Сиёсий элита тадқиқ этилган роман – "Лолазор" қачон тренддан тушади?


Сақлаш
10:12 / 20.12.2023 410 0

Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор”и бошқа даврдош романлардан фарқли равишда барча ижтимоий муаммоларнинг илдизи мавжуд сиёсий тафаккур билан боғлиқлигини асослаб берган. Ëзувчи даврга хос муаммолар учун аниқ ечим таклиф қила олмайди, бироқ парадоксал тузумга нисбатан зиёли одам қандай мақомда туриши кераклигини англаб етади. Ёлғонга асосланган тузум ва манипулятив ҳукмрон элита таъсиридан маънан халос бўлиш, мавжуд сиёсий-ижтимоий жараёнларнинг иллюзия эканини англаш, шу алдовга ҳисса қўшмаслик зиёли инсоннинг бурчи деб билади. Бу бурч моҳиятида нафақат объектив воқеликни ҳаққоний баҳолаш, балки ўзликни англаш масаласи ҳам туради. Бошқача айтганда, ёзувчи ёлғон жамиятда яшаётганини англаган шахсни ўзлигини англаган шахсга тенглаштиради. Шу боис “Лолазор” романини тўлалигича киноя асосига қуради.

 

Адиб учун киноя шунчаки бадиий восита эмас, балки ўзликни англашнинг муҳим белгиси. Бинобарин, шахснинг ёлғонлардан юқорида эканига ягона далил унинг шу воқеликка нисбатан истеҳзоли позицияда туришидир. Яъни фақат алданмаган одамгина киноя қила олади.

 

“Лолазор” романида кўтарилган инсон муаммосини тўлақонли англаш учун кишида собиқ Иттифоққа хос сиёсий маданият ва сиёсий тафаккур ҳақида тасаввур бўлиши лозим. Чехиялик йирик сиёсатчи Вацлав Ҳавел СССР тузуми “сиёсий бюрократиянинг нивелирланган жамият устидан диктатураси” сифатида характерланишини айтади ва “диктатура” истилоҳида ижтимоий маъно – “маълум бир тўда манфаатлари йўлида жамият аъзоларини осонлик билан манқуртлаштириш” назарда тутилишини қайд этади.

 

Собиқ Иттифоқ типидаги сиёсий маданиятлар жамиятни узоқ йиллар давомида мафкуралаштириш эвазига шаклланади. Айни дамда, бу типдаги сиёсий маданиятларда мафкура барқарор сиёсатнинг пойдевори ҳисобланади. Албатта, ҳудуди жиҳатдан дунёда биринчи ўринда турган улкан “империя” аҳолисини узоқ йиллар давомида фақат зулм ва тотал назоратда бошқариб туриш имконсиз эди. Шу сабабли совет ҳукмрон элитаси сиёсатнинг муҳим қуроли бўлмиш ёлғондан самарали фойдаланади. Шўроларнинг буюк ёлғони эса мафкураси эди: “Мафкура бу – тизим ташқи барқарорлигининг устунларидан биридир. Айни пайтда, бу устун беқарор пойдевор, яъни ёлғонлар узрадир. Шунинг учун мафкура – ёлғонга рози бўлсангизгина, сизни кўтариб туради” (В.Ҳавел).

 

Эътиборли жиҳати шуки, сиёсий мафкуралар ҳар доим моҳиятан ёлғон асосига қурилади. Шўролар давридаги реал ҳаёт ва “тарғибот”нинг ўзаро парадоксал муносабати ҳам шундан эди. Яъни “тизимдаги ҳаёт иккиюзламачилик ва ёлғон билан қоришиб кетган бўлиб, бунда бюрократик ҳокимият – халқ ҳокимияти дейилади; ишчилар синфи номи билан – ишчилар қул қилинади; инсонни тотал таҳқирлаш – инсон эркинлиги деб қаралади” (В.Ҳавел).

