Адабиёт
Кейинги вақтларда ўзбек тилининг мавқеи ҳақида билдирилаётган кўплаб фикр-мулоҳазаларни ўқишимизга тўғри келаяпти. Хуллас, соҳа мутахассислари ҳам, оддий одамлар ҳам, талабалар ҳам унинг жамиятимизда эгаллаган ўрнидан рози эмас. Муаммо шундаки, тилнинг жамиятдаги мавқеини ҳар қанча қарору фармонлар билан ҳам, жанжалу мажлислар билан ҳам мустаҳкамлаб бўлмайди. Фақатгина жамиятда китобхонликни муттасил ривожлантириш лозим.
Мунаввар қори тайёрлаган бошланғич синф дарслигида 50 га яқин содда, лекин ибратли ҳикоя ва шеърларни, Элбекнинг “Ўрнак” дарслигида юздан ортиқ мақол ва маталларга бой ибратли ҳикояларни санадим. Улар ўқувчиларнинг онгига миллий қадриятлар ва ўзликни сингдирган. Болаларимизда бадиий тафаккурни ўстириш учун баён ва иншоларни қайтариш керак...
Муомалага янги сўз кириб келаяптими, жамият онгига муҳрланиб улгурмасидан зиёлиларимиз бу четсўзнинг ўзимизга қулайроқ бўлган шаклини ҳозиржавоблик билан таклиф этиши керак. Бу, аввало, луғатлар орқали, қолаверса турли оммавий ахборот воситалари орқали амалиётга татбиқ қилиниши муҳим. Акс ҳолда муаммо чигаллашгандан чигаллашаверади.
Шу ўринда яна жадид боболаримизнинг тажрибаси бизга қўл келади. Улар ўтган асрнинг бошларида жамиятда янги муносабатларнинг қарор топиши жараёнида минглаб четдан кириб келаётган янги сўз ва бирикмаларга қарши ўзларининг эҳтиёт чораларини қўллаганлар. Жумладан, 20–30 йилларда кимё, медицина, техника, санъат, сиёсат, иқтисод, ҳарбий соҳаларга тегишли қатор луғатчалар яратиб, зудлик билан оммавий нашрлар ва дарсликларга жорий этганлар.
Таниқли давлат арбоби Назир Тўрақуловнинг 1922 йилда чоп этилган “Рус-ўзбек тилининг сиёсий ва иқтисодий луғатчаси” ҳамда Ғози Олим (Юнус)нинг 1926 йилда нашр қилинган “Русча-ўзбекча қисқа ҳуқуқий ва сиёсий луғат”ларини варақлаб кўрдим. Улар ўз вақтида ташаббус кўрсатиб, ўзбек тилининг умрини бир асрга узайтириб кетдилар, десак асло хато бўлмайди. Гарчи, ўзлари мустабид тузум қатағони ортида маҳв этилган бўлсалар-да, шундан сўнг уларнинг (Фитрат, Элбек, Саттор Жаббор, Назир Тўрақул, Ғози Олим, Ғози Юнус – уларнинг сони жами 20 га яқин) номлари бирор жойда қайд этилмаса-да, таклиф этган сўзларининг аксарини биз ҳамон истифода этиб келмоқдамиз.
Назир Тўрақулов луғатнинг асосий хусусияти, унда ҳар бир сўзнинг ўзбекча мухолифи билан бир вақтда қўлланиладиган кўплаб сўз бирикмаларини ҳам мисоллар орқали маъносини англатишга тиришади. Асосан, ўқувчининг сиёсий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳаракат қилади.
Ғози Олим (Юнус)нинг ўзи айтсин: “Русча-ўзбекча қисқа “Ҳуқуқий ва сиёсий луғат”ни тузишдан мақсади ҳуқуқий адабиётдаги, хусусан таржимадаги, атамаларға қатъий ва муайян бир шакл бериш ва шул йўл билан истелоҳ қурамалиғи – ихтилофини бир даража бўлса-да камайтирмакдир. Демак, бу луғатча ҳуқуқий атамаларнинг лойиҳаси саналса бўладир. Бу биринчи тажриба билан майдонға отилғонда биз истилоҳларни мумкин даражада ўзбеклаштиришка тиришдик. Шунинг билан баробар ўзбекча сўзларнинг келиши гўзал бўлғонларинигина ола бермадик, балки, бу сўзларнинг халқ адабиётида ёки эски адабиётимизда ишлатилганларини излаб топдиқ. Биз ўз бошимиздан сўз ўйлаб чиқоришдан тарихий сўзларни топиб уларни яна турмушқа чиқоришни ортиқроқ кўрдик. Русча сўзларнинг ҳуқуқий маъносини аниқлаш учун ҳуқуқшуносларнинг ёрдамидан фойдаландик.
