмайман. Ундан кўра сакраш кўпроқ ёқади.
Барча нарсани истеъмол қилишим мумкин, лекин меъёрида. Ҳар куни бир бўлакдан ширинлик ейман.
Карантин даврида музқаймоқдан турли хил коктейллар тайёрлашни ўргандим, ҳатто кафе очсам ҳам бўлса керак (кулади).
Келажакда болаларга мураббийлик қилишни, уларнинг юрагида спортга меҳр уйғотишни хоҳлайман. Нафақат гимнастикага, балки умуман спортга”.
Буюк спортчи Муҳаммад Али ислом динини қабул қилганидан сўнг унга шундай савол беришади:
– Сиз мусулмон бўлдингиз. Энди боксга муносабатингиз ўзгардими, майдонда бировнинг юзига мушт туширишни яна истайсизми?
Муҳаммад Алининг жавоби эса жуда ибратлидир:
– Мен рингда ҳеч кимни урмайман. Ўз нафсимни, кибримни калтаклайман!
Оксана Чусовитина деган номни дунёга танитиб, муносиб ҳимоя қилолган, ватанимиз шарафини кўп марта юксалтирган спортчининг табиатидаги энг катта фазилат унинг камтарин инсонлигидир. Бу хусусият нафақат спортчи учун, балки барча учун намунадир.
Парвоз қилиш даражасига етган буюк зотлар ҳам энг аввал ўзларини тупроқдек хокисор тутгани учун уларга парвоз имкони берилган.
Қолаверса, парвоз қилиш учун албатта осмонга қуш каби учиш шарт эмас. Ерда юриб ҳам учса бўлади, худди Оксана Чусовитина каби.
Шодмонқул САЛОМ
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2013 йил 3-сон.
“Инсон учиши керак ёхуд Оксана афсонаси” мақоласи
Oyina.uz'ни Телеграмни кузатинг!
Маънавият
Адабиёт
Санъат
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