 

“Лолазор” романидаги ижтимоий дардни ҳис қилишимизда рус ёзувчиси, Нобел мукофоти соҳиби Александр Солженициннинг 1974 йили ёзилган “Ëлғонда яшамаслик” (“Жить не по лжи”) эссеси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Адиб собиқ Иттифоқнинг ёлғон сиёсати билан бирга, давр зиёлиларининг изтиробларини ҳам бутун моҳияти билан очиб беради: “зўравонлик тез қарийди, бир неча йил ўтади – энди у ўзига ишонмайди, тутиб туриш, муносиб кўриниш учун, албатта, иттифоқчиликка ёлғонни чақиради. Зотан, зўравонликни ёлғондан бошқа ҳеч вақо яшира олмайди, айни дамда, алдовни фақат зўравонликкина тутиб тура олиши мумкин. Зўравонлик ҳар куни, ҳар бир одамнинг елкасига оғир панжасини қўявермайди. Бироқ у биздан ёлғонга бўйсунишни ва ҳар куни унда иштирок этишни талаб қилади. Садоқатнинг моҳияти айни шудир”. Солженицин собиқ Иттифоқнинг ибтидоий сиёсати зўравонликка, кейинги босқичларда эса зўрлик ва ёлғон тандемига асосланганини айтмоқда. Энг ёмони, бу ёлғон сиёсат шахсдан нафақат бўйсунишни, балки жараёнда “ёлғончи иштирокчи” бўлишни талаб қилади. Бизнингча, айни шу омил Мурод Муҳаммад Дўстнинг инсон концепциясини тушунишда муҳим очқич вазифасини ўтайди.

 

Мурод Муҳаммад Дўстнинг инсон концепциясига шахснинг ўзини англаш ва ўзини намоён этиш эҳтиёжи нуқтаи назаридан қараш тўғри бўлади. Лекин тотал сиёсат ва ёлғонлар асосига қурилган жамиятда ўзликни англаш нимани билдиради? Унинг мазмун-моҳияти асли нимада? Айни шароитда ўзликни намоён этишнинг имкони борми? Биз мазкур саволларга ҳам жавобни Солженициннинг эссесидан топамиз: “Шу вазиятда бизнинг эркимизни таъминлаши мумкин бўлган энг оддий, энг камтарона ва имконли восита: ёлғонда шахсан иштирок этмаслик! Майли, ёлғон ҳамма нарсани қамраб, эгаллаб олсин, лекин сиз энг кичик имкон билан айтинг: майли, эгаллаб олсин, фақат мен орқали эмас!” Эсседан шундай хулоса чиқадики, Солженицин учун собиқ Иттифоқ муҳитида ўзликни англаш шу тузумнинг ёлғон эканини англаш билан баробар. Бу каби ўзликни англаш мавжуд шароитда шахс имкони доирасидаги жуда жўн, айни дамда курашнинг самарали, ёлғон тузум учун эса ҳалокатли қуролидир. Жамиятда ёлғонда яшамасликни ихтиёр этган кишилар сони ортиб борса, ёлғон тузум ўз-ўзидан емирила бошлайди.

 

***

 

“Лолазор” романининг марказида уч қаҳрамон туради. Бу учовлоннинг роман мазмунида тутган ўрни ва вазифаси, ёзувчининг бадиий концепциясидаги аҳамиятини тушунишда Саидқул Мардоннинг қуйидаги таснифи муҳим рол ўйнайди: “Ошно – Искандари Зулқарнайн, Яхшибоев Искандарнинг шохини кўриб ичига сингдиролмаган сартарош, мен эсам – қудуқ, чуқур ва зимистон қудуқ”. Ошно, Назар Яхшибоев ва Саидқул Мардоннинг тақдири, аъмоли, феъли-ҳуйидан келиб чиқсак, уларнинг бирортаси ҳам бир вақтда ўзлигини англаган ва ўзлигини намоён этган шахслар эмас.

 

Романда ҳеч бир қаҳрамон Назар Яхшибоевга ўзликни англаш даражасида тенг келолмайди. У ёлғон сиёсатнинг кўламини ҳаммадан кўра кенгроқ ҳис қилади, энг катта раҳбардан тортиб оддий чўпон тақдиригача кириб боради, руҳий эврилишларни кузатади, баҳолайди, давр фожиасини бутун мураккабликлари билан кўради. Аслида, Мурод Муҳаммад Дўстни қийнаган муаммо ҳам шу – давр зиёлиси, агар у жуда илдамлаб кетса, фожиани фақат кўра олади, холос, ундан ортиқ эмас. Яъни яхшибоевлар ўзлигини тўла англасалар ҳам, ўзлигини намоён (исён) қила олмайди. Зеро, ёлғон тизимли томир отган, ҳар соҳани тотал назоратга олган “қўрқув салтанати” бунга йўл қўймайди.