Бу асарни тузганда мен ушбу асарлардан фойдаландим: Будоғилуфнинг икки жилдлик “Туркий луғати”дан, ақадемик Радлофнинг “Турк лаҳжаларининг қиёсий луғати”дан, “Тузуки Темур”дан, “Ҳалилул луғати Навоий”дан, русча буюк қомусдан ва яна бир неча русча луғатлардан фойдаланишга тўғри келди.
Биз юқорида бу биринчи тажриба деб эдик, ҳар тажриба ишида камчиликлар бўлиши мумкиндир. Шунинг учун ўз амалидан асаримизга диққат билан қараб биздан ўтган камчиликларни кўрсатишларини сўраймиз.
Натижада бу асарни тузишда ўзларининг ҳуқуқий маълумотлари билан менга ёрдам этган ҳуқуқшунос Тошпўлот Норбўтабекоф ўртоқға ва О.О.Добросмичлуф ўртоқға самимий ташаккуримни билдираман”.
Шу ўринда Назир Тўрақуловнинг “Рус-ўзбек тилининг сиёсий ва иқтисодий луғатчаси”идан намуналар келтирсам:
Автономия – мухторият;
Агитация – ташвиқот, тарғибот;
Агрессивный – тажоввуз;
Агрикультура – зироат, экинчилик;
Аллегория – тимсол, киноя;
Амнистия – афв умумий;
Депутат – вакил;
Диалог – муҳокама;
Диктатор – ҳокими мутлақ;
Диспут – мубоҳаса;
Догма – ақида;
Инициатива – ташаббус;
Инцидент – воқеа;
Иррациональний – ғайри ақлий;
Кандидат – ноиб;
Легион – қўшин;
Нигилист – шаккок, мункар, инкор қилувчи;
Новатор – янгилик тарафдори;
Оппозиция – мухолиф;
Петиция – ариза;
Президиум – раёсат;
Пресса – матбуот;
Проблема – жумбоқ;
Раса – уруғ;
Социалист – ижтимоий;
Фабрика – корхона;
Федерация – иттиҳод;
Цех – касаба.
Ғози Олимнинг “Русча-ўзбекча қисқа ҳуқуқий ва сиёсий луғат”идан намуналар:
Акция – улуш ҳужжати;
Алимент – нафақа;
Арбитраж – битимчилик;
Аренда – ижара;
Арестант – банди, маҳбус;
Банк – хазина;
Билет – патта;
Биржа – савдо ўрни;
Маклер – даллол;
Верхсуд – улуғ ёрғу, олий суд;
Вещный икс – моддий талаб;
Взятка – пора, ришват;
Военный трибунал – ҳарбий ёрғу;
Волост – кент;
Вотум – кўпчилик қарори;
Высылка – сургун;
Гарантия – кафиллик;
Герб – туғро, тамға;
Граждан – бийлик;
Гражданское право – бийлик ҳуқуқи;
Давност – даъво муддати;
Добровольный – кўнгилли;
Доверенность – инонч, ваколатнома;
Знак – белги, нишон;
Инвентарь – асбоб-ускана;
Истец – талабгор;
Кодекс – тузук;
Конфискация – мусодара;
Опекун – васий;
План – режа;
Плата – тўлов;
Почта – чопар;
Расход – чиқим;
Республика – жумҳурият;
Сабатаж – ўчакишмак;
Следователь – терговчи;
Техничесие правила – амалий низомлар;
Экипаж – араба;
Экспертиза – синаш;
Юрисконсульт – кенгашчи ҳуқуқшунос.
Демоқчиманки, биз янги замонда яшаяпмиз. Бугун иқтисодиёт, компьютер технологияси, турли янги-янги соҳалар, илм-фан ва санъатлар билан боғлиқ улкан четсўзлар бўҳрони кириб келмоқда. Ҳозир майда-чуйда гаплар билан оввора бўлсак қисқа вақтдан сўнг авлодларимиз бугунги адабиётимизни ҳам тушунмай қолишади. Ўйлайманки, бу битта бизнинг муаммомиз эмас. Бугун бирлашиш вақти келган. Туркий тилли давлатларнинг барча тилшунос зиёлиларини бир кенгашга тўплаган ҳолда йирик-йирик луғатлар тузиб ёшларимизга таклиф этсак, келажакдаги катта муаммоларнинг олдини олган бўлар эдик (чунки асосий манбамиз ҳам бир: туркий тил, унинг шева ва лаҳжаларидир).
Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