 

Демак, Назар Яхшибоевнинг қисмати маълум, буни бир сўз билан “иложсизлик” деб аташ мумкин. У ҳаёти охирлаб, ўтган умрини сарҳисоб қиларкан, фақат рўёни кўради: на турмушда, на ижодда ва на мансабда юк босадиган бирор хайрли иш қилганини билмайди. “Булдуруқда боғ қилолмадим. Армонки, қолган ҳаммасини бир тийин қилади: обрўйимни ҳам, унвонимни ҳам, борингки, бутун хонумонимни!” дейди. Шу сабабли зиғирча бўлса ҳам ёлғон аралашмаган, қўл билан ушлаш мумкин бўлган рост иш қилишни кўнглига тугади. Ўз қишлоғида боғ яратади. Бу боғ Назар Яхшибоев дунёга келиб топган ягона ҳақиқати, бирдан бир юпанчи эди.

 

Адабиётшунос Раҳмон Қўчқор “Лолазор” романи ҳақида “Бунда бирор ижтимоий тип нигоҳи орқали унинг ўзи яратишда қатнашган ва охир-оқибат ўзи қул бўлган муҳитнинг моҳияти таҳлил қилинади”, дея асарнинг муҳим ғоясига эътибор қаратади. Чиндан ҳам, романда тасвирланган парадоксал ижтимоий муҳит унинг фаол аъзолари – ҳокимият вакиллари томонидан шакллантирилади. Унда ёлғон сиёсий маданиятнинг ажралмас узви, айтиш мумкинки, давлатчиликнинг таянчларидан бири. Яъни давлатчилик аҳолини мафкуралаштириш эвазига қуриларкан, шу мафкуранинг ўзи ёлғонга асосланади.

 

Ëлғон ижтимоий-сиёсий муҳитда шу қадар кенг қулоч ёзганки, кишилар унинг мавжудлигига табиий ҳолдек қарашга ўрганган. Матбуот, телевидение ёки радио “мусаффо осмон”, “фаровон ҳаёт”, “ёрқин келажак” ҳақида бонг уриши ва буларнинг бирортаси реал ижтимоий вазиятга мос келмаслиги мумкин. Лекин иш бериши аниқ! Зотан, пропаганда шундай қуролки, секин-аста “фаровон ҳаёт” ҳақида иллюзия яратиши ва одамларни осонгина манипуляция қилиши мумкин.

 

Шўро ҳукумати пропаганданинг айни шу қудратидан самарали фойдаланади. Қизиғи, бу ёлғонга аввало унинг яратувчилари ишонади. Мурод Муҳаммад Дўст мазкур феноменал ҳодисага алоҳида эътибор қаратади ва уни англашга интилади. Шу сабабли Ошнонинг ҳали беғубор, софдил йигитлик чоғларидан тортиб, мансаб зиналаридан бирма-бир кўтарилиши, унда сиёсий маданиятнинг шаклланиши ҳамда руҳиятидаги эврилишларни муайян тадрижийликда тасвирлайди.

 

Адиб шахсга сиғиниш, бир киши иродасини мутлақлаштириш, маддоҳлик, мансабпарастлик, унвонпарастлик, порахўрлик, қўрқоқлик каби иллатларнинг сиёсий элита руҳиятида эволюцион шаклланиши ва бу жараёнга таъсир этувчи руҳий-ижтимоий омилларни бирма-бир кўрсатишни ният қилади. Ошнодек ақлли, зукко, бегона жойда “бошқа мазҳаб-ку” дея гўшт ейишдан тийиладиган, ҳаромдан қаттиқ ҳазар қиладиган одамнинг бутунлай бошқа, йиғласа ҳам “жилмайиброқ йиғлайдиган” юзсиз кимсага айланиш жараёнини тасвирлайди. Энг муҳими, ёзувчи саналган иллатларнинг сиёсий қарорларга қандай таъсир этишини икир-чикирлари билан, ишонарли тарзда тасвирлаб беради.

 

Яхшибоев дўстининг “сиёсий ҳушёр” бўлиб қолганини ҳали у Каттақўрғон миқёсидаги юқори лавозимларга ўтирган вақтда пайқайди. Ўшанда Ошно ҳатто ёлғиз чоғларида ҳам дўстига “Назар”, “жўра” деб эмас, “Назар Яхшибоевич” деб мурожаат қиладиган, сизлаб гапирадиган бўлиб қолганди. Кейинчалик, Ошно янада каттароқ лавозимларга кўтарилганда Яхшибоев илк бор “тилини тишлаган”, “сиёсий ҳушёрлик”ни йўқотган воқеа содир бўлади. Ошнога беихтиёр ҳақиқатни айтиб қўяди. Чунки унинг ҳали ҳақиқатдан кўра ёлғонга мойил бўлиб қолганини билмасди. Ўшанда Яхшибоев дўстига Хотам Шўронинг ҳалоллиги, фидойилиги ҳақида сўзлаб, “Мен колхозчидан бир чақа пора олмадим” деган гапларини айтиб беради ва ўзидан илова қилади: “колхоз районга пора бермаса, район областга пора бермаса, област республикага пора бермаса, республика Масковга пора бермаса... қандай соз бўларди-я!”. Яхшибоев буларни самимиятдан, азбаройи хайр истаб айтгани рост. Бироқ шу ростлик Ошнога ёқмайди, “Хўш, ўртоқ Яхшибоев, деб сўрайди салмоқ билан у, сиз қаерда бизнинг системадан яхшироқ системани кўрдингиз; ҳамма тенг ҳуқуқли; ҳамма баробар меҳнат қилади; ишига яраша ҳақ олади; ўқиш бепул; медицина бепул; дам олгани борсангиз, профсоюз йўлланма беради; бу гаплар эса – ғирт кўча гаплар, хўш, айтинг-чи, қайси колхоз районга пора берибди, қайси район областга пора берибди, област-чи? <...> Москвага туҳмат қилишга қандай ҳаддингиз сиғди?”

 

Гап шундаки, тоталитар тузум учун ёлғонга “мойиллик” айни табиий ва қонуний жараён. “Ҳокимият, – ёзади В.Ҳавел, – ўз ёлғонлари асири бўлгани боис сохтакорликка эҳтиёж сезади. Ўтмишни, бугунни, келажакни ва статистикани қалбакилаштиради”.

 

Вақти келиб Ошно ёлғонни яратишга шу қадар берилиб кетадики, энди ўзи тўқиган уйдирмаларга ўзи ҳам сидқидилдан ишона бошлайди. Ҳатто шу даражага борадики, бурнининг остини кўрмай қолади. Романда бу ҳолат ўткир кинояга олинади: “... минбарда Ошно, ҳайъатда – Яхшибоев, дохиллик майидан маст бўлган маҳаллий фаоллар… Йиғилганларнинг айримлари истеҳзо билан кулганини Ошно кўрмайди. Яхшибоев кўради, лекин сиртига чиқармайди”.

 

Ошно обод масканда, анвойи гуллар, яшил дарахтлар қуршовида жўшиб нутқ сўзларкан, бу унинг келиши олдидан тайёрланган “вақтинчалик декорация” эканини билмайди. Ердаги ёрқин лолалар аслида тувак гул эканини, у кетгандан сўнг йиғиб олинишини ва яна кейинги манзилга экилишини, минбар ортида яшнаб турган тераклар эса қаердандир кесиб келиб шунчаки қадаб қўйилганини сезмайди, чиппа-чин ишонади. Шу сабабли ҳам Яхшибоев бу қишлоққа сув керак деганда “Булдуруқнинг суви ўзига етарли, наҳотки яшнаб турган теракларни кўрмаган бўлсангиз!?” дея жаҳл қилади.

 

Ошнонинг ёлғонда яшаши мамлакатга жуда қимматга тушди. У ғўзашунос Александр Шоймардонов билан тил бириктириб, юртни “обод” этмоқни, ҳамма жойни пахтазорга айлантирмоқни ният қилади. Натижада экологик, эпидемиологик талафотлар бошланади. Яхшибоев жўрасининг бу ҳолига шундай таъриф беради: “... икки кўзинг ҳам очиғ-у, ҳеч балони кўрмайсан. Сўқирлик ёмон, лоақал ўзингни сал чеккароқдан туриб кўролмасанг ёмон!”

 

Ëзувчи тобора “колхоз”лашиб бораётган юрт келажагидан қайғуради. У халқи бошига келган қуллик қисмати, боғлари бузилиб ўрнига пахта экилиши, дарёларнинг бўғилиши, денгизнинг қуриши, одамларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан майиб-мажруҳ бўлиши – бари-барига юртнинг катталари, уларнинг иш тутумини белгиловчи сиёсий маданият сабабчи демоқчи бўлади. Зотан, юртда шаклланган сиёсий тафаккурга кўра ислоҳотлар халқ учун, инсон учун эмас, балки бир ҳовуч мансабдорнинг манфаати учун, “очко” учун амалга оширилишини рўй-рост кўрсатишга уринади...

 

Хўш, Ошно қандай қилиб бу аҳволга тушиб қолди? Албатта, ўзи истаб ёлғон ҳаётни танлади деб айтиш қийин. Чунки Яхшибоев Ошнодан қўрқиб ҳамда нафсига қулоқ тутиб ёлғон ҳаётга кўнганидек, Ошнонинг тепасида ҳам “надо!” деб тургувчи Катта Пахтакор бор. Катта Пахтакорнинг тепасида яна биттаси… Ҳаммадан тепада эса аслияти ёлғон бўлган мафкура туради.

 

Мурод Муҳаммад Дўст ўзининг инсон концепцияси марказига “ёлғонда яшаётган” шахсларни қўяркан, уларнинг тақдири, ўй-хаёллари, руҳий эврилишларини шўро тузуми табиатидан келиб чиқиб тасвирлайди. Хулоса қиладики, ёлғон ғоя асосига қурилган жамиятда одамнинг тўғри бўлиши деярли имконсиз. Балки айримлар гўё “тўғри” яшагандек, лекин бу ҳам аслида ёлғоннинг мезонларига кўра “тўғри”, романда бунинг очиб берилиши эса, албатта, адибнинг мутафаккирона кашфиётидир.

 

“Лолазор” миллий адабиётимизда ҳокимиятни англашни, ҳукмрон элитага хос мураккаб руҳий товланишларни кўрсатишни мақсад қилган нодир асар. Шу маънода ўлмас асар, ўлмаски, “ҳар кишининг ўз замони ва ўз Ошноси бор”. Мутафаккир адиб СССР парчалангани билан унга хос сиёсий тафаккур янги ҳокимият ворисларига қолишини, аср бошларида коммунизм оталари яратиб кетган ёлғон сиёсат, худди эстафета таёқчасидек ҳали узоқ йиллар қўлдан-қўлга ўтиб юришини сезганми, элдошу тилдош укаларим “ўзга авлод одамларининг аҳволини тушунса, ўшаларнинг ҳаётини ўз умрига жуда қисқа бир муддат пайванд қилса, сўнг ўйласа, кўп ва хўп ўйласа! Қийналиб, азобланиб, кулиб, йиғлаб ўйласа-да, минбаъд ўзлари ўша йўриққа тушмаса!” деб ният қилади.

 

Мурод Муҳаммад Дўст ўзининг инсон концепциясини давр ва ўзликни англашдек улкан эҳтиёж пишиб етилганда, фавқулодда катта маҳорат билан яратди. Ундан кейин “Лолазор” каби сиёсий тузум ва ҳукмрон элитани англашга қаратилган романлар ёзилмади. Сабаби эҳтиёж бўлмади, аниқроғи, ўтган асрдан буён ўзгармай келаётган биздаги дунёқараш учун “Лолазор” кифоя қилади. Зотан, биз роман бадиий воқелигида тасвирланган сиёсий маданият, ижтимоий-сиёсий муносабатлар, ижтимоий ҳаёт ва сиёсий тафаккурдан ҳали у қадар ҳам олислаб кетганимизча йўқ...

 

Саъдулло ҚУРОНОВ.

Oyina.uz

 

Oyina.uzꞌни Телеграмда кузатинг

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси